Не дейишга ҳам ҳайронсан…

“Hurriyat”нинг шу йил 20 сентябрдаги №36-сонида “Қонун “Ҳуштаги”ни ким чалади?” деб номланган мақолани ўқиб, дилимдаги кўп “дард”лар уйғонди. Чиндан ҳам атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор бундан олтмиш йиллар олдин айтган гап бугун ҳар қачонгидан-да долзарб бўлиб қолди. Йўл қоидасини бузган ҳайдовчига мингта назоратчи бор, радарлар ҳар ўн қадамда. Аммо тилимизни бузган билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Ҳар йили 21 октябрь санаси яқинлашгани сайин “Она тилим – фахрим”, “Тил – миллат кўзгуси” ва шу каби бир-биридан чиройли шиорлар билан тадбирлар авж олади. Лекин булардан мурод не? Буни кузатар экансан, йиғлашни ҳам, кулишни ҳам, ачинишни ҳам билмайсан. Нақадар моҳирона ва шу билан бирга нақадар аянчли томошалар…

Буларни нега ёзяпман, биласизми? Таъкидлаб ўтганимдек, бугунги ҳаётни кузатар эканман, чидаб бўлмайди.

Мамлакатнинг ҳар бир гўшасида, ҳар бир кўчасини кезиб кўринг, қанчалаб мантиқсиз, тутуруқсиз, савиясизларча саводсизлик тарғиботига гувоҳ бўласиз. Турли компания, хусусий ташкилот, объект номидан тортиб жимжимадор шиорларигача… Биргина мисол, Тошкент шаҳри – пойтахтдаги Фарғона йўли кўчасининг темир йўл устидан ўтган кўприкдан тушгач, Ислом ота масжиди оралиқ масофаси йўлнинг ўнг томонида янги кўп қаватли уйлар қурилишига кўзингиз тушади. Ушбу ҳудудни тўсиб турувчи реклама баннерларида қурилиш ташкилоти, яъни пудратчи номи катта-катта ҳарфларда ёзилган: “BULDING STROY”!(?) Яна ўзбек исми ёнида “булдинг”, “строй” сўзлари “зеб” бериб турибди. Бу ташкилотни ўйлаб топган одам унинг номланиши учун тузукроқ ўзбекча ном тополмабдими? Шу қадар савиясизлик бўладими? Нима дейилмоқчи ўзи? Бундан ташқари, шаҳарда миллат тилига нисбатан шу каби “хурмача” қилиқларни керагидан ортиқ учратишимиз мумкин. Кичик кўринишдаги турли хизмат кўрсатиш шохобчаларидан тортиб, маҳобатли меҳмонхоналаргача бўлган объектлар номининг барчаси ё рус, ё ажнабий тилда. Аксарияти эса юқоридаги сингари аралаш миллат тили билан қаққайтириб кўрсатилган. Жумладан, “Sity shari”, “Kanstovari”, “Golden hausе”, “Etalaoun”, “Evalitoun”, “Magic sity”, “Food sity” “Silk-art” каби уларнинг номини келтирамиз десак, “Ие, ўзбек тили қаерда қолди?”, “Бу ерда ўзбек тили қани?”, “бу халқнинг ўз тили бўлмаганми?”, деган иддаомуз саволлар туғилаверади.

Бу борада кулгили ва мантиқсиз бўлган яна бир ҳолат: мамлакатимиздаги мобиль алоқа компаниялари томонидан абонентларга кунига бир қанча реклама ва тарғибот SMS-хабарномалари жўнатилади. Шу хабарномаларнинг рус тилидагиси ҳам ўзбек-лотин алифбосида юборилади, бунисига нима дейсиз? Тили рус тилида, ёзув эса лотин алифбосида. Ахир ўша русларнинг ўз тили ва алифбоси бор-ку. Рус сўзлари ва атамаларини лотин кўринишида ёзиш. Бундай ҳолга шаҳар кўчаларида айрим шиор ёки ташкилот пештахталарида ҳам гувоҳи бўламиз. Менинг эса бу каби саводсизлигу тутуриқсиз “қилиқ”лардан кўнглим беҳузур бўла бошлайди.

Ачинарлиси, хусусий ОАВ ва телеканаллардаги теледас­турлару уларнинг бошловчилари аҳволини айтмаса ҳам бўлади. Ўзбек ва унинг адабий тил меъёрларига муносабат шуми?

Азиз миллатдошим, булар мени ва ишонаманки, кўп­лаб юртдошларимизни ўртаётган ўкинчлардан бири эди. Бу ўкинч неча давралару оммавий ахборот воситаларида қайта ва қайта айланиб келмоқда. Аммо, қани, юқорида бирор савияли, миллатим, халқим дейдиган раҳбар чиқса-ю, “ҳуштак чалса”?! Бироқ… Афсус, улардан “ҳуштак” тугул ҳатто сас чиқмайди, аксинча, миллатнинг маънан қашшоқлашишига омил бўлиб, имконият яратишда жонбозлик кўрсатишади. Нима, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун номига, хўжакўрсинга қабул қилинганми? Миллат тилининг келажаги, тақдири шу йўсинда давом этиб, бадном бўлар экан, сиз эса “ҳуштак чалолмас” экансиз, “куйиниб” тил ҳақида гапиришга ҳақингиз борми?

Бекмурод АБДУРАИМОВ,

журналист, санъатшунос.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 3 =