“Эй, ука, бизлар тоғ одами…”

ёки Жўлибек бобо Қодировнинг лафзни қадрлагани ҳақида

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йили. Бундан 35 йил муқаддам айни март ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов арафасида депутатликка номзодлардан бири Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Тозғора қишлоғида яшаган раҳматли Жўлибек бобо Қодировнинг ҳузурига келиб: “Сиз шу қишлоқнинг оқсоқоли экансиз, биз эшитдикки, сиз нима десангиз, айтганингиз бўларкан. Шунга ҳамқишлоқларингизга айтсангиз, бизнинг номзодга овоз беришса”, дейишибди.

“Бунинг сира иложи жўқ, меҳмонлар. Хафа бўлманглар”, дебди бирдан бобомиз.

“Ие, бу нима деганингиз? Сиз хавотир олманг, бизниям атаганимиз бор, хизматингиз қуруқ қолмайди, ҳамқишлоқларингизга чой-пой берасиз”, — деб олдига бир ўрам қоғоз ташлабди.

“Укалар, мен буни ололмайман, очиғини айтай, сизлар бир кунга кеч қолдинглар. Кеча фалончи номзод келди. Биз талабимизни айтдик, у одам ёрдам қиламан, деди. Мен унга: “Бўлди, талабимиз бажарилса, биз ҳаммамиз сизга овоз берамиз, кўнглингиз тўқ бўлсин”, деб ваъда бериб юбордим, тамом, шу гап — гап”, — дебди.

Ишонч билан айтилган жавобдан ва шашти қайтганидан шериклари олдида мулзам бўлган номзод бобонинг олдига яна бир ўрам қоғоз ташлабди.

“Эй, ука, бизар товдинг одами. Гапирсак, битта гапирамиз. Кеч қолдинглар, деяпман-ку. Биз энди ҳаммамиз ўша сизнинг рақибми, рақобатчингизми, ўша номзодга овоз берамиз. Бу ерда бошқа гап бўлиши мумкин эмас”, — дебди яна.

Шунда сўзи ўтмаётганидан жаҳли чиққан номзод қизишиб кетганиданми ёки бобомизнинг дангаллигини синдириш учун атайлабми, унинг олдига ўзлари миниб келган янги “Жигули” машинасининг калитини ташлаб: “Мана шу мошин Сизга. Эркакчаси, гап битта”, — дебди, паст кетгиси келмай. “Ҳей, ука, эркак одамда лафз битта бўлади. Иккита бўлса, у эркак бўлмайди, нафсининг қули бўлади. Бизлар шу вақтгача тупурган тупугимизди қайтиб олмаганмиз, бундан кейин ҳам қайтиб олмаймиз. Бетга айтганнинг заҳри йўқ. Хафа бўлишга ўрин йўқ”, деб калитни ўзига қайтариб берибди бобомиз.

Сўзини ўтказолмаган депутатликка номзод қайтиб кетаётганда: “Мен бундай қайсар одамни умримда биринчи кўришим”, деса, ёнидаги ишончли вакили, дўсти: “Менга қолганда, сенинг ўрнингга шу одамнинг номзодини депутатликка қўярдим”, деган экан. Бу воқеа қишлоқда ҳозиргача давраларда эслаб турилади.

Хўш, биз буни нега эсладик?

Бугун шаҳарлар тугул, қишлоқлар ҳам анча демократиялашган. Эркаклар тугул, аёллар ҳам ўз овозига ўзи хўжайин. Ҳаммаси ўз ҳақ-ҳуқуқини танийди, билади. Ҳақини ажратиб олади. Аммо фақат ўзининг манфаатини ҳимоя қилишни, ҳақини айириб олишни билади, холос. Жўлибек бободек умум манфаати учун курашадиган, элдошлари мақсади йўлида ваъдасига вафо қиладиган, қишлоқ шаъни ва обрўси учун сўзида қатъий турадиган, лафзини ҳалол ушлаганидан, уни қимматбаҳо машиналарга алмаштирмайдиган одамлар негадир кўринмай қолди.

Маҳалласи, қишлоғи манфаати, фаровонлиги учун курашадиганлар наҳотки бугун бозор, метро ва бошқа одам гавжум жойларда қўлига ёғ кўтариб, чой кўтариб “опенбюджет” учун овоз сотиб олаётганлар бўлса? Демократия ҳақ-ҳуқуқни таниш, ҳамманинг бирдай тенг ҳуқуқли бўлиши, тенг овозга эга бўлиши, ҳақ-ҳуқуқнинг тенг тақсимланиши деб тушунтирилмаганмиди?

Нега унда умум манфаати бозорга чиқиб кетди? Нега умум манфаатни ҳимоя қиладиган депутатлар халқ талабини кўтариб чиқмаяпти? Нега жим улар? Ахир Олий Мажлис ижрочи орган — ҳукумат фаолиятини назорат қиладиган орган эмасми? Хўш, бунга Сиз нима дейсиз?

Шуҳрат РЎЗИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 9 =