Дорбоши

Сафардан қайтиб, қўлимда совға қилинган китобни айлантириб турган эдим, телефон жиринглаб қолди. Олсам, худди ғойибона хабар етгандек, шу китобнинг муаллифи. Хуш тавозе билан саломлашиб, ҳали янги китоб билан табриклашга ҳам улгурмаган эдим, шахт билан сўроққа тутиб қолди:

— Мен сизга берган китобларни айтган одамларимга етказдингизми?

Ҳали бу юмушга навбат етмаган эди:

— Ҳозирча йўқ, — дедим ва сабабларини тушунтиришга оғиз жуфтлаган эдимки, зарда билан:

— Э, қанақа одамсиз? Қанча тайинладим, кетганингизга бир ҳафта бўлди, — деган ўдағайлаган овоз келди.

— Уйда жўмракдан сув кетиб ётган экан, уста…

Гапимнинг давомини ҳам эшитмай, яна нималардир деди-да, телефонни ўчириб қўйди. Яхшиям ўчирди, бу оташинлик билан кўп бемаза гаплар айтиши мумкин эди. Суҳбатдошим шунчалар алам билан гапирдики, гўё машҳур дорбознинг эвараси ва илмий тадқиқот институти жамоаси кечаю кундуз шу китобни кутиб ётибди, тезроқ етказмаса, ҳаво етмай, бўғилиб қоладигандек. Мен қўлимдаги юмшоқ муқовали, одмигина китобнинг бунчалик муҳим эканини ҳис этмаганимдан бир оз мулзам бўлдим. Нима бўлса ҳам ичимга ютдим, муаллиф яхшиям ўша алпозда:

— Ҳалиям элтиб бермабсиз… Кеча еган зиғир ошингиз тешиб чиқмайдими?.. — деб юбормади. Агар гап давом этса, муомала шунгача борадиган эди.

Чуқур нафас олиб, қўлимдаги китобни бир салмоқлаб қўйдим. Китоб ҳам фарзандидек гап-да, жаҳли чиққанининг сабаби бордир. Ёки табиатан айтганини қилдирадиган, ўзи лафзида турадиган ва бошқалардан ҳам шуни талаб қиладиган қатъиятли одамдир. Агар шундай чўрткесар, талабчан одам бўлса, гапида жон бор. Айтганини қилдирадиган, ўзи тартибли одамлар бошқалардан ҳам шу фазилатларни талаб қилади. Балки, эришган муваффақиятларининг замирида ана шундай талабчанлиги, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам муросасизлиги, масъулиятни чуқур ҳис этиши сабаб бўлгандир.

Аслида ҳам унинг мақтанса арзийдиган ютуқлари бисёр эди. Ҳамманинг кўз олдида, ҳатто қариндошларини ҳам лол қолдириб, шундай ишларни амалга оширдики, уларнинг салобатини чамалаб, лол қолмаслик мумкин эмас эди. Бу айни ҳақ гаплар…

Муқовасига “Дорбозлар” деб ёзилган, йирик кўринишда дўппили, соқоли кўксига тушган оқ яхтакли одамнинг сурати, дорда узун лангарчўп тутган, дор устида ҳам ҳаяжон билан одимлаётгани билиниб турган айнан шу зотнинг тасвири туширилган китоб халқимизнинг қадимги санъат турларидан, энг томошабоп ва халқчил ўйинларидан дорбозлик ҳақида. Албатта, текис йўлда эплаб юра олмайдиганлар учун ҳам ёки булутлар бағрида ҳавода муаллақ туриб, қуйидаги одамларни ҳайратга солаётган дорбознинг ўзи учун ҳам бу ҳунар сирли, сеҳрли ва синоатли туюлади. Бу ҳақда ҳали айтилмаган гаплар кўп, соҳа тарихи ва тадрижи — очилмаган қўриқ. Ана шундай муҳим ва долзарб мавзудаги китоб муаллифи ичкари жилдда кўрсатилган: Саъдулла Мамадалиев.

Саъдулланинг ота-боболари, бутун зоти-буди кенг далаларда сурув қувиб, ер ҳайдаб ўтган чорвадор ва деҳқон бўлган. Улар дорга чиқишни ҳам, ҳатто лангар чўп ушлашни ҳам хаёлларига келтирмаганлар. Не ажабки, Саъдулла ва фарзандларининг ризқи юксакликларга, ҳаволарга сочилган экан. У дорбозликни йўқ жойдан бошлаб, бутун бир сулолага асос солди, республикада шу санъат тури мухлислари, тадқиқотчилари, пири комиллари даврасида муносиб ўрин эгаллади. Албатта, бу йўлга бир қур разм солиш мароқли манзараларни кўз олдимизда гавдалантиради.

Саъдулланинг отасини билганлар “Мамадали текис йўлда ҳам тўқишмасдан юра олмас эди, ўғли дорда қушдек учади”, дейишади. Бунинг аниқ далили бор. Тоғда жониворлар қуршовида ўсган Мамадали болалигидан гапга чечан, шўх, ерга урса, кўкка сачрайдиган бола бўлган. Ўн ёшларида хўп ҳайдаб турганида галаговга қўшилган отнинг чатанига читир билан уради. Этига тикан кирган жонивор бор ғазаби билан оёғини силтайди. Шунда отнинг нағал қоқилган бақувват туёғи яқинда турган Мамадалининг пешонасига тегади. Зарб шунчалик кучли бўлганки, икки қошнинг ўртасидаги суяги чўкиб кетган, кўз қийшайиб қолган (“кўз — эгали” деганларидек, жойидан чиқиб кетмаган), шундан амакимиз одамга ер тагидан қарагандек тикилар, қадамини ҳам тусмоллаброқ босарди.

Шу инсон бир умр Шаҳрисабздаги кўзи ожизлар корхонасида пойандоз тўқувчи бўлиб ишлади, оиласини пешона тери билан боқди. Қарийб ярим аср бир маромдаги турмуш тарзини бузмади; тонг ғира-ширасида уйидан чиқар, 6-7 чақиримлик йўлни пиёда босиб, ишга ўз вақтида келар, кечқурун яна бир вақтда иш жойидан чиқиб, енгил қадамлар билан уйига шошарди. Қишлоқдошлари “Мамадалининг ишга бориб-келиш вақтидан соатни тўғрилаб олса бўлади”, дейишарди ярим чин, ярим ҳазил билан бундай аниқликка тан бериб. Табиатан очиқ кўнгил, самимий одам эди, давраларни оғзига қаратиб ўтирарди.

Ана шу инсоннинг иккинчи ўғли Саъдулла акаси Эркиндан фарқ қилиб, ўқитувчиликни эмас, дорбозликни танлаган эди. Тўғриси, бу соҳага уни тақдир шамоли учириб келганди: ҳарбий хизматни Германияда ўтаб қайтгач, қараса, ака-ука таҳсил олган Шаҳрисабз педагогика техникумида жисмоний тарбия ўқитувчилари Нўъмон Алимардонов ва Қўчқор Шарипов дорбозлар гуруҳини ташкил қилган экан. Спорт гимнастикаси ва акробатикадан қобилиятини кўрсатган ва ҳарбий хизматда чиниқиб келган Саъдулла учун бу гуруҳ катта ҳаётнинг эшикларини очиб берди. Томошаларнинг жозибадорлигини ошириш учун турли сценарийлар ёзиш, сўзга чечанлик билан томошабинларни жалб қилиш, қолаверса, масхарабозлик ва аския борасида унинг сўзамоллиги, шоиртабиатлиги қўл келди. Ёш болаларнинг кўнглига кириб, уларни гуруҳга жалб қила олиши жамоада мавқеини оширди. Шу билан у дорбозлар гуруҳининг асосий иштирокчиларидан бирига айланди.

Бу орада турли томошалар, фестиваллар, узоқ-яқинларга ижодий сафарлар уларнинг имкониятларига янги уфқларни оча бошлади, атроф-теваракда “Шаҳрисабз дорбозлари” деган ном тезда ёйилиб кетди. Муваффақиятлар ҳам эътироф этила бошланди. Ҳаваскорлик гуруҳлари ўртасидаги танловларда ғолибликдан ташқари, 1984 йилда машҳур “Лазги” ансамбли билан Эфиопия давлатида бўлишлари, бир йил ўтиб, Москва шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон ёшлари ва талабалар фестивалида иштирок этишлари фаолиятнинг биринчи босқичидаги ҳам эътироф, ҳам ютуқ бўлди.

Мустақиллик арафасида Саъдулла Мамадалиев ҳайвонот боғи ташкил қилиш ҳақида тез-тез гапирадиган бўлиб қолди. Буни эшитганлар хаёлпараст йигитнинг ҳавойи гаплари-да, дейишгани рост. Аслида ҳам шундай эди-да. Зоопарк ташкил қилишнинг ўзи бўладими? Аввало, ер олиш, кейин иморатлар қуриш, яна ҳайвонларни топиш, уларни қафасда боқишни ташкил қилиш… Булар амалга ошмайдиган гаплардек туюларди. Бироқ “Чини билан йиғласанг, сўқир кўздан ёш чиқар” деганларидек, сидқидилдан ҳаракат бўлса, тоғлар ҳам очилиб, йўл берар экан.

Аммо кўндаланг турган қийинчиликларни бартараф этиш, амалга ошириш шарт бўлган юмушларни бажаришда ҳеч қандай мўъжиза кўмак бермасди. Ҳаммасини қадам-бақадам адо этиш, ҳар бир ғиштни қўлда тахлаш, ҳар қарич ариқни ковлаш ва… идораларнинг расмиятчиликларини ҳафсала билан енгиб ўтиш лозим бўларди. Саъдулла дор ўйинлари билан бирга бундай ташкилий ишларни ҳам кифтини келиштириб ҳал қилиб борди.

Бу орада оилада фарзандлар туғилиб, улғайди, улар ҳам отанинг жонсараклигини, фидойилигини кўриб, унинг касбини севди, қолаверса, соҳанинг истиқболини ўйлаб, Саъдулла уларни шу соҳага йўналтирди. У бошлиқ ҳисобланган йигирмадан зиёд иштирокчиси бўлган гуруҳда унинг фарзандлари: қизлари Умида, Ҳамида, Комила, кейинчалик ўғиллари Сарвар, Абубакр, Суҳроб номлари қайд этилган. Албатта, 2-5 ёшли митти қизалоқларнинг дадасининг елкасида дор устига чиқишлари, ёшига мос томошалар кўрсатишлари, масхарабозлик ҳунарлари ёки нафис бадиий гимнастика ва чаққон акробатикага таянган чиқишлари оила ижодий таржимаи ҳолининг илк саҳифаси сифатида ҳам, Саъдулла асос солган сулоланинг биринчи қадамлари сифатида ҳам қимматли ва тарихий эди.

Энди бу ёғидаги фаолият ана шундай даражадаги юксаклик ва баланд парвоз билан давом этиши лозим эди. Ва шундай бўлди ҳам.

Давлатимиз мустақиллигини эълон қилгач, миллий қадриятларга муносабат ўзгарди. Жумладан, дорбозлик санъати ҳам тортиниб, қисиниб ўтирмай, қанотини кенг қўйиб ривожлана бошлади. Давр руҳини ва замон йўриғини теран ҳис этган Саъдулла Мамадалиев заррача тортиниб ўтирмай, кўнглидаги орзусини амалга оширишга киришди. Унинг ички бир сезгиси ҳаракатлари самарали бўлишини башорат қилгандек бўларди.

Айни пайтда тадбиркорликка ҳам йўллар очила бошлади. Алоҳида корхона очиб, дорбозлар гуруҳи таркибида фаолиятни давом эттиришди. Мўлжал катта олинган эди, шунга мос равишда режалар ҳам, томоша турлари ҳам кенгайди. Турғун ва кўчма ҳайвонот боғи, ёпиқ миллий цирк (шапито), дорбозлик, мотоспорт, каскадёрлик томошаларини аста-аста ташкил эта бошладилар. Бир сўз билан айтганда, чорак аср — йигирма беш йил давомида ҳайвонот боғи қурилиши якунланди.

Турғун зоопаркда эллик хилдан зиёд турли ҳайвонлар сақланади. Бу ерга ташриф буюрганлар шер, йўлбарс, айиқ, лама, ҳар хил тоғ эчкилари (кийиклар), бурладан ташқари йиртқич қушларни қафасда жонли кўриб, буюк табиат мўъжизаларига гувоҳ бўладилар, ўзларининг қандай олам қуршовида яшаётганларини ҳис этадилар. Боғ ҳудудидаги 40 метрлик динозавр ва аждаҳонинг макети дунёнинг мислсиз куч-қудратга бой эканини тасдиқлаб туради. Уларга яқин жойда минглаб қушлар учун учиб-қўниб яшайдиган маскан ташкил қилинган.

Хуллас, Саъдулла Мамадалиев ва жамоаси барпо этган бу мўъжизали масканда одми ҳаётимизда учрамайдиган синоатларга дуч бўласиз, ўзингизни яна бир марта она табиатнинг бир бўлаги сифатида сезасиз. Кўнглингизда бутун борлиққа меҳр, атроф-теваракни асраб-авайлашга жавобгарлик ҳис этасиз. Шаҳрисабзнинг кунчиқар томонида макон топган мазкур масканни ташкил қилишдан мақсад ҳам ана шундай бўлган эди.

Албатта, эришилган ютуқларни кўрсата олиш ҳам катта санъат, маҳорат. Бу борада икки нуқтага тўхталиш ўринли бўлади. Биринчиси, юртдошларимизни жониворлар олами билан беминнат таништириш мақсадида кўчма ҳайвонот боғи ташкил этилди. 2001 йилдан бошлаб ўн дона ғилдиракли саккиз метрли вагонлар билан гастроль сафарлари уюштирила бошланди. Бундай томошалар республикамизнинг жами вилоят ва кўплаб туман марказларида ташкил қилинди. Янги хизмат турлари, масалан, чет эллардан келтирилган турли арғимчоқлар билан кўрсатиладиган кўнгилочар ўйинларнинг ишқибозлари ҳам кўпайиб кетди.

Кўзга ташланадиган иккинчи муҳим нуқта шундан иборат бўлганки, ҳайвонот боғи ҳудудида тарихий музей ташкил қилинган. Унда сафарлар давомида қўлга илинган ва махсус излаб топилган ашёлар ўрин олган. Ўнлаб ойнаванд шкафларда тахланган ва дид билан жойлаштирилган. Жозибадор қилиб безатилган экспонатлар кишини ҳайратлантиради. Сиз оддий рўзғор анжомларидан тортиб аждодларимизнинг турли-туман либослари, оёқ кийимларигача, ранг-баранг фотосуратлару қўлда чизилган суратларгача, сўзанаю кўрпалар, дунёнинг турли давлатларидан келтирилган минглаб кўкрак нишонлар (значоклар)дан тортиб баъзи оилалар тақдим этган расмлар альбомигача — жуда кўп нодир ашёларнинг бой коллекциясига дуч келасиз. Тандирда нон ёпаётган она, кўрпа остида уйқуга кетган болачаларнинг махсус ишланган муляжлари кўнгилда чўкиб ётган хотираларни жонлантиради.

Хуллас, бу жойда қайсидир маънода Париждаги Лувр музейи ёки Нукусдаги Савицкий суратхонасининг об-ҳавосини туясиз. Битта афсусланадиган томони — бу нодир ашёларга етарлича эъзоз йўқлиги, кенг тарғиб-ташвиқ қилинмаслигидир. Тўғри, уларни Шаҳрисабзга ташриф буюрган сайёҳларга шу ҳолда кўрсатиб бўлмас, аммо захирада мавжуд бойликни намойиш этиш йўлларини қидириш мумкин бўлар. Бундай саъй-ҳаракатлар ҳукумат доирасида қўллаб-қувватланиши лозим. Аввало, ҳамма ҳам бундай хайрли ишларга жазм этавермайди. Кейин эса ҳамма жойда ҳам бунча кўп осори-атиқа жамланмаган. Албатта, Маданият вазирлиги мутасаддилари бирор жўяли муносабат билдирадилар, деб умид қиламиз. Бу ерда тўпланган буюмлар тарихимиздан ҳикоя қилувчи сўнгги нусха бўлиши мумкин.

…Китобни ўзгача қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда бир соҳага қадам қўйиб, уни ҳаётининг мазмунига айлантирган, эртанги ривожи учун жон куйдирган бир фидойи ижодкор ва амалиётчининг бутун ички маънавий бисоти жамланган, деса бўлади. Дор санъати тарихидан бошлаб бу соҳанинг тадрижи, соҳа фидойилари, уларнинг ҳар бирининг дорбозликни ривожлантиришдаги ҳиссалари, шунингдек, дорни ўрнатиш, унинг қисмлари, дор ўйинларининг турларигача жуда кўп маълумот жамланган. Муаллиф бутун борлиғини бағишлаб, уни яратган (етказиб беришни кечиктирганим учун мендан хафа бўлганича бор), бундай тўпламлар хазина бўлиб қолиши аниқ. Фақат унда баён ва ифодаларни бадиийлаштиришда муҳаррир ҳамда нашриёт жиддий ёндашганда, яна ҳам қиммати ошарди.

Ўқиймиз (айнан, ўзгаришсиз кўчирма): “… 2017 йиллари каминанинг ёши камида 60-64 да бўлса-да, қайси шаҳар туманларига дор қурадиган бўлсин албатта бир-икки марта баланд қия дор сингари ирғитадиган сим дорга чиқиб баланд сакраганда ёки шохташлаб икки ёнга ўтириб туриш ўйинларини бажараётганимда, кўкрагимда киндиккача чўзилиб турадиган кенг соқолимни дор шабадасида иккига бўлиниб елкамга очилиб туришини кўрган томошабинлар, бу чол 70-80 ёшни босиб ўтган бўлса ҳам дорга сакраб ўйнаши 25-30 ёшли дорбозлар сингари деб бир-бировларига айтганлари тез-тез қулоққа чалиниб турарди” (“Дорбозлар” китоби, 39-бет. Муҳаррир И.Аҳмедов, мусаҳҳиҳ С.Саидамирова. “Донишманд зиёси” нашриёти. 2022 йил.)

Албатта, бу матнни ўқиган саводли одамда кимлардир вазифасини яхши уддаламабди, деган иштибоҳ туғилиши табиий. Китоб бошдан-охир шу “услуб”да, яъни муаллиф қораламаси таҳрир қилинмасдан босилган. Албатта, жамоатчилик назари ва ноширлик касби ҳаққи-ҳурмати учун ишга масъулият билан ёндашилганда, ҳеч қандай эътироз бўлмасди. Негаки, фидойилик ҳам ўзига шундай муносабатни талаб қилади. Саъдулла Мамадалиевнинг ҳаракатлари чиндан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. У бошлиқ жамоа яратган маънавий бойлик халқимиз мулки бўлиб қолишига ишонамиз.

Раҳматли амакимиз Мамадали Бозорбой ўғли биз тенги фарзандларини интернат-мактабга ўқишга қўйди ва ўз феълига мос равишда ҳаммага “Бу даргоҳни битирганлар муҳим давлат ишларини бажарадиган одам бўлиб чиқади”, деб мақтаниб юрди. Отанинг эзгу орзуси қайсидир маънода амалга ошганга ўхшайди. Умид ва ишонч ҳам фарзандларга келажакда қанот бўлиши рост экан. Омад ёр бўлаверсин сизларга…

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − 4 =