Мақсад на эди жаҳона келдинг?

Қадрдон, қуйида бир аёлнинг дугонасига телефонда SMS қилиб йўллаган гапларини ёзяпман. Шунга ўхшаган фикрларни кўп ўқигансиз, эшитгансиз. Ўзингиз ҳам ўрни келганда айни мулоҳазаларни гоҳ беихтиёр, гоҳ дил-дилдан айтгансиз. Илтимос, “Бунинг нимаси қизиқ? Одатий гап-сўзлар-ку”, — деманг. Аксариятимиз учун инсонлараро муносабат-мулоқотнинг қолипга тушган бир шакли бўлган бу изҳорларнинг ҳар бир сўзини бугун диққат билан, мағзи-маъносини юракдан ҳис этиб ўқийсиз, деган умиддаман. Қоғозга ҳарфлар воситасида фақат гап-сўзларнигина эмас, улар айтилган хотиржам оҳанг, тиниқ ва умидвор кайфиятниям кўчиришнинг имкони йўқлигига шу сафар жуда ачиндим.

 “Дугонажон, яхшимисиз? Қаранг, сиз берган рўмолни ўраб олдим. Чиройли эка-а-н. Рангиям менга ярашди…

Йўқ, унақа хижолат бўлманг. Ўша куни ҳам кўрдингиз-ку. Ички хотиржамлик бор. Ёзувринг. Кўнглимга ўтирса, эшитаман. Анундақа олди-қочди гаплар бўлса, эшитмайман. Ишонч бор катта. Тушкунликка тушиб қолганим йўқ. Аллоҳимга шукр. У-бу мавуларда маслаҳатларингиз, менга асқотадиган таклифларингиз бўлса ҳам, бемалол ёзаверинг…

Кунларим жуда жўшқин. Кичкинам бор-ку. Уч ярим ёш. Жуда ажойиб бола. У менинг хафа бўлишимга, тушкун кайфиятга тушишимга умуман йўл қўймайди. Боғчага кетганда, наридан-бери ишларимни қилволаман. Ҳозир ман шуғулланяпман, ўзим мустақил равишда арабча матнларни ўқишни ўрганяпман, тажвид қоидаларидаман. Кейин ўз фаним бўйича ўқувчим бор, “Устоз, ўргатинг”, деб келаверади. Нима бўлгандаям, ўқитувчиман-да…

Энди… ҳар битта инсон ўз тақдири билан туғилади-ку. Аллоҳим банданинг пешонaсига ёзиб қўяди. Инсоният билиши керак, дуода гап кўплигига ишониши керак. Аллоҳим Ўзи хоҳласа, ўзгартириб қўйса, Ўзи “Бас!” деса, ҳеч гапмас, Ўзига осон. Лекин тақдиримда бор экан шу касаллик, илоҳим, хайрлиси бўлсин…

Инсоннинг бошига кулфат тушди, деймиз-у, аслида, ҳеч қайсиси кулфат эмас экан. Чунки инсонга Аллоҳим хайрлисини беради доимо, ҳар битта ишда ҳикмат бор, буни кейин англарканмиз. Бу касаллик менга қандай яшаш кераклигини, саломатликнинг аҳамиятини ўргатди. Маиший ташвишлар… идиш-товоқ… Кийим-кечак… яна қанча арзимаган нарсаларни деб эрларимизни қийнаб қўяр эканмиз. Моддий эҳтиёжларга тобелик бизнинг куч-қувватимизни олиб қўяр экан. Ҳаётимиз мазмунини олиб қўяркан. Аслида, шу оддий деб билган нарсаларимиз: бошпанамиз, фарзандларимиз бор, бировга муҳтожлигимиз йўқ, алҳамдулиллаҳ. Энг олий мақсадимиз фарзандларимизга ҳалол едириб, ҳалол яшайдиган инсонлар қилиб тарбиялаш учун шу имкониятлар етарли экан…

Ҳамма нарсага шукр қилишни ўргандим. Кундалик ҳаётда оддий нарса деб, аҳамияти ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган нарсаларимиз кўп экан. Уларнинг қадрини умуман билмаймиз. Менсимаган нарсаларимиз бор-да. Қаранг, шифохонада муолажада ётибман-да. Ўттиз ёшлардаги келинчакни олиб келишди. У ҳам рак экан-да. Бошидаги ўсимта асорати танасига шу даражада тарқаб кетган эканки, кўзи кўрмай, қулоғи эшитмай қолган. Юришгаям жуда қийналяпти. Икки одам қўлтиқлаб олиб келишди. Оёғига шапати уриб, у билан мулоқот қилишяпти. Битта уриш “Ҳа”, иккитаси “Йўқ” дегани экан. Бир яшарлик фарзанди бор экан, бунинг устига, эриям ташлаб кетибди. Мен ундан ўзимни устун қўйганим йўқ, лекин аҳволим, ҳолатим бирмунча яхши эканига шукр қилдим. Берган дардингга шукр, комил шифойингни бер, Аллоҳим.

Хулоса қилдим, иншооллоҳ, соғайиб ҳам кетаман, Худо хоҳласа, дард ўтиб ҳам кетади. Шукр, шукр.

Мени чарчаб қолади, деб хижолат бўлманг. Уйимизни биласиз-ку, келинг, гаплашамиз…”

Ўқиганингиз — бундан икки йил муқаддам ошқозон саратони касаллигига учраб, икки марта жарроҳлик ва қатор кимёвий муолажалар олган… яқинда учинчи марта жарроҳлик муолажасини ўтказганидан бир неча кун ўтиб Аллоҳга омонатини топширган қирқ яшар она — мунисанинг курсдош дугонасига сал аввалроқ юборган, бугун унинг яқинларига ёдгорлик, “катта дарс” бўлиб қолган гаплари. Қўшмадим, ўзгартирмадим.

Оғир дарддан-да қалб осойишталиги, ҳикматлар топа олган бу чақмоқдек ҳаёт соҳибасининг фикрлари ўй-хаёлларимни остин-устун қилиб ташлади.

“Шукр” фақат тил эътирофими?

Бир оз дам олсанг, иссиққина чой ичсанг, мижозинг ёки ҳолатингга тўғри келмайдиган таомлардан парҳезда бўлсанг, тоза ҳавода сайр этсанг, яхшилаб ювиб-тараб дори суртсанг, борингки, шифокор маслаҳати билан муолажалар олсанг тузалиб кетадиган, ҳарки иссиқ жонни ҳушёр торттириб турадиган енгил ё оғир, аммо шифоси маълум бетобликларда ҳам оҳ-воҳлар билан кўрпа-тўшак қилиб астойдил ётиб олиб, атрофидагиларнинг ҳаммаси гиргиттон бўлишини, ачинишини, бошқа ишларини ташлаб ғамхўрлик қилишини истайдиган ўзимиз кабилар ер томон-у, сўнгги йилларда эти суягига деярли ёпишиб қолган, бир кунда бир пиёлагина суюқ овқат томоғидан ўтганига шукр қилиб, оиласи, болаларига меҳрини қуёшдек сочган, ўқувчиларига тил ва адабиёт фанидан илм бериб, “олди-қочди гапларни эшитмай”, ҳаёт ҳикматларини англашга уринган марҳума синглимизнинг қалби, қадр-қиммати бир томон — осмон бўлди.

“Шукр” сўзи тилимиздан тушмайди. “Саломатмиз, шукр”. “Юртимиз тинч-осойишта, шукр”. “Ишлаб турибмиз, тирикчилигимиз ўтяпти, шукр”. “Аллоҳ берган ўғил-қизларимиз бор, шукр”, “Тўйлар қиляпмиз, шукр”. “Янги уй-жойли, мартабали, келинли, куёвли, набирали, машинали… бўлдик, шукр”. Mазмун-моҳияти ҳаёт тарозисида жуда салмоқли бўлган “шукр” сўзини тилга олиш билан маънавий бурчимизни бажаргандекмиз гўё. Аслида, уламолар фикрига кўра, шукроналик тил эътирофи билан эмас, балки рўёбга чиққан ишлар, амаллар моҳияти, насиб этган неъматларнинг чин маънода қадрига етиш, тўғри тасарруфи билан белгиланади. Содда мисолларда изоҳлайдиган бўлсак, тоза ичимлик сувига шукронамиз уни исроф қилмай хайрли мақсадларга сафлаш; ҳар бир янги кунга етказганига шукронамиз дақиқаю соатларни ўзимизга, оиламиз, жамияту она Ватанга манфаатли ишлар, саъй-ҳаракатлар билан мазмунли этиш; яшиллик оламига шукронамиз ҳар бир япроқнинг бевақт хазон бўлмаслигига ғамхўрлик қилиш; бирор соҳада ишлаб ризқу насиба топаётганимизга шукронамиз ўз вазифамизни пишиқ-пухта, фирибу найрангсиз, чиройли адо этиш; дастурхонимиздаги нону чойга шукронамиз улардан олган куч-қувватимизни илм олишга, эзгу ғояларни тарғиб этишга, ҳалол меҳнат қилиб турмушни янада тўкин, жамиятни фаровон, юртни обод қилишга сарфлаш…

Бебаҳо, ғанимат, бетакрор ҳаётдан баҳрамандлигимизнинг биринчи белгиси — тўрт мучамиз саломатлиги. Борлиқнинг Яратгувчиси, Мусаввири нима учун бандаларини оқ, қизил, сариқ, қора танли, уларнинг бўю басти, қиёфаси ва ундаги аъзоларни хилма-хил қилиб бино этгани ҳикмати, сабаби ёлғиз Ўзига аён.

…Кейинги пайтларда никоҳ тўйларида кузатсак, аксарият келинларнинг юзи бир-бирига жуда ўхшаб кетади: қабоқ узра қатъий чизиқ бўйлаб тортилган қошлар қоп-қора, ясама киприкларни кўтариб турган мижжаларга раҳмингиз келади, ёноқлар қулоқ томонга қараб қизартирилган, дўрдоқ лаблар, юзга сингдириб қалин чапланган нималардир жонли терини сунъий матога ўхшатиб қўйган. Ачинасан, айтолмайсан: эсизгина, шу пайтгача бир қарасанг, яна қарагинг келадиган қизлар бир кунда ёши анча катта, рангу рўйи нурсиз, хорижий бичимдаги кўйлак кийган қўғирчоққа ўхшаб қолган.

Ҳозир азада айрим аёллар қошу кўзларидаги бўёқларнинг беҳад қуюқлигидан уялиб кетасан.

Илгари атрофингдаги одамларнинг қандайлигини гап-сўзларини эшитганинг, феълу атворидан хабардор бўлганинг, озми-кўпми ҳамкорлик қилганингдан кейин тушунган бўлсанг, энди айримларга бир марта кўзинг тушгандаёқ баъзи хулосалар дилингдан ўтадиган бўлиб қолди. Ҳа, аслига қараганда икки-уч марта каттайтирилиб дўрдоқ қилинган лаблар, юз чеккаларига терини тортиш билан “ҳосил бўлган” ёноқлар, “ажинсиз” қабоғу пешаналар, эшиклардан биринчи бўлиб “кириб келадиган” кўкраклар (андишали қадрдон, узр)… Беихтиёр ўйлайсан: қалбининг ҳою ҳаваслари измига кирган шу ношукр аёл бундай шаклу шамойилга киргунича ўзига омонат бўлган тана аъзоларига бешафқатлик билан қанча озор бердийкин?

Аллоҳ Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, — деб билдирганини эсланг”.

Ижтимоий тармоқларда ҳозир ғоят урф бўлган мавзулардан бири: юзи янада чиройли, қадду қомати янада хушбичим, айрим аъзолари янада эътиборталаб, босиб ўтган йилларию йўллари жисмида қолдирган изларни йўқотиб, анча ёш кўриниш истагида юзини торттирган, лабларини шиширган, кўкраги ва кетини каттайтирган, белини хипча этиш ниятида ҳаттоки қовурғаларини жарроҳлик йўли билан олдириб ташлаган дунёга машҳур кино юлдузлари, бизнесменлар, моделларнинг кўпчилиги охир-оқибатда шундай аянчли ҳолга тушганки! Улар учун нафақат эл-улусга кўриниш, ҳаттоки ойнада ўз қиёфасига кўзи тушиши ҳам азоб бўлиб қолган; улар умрининг охиригача шу қисматга маҳкум. Бу ношукрликнинг қаттиқ, шиддатли азоби эмасмикин?

Улуғлардан шингил сабоқ

Ҳазрат Алишер Навоий Шайх Абулқосим Бишр Ёсин ҳақида келтирган маълумотда Шайх Абу Саид Абулхайр айтган қуйидаги рубоийни келтиради:

Сенинг эҳсонларингнинг саноғига етолмайман.

Танамдаги ҳар бир тук тилга айланганда ҳам,

Минг шукрингдин бирини адо қилолмайман.

Моҳияту аҳамиятига кўра шукроналик, токи кўзимиз очиқ экан, дилимизда, тилимизда, амалимизда ҳар лаҳза зоҳир бўлса, қанийди!

Гётенинг қуйидаги сатрлари ҳам Шарқ файласуф донишмандлари насиҳатларига ҳам­­оҳанг:

Нафас олмоқ ҳамда чиқармоқ эрур —

Икки эҳсон, буни англамоқ зарур…

Аллоҳга шукр де, нафас кирган он,

Шукр де нафасинг чиқарган замон.

Шукроналик инсонни гўзал, улуғвор, саховатпеша этади; саховатпешаликдан қалб юксалади, роҳатланади, қийинчиликлар руҳий ором келтиради.

Баҳоуддин Нақшбанд устози Амир Кулолга ўтин кераклигини билиб, бу меҳнат унга насиб этганидан шод-хуррамлик билан шукрона қилиб, Каъбанинг жамолини кўраётгандек ўтин тераётган пайтда, муғилён тиканлари у кишига ипакдек юмшоқ кўринган экан.

Саховатпешаликни унутмадикми?

Сўзимиз аввалида эсланган марҳуманинг гапларини ўқиётганимда, тинглаётганимда, (нимагадир) кейинги пайтларда жаҳоншумул мусобақаларда олтин медаль олган спортчиларимизга давлатимиз, ҳокимликлар томонидан қўшимча мукофот тариқасида катта миқдорларда пул, уй, машиналар берилаётгани ва шу ҳолат билан боғлиқ равишда ижтимоий тармоқларда қизиётган баҳслар ҳам дилимдан ўтди.

Албатта, бировнинг чўнтагидаги пулни санаш маданиятсизлик. “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр”, — деганларидек, неча йиллар мобайнида мунтазам, оғир, изчил машғулотларга умри, соғлиғи, барча имкониятларини тиккан, Ватан ва халқ шарафини юксалтирган спортчиларнинг меҳнати, иродаси, жасорати энг олий мукофотларга муносиб. Зеро, улар ҳаётнинг бошқа бирор соҳасида ҳам шунчалар матонат, фидойилик, изланувчанлик, бетиним фаолият юритсалар, катта молу давлатга эришмоқлари мумкин бўларди, эҳтимол. Фақат… миллион-миллионлаб мухлислар кўз ўнгида, номдор рақиблар билан беллашувларда юртининг, халқининг шарафи учун Алпомишга айланган баҳодир қалбли спортчилар мамлакатимизда қашшоқлар, камбағаллар ҳам кам эмаслигини; ижтимоий тармоқларда ўзлари билан боғлиқ давом этаётган баҳслар, тортишувлар, ҳатто норозиликларнинг бош сабаби мана шу ижтимоий дард эканини билмасликлари мумкин эмас. Фарзандига битта пойабзал сотиб олиш, бемор боласини мутахассис шифокорга даволатиш, ҳомиладор келинини яхшироқ едириб ичириш, кекса отаси ёки онаси кўзининг ғанимат бўлиб борётган нурини асраб қолиш учун тиббий муолажа бошлаш, Аллоҳ иқтидор берган боласи ўқишга кирганидан қувониб, аммо унинг контракт пулини қандай қилиб тўлаш, ижараю банкдан олинган қарзни қачон узиб, хотиржам яшашни орзу қилаётганлар… нажот излаётганлар минг-минглаб топилади. Шуларни кўрмаслик ижтимоий ҳаётдан жуда узоқлик, халқ тақдирига бефарқлик; кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олиш эса… “халқим”, “Ватаним” деб бошланган оташин нутқларнинг самимий эмаслиги белгиси бўлмайдими?

Наздимизда, Криштиану Роналду, Лионель Месси каби (рўйхатни давом эттириш мумкин) спорт юлдузларининг миллион-миллион одамларга суюкли, ҳурматли, ибратли бўлган жиҳати фақат футбол (спорт) майдонларидаги маҳоратигина эмас. Топган даромадларининг жуда катта қисмини оғир хасталикларга дучор бўлганларни даволатишга; қашшоқларни моддий қўллаб-қувватлашга, қийин ижтимоий аҳволдаги болалар ва ёшларнинг билим олишига астаҳидил сарфлаётганлари, вайрон бўлган диллару тақдирларни обод этиб уларнинг миннатдорчиликлари, дуоларига мушарраф бўлаётганлари бу спортчиларнинг шону шуҳратини, молу давлатини янада зиёда қилаётган бўлса, ажабмас.

Ватанни бир бутун катта хонадон, халқимизни шу хонадонда жам бўлган оила аъзолари десаг-у… шу муқаддас ота макон беморхоналарида моддий, маънавий кўмакка муҳтож бўлиб ётганлар, кўрпасини бошига тортса оёғи, оёғига тортса боши очилиб қолаётган камбағал оилалар, билим олишга бор вужуди билан талпиниб турган фарзандларини ўқитишга имкон излаётганлар, бошпанасизлар, ёлғизлар, ногиронларнинг кўз ўнгида қўша-қўша қимматбаҳо автоуловлар, қўша-қўша ҳовлию уйларни номимизга хатлаб олиб, бир неча мактаб, шифохона қуриш мумкин бўлган маблағни чўнтагимизга солиб олганча хотиржам юришни қандай баҳолаш мумкин? Емирилган диёнатсиз тузумнинг “Ҳар кимнинг меҳнатига яраша…” деган шиоридан қалбимизга парда тортмайлик. Бу ёруғ оламда кимлардир тўкин-сочинлик, кимлар эса эҳтиёжмандликда синалишини унутмайлик.

Азалдан миллат ифтихорлари, баҳодирлари, бой-бадавлатларининг фазилатлари уларнинг халқ оғирини енгил, мушкулини осон, дардларини аритишида намоён бўлган.

Бир неча ой муқаддам ижтимоий тармоқда кўргандим: ўн ёшлардаги болани халқаро Қуръон тиловатига бағишланган беллашув ғолиби деб эълон қилишди. Саҳнада бошловчи, ғолиб ўсмир ва унинг онаси туришарди. Шундай мулоқот бўлиб ўтди:

— Ҳурматли бошловчи, менинг сиздан илтимосим бор, — деди бола. — мана шу мукофот пулини Фаластиндаги бемор, ногирон болаларни даволатиш учун ўтказиб беришингизни сўрайман.

— Сен шошилма, — унинг гапини бўлди бошловчи. — Бу жуда катта маблағ. Ота-онанг билан маслаҳатлаш, ўзингга ҳам нималардир сотиб оларсан…

— Йўқ, бошқа гап бўлиши мумкинмас! — мулоқотга нуқта қўйди болажон. Ёнида онаси кўзларига ёш тўлиб, илмига амали муносиб бўлган ўғлига меҳр билан қараб турарди.

Ҳадиси шарифда ўнг қўлинг қилган эҳсондан чап қўлинг, чап қўлингнинг эҳсонидан ўнг қўлинг-да хабардор бўлмаслиги айтилган. Балки, севимли спортчи чемпионларимиз одамларга овоза қилмай, эзгу мақсадларда биз ўйлагандан ҳам кўпроқ хайрли ишлар, саховатпешаликни амалга оширган, ошираётган бўлсалар, ажабмас. Бундан бахраманд бўлганлар, хабардорлар бордир. Агар шундай бўлса, нур устига аъло нур. Аммо очиғини айтсам, шундай эканлигига ишонгим йўқ. Чунки бизда бундай нарсалар асло, “реклама”сиз бўлмайди-ку!

Аслида, юқоридаги мулоҳазалар айни пайтдаги баҳс-мунозараларга, спортчиларга боғлаб айтилган бўлса-да, мамлакатимизда ой сайин қатори кенгайиб бораётган бадавлат инсонларга, миллиардерларга ҳар куни: “Тану жонингизга сиҳат-саломатлик, мартабангизга улуғлик, давлатингизга давлат, савобингизга савоблар қўшадиган шукрона — саховатпешаликни унутмадингизми?” — деб такрорлаб-такрорлаб тургинг келади.

Зеро, ҳар биримиз эртами, кечми, “Мақсад на эди жаҳона келдинг?” деган саволга юзма-юз келамиз.

Ўшанда тарози палласида имкониятларимизнинг оз ёки кўп бўлганлиги эмас, балки ҳар биримизга насиб этган ҳарки (нинадекми ёки тоғдекми) имкониятларни эзгу мақсадлар, хайрли ишларга сарфлаб элдан топган розиликларимиз, савобларимиз бирдек тош босади.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − three =