Маънавий экспертиза — қонун талаби!

“Сўз эркинлиги маданиятсизлик базми эмас!” мақоласини ўқиб…

Маънавият ва маърифат марказининг Ўзбекистонда медиамаҳсулотлар маънавий экспертизадан ўтказилиши тартиби жорий этилиши тўғрисидаги маълумоти юзасидан интернет сайтларда, ижтимоий тармоқларда ижобийга қараганда кўпроқ танқидий фикрлар билдирилмоқда. Хусусан, “Facebook”даги бир фаол иштирокчининг саҳифасида бу “қип-қизил цензура”, сўз ва ижод эркинлигига таҳдид деб баҳоланиб, “Маънавият маркази ўзининг ҳаракатлари қайси қонун, Конституция ва халқаро нормаларга мувофиқлигини изоҳлай оладими?” деган савол қўйилган.

Бу саволга жавоб битта: медиамаҳсулотларнинг маънавий экспертизаси зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ахборот ва маданий фаолият соҳаларини тартибга солувчи барча қонунлари нормаларидан келиб чиқади. Конституциямизнинг 33-моддаси ижтимоий ахлоқни таъминлаш мақсадида ахборотни тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга йўл қўйилишини белгилайди. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4, 14-моддалари эса жамиятнинг ахлоқий қадриятларини таъминлаш мақсадида ахборот олиш чекланиши мумкинлигини, маънавий бойликларни асраш жамиятимизнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш йўлларидан бири эканлигини белгилайди. “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги маданий фаолиятнинг асосий принципларидан бири ҳисобланади.

Ўз-ўзидан келиб чиқадики, ижодий фаолият эркинлиги ҳам маънавий-ахлоқий нормалар доирасида бўлиши керак. Қонуннинг 21-моддаси концерт-томоша тадбирларида одоб-ахлоқ қоидаларига, маънавиятга, миллий менталитетга мувофиқ бўлган мусиқий асарлар ижро этилишини тақозо этади.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, маънавий-ахлоқий мезонларга зид медиамаҳсулотларнинг намойиш этилиши ва тарқатилишига йўл қўймаслик учун мутасадди идоралар ва ташкилотлар томонидан махсус қарорлар қабул қилинишига ва бу борада амалга ошириладиган ишларни “маънавий экспертиза” деб номлашга хеч қандай зарурат йўқ. Чунки бундай ишларни амалга ошириш ахборот, маданият, санъат соҳаларини тартибга солишга, жамиятимизда маънавият ва маърифат тарғиботига масъул мутасадди идоралар ва ташкилотлар, шу жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси каби ижодий профессионал ташкилотларнинг кундалик вазифаси, уларнинг низомларида, уставларида белгиланган функцияларидир. Бундан ташқари, қонунларимизга мувофиқ маданий медиамаҳсулотларни яратувчи ва тарқатувчи ташкилотларда бадиий кенгашлар мавжуд бўлиши керак, улар қонун талабларидан келиб чиқиб ишласа қўшимча яна “маънавий экспертиза” гуруҳларини ташкил қилишга зарурат бўлмайди.

Айни пайтда аҳолимиз “истеъмол” қиладиган медиамаҳсулотлар борасида аҳвол жуда ачинарли ва нотўғри талқин қилинадиган сўз ва ижод эркинлиги байроғи остида йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда.

Бундай ҳолатнинг сабабларидан бири — назорат ва цензура тушунчаларининг фарқланмаслигида. “Цензура қилинмасин” деб назорат ҳам қилинмайдиган бўлиб қолди…

Цензура — ахборотни эълон қилишдан олдин махсус идора томонидан текшириш. Бу қонун билан тақиқланган. Лекин ахборот тарқатиш қоидалари бор! Сўз эркинлиги дегани ҳар ким хоҳлаганини хоҳлаган шаклда яратишга ва тарқатишга ҳақли дегани эмас! Шахсий автомобилингизни исталган жойда, исталган вақтда ҳайдашингиз мумкин — сиз эркинсиз! Лекин йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга мажбурсиз, ушбу қоидаларга шахсий мулкингиздан фойдаланишга чеклов сифатида қараш мумкин эмас.

Яна бир сабаб шундан иборатки, аксарият ОАВлар, маданият ва санъат соҳасида хизмат кўрсатувчи ташкилотлар хусусий бизнес тузилма — тадбиркорлик субъекти шаклида фаолият юритишади.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ тадбиркорлик — “тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир”. Яъни, ҳаммамиз биламизки, бизнеснинг асосий мақсади — фойда олиш. Бугун ана шу мақсадга эришиш жазавасига тушган интернет-сайтлар, хусусий телеканаллар, қўшиқчи, киночи шоуменлар одамлар эътиборини тортиш, рейтингини ошириш, реклама берувчиларни жалб этиш йўлида кўплаб савиясиз кўрсатувларни, сериалларни эфирга узатмоқдалар, шов-шувли ахборотларни тарқатмоқдалар.

Одамларимиз давлат телеканалларига қараганда хусусий телеканалларни кўпроқ томоша қиладилар. Бу телеканаллар эса фойдали ахборот билан эмас, балки бадиий савияси паст, мазмуни саёз сериаллар, шоуменларнинг бачкана қилиқлари-ю тутуриқсиз, тил қоидаларини бузиб, кўча тилида айтилган гапларига бой кўнгилочар шоу-дастурлар, бемаъни, енгил-елпи қўшиқлар, шов-шувли янгиликлар билан одамларни ўзига жалб қилмоқда. Уларнинг аксарият кўрсатувлари инсон онгу тафаккури, руҳияти, дунёқараши, маънавиятига, ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилувчи ахборот — маънавий заҳардир.

Ҳар жойда янграётган бемаъни қўшиқлар сон-саноқсиз… Шоу-бизнесменларнинг сохта маҳсулотлари маънавий хаётимизда асл мусиқий санъат асарлари ўрнини тобора кўпроқ эгаллаб бормоқда… Уларнинг бемаъни, савиясиз, бачкана, енгил-елпи мусиқасимон шовқин шаклидаги “ижод” маҳсулотлари телерадиоканаллар, интернет, ижтимоий тармоқлар, концертлар, оммавий тадбирлар, тўю томошалар, кўча-кўйда, кафе-ресторанларда, барча жамоат жойларида тақдим этилиб, тарғиб, реклама қилиниб, инсонларнинг мусиқий дидини тубанлаштирмоқда, улар онгини заҳарламоқда, маънавиятини емирмоқда.

Мисоллар: “Атрофингда шаҳзодалар кўп. Кел, ўшалар олдида мен ғарибни битта ўп” деб куйланадиган шоу-бизнес маҳсулоти ҳалигача “хит” асар бўлиб қолмоқда… Ҳатто давлатга қарашли “Наво” телеканали орқали ҳам шоуменларнинг бемаъни қўшиқлари пуллик асосда эфирга берилиши давом этмоқда… Буни тўхтатиш керак! Давлат телеканали шундай қилаётган бўлса, бошқалардан нимани кутиш мумкин ахир?!

Президентимиз 2017 йил 3 август куни, юртимиз зиёлилари билан ўтган учрашувда “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деб алоҳида таъкидлаган эди. Мана, етти йилдан кўп вақт ўтди. Афсуски, давлат раҳбарининг ушбу кўрсатмаси ОАВ ходимлари, мутасадди давлат органлари, депутатлик корпуси, ижодкор зиёлиларимиз томонидан ҳалигача англаб етилмади. Натижада бизнес субъекти бўлган ташкилотлар ва шахслар томонидан яратилаётган ва тарқатилаётган зарарли медиамаҳсулотлар кундан-кунга кўпайиб, жамиятимизда маънавий емирилиш аломатларини кучайтирмоқда.

Медиамаҳсулотларни яратиш ва тарқатиш соҳасида маънавият сари бурилиш қилиш учун оммавий ахборот воситаларини, маданият ва санъат соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларни тадбиркорлик субъекти эмас, балки фақат нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) ташкилий-ҳуқуқий шаклида фаолият кўрсатиши мумкинлигини назарда тутувчи меъёрни қонун йўли билан белгилаб қўйишнинг вақти аллақачон келган!

Мутасадди идоралар — Ахборот ва оммавий коммуникациалар агентлиги ва Маданият вазирлиги қонун ҳужжатларида белгиланган ўз ваколатларини ишга солиб, ахборот ва маданий фаолият соҳаларида маънавий заҳар тарқатаётган шахслар ва оммавий ахборот воситалари, жумладан, хусусий телеканалларга нисбатан тегишли чораларни кўришлари шарт деб ўйлайман.

Мамлакатимиз зиёлиларининг жамоат ташкилотлари — журналистлар, ёзувчилар, композиторлар уюшмалари ҳам жим турмасдан, Маънавият ва маърифат маркази билан бир қаторда медиамаҳсулотлар борасида маънавият сари бурилиш ясашда фаолроқ бўлиб, жамоатчилик орасида тушунтириш, тарғибот ишларини жадаллаштиришлари керак.

Хуллас, медиамаҳсулот яратиш ва тарқатиш қоидаларини замон талаблари, ҳаёт воқеликлари, соғлом информацион ва маънавий муҳит яратиш заруратидан келиб чиқиб такомиллаштириш, қонунларимизга тегишли ўзгартиришлар киритиш ва бу борада қонун талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш — ҳаётий зарурат.

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,

иқтисод фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 11 =