Бизни уйғотган булбул

Инсон туғилибдики, секин-аста ҳам жисмонан, ҳам онгий тарзда улғайишни бошлайди. Ана шу улғайиш даврида кимларгадир тақлид қилади, кимлардандир нималарнидир ўрганади. Болаликнинг ўзи тақлид давридир. Бола кимни яхши кўрса, ўшанга тақлид қилади, унинг хатти-ҳаракатларини ўзлаштиришга интилади. Хаёлида ўша инсонни “идеал инсон” деб қабул қилади. Бола тасаввур қилган комил инсон тимсоли унинг хотирасида узоқ сақланади, балки бир умр унутилмас.

Биз, етмишинчи йиллар болаларининг асосий вақтимиз, асосан, пахта даласида ўтарди. Ягана қилиш, чопиқ, ўтоқ, пахта териш – ҳаммаси бизнинг зиммамизда эди. Ҳозирги вақтдагидек ўқув муассасалари-ю, шуғулланиш учун спорт саройлари қаёқда? Спорт майдони ҳам, ўқув майдони ҳам, меҳнат майдони ҳам пахта даласи эди. Роса ҳисоблаб кўрилса, мактабда йил бўйи бор-йўғи тўрт ой ўқиш бўларди. Бундан ташқари, бизга бутун тарғибот воситалари аллакимларнинг тарихини зўр бериб ўргатарди, уқтирарди. Пётр I ни ҳамма биларди, Юрий Долгорукийни ҳамма биларди, Иван Грозний, Дмитрий Донскийларни ўз аждодимиздек “севиб” ўқирдик. Аммо ўз тарихимиз ҳақида… Тарихимиз, аввало, ўргатилмасди, қолаверса, аждодларимизни бизга фақат қоралаб кўрсатишарди. Амир Темур — каллакесар, босқинчи бўлган, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр — диний ақидапарастликни куйлаган ва ҳоказо. Лекин нима бўлганда ҳам болаларнинг онгига ўз тарихини, одоб-ахлоқини, миллий удумларини, миллий маънавиятини сингдирадиган инсонлар халқда ҳамиша етишиб чиқаверар экан.

Ўша даврларда қўлда кўтариб юрадиган транзисторлар бўларди. Ўша транзисторлар биз учун жуда катта хазина эди. Сабаби, унда биз севган қўшиқлар айтиларди. Бу қўшиқларнинг ижрочиси, албатта, Шерали Жўраев эди. Биз ўн-ўн икки яшар болалар аксар ҳолда бу қўшиқларни ёдлаб айтиб юрардик. Тўғри, дастлаб маъносини тушунмасак-да, кейинчалик, йиллар ўтган сайин бу қўшиқларнинг мазмун-моҳиятини англай бош­ладик. У пайтлар қайси байрам бўлса, телевизор қаршисидан кетмасдик. Айниқса, Янги йил байрамида тонг отгунча бўлса ҳам кутардик. Афсуски, баъзан умидларимиз пучга чиқарди. Биз севган, бизнинг тасаввуримиздаги энг азиз инсонни чиқаришмасди. Ўша байрам ҳеч кимга татимасди. Агар ҳофиз чиқиб қолса, эртасига бир-биримизга айтиб мақтанардик. Янги айтилган қўшиқни бир айтилганда тинглаб, ёдлаб оладиган болалар бор эди ичимизда. Ота-онани ҳурмат қилишни, мардлик ва олижанобликни, бағрикенг­ликни ўргатди бу қўшиқлар. Шу қўшиқлар сабаб шеърият олами билан аста-аста таниша бордик. Аввал Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Тўра Сулаймонлар оламига олиб кирди бизни ҳофиз. Ўсган сайин қўшиқларнинг мазмунини тушунишга ҳаракат қила бошладик. Афросиёб нима, Ўрхун хати нима, буларни тушуниш учун излана бошладик. Ва ниҳоят, улкан, жуда улкан тарихимиз, маънавий бойликларимиз  борлигини англаб етдик. Ҳа, ҳофиз тонг чоғи мудраб қолган одамни “чаҳ-чаҳ”лаб уйғотган булбул эди.

Кейинчалик қайси юртга борсак, ҳофиз қўшиқлари ҳамроҳимиз бўлди. Доимо Ватанни, халқимизни эслатди. Димоғимизга юртимизнинг райҳонлари ҳидини келтириб турди. Йиллар ўтиб, бора-бора Навоий, Шерозий, Ганжавий, Румий  каби шоирлар оламига олиб кирди. Шу алломаларнинг ғазаллари мазмунини излай бошладик. Уларни теран тушунишга ҳаракат қила бошладик.

Ҳофизнинг ўзи ҳам биз учун мардлик тимсоли эди. “Ҳофиз дўппи кийибди” деб дўппи кийиш русум бўлди. “Ҳофиз ибодат қиляпти” деб ибодат қилишни ўргандик. (“Бу йўл бошда кўринди осон, сўнгра тушди мушкуллар”)

Мен ҳам ҳофизнинг мухлиси бўлган минг-минглаб болаларнинг бири эдим. Энди ўйлаб қарасам, адабиёт оламига кириб келишимда ҳофизнинг бениҳоя катта таъсири бўлган экан. Шеъриятга бир умр ошно бўлдим. Ўзимдаги озгина бўлса ҳам шеърий ва насрий истеъдоднинг шаклланишида севимли ҳофизимиздан бениҳоя миннатдорман. Ҳофиз даҳоси олдида доимо таъзимдаман.

Собиржон ҲАКИМОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =