Туйғулар исмин топар шоир

Бугунги шеъриятимиз шинавандасига осон тутиб бўлмайди: ўзбек миллий назм санъати дунёсида кечаётган адабий-бадиий эврилиш шу қадар шитоб билан бўй кўрсатмоқдаки!.. Мумтоз меросимиз сиймоларига, яқин ўн йилликларда шеъриятимиз осмонида порлаган бетакрор устозларга бўлган эъзоз-эҳтиромни паришон қилмаган ҳолда Абдували Қутбиддин, Ҳалима Аҳмад, Азиз Саид, Қутлибека, Зебо Мирзо, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад, Жонтемир сингари бир қатор забардаст шоирлар шеъриятига ошуфталик қалбимиздаги шеърий учоқларни қабул қилгувчи учиш-қўниш майдонларини янгидан-янги бадиий дид ва савия аслаҳалари билан бойитишни тақозо этмоқда.

Чамаси тўрт-беш йил муқаддам Муҳаммад Сиддиқнинг “Пастлаб учган турналар” китобчасини ўқиганда шу хаёл кўнгилдан кечган эди. Оддий бир китобхон-шеърхон сифатида кечинмаларни қоғозга туширишга журъат топилгандек ҳам эди, буни қарангки, шоир дўстимизнинг яқинда чоп этилган “Мусофир дарахт” китоби (“SAHHOF” нашриёти) ҳеч иккиланмай мулоҳазаларни ўртоқлашишга ишончли далда берди.

Шоир дунёни, инсонни қандай идрок этмоқда? Ўзига хос янги бадиий дунё ярата олдими? Теша тегмаган ташбеҳу тимсоллар топдими? Адоқсиз ҳайратлар улашган поэзия даҳолари назар-нигоҳи илғамаган руҳият манзараларини кўз ўнгимизга келтирдими?.. Шоирнинг бетакрорлиги қалб нозиклигидан бошланади, зеро, шеър нозик, шеърий мисра ундан нозик, шеър мисрасидан “жой” талашган сўз эса ҳаммадан-ҳаммасидан нафис. Ушбу нафис нозиклик каҳкашони шеър ихлосманди қалбига кўчсагина бу ёруғ оламнинг бор гўзаллиги, нафосати, сўлимлиги билан Сизнинг ихтиёрингиз-тасарруфингизга ўтади, гўзаллик бисотингиз бойлигига бойлик қўшади.

“Мусофир дарахт”ни варақлаганнинг ўзида шеърларнинг қисқалиги диққатни тортади. Аксари саккиз, олти, тўрт… бир мисрадан иборат шеър. Шеърни шундай ёзиш ҳам мумкин экан-да? Жаҳон насридаги “кичик роман”, “қатра ҳикоя”лар каби “ихчамлашиш” тенденциялари замонавий турмуш шиддатига ҳамоҳанглик маҳсули эканлиги кўпдан буён айтилади. Бизнинг Муҳаммад Сиддиқ эса ихчам шеър “ғоя”сини илгари сурмоқда. Бежиз эмас. Китобга сўзбоши ёзган Устоз Иброҳим Ғафуров тўғри таъкидлаганидек, “шеър бўлсин, наср бўлсин, унинг асосий душмани бекорчи беҳуда сўз”. Муҳаммад Сиддиқ бу “душман”ни яхши билади, унинг измига тушмайди, унинг амрига бўйсунмайди. Чунки серсўзлик, шеърий эзмалик инсон сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам унинг услубига ёт, бегона.

 

Бобомнинг енгига қараб билар эдик,

Шамол қай тарафга эсаётганини.

 

Манфур урушнинг аянч манзараси бу! Сўзамол, сўзга чечан буюк носир “Уруш ва тинчлик”ни ёзиб ҳам хумордан тугал чиқмаганини биламиз, шундай эмасми?!

Яна:

 

Чойимдаги нозик

шамалар,

Келишингга қилар

шаъмалар.

 

Изтироб тўла соғинчга чизилган ҳазил шарж, дегинг келади.

Яна:

 

Ҳилол — юрагимнинг тилинган жойи.

 

Ошиқ инсон қалбидан то коинот қадар назокат!..

Бу мисралар муаллифи гапни узоқдан бошлаш, “гапни “айлантириш”, “ётиғи билан изоҳлаш”дан йироқ, “ялт” этиб кўзни қамаштирувчи ташбеҳни топиш учун шеърхонни йигирма-ўттиз мисра ўқишга “мажбурлаш” ва унинг сабр-тоқатини синовдан ўтказишдан ҳам йироқ. Лекин бунинг муҳим шарти муқаррар: мухтасарлик тасвирда мислсиз аниқликни, сиқиқликни, ғоятда “мерган”ликни тақозо этади. Ўхшатиб топилмаган ёхуд мўлжалдан жичча адашиш ҳар қандай ноёбу нодир ташбеҳнинг кучини пучга чиқаради-қўяди. Муҳаммад Сиддиқ эса бу борада ўта ҳушёр, сўнгсўз муаллифи Муҳаммадали Ғаффоров тўғри топганидек, шоир “қалб кўзи билан кўрганларини ёзади”.

Қалб кўзи ила топилган туйғуларнинг ўзбеконалигини айтмайсизми?! Талабчан синчиларимиз ҳарчанд жон койитишларига қарамай, шеъриятимиз яланғоч ватанпарварлик, жўн миллатпарварлик, ҳозиржавоб “жунбиш”лардан халос бўлиши қийин кечмоқда. Ваҳоланки, асл шеър-шеърият лутфи имкониятлари шу қадар сўнгсиз ва бепоёнки, санаб саноғига етиш душвор.

 

Уйга қайтдим,

Сездирмадим онамга мен,

Онам боғда чумчуқларга дер эди:

“Озроқ қолсин, талаб кетманг

ҳаммасини,

дайди болам келса, узиб ер эди”.

 

Ўзбек онанинг руҳий портрети — айнан.

Яна:

 

Ҳолимни айтайми

бир жумла билан?

Тўпларга тутилган

минорадекман!

 

Ташбеҳнинг, тимсолнинг даҳшати, тарихийлиги бутун фожиаси билан ўқувчини ларзага солмоқда.

Яна:

 

Шунча шўрлик ичра кулолган данак.

 

Ватан, маскан, банда тақдири мужассам шу биргина мисрада!

Муҳаммад Сиддиқнинг гуманизми ҳам ўзига хос — баланд ва нафис, латиф ва беғубор. Лирик қаҳрамоннинг кечмишларига қаранг: “Узоқ хаёл суриб қолибман чоғи, Мусича бошимга келтирди хаслар”… “Истарангда исиниб олдим”… “Локация ташла кўнглингдан”… “Тунукали том тушига қизғалдоқлар кирармиш”… “Ернинг қулоғига айтдим Сени яхши кўришим”…

Дам товуш чиқармай ичингизда ўқийсиз, бир зум нафас ростлагач, шивирлаб ўқийсиз, дам сукутга толасиз, сўнг товуш чиқариб, баралла такрорлайсиз. Саноқли сўзлардан ташкил топган қисқа, лекин шоир топган теран тасвирлар, туйғуларнинг исмини номма-ном ёдда сақлашни истайсиз.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =