Уюшманинг янги лойиҳаси
“Oltin qalamli jurnalistlar” китобининг илк нусхаси нашрдан чиқди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг яна бир янги лойиҳаси — “Олтин қаламли журналистлар” китобининг илк намуна нусхаси нашрдан чиқди. Ушбу китобга 50 нафарга яқин устоз журналистларнинг айни кунда матбуотимизда камайиб кетаётган фельетон, очерк, журналистик суриштирув, эссе каби 8 та журналистик жанр бўйича энг сара материаллари киритилган.
Шунингдек, тўпламдан фотожурналистика йўналиши жанрлари бўйича тажрибали фотожурналистларимиз — Абдуғани Жума, Алимурод Мамадаминов, Анвар Илёсов, Ҳамдам Шораҳмедов, ёшлардан Ҳасан Пайдоев, Ҳусниддин Ато, Холида Мусурмонова, Эъзоза Умрзоқова ва бошқаларнинг ажойиб, турли ракурслардан олинган суратлари ўрин олган. Мазкур тўплам ёш, умуман, турли ёшдаги ижодкорларимиз-журналистларимиз учун яна бир қўлланма бўлади, деб ўйлайман.
Медиа соҳа бўйича таълим олаётган ёшларимиз мазкур китобда эълон қилинаётган устоз журналистларнинг маҳорат билан ёзилган материалларини қайта-қайта ўқиш орқали журналистика жанрлари бўйича материаллар қандай ёзилишини ўрганишлари мумкин бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан устоз журналистларнинг энг сара ижодий ишлари жой олган “Олтин қаламли журналистлар” китоби яқин вақт ичида дастлаб минг нусхада чоп этилиши кутилмоқда.
Шу ўринда таъкидлашни истардим, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастур ижроси доирасида таҳририятларда, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшмамиз ҳудудий бўлимлари қошида таниқли журналистларнинг бўлажак медиа соҳа вакиллари учун “Маҳорат мактаблари”, “Ёш журналистлар” тўгараклари ташкил этилди. Ушбу тўплам мазкур мактаб ва тўгаракларда таълим олаётган ёшлар учун ҳам зарур манба бўлади.
Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш бўйича иш олиб борар эканмиз, бу жараёнда журналистиканинг асоси ҳисобланмиш босма ОАВни ривожлантирмай, газета ва журналларимизда ранг-барангликни таъминламай туриб, мақсадга — миллий журналистикамиз равнақига эришиб бўлмайди.
Бугун мамлакатимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни, ўзгариш ва янгиланишларни тезкор, холис-ҳаққоний, адолатли ёритиш оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Бу жараёнда журналистика жанрларидан самарали фойдаланиш аҳамиятли.
Журналистикада ижодий услубга эга бўлиш, доимий равишда касбий маҳоратни ўстириш муҳим саналади. “Олтин қаламли журналистлар” номи остида чоп этилаётган ушбу тўплам медиа соҳани танлаганлар, умуман, ижодкорларга бу борада зарур манба-қўлланма сифатида хизмат қилади, деган умиддамиз.
Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
раиси в.б.