Бахтсизликни унутсин диллар…

Келди ЁР
Муаллиф ҳақида:
Келди ЁР (Келдиёр ТЎЛИЕВ) — Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани, Қувкалла қишлоғида туғилган. 1995-1999 йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Самарқанд шаҳридаги 16-сон умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошлаган. Кейинчалик “Эрудит” газетасида масъул котиб, Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг радиоэшиттиришлар бўлимида муҳаррир, “Панорама” газетасида муҳаррир ҳамда “Туркистон” ва “Жамият” ижтимоий-сиёсий газеталарининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлаган. Айни пайтда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида масъул котиб лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Даврий матбуот ва журналларда шеър ва ҳикоялари нашр этилган.
ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚ
Сени севар эдим, сени шунчалар,
Сени шабнамдан ҳам рашк қилар эдим.
Тумордек ярашган қора холингни
Ҳатто нафасимдан қизғанар эдим.
Хаёлларинг эди қордайин оппоқ,
Эди орзуларинг оқ булутдай оқ.
Ай, сени йиғлатиб қўйдим-а,
Кўксимни ёндирган лолақизғалдоқ.
Доғ қилиб қўйдим-а ёноқларингни,
Кечир мени, кечир, кўнглим эркаси,
Жиловсиз беадаб бармоқларимни,
Гуноҳкор юрагим, сўқир кўзимни.
Уч фасл кутгандим сени интиқиб,
Сени деб ёнингга келгандим атай.
Теккизмай дегандим сенга лабларим,
Соғинч кўзларимни кўр қилган, нетай.
Мен сени барибир яхши кўраман,
Тақдирга битилган — яшамоқ шундоқ.
Уч фасл мен учун аталган қайғу,
Юрагим ёндирган лолақизғалдоқ.
Майлига, энди сен кечирма асло,
Унутиб, янада чиройингни оч.
Тасодиф дуч келсак баҳор чоғида,
Нафасим етмасдан, юзинг буриб қоч!
Уч фасл мен учун аталган қайғу,
Тақдирга битилган — яшамоқ шундоқ.
Мен сени шунчалар яхши кўраман,
Вужудим ёндирган лолақизғалдоқ!
* * *
Мен бир қўшиқ битмоқ бўламан,
Уни айтган сира толмасин…
Хуршид ДАВРОН.
Мен бир қўшиқ битмоқ бўламан,
Нафрат, ҳасрат ундан йироқда.
У шундайин эркин қўшиқдир,
Тинглаганлар ёнмас фироқда.
Мен бир қўшиқ битмоқ бўламан,
Навосидан ҳайратда қотиб,
Сезмай қолсин, бир олам меҳр
Борганини юракка ботиб.
Бу қўшиқни минг бор тинглашиб,
Ва қайталаб айтмоқ бўлсинлар.
Кўчиб юрсин диллардан-дилга,
Қиёмидан меҳр олсинлар.
Куйласинлар такрор ва такрор,
Бахтсизликни унутсин диллар.
Биёбонда кўз очсин чашма,
Хазон боғда барқ урсин гуллар.
Эшитсинлар қайта-қайталаб,
Ботмасинлар ҳеч қачон ғамга.
Шодон боқиб яшасин мудом,
Керак билиб одам-одамга.
Ана шундай муждалар билан,
Мен бир қўшиқ битмоқ бўламан.
Лек дилларга етмаса куйи,
Куйиб унда ўзим ёнаман.
Мен бир қўшиқ битмоқ бўламан…
УЗУН ТУН
Самода ой ва юлдузлар,
Табиат ҳам жимжит. Сукутга чўмган.
Узун тун. Хаёллар ногоҳ бигизлар,
Ёлғизлик.
Гўёки ҳаёт ҳам сўнган.
Узун тун. Кўл узра ой сузар қалқиб,
Соҳир кечаларга гувоҳ эди у.
Бу тун ҳижронлардан оғир тўлғониб,
Юракка чирмашар тобора қайғу.
Узун тун. Хаёлан кўкларда учиш,
Бари бекор, гўё тўқилган эртак.
Бу тун айрилиқнинг шаробин ичиш,
Бу тун барчасидан кечмоқлик керак.
Узун тун бунчалар бўлмаса узоқ,
Кутаман энтикиб тонгнинг отишин.
Сўнгги бор ўйларга қўяман тузоқ,
Унутаман унинг эрка боқишин.
Узун тун-ей, узун тун, узууун тун,
Бағримни айлагин сен бутун!
СОҒИНЧ
Баҳор менинг биринчи севгим,
Юрагимда очилган лола.
Вужудимни қучиб, эркалаб,
Илк туйғусин этган ҳавола.
Баҳор менинг биринчи севгим,
Уммон бўлиб тошаётган ҳис.
Бойчечакдан гулчамбар тақиб,
Кўзларимга боқиб турган қиз.
Баҳор менинг биринчи севгим,
Нозиккинам, капалаккинам.
О… шунчалар покдир Баҳорим,
Эркагинам, меҳрибонгинам.
Баҳор менинг биринчи севгим,
У дилимда яшнаган қувонч.
Яшайверар кўнглимда мангу,
Боқий умр, умрга ишонч.
Баҳор менинг биринчи севгим!
* * *
“…Мен бибимдан сўрадим:
— Она, дадам нега йиғлаяптилар?..
— Даданг жинни бўлиб қолибди… — жавоб қилдилар ва бошқа сўз айтмадилар…”
Ҳабибулла ҚОДИРИЙ.
Муҳаббатнинг тили соқов,
Муҳаббатнинг кўзи кўрми?
Нега Кумуш ўлиб қолди,
Нега Зайнаб шунча зўрми?
Муҳаббатдан қуриб битган
Қасрлар-эй, вайрон бўлди.
Юрак йиғлар ўксиб-ўксиб,
Кумуш ўлди, Кумуш ўлди!
Муҳаббатнинг синовлари
Кумушхонга етмасмиди?
Ғавғоларни билганида,
Марғилондан кетмасмиди?
Ўткан кунлар бунча оғир,
Сўзлар келар қийнаб, қайнаб.
Тилда фақат ўша сўзлар,
Лаънат, лаънат сенга, Зайнаб!
Қани чиқсам аламимдан,
Такрор-такрор лаънат айтиб.
Бироқ ўткан кунлар ўтган,
Энди келмас Кумуш қайтиб.
Юрак бағир бўлди кабоб,
Ўксиб-ўксиб, йиғлаб олдим.
Бибим, айтманг бошқа жавоб,
Мен ҳам жинни бўлиб қолдим.
КЎНГИЛ БИЛАН СУҲБАТ
Кўнглим, нималарни истайсан, гапир?
Гоҳида йиғлайсан, гоҳида шўхсан.
Гоҳида юракни қиласан дилгир,
Гоҳида қафасда қамалган қушсан.
Кўнглим, нималарни истайсан, гапир?
Сенинг азобингдан қийналади МЕН.
Сенда бор эди-ку қаноат, сабр.
Нега узун тилинг чайнаб қолдинг сен?
Кўнглим, нималарни истайсан, гапир?
Кел, энди очиқча бир ёрилайлик,
Кўнглим, қадам қўйган сенинг кулбангга
Муҳаббатни айтгил, қандай сийлайлик?
Ийманиб кўнгил шивирлар секин: — Сев,
Чиндан сев, чиндан сев, фақат мендан сев!
* * *
Устозим, ёзувчи
Собир Ўнарни хотирлаб
Елкасига костюмин илиб,
Собир Ўнар қайга кетмоқда?
Хаёллари бир олам бўлиб,
Қай манзилга, қайга шошмоқда?
Гоҳ қоятош, гоҳ адирларда,
Кетиб борар бургутдай учиб.
Вазмин боқиб бутун борлиққа,
Тор дунёни кенгдайин қучиб.
“Бу манзилда юрмоқлик шараф”,
— дея, шахдам қадамлар билан.
Бораётир бир манзил тараф,
Юрак тўла соғинчлар билан.
Шу манзилдан илҳом излади,
Шу манзилда яшади ҳар он.
Шу манзилдан топди жавоҳир,
Савод берди шу “Ота макон”.
Собир Ўнар қайда десангиз,
Манзилида бормоқда ҳамон.
“Сариштали одамлар”ида,
Кезиб ҳар дам бўлмоқда меҳмон.
Хотирларда яшайди мангу
Собир Ўнар кундаликлари.
Кўҳна қишлоқ, содда одамлар,
“Кўҳна қишлоқ эсдаликлари”.
Собир Ўнар қайда десалар,
“Орзу тўла қишлоғи”да у.
Булбуллари куйлаган юртнинг
Дилларида яшайди мангу.
Собир Ўнар қайда десалар,
Ашъорларин ўқиб, уқиган.
Ҳар қоракўз кўз жоласида,
Қир-адрида майсалар унган.
“Чамбилбелнинг ойдаласи”да,
Қувкалланинг ойдаласида!..
ТОНГ ҲИСЛАРИ
Эрта тонг. Сокин ғуборсиз тонг,
Вужудларда қайнайди ҳислар.
Тоғ ортидан қуёш урар бонг,
Майсалардан келади ислар.
Тоза юрак, топ-тоза қалблар,
Уммон бўлиб жўш урар ҳаёт.
Жўш уради орзу-умидлар,
Қандай яхши бу жўшқин ҳаёт!
Тоғлар гўзал, боғлар чиройли,
Қувончлардан жимирлагай тан.
Қуёши бор, тунлари ойли,
Чиройлидир муқаддас Ватан!
О… нақадар хушбўй бу ҳаёт,
Севимлидир гўдак исидай.
Эрта тонг тинч, замин барҳаёт,
Тонг чиройли барчага бирдай.
Эрта тонг. Сокин, ғуборсиз тонг,
Вужудларда қайнайди ҳислар.
Тоғ ортидан қуёш урар бонг,
Майсалардан келади ислар.
Қандай гўзал бу жўшқин ҳаёт!
ХАЁЛ
Хаёл, бир зум тарк этгин мени,
Сенсиз бир зум кўкларни қучай.
Онам таққан мунис туморни
Чақалоқдай ўйноқлаб ётай.
Ё ер узра курагим силкиб,
Илк майсалар униб чиққандай,
Ёки сокин дарёдай оқиб,
Таскин берай ўзимга жиндай.
Хаёл, бир зум тарк этгин мени!
АЁЛ
Юзларидан ёғилиб нурлар,
Қуёш бўлиб порлайди аёл.
Қўлларидан сочилиб гуллар,
Баҳор бўлиб яшайди аёл.
Шамол бўлиб яшайди аёл,
Дея, рўзғор бўлмасин абгор.
Гўдагини бағрига босиб,
Ҳам тунини ўтказар бедор.
Тонгда уни кутади шабнам,
Булбул қўшиқ куйлар, ҳойнаҳой.
Ҳатто ширин хаёлидан ҳам
Атиргуллар олади чирой.
Тонг отмасдан уйғонар аёл,
Рўзғорига тилаб барокат.
Хаёлида юз мингта хаёл,
“Қирқ жон” билан қилар ҳаракат.
Эркагига яшар суяниб,
Борлиғига айтиб шукрлар.
Топганига қаноат қилиб,
Шу эмасми ҳақиқий аёл?!
Остонасин муқаддас билиб,
Рўзғорини қилар саришта.
Бир жонини қирқларга бўлиб,
Тиним билмай яшайди аёл.
Остонаси унинг бахтидир,
Чин севгидан бахтиёрдир у.
Чин муҳаббат унинг тахтидир,
Орзулари фақат мана шу.
Улар қалбин ўкситмоқ бекор,
Улар шундай гўзал бир ришта.
Улар умрин қилсак гар абгор,
Кетар уйдан файзу фаришта.
Аёлларга ширин сўз етар,
Аёлларга шу ҳам бўлади.
Жони қирқдан ошиб кетса гар,
Эркакларга нима қолади?..
Юзларидан ёғилиб нурлар…