Гендер тенглик бўйича янги ташаббус

Яқинда пойтахтимизда “Табассум: Ўзбекистонда гендер тенгликни тарғиб қилиш ва ёш аёлларни қўллаб-қувватлаш учун медиа кўникмалари” (2024 – 2026) лойиҳасининг расмий тақдимотига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда 70 дан зиёд меҳмонлар, жумладан, ҳукумат вакиллари, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, халқаро ва донор ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.
Лойиҳа мақсадли гуруҳлар, жумладан, журналистлар, ижтимоий тармоқ фаоллари, ёшлар ва аёллар ҳамда нодавлат ташкилотларининг гендер ҳақида конструктив ахборот тайёрлаш, гендерга оид дезинформация ва медиа тадбирларини ўтказиш бўйича тажриба ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган. Аёллар ва ёшлар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлари 4 000 еврогача грантлар олишади ва бу грант орқали ўзбек медиасида ёшлар ҳамда аёлларга тааллуқли, ушбу мавзуни жонлантирувчи ва омманинг мавзуга бўлган муносабатини тўғри шакллантирувчи медиа хабарлар яратишади. 500 000 евро маблағни шакллантирган ушбу лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ва Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазирлиги (BMZ) томонидан қўллаб-қувватланган. Лойиҳа Германияда жойлашган “DW Akademie” ҳамда Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази ҳамкорлигида амалга оширилади.
Анжуманда лойиҳанинг мақсад-вазифалари, уни амалга ошириш тартиби ҳамда сўнгги йилларда юртимизда айнан гендер тенглик борасида қилинаётган ишлар юзасидан фикрлар билдирилди.
Тоиво КЛААР,
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси:
— Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги гендер тенглик борасида амалга оширилаётган ишлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларининг эркаклар билан тенг бўлишига интилишларини қўллаб-қувватлайди. Албатта мамлакатингиздаги нодавлат-нотижорат ташкилотларининг имкониятларини мустаҳкамлаш ва уларнинг муҳим ижтимоий масалаларни кенг аудиторияга етказиш қобилиятини ошириш бу йўналишда муҳим қадамдир. Биз оммавий ахборот воситаларининг таъсирини, у одамларнинг муносабатини ижобий равишда ўзгартириши ва аёлларни қўллаб-қувватлашини тан оламиз.
Амалиа ОГАНЖАНЯН,
“Deutsche Welle”нинг халқаро медиани ривожлантириш, журналистика соҳасида ўқитиш ва билимларни тарқатиш маркази “Табассум” лойиҳаси координатори:
— Бу Ўзбекистон учун жуда муҳим ва ўта зарур ташаббусдир. Турли ижтимоий фаолиятларда аёллар иштироки ҳар доим юқори бўлса-да, уларнинг гендерга оид муҳокамаларда қатнашиш, аёллик нуқтаи назарини билдириш ва бошқарувда қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш имкониятлари чекланган. “Табассум” лойиҳаси гендерга оид дезинформация муаммосига қаратилган — бу глобал тренд бўлиб, Ўзбекистонга ҳам тегишли.
Саида СУЛАЙМАНОВА,
Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори:
— Ўзбек тилида “Табассум” жилмайиш, кулиш деган маънони англатади. Шунингдек, бу аёлларга қўйиладиган чиройли исм ҳамдир. Биз ўз лойиҳамизни “Табассум” деб атадик ва бу билан Ўзбекистонда гендер масалаларига оид салбий коннотацияни ижобий тусга ўзгартиришни мақсад қилдик. Биз журналистлар ва блогерларнинг гендер саводхонлигини ошириш, уларнинг гендерга оид конструктив материаллар тайёрлаш қобилиятларини мустаҳкамлаш ҳамда аёллар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотларининг гендер тенгликни ҳимоя қилиш масалаларида фаол бўлиши ва аёлларни қўллаб-қувватлашда самарадорлигини ошириш ва эскирган гендер стереотиплари билан курашишда олиб бораётган фаолиятларини қўллаб-қувватлаймиз. Бизнинг лойиҳамиз мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер зўравонликни бартараф қилиш йўлидаги тўсиқлардан бири ҳисобланган стереотипларга қарши курашда ўз ҳиссасини қўшишига қатъий ишонамиз.
Маълумот ўрнида: “DW Akademie” — “Deutsche Welle”нинг халқаро медиани ривожлантириш, журналистика соҳасида ўқитиш ва билимларни тарқатиш маркази ҳисобланади. Унинг лойиҳалари сўз эркинлиги ва ахборотдан эркин фойдаланиш каби инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлайди. Академия бутун дунё бўйлаб фаолият юритади ва инсонларни ишончли фактлар ва конструктив мулоқот асосида мустақил қарорлар қабул қилиш учун имконият яратишга ҳаракат қилади. У Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазирлигининг стратегик ҳамкори бўлиб, Федерал ташқи ишлар вазирлиги ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади ҳамда 70 га яқин ривожланаётган давлатларда фаолият олиб боради.
Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази эса 2018 йилда ташкил этилган ва Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёда медиани ривожлантириш билан шуғулланадиган етакчи нодавлат ташкилотларидан бири ҳисобланади. У сўз эркинлигини тарғиб қилиш ва Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг барқарорлигини таъминлашни мақсад қилиб олган. Бунга тарғибот, оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилиш, сифатли журналистика учун стандартларни тарғиб қилиш, замонавий мультимедиа технологиялари, оммавий ахборот бошқаруви ва медиа қонунчилиги йўналишларида салоҳиятни ошириш орқали эришилади. Шунингдек, марказ медиасаводхонликни ривожлантириш, фактларни текшириш, иқлим, атроф-муҳит масалаларини ёритиш ва оммавий ахборот воситаларини ўрганишда чуқур тажрибага эга.
Таъкидлаш жоизки, иккала ташкилот ҳам 2019 йилдан бери Ўзбекистонда медиасаводхонлик, медиа менежерлар ва журналистлар салоҳиятини ошириш дастурлари ва жамоа медиасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилмоқда.
Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли.