Миллий либос — миллат юзи

Заминга илдиз отган ҳар бир миллатнинг ўз Ватани, она тили, ўз миллий қадриятлари бор. Мана шу миллатларнинг миллий қадриятлари шаклланган маданий меросидан бири миллий либосидир. Қанча асрлар, давру замонлар ўзгармасин, уларнинг миллий либослари янги урфда сайқалланса-да, ўзлигини йўқотмайди.
Кўп инсонлар Европа ва Ғарб давлатлари умумий кийиниш маданиятига ўтган, миллий либослари деярли унутилган, бу маданий мерос фақат Шарқда асралган, деб ўйлайди. Лекин ўша ривожланган мамлакатларда ҳам қадриятларига содиқ миллат вакиллари ўзлари учун муҳим бўлган кунларда, байрамларида миллий либосларини кийишади, аждодлар анъаналарига риоя қилишади. Австрия давлатининг Вена шаҳридаги машҳур ошхоналардан бирида бўлганимда, уларнинг асрлар давомида асраб келинаётган анъанасига дуч келдим.
Яъни уч юз йилдан зиёд вақт мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб, фаолият кўрсатиб келаётган бу ошхона қадим қадриятларга риоя қилар экан. Сайёҳларнинг қадами узилмайдиган емакхонада, аввало, барча ишчи-хизматчилар мижозларни фақат миллий либосларида қарши олишаркан. Қарангки, замонавий услубда қурилмаган камтаргина бу ошхонага ташриф буюрганлар рўйхатидан кўплаб давлат раҳбарлари ва машҳур инсонлар жой олганига гувоҳ бўлдим, суратлари билан танишдим. Хусусан, мамлакатимизнинг биринчи Президенти ҳам. Бунинг сири нимада? Албатта, бу гўшада немис миллатининг қадим қадриятлари асралишида, меҳмонларга қадим миллий таомлар ва ичимликларини тақдим этишида.
Асрлар ортига боқсангиз, инсонларнинг қайси миллатга мансублиги унинг кийим-бошидан билинган. Ҳозирда ҳам бунга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Масалан, Ҳиндистон, Покистон, Туркманистон каби бир қатор давлатларда бу қадриятга эътиқод қилинади. Бизда эса бу қадрият, асосан, баҳор байрами — Шарқона Янги йилимиз Наврўзда кўпроқ кўзга ташланади. Адрасу атлас кийган гўзал қизлар, оқ яктак устидан белбоғ боғлаган, бошида қалампир нусха дўппи йигитлар миллий либосларимизни, анъаналаримизни кўз-кўз қилишади.
Шунингдек, миллий либосларимизнинг дунёга бўй кўрсатишида моҳир дизайнерларимиз ва санъаткорларимизнинг ўрни катта. Дунё миқёсидаги турли танловларда иштирок этаётган ёшларимиз ҳам оламга замонавий миллий либосларимизда юзланаётганига гувоҳмиз. Шу билан бирга, пойтахтимиздаги ва вилоятларимиздаги кўплаб миллий таомлар тайёрланадиган ошхоналарда хизмат қилаётган йигит-қизлар хўрандаларни ўзлигимизга хос гўзал либосларда, қўллари кўксида қарши олишмоқда. Бу дунё мамлакатларидан юртимизга ташриф буюраётган хорижлик меҳмонларнинг миллий қадриятларимиз хусусидаги қарашларига, ўзбекона либосларимиз билан танишишида катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Инсон ҳамиша гўзалликка ошуфта, ҳамиша гўзалликка интилиб яшайди. Буни ҳар жабҳада кузатиш мумкин, хусусан, либослар борасида ҳам. Шу сабаб модалар оламидаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳар доим эл эътиборида туради. Бироқ қандай ҳолда бўлмасин, либослар беҳаёликка эмас, гўзалликка хизмат қилиши керак. Айниқса, қиз-жувонларимиз бунга эътиборли бўлишса, нур устига аъло нур бўларди. Замонавий кийинганга нима етсин, бироқ ҳаддан зиёд замонавийликка берилиб, ўта калта ва тор-танқис, очиқ-сочиқ либослар кийган ёшлар учрайдики, улар жамият аҳли томонидан танқид қилинса қилинадики, эътироф топмайди.
Миллий либос — миллат юзи, дейишади. Асрлар давомида авлоддан-авлодларга ўтиб келаётган миллий либосларимиз борки, кўрган одамнинг кўзи қамашади. Бироқ кейинги йилларда қиз-жувонларимиз орасида урфга айланган хориж либоси саналмиш ҳижобга қандай баҳо бериш мумкин? Баъзида қора либосга ўралиб, юзига қадар беркитиб олган ёшларни кўриб, беихтиёр кайфиятинг тушиб кетади. Энг ачинарли жиҳати, умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ёш қизалоқларнинг рўмолга бурканиб олганига нима дейсиз? Мактабда бўлганимда, уларнинг дарсдан бўш пайти дугоналари билан қувлашмачоқ ўйнаб, терлаб-пишиб юрганини кўриб дилим ранжиди. Қизалоқлардан бирининг онасидан сўрадим:
— Қизингиз эндигина биринчи синф ўқувчиси экан. Ҳижобга киришига ҳали жуда ёш-ку, нега рўмол ўратдингиз?
— Мен унга рўмол ўра демадим. Синфидаги кўпчилик ўртоқлари рўмол ўрашибди. Ёлғиз ўзи ажралиб қолгани учун шуни истади…
Таассуфлар бўлсинки, айни билим пойдеворини ўзлаштираётган етти-саккиз ёшли қизалоқларга бу ёшда ҳеч бир динда ўралиш буюрилмаган бўлса керак. Мактаблар маъмурияти бу борада ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориши зарур. Бу келажак авлоднинг истиқболи билан боғлиқ кечиктириб бўлмас долзарб масаладир. Қизчаларини кўр-кўрона ҳижобга киргизган ота-оналар эса бу либос ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини билиш янада ачинарли. Билишимча, араб давлатларининг аёллари уйларидан ташқарига чиқаётганда чодра ёпиниб олишади. Ҳижоб эса уларнинг хизматкорларига тегишли кийим экан.
Бошида ҳамиша ҳарир рўмол бўлган, ҳаё ва андишада беназир миллатпарвар шоира ва гўзал нотиқ Турсуной Содиқованинг бу борадаги фикри билан танишамиз. Яъни опа билан суҳбат қилган журналист ўртасида қуйидагича савол-жавоб бўлиб ўтган:
— Ҳозир кўча-кўйда, транспортда бошдан-оёқ ҳижобга ўралган қизларга дуч келамиз. Кимдир уларга ҳавас билан, яна кимдир ғашлик билан, яна биров ачиниш билан қараяпти. Ҳаққа ишонган, дилини поклаган бу қизларни табриклаш керакдир, балки. Бироқ ҳали бутун келажаги олдинда турган, илм олиши, элига, юртига хизмат қилиши керак бўлган бу қизлар бироз шошилишмадимикин? Қолаверса, Турон заминининг исломий иймони бутун аёлларига ҳижоб хос эмас эди-ку…
— Ўзим исломий тарбия тарафдориман. Иймон, ҳалоллик, шукрона, ҳаммага ва ҳар доим яхшилик қилиш… Бу фазилатлардай олийлик борми? Кишининг феъли ҳижобли бўлсин. Ҳамманинг кийиниш тарзида шундай русум бўлса, бошқа гап эди. Ҳижобга ўраниб олиш мана бундоқ илм ўрганяпман деб, писанда қилишдай бўлиб қолмасин. Одамларнинг эътиборини тортиш ҳам исломга зид, қолаверса, ҳижоб кийганга қараган ҳам, қарамаган ҳам қарайди, қиз боланинг ўзига ҳам ўнғайсизлик туғилади.
Ундан кўра, ўзимизнинг гўзал миллий кийимларимизга йўл очайлик: енглари ва бўйлари тўкис кўйлаклар, нафис рўмоллар, дўппилар, зебигардонлар…
Ҳаммага ўхшайверсам, гоҳ ўрисга, гоҳ инглизга, гоҳ японга тақлид қилаверсам, отим бетайин бўлмайдими, синглим? Менинг биринчи қарзим ва фарзим — зотимга, авлодимга, миллатимга ўхшаб туришимдир!
Улуғ устоз бу борада нақадар ҳақ. Либослар миллат маънавиятининг кўзгусидир. Миллатимизнинг биргина қалампирнусха дўпписи-ю атлас матоси дунёнинг қайси бурчида бўлмасин, унинг ўзбек эканлигини англатиб туради. Дарҳақиқат, ҳар бир миллатнинг аждодларидан мерос бўлиб келган ўзига хос кийиниш санъати, урфи ва услуби бор. Аммо давр ва замонлар бир жойда турмагани, эврилишларга юз тутгани каби, либосларнинг урфлари ҳам ўзгариб туради. Бу бугунги кун билан, замон талаби билан узвий боғлиқ, шубҳасиз. Шундай экан, ўзбекона миллий либосларимизни замонга мослаб кийганимизга нима етсин!
Бу борада миллатнинг яна бир дилбар ва доно қизи, олима Жамила Шермуҳаммедованинг миллий либосларимизга садоқати борасида тўхталишни истардим. Фалсафа фанлар доктори, профессор Жамила Тошпўлатовнани тадбирлар ва учрашувларда ҳамиша атлас ва адрас либосларда кўрганман. Ҳеч бўлмаганда замонавий кийимларининг қайси бир жойида, ёқаси ёки енгида, ёхуд бўйинларида адрас шарф бўлади. Дунёнинг ўттиздан зиёд давлатида бўлган улуғ олима ўз ўрнида миллий либосларимизни ҳам жаҳонга кўз-кўз қилиб келаётган ватанпарвар фидойилардан.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби, дизайнер ва чеварларимиз миллий либосларнинг янгидан-янги урфларини яратиш устида тинмай изланишлар олиб бормоқда ва бу борадаги янги лойиҳаларини — тайёр либосларини элимизга, жаҳонга намойиш этишмоқда. Танловларда юқори эътирофларга сазовор бўлишмоқда. Бу таҳсинга сазовор, албатта. Аммо ўйлайманки, уларнинг олдида турган асосий вазифа ўзлигимизга хос атлас, адрас, беқасам каби матолардан ўқувчилар, талабалар ва ишчи-хизматчилар учун замонавий либослар яратиш. Балки шундагина миллий либосларимиз кўргазмалар ва байрамлардагина кийиладиган мавсумий кийим-бош эмас, миллатимизнинг юзи — фахри бўлиб қолади.
Зулфия ЮНУСОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.