Адабий агентларга эҳтиёж сезилади
Ёши улуғ адабиётшунослар, одатда, адабий жараённи мунтазам равишда кузатиб бормайдилар. Кузатсалар-да, фикр-мулоҳаза билдирмайдилар. Забардаст мунаққид, моҳир таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров бундай эмас — у табиатан бадиий адабиёт ғамхўри. Бир-икки мисол. Илк ҳикоялари билан эндигина танилаётган вақтида насрнавис Саломат Вафони биринчилар сафида қўллаб-қувватлаган, мақоласида ижоди моҳиятини урғулаган ҳам Иброҳим Ғафуров эди. “Тилсим салтанати” китоби тақдимотида қатнашиб, Саломатни руҳлантирган. Ҳамма ҳам бундай қилавермайди. Қолаверса, камина ҳам моҳир адабиётшунос эътиборидан баҳра олганман. Илк шеърий туркумим Иброҳим ака тавсиясига кўра 1982 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чиққан. Ҳали алоҳида шеърлар тўпламим нашр этилмасидан аввал Ёзувчилар уюшмасига тавсиянома ёзиб берганини мамнуният ила эслайман. Титроқ қўллар билан машқларини тутқазган қаламкашга эринмасдан маслаҳатлар бергани саховатпешаликдан нишона.
Ана шу хотиралар боис устознинг “Ҳақиқат шуки, мукофот билан моҳият ўзгармайди” сарлавҳали суҳбатини ўқиб (“Hurriyat” газетаси, 2024 йил, 6 ноябрь сони. Суҳбатдош: Гулнора Шерматова) фикр-мулоҳазаларимни билдиргим келди. Чунки “Нега бадиий адабиётимиз дунёга чиқишга оқсаяпти?” деган савол шу пайтга довур бу қадар кескин қўйилмаган. Мунаққид дейдики: “Ҳозирги дунёда барча одамлар энг кўп сўзлашаётган, энг баракали ва маҳсулдор мулоқот қилаётган, энг кўп ўрганилаётган, энг яхши натижаларга эришилаётган бу — инглиз тили. Инглиз тилини ҳозир тақдир шундай ўрин ва мавқега олиб чиқди. Америка, Англия, Канада, Австралия, Германия китоб ёзиш, чиқариш, тарқатиш ва шулар орқали жуда катта муваффақиятлар, амалий натижаларга эришмоқда. Бу мамлакатларда ҳар соҳада янгидан-янги китобларга бўлган талаб ниҳоятда кучли”. Ҳақиқатан ҳам шундай. Ўша мамлакатлар китоб савдосини қай усулда йўлга қўйганини, китоб тарғиботи механизмини астойдил ўрганмоғимиз жоиз.
Мамлакатимизда кейинги даврларда кўплаб хусусий нашриётлар фаолият юрита бошлади. Пули бор ёки ҳомий топган қаламкашлар ёзганлари бадиий адабиёт ўлчовларига тўғри келадими ёки йўқми, истаган нарсасини чиқармоқда. Нашриётлар эса чоп этади; китобни муаллифга қўш қўллаб топширади — шу билан иш тамом. Тарғибот дегани йўқ ҳисобида. Ҳақли равишда савол туғилади. Шуям ноширчиликми? Бундай аҳволда хусусий нашриётлар ривожланадими? Маҳсулотларини реклама қилмаса? Сотмаса? Кутубхоналар билан алоқа боғламаса? Хўш, мамлакатимиздаги қайси нашриёт маҳсулотларини жаҳон китоб бозорига чиқара олди? Ёки Марказий Осиё миқёсига қайси китобларини чиқарди? Ахир, дейлик, Туркманистонда, Қирғизистонда, Қозоғистонда, Тожикистонда, Озарбайжонда, Туркияда, Россияда қанчадан-қанча ўзбеклар, ўзбек тилини биладиган инсонлар яшайди. Китоб савдоси ташкилотлари шулар билан алоқа боғлаши жоиз эмасми?
“Ўзбек шоиру насрнависларининг китоблари хорижда қачон чиқади?” деймиз-у, чиққанлари ҳақида лом-мим демаймиз; тилбилгичлар иштирокида анжуманлар уюштирмаймиз; китоб чиқишида бош-қош бўлганларни юртимизга таклиф этиб, танишмаймиз. Дейлик, мен шоир Фахриёрнинг Парижда 2017 йилда француз тилида китоби чиққанлигини яқинда билдим. Ўзбек шоирининг жаҳон маданияти сарчашмаларидан бирида китоби чиқса, бу — байрам қилишга арзигулик ҳодиса эмасми? Таржимони ким, таржима сифати қандоқ — билгимиз келади-да ахир. Шоира Хосият Рустамова шеърияти ҳақида ёзганим — “Ранг орқали ичкарига” бундан ўн олти йилча аввал “Гулистон” журналида чиққанидан сўнг анча-мунча шов-шувга сабабчи бўлган эди. Шундан бери шоиранинг ижодий фаолиятига қизиқаман. Шоиранинг ўн тўртта китоби Ўзбекистонда чиққан бўлса, хорижда йигирма иккита китоби чоп этилибди. Европа ва Америка қитъаларида босилган китобларини сўраб-суриштирдим. Аниқлаганларим: “Рангин кўз ёшлар”. Буюк Британияда чиқибди (2020 йил). “Тушовланган шамол”. Беларусь, 2021 йил. “Ҳовучимдаги юлдуз”. Украина, 2021 йил. “Кўнгил изидан”, Сербия, 2021 йил. “Саккиз”. Россия, 2021 йил. “Ўн учинчи ой”. Испания, 2022 йил. “Мени юраклардан қидир”. Америка Қўшма Штатлари, 2023 йил. “Шеърлар ва Кундаликлар”. Руминия, 2023 йил. Айни пайтда Грецияда китоби нашрга тайёрланмоқда экан. Ҳали ўзбек шеърияти жаҳонда довруқ қозонади. Лекин биринчи қалдирғоч — Хосиятдир.
Агар шундоқ бўлса, адабий агентларга эҳтиёж сезилади. Биринчи навбатда бадиий ижод билан қизиқувчи ёшлар қўшимча иш билан таъминланадилар; қўшимча маош ишлайдилар. Бу икки тарафлама фойда беради. Энг муҳими, шоир ёки насрнавис нашриётларга бориш-келиш, шартномалар тузиш, хорижий ноширлар билан алоқа ўрнатиш ташвишидан мосуво бўлади. Ортиқча “бош оғриқлари”га барҳам берилади. Мана, ўзимдан мисол. Германия Федератив Республикаси “Лейпциг адабиёт нашриёти” корхонаси раҳбарияти илтимосига кўра таржимонларим мени беш йил мобайнида излаганлар. Адабий агентим бўлса, шундай оворагарчиликлар юз бермаган бўлур эди.
Иброҳим Ғафуров айтадики: “…Айниқса, билимдон, кордон адабий агентларнинг етишиб чиқиши ва фаолият йўлларини очиши жуда катта аҳамиятга эга. Ҳозир шундай агентларимиз йўқ даражада ёки бармоқ билан санарли оз. Яхши билиб олайликки, маданий Ғарбнинг адабиёт ва санъат дунёси адабий агентларсиз яшамайди, ҳатто буни тасаввур ҳам қилолмайди. Ғарбда ҳар бир профессионал адабий агент муболаға бўлиб туюлмасинки, битта Ёзувчилар уюшмасининг ишини бир ўзи бажаради. Ёзувчининг асари қўлига киргач, у асарни баҳолайди, таржимон топади, нашриётлар билан гаплашади, келишади, ҳақ-ҳуқуқ, қалам ҳақларини келишади. Тарқатиш, хорижий тилларга ёйиш чораларини белгилайди. Яъни ҳозирги бизнинг ёзувчиларимиз ҳеч имкон топмайдиган барча ташкилий ишларни бажаради. Бизга шундай иш усули сув билан ҳаводай зарур. Шунда китобнинг янги ривожланиш йўли, тенденциялари бошланади. Ривожнинг бошқа йўли йўқ”.
Ҳозирга довур биз бирор ўзбек шоири ёки насрнависи адабий агент ёллагани борасида эшитмадик. Бирор-бир ноширнинг шоир ёки насрнависнинг қўлёзмасини сотиб олгани ҳақида эшитмадик. Китоб савдоси борми ўзи? Гонорар-чи? Шундоқ экан, қайси пулимизга адабий агент ёллаймиз? Гонорар бор жойда агент бўлади. Тўртта қўшиқни ёдлаб олган тўйчи артистлар билан даллолсиз гаплашиб бўлмайди. Битта тўйга бориш, бир эмас, иккита отнинг калласидай пул бўлса?! Футболчиларда ҳам агент бор. Чунки, уларнинг-да даромади мўмай.
Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби улуғларнинг замондоши Иброҳим Ғафуров — адабиётимизнинг етмиш йиллик тирик қомусидир. Шундай экан, адибнинг мантиқли гапларини ҳаётда, жамиятда қўлловчи борми, топиладими? Ахир олим мулоҳазаларини кўзга тўтиё қилса арзийди.
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД