Бунчалар буюксан вафо шеваси…

“Hurriyat”нинг 2024 йил 30 октябрь №43 сонида чоп этилган  “Садоқатдан бахт қасрини қурганлар” мақоласини ўқиб…

Сиз садоқат сўзининг моҳияти ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Рўзғор ташвишлари, тўкис яшаш, бойлик, мартаба, мансаб, обрў-эътибор учун елиб-югуриб, бу туйғуни ҳис қиляпсизми? Бўлмаса эшитинг: дунёни садоқат қутқаради. Гўзаллик эмасми, деяпсизми? Тўғри, лекин гўзаллик садоқат дарахтининг ҳосили-да. Усиз ҳеч вақога арзимайди. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ нарсага айланади. Буни бугун ҳаётимизда ҳам кўриб турибмиз-ку!

Энг аввало, садоқат жонажон тупроқни севишдан, ардоқлашдан бошланади, десам, мийиғингизда кулишингиз табиий. Негаки, биз уни такрор-такрор айтавериб, оҳорини тўкиб қўйдик-да. Гапни бежиз узоқдан бошламадим. Аслида, ўз жуфтига, дўстига, қўйингки, юртдошларига қалбида садоқат яшамайдиган одамда  уни улғайтирган, тил-забон берган, ақл-идрок берган она-заминга муҳаббати юксаклигига шубҳам бор.

Бу таниқли публицист Дилмурод Қирғизбоевнинг “Hurriyat” газетасида босилган “Садоқатдан бахт қасрини қурганлар” номли мақоласини уқиб, (ўқиб эмас!) қалб тозаришини сезганимда қоғозга тушган фикрлар. Ростдан-да, садоқатнинг ёрқин тимсоллари ҳақидаги бу битик қалбни артилган шишадек тозартиради. Абдулла Орипов ёзган “сенинг бойликларинг учун севган фарзанд бўлса, кечирма асло” ташбеҳи садоқат олдида олтину жавоҳир, сийму зар сариқ чақага ҳам арзимаслигини намоён этиб турибди. Ушбу мақола — икки ёшнинг университетда ўқиб юрганидаёқ бир-бирига меҳр қўйиб, бу меҳр ҳақиқий муҳаббат ва садоқат тимсолига айлангани ҳақида ёзилибди.

53 йил бир ёстиққа бош қўйиб, қўша-қўша фарзандлар ўстирган Собир ака ва Сайёра опа журналист бўлишган. Қўш қалам не-не қоғозларни қораламади, не-не китоблар ёзмади дейсиз. Қирғизбоевнинг мақоласи эса ана шу икки соҳир қалб соҳибининг бир-бирига бўлган муҳаббати сўнмас олов каби бир умр ловуллаб тургани ҳақида. Сайёра опа (марҳум, жойи жаннатда бўлсин!) турмушига ўн йил тўлганида тўшакка михланиб қолганида Собир ака уни ўкситмай 42 йил ёнида парвона бўлгани ҳақида.

42 йил-а! Бунчалар буюксан вафо шеваси, дегинг келади беихтиёр! Собир аканинг 42 йил давомида бирор марта ҳаётидан нолимагани инсонийликнинг энг олий фазилатидир. У ичидан ўтганини ташига чиқармади, фарзандларига ҳам “ҳеч кимга онам касал деманг, кулиб юринг” деб уқтириб келган. Биласизми, физикада бир қонуният бор. Она сайёрамиз қуёш атрофида айланади. Ой эса ер атрофида. Собир ака ўз Сайёраси атрофида ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу кунларида ҳам  “айланиш”дан тўхтамади.

Йиллар ўтиб, Собир ота Иномов Президент Фармонига биноан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганда, орден фақат ўзига эмас, бутун оила аҳлига тегишли экани ҳақида шундай дейди: “Бу — гарчи ожиза бўлса-да, сабр-бардоши қаршисида тоғлар тиз чўкадиган, қирқ икки йил умрини тўшакда ўтказган, оғриқлар азобига дош бера олган менинг Сайёрамга берилган мукофот эди. Бу — болалигини онасига бағишлаган менинг қизларимга берилган мукофот эди. Бу — онасини боласидек кўтариб парвариш қилган менинг ўғилларимга берилган мукофот эди. Бу — келин эмас, қиз бўлиб қайнонасига онасидан кўпроқ хизмат қилган менинг Дилоромимга берилган мукофот эди”.

Башарти ҳаёт жуда мураккаб, инсон иродасини пўлатдай тоблайди. Унга дош бера олган фидойи одамлар эса орамизда жуда кўп. Муаллиф шундай инсонларни излаб, топиб, элга ибрат қилиб кўрсатиб, уларнинг юрагида яшаётган садоқат аталмиш энг нодир туйғунинг забардаст тарғиботчиси сифатида шуҳрат қозонмоқда.

Фахриддин БОЗОРОВ,

“Халқ сўзи” газетаси мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 9 =