Ижод яратилади, таҳрир ўргатилади

Устозмисан, устоз-да!

Ижод бу — истеъдод. У инсонга Аллоҳ томонидан берилган энг катта инъомдир. Бундай қобилият фақатгина Яратганнинг суйган бандаларига насиб этади. Бироқ ҳеч ким онасининг қорнидан тамомила Алишер Навоий, Пушкин, Уилям Шекспир, Абдулла Қаҳҳор каби етук истеъдод билан туғилмайди, ўрганиб дунёга келмайди. Яъни, бунинг учун вақт керак. Ичимиздаги қобилиятни, талантни ўстиришимиз керак. Руҳиятимиздаги оташин ижод учқунларини гулханга айлантиришимиз учун тинимсиз ҳаракат, меҳнат керак.

Ҳаттоки Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ҳам ўзининг “Тортиқ” номли китоби ҳақида “Йўқотганларим ва топганларим” асарида “Абдулла Қаҳҳор китобдаги биронта ҳикояни кўнгил учун ҳам дуруст демаган. Ҳаммасини бракка чиқарган”, деб эслайди. Аммо ўшанда ғирт гўдак “ёзувчи” эканлигини кейинчалик англаб етади. Айниқса, ёш болаларча безлиги, жириллашларига қарамай Абдулла Қаҳҳор: “Сиз ғалати одам экансиз-ку… Ёзганларингизни менга олиб келинг. Ўқиб, қўлимдан келганча тушунтириб бераман”, дейди. Ёш истеъдоднинг кўксидан итармайди. Адабиётда ёки журналистикада унга ўрин йўқлигини таъкидламайди. Чунки ижодкор қалби қилдан-да нозик эканлигини жуда яхши билади. Шунинг учун таҳрир санъатини ёзувчига ўргатади, материалидаги хато ва камчиликларни ҳижжалаб тушунтиради. Бугунги журналистикамизда ҳам бу каби устозлар йўқ эмас. Масалан, менга таҳрирни ўргатган устозлар дея Ҳамза Абдуллаев, Ўктам Истатов, Муҳаббат Ҳамидова, Заҳро Ҳасанова, Рўзиқул Очиловларни айтишим мумкин. Улар мақоламни ортиқча сўзлардан халос этиб, муқобил жумлалар билан безашарди. Ижод намунамни беминнат текшириб, хотиржам кайфиятда қилаётган ишларидан завқланишарди. Мен эса нимарсам ўқишли ҳолатга келаётганидан хурсанд бўлардим, шундай устозларим борлигидан ғурурланардим.

Ҳозир вазият бошқача(ми)?

Тадқиқотларга кўра, Норвегия, Швейцария, Финландия каби давлатлар дунёда сўз эркинлиги индекси бўйича етакчи ўринни эгаллайди. Аммо Ўзбекистон бу борада қизил рўйхатда туриб, соҳамизга “Жуда хавфли вазиятдаги журналистика” таърифи берилади. Хўш, бунга сабаб нима?  Баъзан бунга соҳадаги устозларнинг ўзи айбдор бўлмаяптими? Эсимда, олий таълим даргоҳидаги ўқишимнинг илк кунларида курсдошим “Facebook” ижтимоий тармоғида ҳали янги очилган университетнинг ашқол-дашқолларини талабалар тозалаётгани, қизлар супурги, йигитлар лом ва белкурак кўтариб юрганини пост қилиб жойлаштирганди. Эртаси куни эса ўқитувчи ҳамма талабалар олдида курсдошимни изза қилиб, кўнгилга ботадиган гапларни айтганди. Ҳаттоки ўша пост ижтимоий тармоққа қўйилиши билан ўчирилган бўлса-да… Шундан сўнг курсдошим бир-икки ой қўлига қалам олмади, ижод қилмади, тўғрироғи, ёзолмади. Устоз ҳақида Имом Муслим ривоятларида: “Албатта, Аллоҳ таоло мени одамларни қийинчиликка соладиган, уларнинг адашишини хоҳловчи қилиб эмас, балки муаллим ва осон қилувчи қилиб юборди”, дейилади. Шундай экан, ёш авлод муаллимлар олдида омонатдир. Уларнинг таълим-тарбияси учун устозлар масъулдир. Аммо содда шогирддан ўргатгани эвазига жирканч ўлпон талаб қилиш, уни муттаҳамга чиқариш яхши эмас. Яна бир аноним воқеа: Журналистика соҳасига энди кириб келаётган гўзал қиз бош муҳаррир ҳузурига материал олиб келди. Ёзганларидан келажакда соҳасининг устаси чиқиши маълум эди. Бош муҳаррир таҳрирни, ижодни қўлдан келганча ўргатди. Лекин бир куни ўша қизнинг оппоқ юзларидан тўсатдан бўса олди. Шу-шу, хонадан йиғлаб чиқиб кетганча ўша қиз на таҳририят эшигини қоқди, на мақола битди…

Таҳқирлашни эмас, таҳрирлашни ўргатинг!

Мақтаниш эмас, болалар журналистикасида қалам тебратишга анча қўлим келишиб қолган. Шукрки, “Гулхан” журналининг ҳар сонида каминанинг ҳам ижод намуналари эълон қилиниб турилади. Бир пайтлар бу даргоҳда толиби илм эрсам, ҳозирда шогирдларим бор. Ҳаттоки айримлари ишга киргунча “акажон” деб юриб, мансаб текканидан сўнг буйруқбозлик қилса-да, чаласаводлар материалининг ҳоли қизил ручка тиғидан абгор бўлганини кўриб жирилласалар-да, уларнинг ижод намунасини кўришдан, таҳрирлаб бўяшдан чарчамайман. Чарчасам, ишимни яхши кўрмайман. Бунга эса ҳаққим йўқ. Материалдаги хато ва камчиликларни топиш, муаллиф билан нуқсонлари устида ишлаш яхши, бироқ уни менсимаслик, сўкиш, бақириш, жамоа олдида ерга уриш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Аксинча, ёш ижодкорга йўналиш кўрсатиш, маслаҳат бериш зарур. Бадиий адабиётларни мутолаа қилиши, таҳлилий-танқидий мавзудаги мақолалардан кўпроқ ўқишини тавсия этиш лозим. Бари қалам аҳли улар босиб ўтиши керак бўлган йўлдан юрган, албатта. Уларни таҳқирлаб, ижоддан совитиш эмас, таҳрирлашни ўргатиб, қизиқтириш даркор. Зеро, сўз мулкининг султони Алишер Навоий айтганидек:

Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,

Олиб туфроққаму кетгумдур охир?!

Азим АХТАМОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 8 =