Устозларни борлигида ҳам қадрлайлик

Яқинда кўплаб ҳамкасбларимизнинг, шу қатори менинг ҳам устозим бўлган журналистика соҳаси фидойиларидан бирини хабар олишга бордим. Бирор ишим тушиб ёки зарурат юзасидан эмас, шунчаки кўргим келди, устознинг суҳбатини олгим келди.

Буни қарангки, ўша пайт домланинг бироз тоби йўқ экан. Унга тиббий ёрдам кўрсатишаётган экан. Кутиб турдим. Сўнгра изн сўраб олдиларига кирдим. Бироз кексайиб қолган домламиз аввалига танимади чоғи. Салом берганимдан кейин кимлигимни англаб, чеҳраси ёришиб кетди.

Анча суҳбатлашдик. Ишларим, режаларим ҳақида сўрадилар. Ҳар доимгидай устозона хайрихоҳлик билан маслаҳатлар бердилар. Вақтим тиғизроқ бўлгани учун кетишга тараддудландим. Домла мен билан хайрлашар эканлар, дийдаларида айланиб қолган кўз ёшини билдирмайгина сидириб ташладилар. Эҳ, кўнг­лим бузилди! Менга ўхшаган юзлаб журналистларнинг устози, шу соҳада умри ўтаётган инсон, қалами ҳам, қалби ҳам дарё одам…

Қайтарканман, бир дўстимнинг аччиқ сўзлари эсимга тушди.  У маълум муддат газета бош муҳаррири бўлган, аммо кўпларга дил­озорлик қилган киши ҳақида гапирар экан, “Нафақага чиқса, уни ҳеч ким йўқламайди” деган эди. Ўшанда унинг бу гапларини жаҳл устида айтган ноўрин фикр деб ўйлагандим. Аммо бугун устозимнинг кўзидаги ёшларни кўриб, кексайган пайтида шогирдларнинг, дўстларнинг йўқлови бебаҳо эканига амин бўлдим. Ваҳоланки, мен кўргани борган инсон кимнингдир кўнглини қолдирган одам эмас, чин маънодаги фидойи журналист, устоз қаламкаш. Аммо замон зайлими, вақт тиғизлиги туфайлими ёки қонимизга сингиб бораётган фойда келтирмайдиган ишга қўл урмаслик туйғуси, яъни пул, манфаат одамига айланиб бораётганимиз учунми, оқибатимиз сусайгандай. Ўзим ҳам мустасно эмасман. Ўйлаб кўрсам, шу қадрдон устозимни йўқламаганимга йиллар бўлган экан.

Айтмоқчи бўлганим, аллома шоир ҳазрат Навоийнинг ўша машҳур сатрларини бир эслаб қўйишимиз керак экан:

 

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин юз ганж ила.

 

Байрам баҳона, яъни 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни, қолаверса, Қурбон ҳайити айёмларида ота-она, қавму қариндош­лар қатори, отангдек улуғ дея таърифланадиган улуғларимиз, устозларимизни ҳам йўқлаб қўйишимиз, суҳбатларини олишимиз керак. Зотан, улуғларимизни борлигида ҳам қадрларига етайлик. Кейинги афсусдан, қўша-қўша мақолалару, тадбирлардан мани борми?

Ситора ТОЖИДДИНОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × one =