Сафо Муғанний

ёхуд синган сетор соҳиби
Ишхонамга чеҳрасидан нур ёғилиб турган кекса онахон бир қўлтиқ альбом ва китобларни қўлтиқлаб кириб келди. Жиккаккина кекса бу аёл ёшига нисбатан анча дадил ва мағрур оҳангда сўз бошлади:
— Мен ҳадемай 85 баҳорни қарши оламан. Кўзим очиқлигида кўпчилик эсламай қўйган фидойи бир Хоразм дилбанди ҳақида китоб чиқартирмоқчиман. Бу инсон ўзбек санъати ва маданияти юксалишига муносиб ҳисса қўшган забардаст ҳофиз ва бастакор Сафо Муғанний бўлади.
Ўзини Нурметова Хосият Мўминжон қизи деб таништирган бу онахон турган-битгани катта бир қомус экан. Шажараси жаҳонга таниқли санъаткор Тамарахоним асраб олган таниқли санъаткорга бориб тақаладиган бу аёл билан гурунгимиз чошгоҳдан кеч пешингача давом этди. Сафо Муғаннийга қариндошлиги бор экан. Гоҳ кулиб, гоҳ кўзларига ёш олиб, билган ва эшитганларини гапириб берди. Олдимга қўйган бир қучоқ материаллар эса яқин кечмишнинг суронлари ҳақида сўйлаётгандек эди…
Ўтган асрнинг 30-йилларида бутун мамлакатда бўлгани каби Хоразмда ҳам қатағон сиёсати даҳшатли тус олди. Юзлаб бой-бадавлат, имон-эътиқодли кишилар қаторида адабиёт ва санъат намояндалари ҳам ноҳақ айбланиб, йўқ қилинди. Хоразм жадидлик ҳаракатининг ёрқин намояндалари бўлган Худойберган Девонов, Комил Девон, Мулла Бекжон Раҳмонов, Марям Султонмуродова, Раҳмат Мажидий, Қурбон Берегинлар қатори Сафо Муғанний ҳам манфур тузум қурбони бўлди. Сафо Муғанний 1937 йилнинг 27 августида ҳибсга олиниб, ноҳақ жазога ҳукм қилинди.
Манбаларда Оллоберганов Сафо — Муғанний (тахаллуси) 1882 йилда Хива яқинидаги Гандимиён (қадимий номи: Гандумкон) қишлоғида дунёга келган деб қайд этилади. Бироқ унинг фарзандлари ёзиб қолдирган манбаларда отасининг 1876 йилда туғилгани таъкидланади.
Сафо Муғаннийнинг отаси қашшоқ деҳқон одам бўлиб, ярим таноб ерда тирикчилик қилар эди. Сафо эндигина 2 ёшга кирганида отаси вафот этади. Қариндошлари марҳумнинг маъракасини ўтказиш мақсадида ўша мерос қолган ярим таноб ерни сотишга мажбур бўлишади.
Марҳумнинг беваси Ҳожар Ҳусайн қизи бошқа бир одамга турмушга чиққач, Сафо Оллоберганов 8 ёшгача ўгай отасининг қўлида тарбия топади. 8-9 ёшларидан бошлаб эса гандимиёнлик Абдулла Ёқуб ўғли деган бадавлат одамнинг уйида хизмат қила бошлайди. Сўнгра шу қишлоқда яшовчи Соҳиб Назарбой хонадонига хизматга киради. Бу одам анча маърифатли инсон эди. У ёш Сафонинг тиришқоқ ва илмга чанқоқлигини кўриб, бошланғич таълим олишига шароит яратиб беради. Соҳиб Назарбой кучли созанда эди. Ёлғиз қолганида қўлига танбур олиб, қўшиқлар куйлаб ўтирарди. У Сафода санъатга бўлган қизиқишни пайқаб, унга созандалик сирларини ўргата бошлайди. Айни қирчиллама йигит чоғидаёқ унинг қўшиқ айтиб, дилтортар мусиқалар чалиши Хоразмда овоза бўлади. Уни элдошлари “Сафо созчи” ёки “Сафо талқинчи” деб чақиришарди. Хоразмда мумтоз қўшиқлар ижро қилувчи санъаткорларни ўша даврларда “талқинчи” деб аташарди.
Ёш Сафо ўша даврдаёқ янги қўшиқ ва куйлар ярата бошлаган эди. Анча кексайиб қолган шоир ва бастакор Комил Хоразмий билан танишуви унинг ҳаётида катта бурилиш ясади. У бу устозидан янги куйлар яратиш ва уларни ноталаштириш илмини ўрганади.
1909 йил баҳорида Хиванинг Дешонқалъа мавзеида ўтказилаётган халқ сайилларидан бирида Хива хони бош вазири Исломхўжа Иброҳимхўжа ўғли танбурда қойилмақом куй чалиб, бор овозда баралла қўшиқ куйлаётган навраста бир йигитни кўриб қолади. У ўз мулозимларидан: “Бу муғанний ким бўлди? Худди булбулдек чаҳ-чаҳ уради-я!” — деб сўрайди. Даврабошилар дарҳол йигитни вазири акбар Исломхўжага таништирадилар ва унинг исми-шарифи Сафо Оллоберган ўғли эканини айтишади. Маърифатпарвар ва санъатсевар Исломхўжа Сафони Хоразм ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон — Феруз саройига олиб кетади ва унга ҳомийлик қила бошлайди. Бу вақтда (XX асрнинг бошлари) хоннинг Хива саройида таниқли созанда ва ҳофизлардан иборат катта ансамбль фаолият юритар эди. Сафо улардан танбур, дутор, қўшнай ва бошқа миллий мусиқа асбобларида куй чалиш маҳоратини тўлақонли равишда ўзлаштиради.
Муҳаммад Раҳимхон — Феруз вафот этиб (1910 йил), Хоразм салтанатида Исфандиёр ҳукмронлик қила бошлаган даврда у “Сафо” исмига “Муғанний” тахаллуси қўшиб айтиладиган даражада катта санъаткор бўлиб етишган эди. Исломхўжа фожиали вафот этгач, у хоннинг мулозимларидан бўлган Юнус Ясовулбошининг ҳомийлигида иш олиб боради.
Исфандиёр ҳукмронлиги даври (1910-1918)да Хоразмда жадидлик ҳаракати кучайган бўлиб, улар асосан икки гуруҳга бўлинган эди. Биринчиси, кескин сиёсий ҳаракатлар билан монархияни ағдариб ташлашга интилган жадидлар бўлса, иккинчи гуруҳни ҳар қандай шароитда ҳам халқни маърифатли, билимли қилишга интилган зиёлилар ташкил қилар эди. Сафо Муғанний Хоразм жадидларининг ана шу иккинчи гуруҳида фаол иштирок этди. У фақатгина санъат ва маданият ходими бўлибгина қолмасдан, жамиятни, айниқса, таълим соҳасини ислоҳ қилиш, замонавий маданият ва маърифат тамойилларини ҳаётга татбиқ қилишга интилди.
Большевиклар кўмагида Хива хонлиги ағдарилгач, Сафо Муғанний ҳукумат тепасига келган “Ёш хиваликлар”ни қўллаб-қувватлади. У республика ҳукуматини фаровонлик ва тараққиёт олиб келади деб умид қилган эди. Ана шу умид ва ишонч билан у 1921 йил 6 март куни коммунистик партияга аъзо бўлиб қўшилди. Орадан кўп ўтмасдан, у барча сафдошлари каби қаттиқ янглишганини тушуниб етди. Чунки Хоразм Халқ Республикаси ҳукуматини қисқа муддат ичида қип-қизил мустамлакапараст кучлар эгаллаб олган эди. “Ёш хиваликлар” етакчиси Полёзҳожи Юсупов сиёсатдан четлаштирилди. Жадидлар оғаси саналган Бобоохун Салимов Юмуртов этагидаги қишлоқда номаълум кимсалар томонидан отиб кетилди. Бутун Хоразм бўйлаб қонсираган жаллодларнинг шарпаси кеза бошлади. Ана шундай долғали бир кезда Хоразм Халқ Республикаси Хоразм Совет Республикаси деб қайта эълон қилинди. Бу эса миллий республика тараққиёти борасидаги барча эзгу орзуларни саробга айлантириб ташлади.
Сафо Муғанний 1921 йилда ХХСР маориф нозирлигида маданият бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлай бошлайди. Орадан бир йил ўтиб, уни Ҳазорасп (бу пайтда Ҳазорасп вилоят мақомида бўлган) партия қўмитаси котиби вазифасида иш олиб борди. 1924 йилда ХХСР ихтиёрий равишда тугатилиб, Ўзбекистон ССР таркибига қўшилгач, Хоразм округи ташкил қилинди. Сафо Муғанний 1925-1926 йилларда Хоразм округ Ер шўъбасининг раиси вазифасига тайинланди. Шўролар бошлаган ер-сув ислоҳоти айнан ана шу даврларга тўғри келди. Ислоҳот талабига кўра бой-бадавлат одамларнинг ерлари давлат фойдасига мусодара қилинди, баъзи ерсиз камбағал хонадонларга бўлиб берилди. Кўпчилик ўз жони ва бола-чақаси ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ўз ихтиёри билан ер, чорва ва бошқа мулкларини давлатга хатлаб бера бошладилар. Сафо Муғаннийнинг ҳам Исфандиёр хонлик қилган даврда Юнус Ясовулбоши ҳомийлигида орттирган бойлиги ва ерлари бор эди. У Гандимиён қишлоғидаги 9,5 таноб ерини давлатга “ихтиёрий” равишда топширишга мажбур бўлди. Чунки доғули сиёсат тегирмонидан омон чиқишнинг ягона йўли ҳам шу эди.
1927 йилда Сафо Муғанний оиласи билан Урганч шаҳрига кўчиб ўтади. Негаки, уни Урганч район ижроия қўмитаси раиси лавозимига тайинлашган эди. У бу лавозимда бор-йўғи бир йилгина фаолият юритган бўлса-да, халқнинг ҳурмат-эътиборини қозона олди. Унинг ўз мансаб ваколати доирасида халққа манфаати тегадиган ишларни бажариши айрим ғайир ниятли кимсаларга асло ёқмасди. Унинг доимий равишда дўппи ёки чўгирма кийиб юриши “мутаассиб диндор” деган тавқи лаънатни олишига ҳам сабаб бўлди.
ВКП(б) раиси И.В.Сталиннинг Хоразм компартиясида иккиюзламачи, сохта коммунистлар кириб олгани ҳақидаги нутқи 1929 йилда сиёсий “тозалаш” буҳронини бошлаб юборади. Бошқа сафдошлари қатори Сафо Муғанний ҳам асосий нишонга айланди. Хоразм округ компартияси махсус йиғилишида тўққиз йил давомида партия сафида фидокорона хизмат қилиб келаётганидан мутлақо кўз юмилиб, уни мустабид хон саройида хизмат қилганликда айблашди. Уни ҳатто “халқ душмани”, “ёт унсур” дейишгача боришди. Бироқ Сафо Муғанний ҳам барча айбларни жим туриб эшитиб турадиганлардан эмас эди. У давлат тараққиёти, компартия ривожланиши учун жонини тикканлигини айтиб, шу мақсадда ўзининг хусусий 9,5 таноб ери ва бошқа бойлигини холис ният билан топширганини иддао қилди. Муҳокама унинг партия сафидан ҳайдалиши ва совет идораларида ишлашдан четлаштириш билан ниҳоясига етди.
Ана шундан сўнг Сафо Муғанний ўзининг қолган ҳаётини фақат ва фақат санъатга бағишлади. У 1929-37 йилларда Хоразм округ театрида режиссёр ва шу билан бирга 1935-37 йилларда ўқитувчилик вазифаси билан шуғулланди. Ўзбекистон, янги замон ва Хоразмни улуғлаб қўшиқлар яратди. Унинг саҳна асарлари ўз даврида театр саҳнасида намойиш қилинди.
1934 йилда воҳага Тамарахоним бошчилигида бир гуруҳ санъаткорлар ҳукумат топшириғи билан ташриф буюрди. Сафо Муғанний ўз дўсти ва сафдоши Комил Девон билан биргаликда Тамарахонимга яқиндан устозлик қилди ва унга қадимий миллий рақс ва ашулаларни қунт билан ўргатди. Тез орада Қуйи Амударё халқлари лапарлари, яллалари Тамарахоним репертуарини бойитди. Сафо Муғанний “Бухоро мавриги”сидан мутлақо фарқли ўлароқ “Хоразм мавригиси”ни яратиб, Тамарахоним ижросида саҳнага олиб чиқди.
Тамарахоним Сафо Муғанний ўргатган рақс ва қўшиқларни ижро қилиб, 1935 йилнинг 17-19 июль кунлари Англиянинг Лондон шаҳрида ўтказилган халқаро рақс фестивалида олқишга сазовор бўлди. Айниқса, “Ганжи Қорабоғ” ашуласи ва “Лазги” куйида ижро қилинган ўзбек рақси Англия қироли Жорж V ва қиролича Мери эътирофига сазовор бўлди. Қиролича Мери Тамарахонимни олтин соат ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирлайди ва ўзининг олтин узугини унинг қўлига тақиб қўяди. Ҳолбуки, ушбу фестивалда собиқ СССРдан бошқа гуруҳлар ҳам иштирок этиб, улар славян тилларида кўплаб қўшиқлар ижро қилишади. Барибир қирол ва қиролича Тамарахонимни олқишлашади.
Сафо Муғаннийга 1936 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг “Меҳнат қаҳрамони” ордени топширилди. Аммо орадан бир йил ўтгач, Сафо Муғанний қамоққа олинади. Бу вақтда у Тошкентдаги Свердлов кинотеатрида бир гуруҳ хоразмлик санъаткорларни Москвада бўлиб ўтадиган Ўзбекистон санъати кунлари декадасига тайёрлаётган эди. Унга “Аксилинқилобчи Троцкий ва Бухаринларга алоқадор шахс”, “Озод Туркистон” ва “Миллий иттиҳод” ташкилотларининг аъзоси деган айблар қўйилади. Ҳатто Тамарахоним билан грампластинкага ёзилган қўшиқларини аксилинқилобий руҳда деб баҳолашади. Ваҳоланки, бу санъат дурдоналари халқ қўшиқларидан иборат бўлган.
Хўш, мамлакатнинг олис бир чекка ҳудудида яшаб ижод қилган оддий бир санъаткор Россия марказида лаънатланаётган Троцкий ва Бухаринларга қандай алоқадор бўлиши мумкин эди? Бу ўта ачинарли ва мантиқсиз айблов эди.
“…Халқ душмани деб айбланганларни фикран бир ҳалқага улаб кўраман. Оддий созчи, хонандаларнинг Троцкий ва Бухаринга дахлдор ҳалқа сифатида қатағон қилиниши сабабларини излайман ва фикрим равшанлашгандай бўлади. Улар Сталин ва Троцкий, Бухарин ўртасидаги сиёсий адоват, олий мансаб курсиси учун кураш қурбони. Бу нафақат олий давлат бошқарувида, балки энг чекка ва паст ҳалқаларда ҳам ягона диктаторлик ўрнатиш, халқни қўрқув ва ваҳимада сақлаш, шу орқали ҳукмини ўтказиш усули. Бу усулни амалга ошириш унчалик қийин бўлмади, айниқса, Сафо Муғанний тақдирини ҳал қилишда.
Ўша даврда республика ҳукуматини Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев бошқарарди. Акмал Икромов Бухарин билан қуда. Бухарин эса Троцкийни бир неча бор қўллаб-қувватлаган. Иккинчи томони эса Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев Хоразмда бўлганида, Сафо Муғанний уларни мадҳ қилиб қўшиқ айтган. Файзулла Хўжаев Сафо созчига 30-йиллар бошида Хоразмга келганида “баян” созини совға қилган. Шуларнинг ўзиёқ ўша давр сиёсатига кўра “халқ душмани” дея аталишига етарли эди”, — деб ёзган эди журналист Отамурод Пирматов “Хоразм ҳақиқати” газетасида эълон қилинган “Сафо Муғанний” мақоласида (2005 йил 31 август).
Аслида, кекса журналист ёзганидек, Сафо Муғанний Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевларни мақтаб, мадҳ қилиб қўшиқ куйлаган эмас. Ушбу раҳбарлар 1930 йилларнинг бошларида олис Хоразмга мамлакат пойтахтидан Бухорогача поездда келишади ва бу ердан Чоржўйга ўтиб, дарё флоти орқали Хоразмга қараб жўнайди. Бу вақтда Хоразм ҳақиқатан бориш жуда машаққатли округ саналган. Воҳага темир йўл йўқлиги сабаб фақат Амударё орқали кемада сузиб борилган, ҳатто вилоятлараро автомобиль ёки самолёт қатнови ҳақида тасаввур қилиш ҳам мумкин бўлмаган.
Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари ўтирган кема Ҳазораспдаги Туямўйин дарасига келиб тўхтагач, дарёнинг кескин қуйилиш қисмидан “Шарловуқ-Мўйноқ” йўналишидаги иккинчи бир кемага чиқишади. Чунки “Чоржўй-Туямўйин” йўналишидаги кема дарадан ўтиши катта муаммо бўлиб, чўкиб кетиш эҳтимоли юқори бўлган. Мартабали ҳукумат раҳбарларини Урганч туманидаги “Чолиш” бандаргоҳида бир гуруҳ ёшуллилар кутиб олишади. Улар орасида гармон чалиб қўшиқ айтганча пешвоз чиққан Сафо Муғанний ҳам бор эди:
Хоразмдур узоқ округ,
Темир йўл йўқ — қийинчилик.
Сиздан керак ёрдамчилик,
Хуш келдингиз Хоразмга!
Булбулдек ёқимли овозда терма куйлаб турган Сафо Муғаннийни Файзулла Хўжаев бағрига босади ва: “Албатта, темир йўл қурамиз!” — дейди ва бошқа воҳа раҳбари билан эса қўл бериб кўришади. Бу эса унинг турли бўҳтон ва иғволарга учрашига сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас.
1937 йил 28 август куни Сафо Муғанний яшаган Урганч шаҳри, II корпус, 16-хонадонда тинтув ўтказилади ва санъаткорга тегишли барча моддий ва маънавий бойликлар хатланиб олиб кетилади. Турмуш ўртоғи Ҳожар Ҳусайинова ҳамда икки қиз ва икки ўғли чирқираб қолишади. Катта ўғли Оллоберган Сафоев бу вақтда 26 ёшда бўлиб, Хоразм театрида актёр бўлиб ишлаётган эди. Тўнғич қизи Пошшо эса бўй етиб қолган — 16 ёшда, кичик қизи Рўза Сафоева 10 ёшда бўлган. Кенжабой эса ҳали туғилганига бир ойча ҳам бўлмаганди.
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, тадқиқотчи Баҳром Ирзаев олиб борган изланишлар натижасида шуни билишимиз мумкинки, тергов жараёнида Сафо Муғанний ўзига нисбатан қўйилган бирорта айбни тан олмайди ва ҳеч қандай ҳужжатларга имзо ҳам чекмайди. Гарчи шундай бўлса-да, санъаткорга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашади. У Сирдарё вилояти, “I Малик” совхозининг №196474 рақамли маҳбусига айланади. У бу ердан туриб, Ўзбекистон ССР Олий совети раиси Йўлдош Охунбобоев номига хат орқали мурожаат қилади. Аммо бундан кутилган натижага эришолмайди. Оғир шароитда унинг кўзлари кўрмай қолади. Айрим манбаларда Сафо Муғанний 1940 йилда Сирдарёдаги “Малик” совхозида вафот этгани ёзилади. Фидойи олим Баҳром Ирзаев тадқиқотларида эса “1941 йил унинг жазони ўтаган охирги ери ёхуд унинг сўнгги манзили ҳақида унинг иши асосида бирор-бир аниқ гап айтиш қийин. Бироқ 1941 йил 20 февраль санаси билан ишга тикилган маълумотнома Ярославл вилояти, Рибин тумани, Волжский МТЛдан №157678 рақамли маҳбус Сафо Муғанний ҳақида берилган”, деган қайдномаларни ўқиймиз.
1953 йил собиқ СССР давлат раҳбари Сталиннинг вафотидан сўнг барча иттифоқдош республикаларда сиёсий вазият мўътадиллашади. Никита Хрушчев ислоҳотидан сўнг ноҳақ қатағон қилинган шахсларнинг тирик қолганлари қамоқдан озод қилина бошлайди. Дунёдан ўтиб кетганларининг номи эса суд қарори билан оқланади. Сафо Муғаннийнинг кенжа қизи Рўза Сафоева 1957 йилда ЎзССР Олий Совети Президиуми раиси Шароф Рашидов номига ариза ёзади. Натижада ҳақиқий маънода қайта текширишлар бошлаб юборилади.
1937 йилдаги қисқа муддатли терговда, минг таассуфки, Сафо Муғаннийга қарши ўз сафдошлари, яъни элга таниқли санъаткорлар қарши кўрсатма беришганини ҳужжатлар тасдиқлаб турибди. 1958 йил 22 февраль куни қайта сўроқда эса Машарип Ризаев, Яқубов Мадраҳим Шерозий, Матёқуб Атаджанов кабилар олдинги кўрсатмаларидан тонишади. Улар тергов жараёнида ҳужжатларга рус тилида ёзилгани сабаб тушунмасдан имзо чекишгани тан олишади. Тўпланган барча далил ва гувоҳлар кўрсатмаларига асосланган ҳолда Хоразм вилоят суди 1958 йил 19 апрель куни Сафо Муғанний ишини кўриб, уни оқлайди.
Кўпчилик санъатшунослар “Лазги” куйига биринчи бўлиб Комилжон Отаниёзов қўшиқ басталаб ижро қилганини ёзишади. Бироқ “Лазги”га Комил Хоразмий шеърини қўшиқ қилиб илк бор куйлаган санъаткор Сафо Муғанний эди, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Комилжон Отаниёзов ўзининг Машраб ғазалига боғлаган мухаммасини “Лазги” куйи билан ижро қилиб, элга танилган. Мантиқан ёндашганда, Сафо Муғанний Комил Хоразмийнинг хос шогирди сифатида унинг “Сўйла менга, эй санам, Кимнинг севар ёрисан?” нақоратли шеърини қўшиқ қилиб куйламаслиги мумкин ҳам эмас эди. Чунки бу шеър айнан қўшиқ учун ёзилган дурдона асарлар сирасига киради.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Сафо Муғанний ҳаёти, унинг шоирлик ва бастакорлик билан бирга сиёсий фаолияти чуқур ўрганишни талаб қилади. Унинг шеърлари, басталаб ноталаштирилган куй-қўшиқлари, саҳна асарлари тўплаб, тадқиқ қилинишга муҳтож. Ўйлаймизки, келажакда ёш олимлар изланишлари натижасида элимизнинг фидойи маърифат намояндасининг бизга номаълумлигича қолаётган мероси қайта тўпланиб, халқимизга тақдим қилинса, савобли иш бўлар эди.
Эрпўлат БАХТ