Улуғ адибга мактуб…

У буюк қалб эгаси эди. Асарлари билан жаҳон миқёсида танилган бетакрор адиб, йирик жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг шахси ва ижоди билан энг кўп таниш, унинг асарларини севиб мутолаа қиладиган халқ   менинг назаримда ўзбек халқи бўлса не ажаб. Негаки, юртимизда Чингиз Айтматов асарлари кириб бормаган хонадон топилмаса керак.

Қирғиз элининг суюкли фарзанди 1928 йилнинг 12 декабрида Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар овулида туғилган. Болалигиданоқ бадиий адабиётга қўйган улкан меҳри уни насрий асарлар яратишга ҳамиша чорлаб туради. Адиб номини илк бор халқаро миқёсда машҳур қилган, жаҳон халқларининг 40 дан ортиқ тилларига таржима қилинган асари “Жамила” қиссасидир. Ёзувчи асарларини аввал қирғиз тилида ёзиб, сўнг ўзи рус тилига таржима қилган. Баъзи асарлари эса аввал рус тилида ёзилиб (масалан, “Оқ кема”, “Алвидо, Гулсари”) сўнг қирғиз тилига ўгирилган. Чингиз Айтматовнинг умри давомида ёзган асарлари 80 дан ортиқ хорижий тилларга таржима қилинган. Буюк ёзувчи 2008 йил 10 июнь куни Германиянинг Нюнберг шаҳри касалхонасида даволанаётганида вафот этган. 14 июнь куни эса Бишкек шаҳарчасидаги “Ата Бейит” тарихий-мемориал мажмуага дафн этилган.

Тўғри, одатда вафот этган инсонларга мактуб ёзилмайди. Эҳтимол сарлавҳани ўқиган одам бу изҳоримни бироз бошқача талқин қилиши ҳам мумкин. Аммо… Мен учун улуғ адиб мудом тирикдек. Асарларини қайта-қайта мутолаа қилганимда, унинг қаҳрамонлари билан хаёлан яшаганимда, сирлашиб, дардлашганимда кўз олдимда гавдаланаверади…

Тўғри камина ҳали ёш ижодкор. Эндигина университетни тамомлаб, катта ҳаёт остонасига қадам қўймоқдаман. Чингиз Айтматов эса мисоли баланд чўққи. Пойгакда турган митти тошнинг чўққи томон одимлаши, унга қўл чўзиши эса жуда катта масъулият ҳамда улкан кучни талаб қилади. Қирғизларда ота қандай улуғ ва муқаддас ҳисобланса оға ҳам ундан кам эмас. Азбаройи мен ҳам буюк адибни чуқур ҳурмат қилганимдан, қолаверса, улуғ ёзувчи ёзган китоблар шайдоси бўлганим учун ҳам ушбу мактубни ёзишга жазм этдим.

* * *

…Чингиз оға, Таласга йўлим тушса, албатта, Шакар овулида меҳмон бўламан. Сизнинг изларингиз қолган тупроқлардан менинг ҳам сайр қилмоқ ниятим бор. “Яхши ният ярим давлат”, деганларидек.

Биласизми, уйимизда каттагина китоб жавони бўларди. Унда сизнинг “Жамила”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема”, “Эрта қайтган турналар”, “Сарвқомат дилбарим”, “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар” каби   бир-биридан бетакрор асарларингиз бор эди. Раҳматли бувим уларни қайта-қайта ўқир, сўнг узоқ хаёлларга чўмар, бехосдан кутубхонага кириб қолсак, андаккина кўз ёшларини биздан яшириб оларди. Ўшал маҳаллар рости сизни сал “ёмон кўрганман”. Мен бувимни йиғлатган ҳаммани ёмон кўрардим…

Йиллар ўтди… Улғайдим… Кейин эса ўша китоблар ва бувимнинг йиғиси ҳам менга “мерос қолди”. Китобларингиз чин мухлиси бўлганимданми ёки қонимда бувимдек доно, китобхон, закий бир зотнинг хислати борлигиданми асарларингизни кўп ўқирдим. Асар қаҳрамонлари билан сирлашар, диллашар, кулса кулиб, йиғласа ҳамдардлик билан йиғлашардим.

Ҳа, биламан аслида бу адабиётнинг кучи. Сўзнинг қудрати. Ўн саккиз минг оламнинг бунёд бўлишида тамал бўлган Сўз ҳар қандай қалби тош одамни ҳам ўйламоққа, тафаккур қилмоққа ундайди…

* * *

Сиз яратган образларнинг кўпи якка- ёлғиз, етим, ўгай, меҳрга зор одамлар… Уларни бир қур кўздан кечириб чиққан китобхон юз буриб кетолмайди. Бир зум бўлса-да тўхтаб унга тасалли беришга, ҳамдард бўлишга интилади.

Назаримда, йўл бу сизнинг – бош образингиз. Адашган бўлсам минг бора узр. Пиёда, отда, аравада, тракторда, юк машинасида, поездда келаётган ё кетаётган қаҳрамонларингиз ҳамиша йўлда. Улар давр суронлари аро ўзликларини излашади. Гўёки улар сабру бардошдан яралгандек. Тақдирнинг қақшатқич зарбаларида ҳам ўзликларини йўқотмайдилар, яшашга бўлган иштиёқ, ҳаётсеварлик уларни бўлмағур кўчаларга кириб кетишдан асрайди.

Мен ҳам қирғиз фарзандиман. Чунки отам қирғиз. Мени дунёга келтирган онам ўзбек аёли. Нетонгки, қирғиз халқида қиз олиб қочиш одати бор. Буни кимдир оқласа, яна кимдир қоралайди. Ахир, улар бу одат минг йиллардан буён ота-боболардан мерос бўлган, аждодларнинг қон-қонига сингиб кетганини қайдан ҳам билишсин. Бироқ Сиз асарларингизда бу одатларга янги, замонавий либос кийдира олдингиз. Чинакам севги-муҳаббат олдида узоқ асрлик уруғчилик анъаналари, расм-русумлари ўз аҳамиятини, мазмун-моҳиятини тўлиқ сақлаб қололмаслигини айтмоққа бел боғладингиз. Гўёки сиз тарозибон. Қўлига тарози олиб, унинг бир палласига қирғиз халқининг ўтмишини, иккинчи палласига келажагини қўйиб салмоқлаётгандек, чамалаётгандек.

Буни “Жамила”да айтмоқ истадингиз. Қиссадаги Жамила Дониёр билан аҳду паймон қилганида урушга кетган совет аскарининг никоҳида эди. Қисса шўро адабиётшунослигида анча танқид қилинади. Бироқ машҳур француз адиби Луи Арагон уни ўз тилига таржима қилиб, “Жаҳондаги энг гўзал севги қиссаси”, дея эътироф этганида ҳам рамзий маъно бор. Эҳтимол, у шу иши билан сизни юз беражак кўпгина кўнгилхираликлардан сақлаб   қолгандир. Ёки яна бир гўзал асарингиз “Сарвиқомат Дилбарим”да Илёс билан аҳду паймон қилган Асал узоқроқ бир   қариндошига унаштирилган эди. Илёс Асални ўғирлаб кетади, турмуш қуришади, бироқ бахтли бўлишолмайди. Негадир кўпгина асарларингизда бахтсиз муҳаббат образлари ҳаётда чин муҳаббат топиб, бахт топа олмаганлар кўп. Уларни ўқиб, улар билан гўёки ёнма-ён тургандек юрак ҳапқиради, дил оғрийди, азоб қозонида жизғанак бўлиб қоврилади. Танабой ва Бибижон, Райимали оқин ва Бегимой, Эдигей ва Зарифа муносабатлари ҳам алоҳида-­алоҳида армон ва ўкинч шевасида битилган мунгли, маҳзун муҳаббатномалардир. Бир-бирига ўхшамаган, бир-бирини так­рорламайдиган бу севги қиссаларидаги жуфтликларнинг ҳар бири бахтсиз. Чунки уларни бирлаштириб турган севги ришталари айрилиққа туташаверади.

Табиат билан ҳамоҳанглик ҳам сизга бегона эмас. Қаҳрамонларингиз кўпинча, табиий офат синовларига дуч келади. Кутилмаганда ёғиб қоладиган ёмғир, жала, қор, сув тошқини, ҳаво ҳароратининг тўсатдан пасайиши, қуюқ туман… “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар”да сиз учун қадрдон бўлган тоғу даштлар адабий макони океанга кўчирилади. Тўртовлон қайиқда овга чиққанда океанни қуюқ туман қоплайди. Табиатда “иш ташлаш” бошланади. Қуёш нур сочмайди, юлдузлар йўл кўрсатмайди, туманни тарқатиш учун шамол ҳам эсмайди. Қуюқ ва муаллақ туман… Океаннинг суви шўр – ичиб бўлмайди, чучук сув тугаёзган, егуликка эса қуритилган шўр балиқ қолган, холос. Туман тарқаб, соҳилга етгунча бола – Кирискка сув етар-етмас. Кирискнинг яшаб қолиши учун аввал бобоси, кейин тоғаси, сўнг отаси ўзларини қурбон қиладилар. Ўзларини чексиз зулмат ва сув қоп­лаган баҳрга топширадилар.

“…Борлиқни янада бўғиқ оқшом зулмати босди. Кетидан ақлбовар қилмайдиган даражада узун, чидаб бўлмас даражада қоронғу, даҳшатли тун бошланди. Лекин қанийди тун оралиғида шамол турса, майли, бўрон турса, тўфон бўлса ҳам майлийди, ишқилиб, ҳаво очилиб, осмонда юлдузлар кўрина қолса! Лекин тунда заррача ўзгариш аломати, сувда бирорта тўлқин, ҳавода бирорта эпкин йўқ эди – борлиқ чексиз сукунатга, чексиз зулматга чулғанган эди. Чексиз зулмат қўйнида адашиб қолган ёлғиз қайиқ ва ундаги азоб-уқубатдан, очликдан, ташналикдан тинка мадори қуриган одамлар туман ичида писта пўчоғидай бир жойда айланишар, номаълум қисмат ва умидсизлик чангалидан чиқолмас эдилар”. (“Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар”дан).

Сизда реал ҳаётдан мифологияга, мифологиядан реал ҳаётга табиий ўтиб кетиш усуллари жуда кучли. Масалан, туш кўриш, иситмада алаҳлаш… “Оқ кема”да бола балиқ одам бўлишни орзу қилса, “Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар”ингизда Ўрхун бобо сув париси билан бирлашиб, мангуликка сингиб кетиш умидида дунёдан ўтади. Мухтор оға билан бўлган суҳбатингиз “Чўққида қолган овчининг оҳу зори”да ҳам алағда тушлар кўришни айтасиз.

“Оқ кема”да бўлса узоқ асрлар давомида чорва ортидан яйловдан тоққа, тоғдан яйловга ўтови билан кўчиб юрган кишилар учун шаҳар ҳаёти зерикарли, диққинафас, сохта эканлигини исботлайсиз. Шу боис, ҳеч қандай куч уларни бу маконларидан чиқаролмайди. Ўрмон хўжалигида бор-йўғи учта оила: Мўмин чол кампири ва невараси билан, Ўрозқул хотини Бикей ҳамда Сейид­ахмед хотини Гулжамол ва қизчаси билан яшашади. Воқеалар ва қаҳрамонлар тақдири шундай қурилганки, уларнинг бирортаси ўзлари яшаб турган пешоналарига битилган ҳудуддан ташқарига чиқиб кетолмайди: ҳамма бир-бирига “бегона” бўлса-да, айни дамда ҳамма бир-бирига кўринмас иплар билан боғлаб ташланган.

Воқеалар бир қарашда оддий: жоҳил Ўрозқул ҳар гал маст бўлиб, фарзандсизлиги учун хотинини калтаклайди, Мўмин чол — табиатан муте, қўлидан ҳеч иш келмай, титраб-қақшаб изтироб чекади, Ўрозқулга ялиниб-ёлворади. Бир чеккада буларни кузатиб турган бола йиғлаб, ўзининг эртаклар дунёсига талпинади. Ундаги ривоят эса қирғиз халқининг келиб чиқиш тарихидан бошланади. Ривоятдаги рамзийлик боис ўтмиш ва келажак бугуннинг чорраҳасида учрашади. Табиатан мўмин бўлган чол, эртак ва ривоятларга ёш боладек ишонадиган, кўз ёши қилиб тинг­лайдиган бу чол оғир фожиалар гирдобида яшайди. Реал воқеликдан зада бўлиб, эртак­лар оламига сингиб бораётган бола – ўтмиш ва келажакни боғлаб турган кўприк. Ўрозқул эса жоҳилликнинг тимсоли. Жаҳолат эса маълумки, барча замонларда ҳам қурбонлик талаб қилган – ривоятда шоҳдор Она Буғу, қиссада Бола жаҳолат қурбонига айланади.

Мўмин чол умрида илк бор исён кўтаргач, яъни Ўрозқулнинг дағдағаларига қулоқ солмай, неварасини мактабдан олиб келиш учун Оқбошни миниб кетгач, Ўрозқул маст бўладию, хотинини савалаб уйдан ҳайдаб юборади. Фалакнинг бедодлигини қарангки, бу аёл эрини эмас, эрига гап қайтарган ўз отасини қарғай бошлайди. Мўмин бобо бу ҳаётда нимагаки эришган бўлса, барчаси завол топди. Ўғли урушда ҳалок бўлди, хотини унинг доғида вафот этди, қизи боласини унга қолдириб, шаҳарга кетиб қолди. Катта қизи Бикейнинг аҳволи эса бу. Ўзи эса кейинги кампирининг қарғиши ва Ўрозқулнинг зуғумларини ютиб яшашга маҳкум. Бу фожиаларнинг кўлами кенг, бу фожеаларнинг поёни йўқ. Булар камлик қилгандек Мўмин бобонинг шохдор Она Буғуга – халқининг халоскорига, ўзининг ўтмишига, боланинг келажагига ўз қўллари билан ўқ узиши шундай ҳаётий мантиқ билан асосланганки, ҳеч қандай тафаккур кучи билан ҳам бу ҳақиқатни рад этиб бўлмайди.

Ҳа, сиз Мўмин чол тимсолида давр воқелиги эзиб, абгор қилган инсон образини яратдингиз!

Мени ва ўйлайманки мен каби неча миллионларни “телба” қилган яна бир асарингиз — “Кассандра тамғаси”дир. Ундаги ўзликдан, қадриятлардан воз кечишнинг фожиавий оқибатлари китобхонни ўйлантириб қўяди. Асар қаҳрамони Крилцов ўз лабораториясида ундирилган эмбрионлардан маҳкума аёлларнинг бачадонларига кўп­лаб икс зурриётлар, яъни ота-онаси ҳам, ака-укалари ҳам, тоға-жиянлари ҳам, хуллас, бирорта қариндош-уруғи йўқ болалар етиштира бошлайди. Аслида бу аср фожиаси эди. Туғилажак болаларга “тамға” каби босиларди.

Ўзлик, ота-боболар руҳига ҳурмат, миллий қадриятларга содиқ қолиш каби ноёб туйғулар яна бир асарингизда илгари сурилади. Ҳа, ҳа, бу ўша сиз илк марта “манқурт” атамасини тилга олган “Асрга татигулик кун”.   Асарнинг асосий қаҳрамонлари бўлган оддий меҳнат кишилари – Эдигей Бўрон, Казангап, ‎Бўкей, Уккубола, Абутолиб Қуттибоев, Зарифа образларидаги ўзига хос характер, ички ‎олам, улар бошидан кечган мусибат китобхон қалбига шу даражада яқинки, гўёки улар ‎биздан унчалик ҳам олисда эмасдек…‎ Казангапни Бўронли бекатидан унча узоқ бўлмаган Она Байит қабристонига дафн этишга ‎ундаган сабаб ҳамда Найман онанинг фарзанди томонидан фожиали ўлдирилиши ‎ўртасидаги боғлиқлик асарнинг бутун бир моҳиятини очиб беради.‎ Манқуртга айланган фарзанди Жўломонни ниҳоят минг азоблар билан топган онаизор ўз ‎боласига онаси эканлигини уқтиролмайди. Худди шунингдек, инсоний туйғуларидан ‎мосуво бўлган, ҳатто отасининг майитини қаерга кўмиш кераклигига бефарқ бўлмаган ‎ҳолда, қабр учун танланган маконга беписандларча қараган онгли Собитжон янги замон ‎манқурти сифатида тасвирланади…

Инчунун, таниқли адабиётшунос олим, сизнинг бетакрор асарларингизнинг маҳоратли таржимони — Иброҳим Ғафуров “Айтматов асарларидан қиёмат азобларининг фарёди эшитилиб туриши”ни таъкидлаганида минг карра ҳақ деб ўйлайман. Чиндан ҳам, бу асарларда охирзамон аломатлари ўзининг бутун маҳобати билан гавдаланади. Шу билан бирга, ёзувчи инсон умринининг бардавомлигига, инсоният келажагига умид билан қарайди, ана шу умид­ворлик энг оғир дамларда ҳам унинг қаҳрамонлари қалбига таскин ва далда беради.

Чингиз оға, нокамтар ва ҳали жуда ёш, ғўр бир мухлисингиз ўқиганларини ва уққанларини фикри борича изоҳлашга, тас­вирлашга, сўз айтишга ҳаракат қилди. Ва албатта кун келиб, насиб этса Шакар овулига борганда сиз билан узоқ ғойибона сирлашиш, суҳбатлашишни ўйлайман…

Фақат яна бир оғиз сўз: Сизнинг шахсиятингиз, асарларингиз ҳақида кўплаб мақтовлар, эътирофлар борлиги барчамизга аён. Албатта, бунга жуда-жуда ҳақлисиз! Мен бир оддий ўқувчи толиб дунё­­га сиздек буюк ёзувчини, улуғ бир қалб эгасини берган Яратганга, Қирғиз элига ташаккурлар айтгим келади. Зеро, сизнинг ёзган бир-биридан бетакрор, донишмандона ва бебаҳо асарларингиз мангуга дахлдор бўлиб, ўз қадрини йўқотмайди. Сиз эса ўлмагансиз. Доим борсиз. Зеро, ўлмайдиган асарлар, бетакрор, даҳо ижодкор ҳеч қачон унутилмайди. Мангу яшайди.

Ислом АСИЛБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − twelve =