Жамият тараққиёти таянчи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб–қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини оширишга шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва гуманитар соҳаларни ривожлантириш бугун долзарб аҳамиятга эга. Жамият манфаатлари ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини кўзлаган, жойларда сақланиб қолаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришда нодавлат нотижорат ташкилотлар салоҳиятидан фойдаланиш зарур. Фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатиш ҳам устувор вазифалардан биридир.
Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ижтимоий буюртма бериш бўйича танловлар ташкил этилаётгани, танловлар устувор равишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда таълим, тиббиёт, экология, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларнинг энг долзарб муаммолари ечимига қаратилаётгани эътиборга молик.
Фуқаролик жамияти институтларига ташаббусли лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмасини олиш тўғрисида манфаатдор давлат органига таклиф киритиш ҳуқуқи берилди. Ташаббусли лойиҳа давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан ижобий баҳоланган тақдирда, унинг ташаббускорига давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ижтимоий буюртма берилиши мумкин.
Ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиб бориш, унинг доирасида Олий Мажлис, Адлия вазирлигида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ва мулоқот ўтказиш, фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш бўйича тадбирлар ташкил этиш, шу жумладан, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирлаш таклифининг маъқулланиши, ҳар икки йилда Фонд томонидан тақдирланадиган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофотининг таъсис этилиши қувонарли ҳолдир. Булар, табиийки, жамият тараққиётига таянч ҳисобланган ННТларни янада кўпроқ ва юксак масъулият билан ишлашга руҳлантирмоқда.
Ўтган давр мобайнида қатор ибратли ишлар қилинаётганига гувоҳ бўляпмиз. Президент Фармонига мувофиқ, журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация ташкил этилганидан беҳад мамнунмиз. Бу йилги касб байрамимизда илк бор мазкур йўналиш ғолиби бўлган журналистлар тақдирланди.
Жамоат фондида танлов иштирокчиларининг ҳужжатларини электрон платформага юклаш орқали қабул қилиш бошланганлиги айни муддао бўлди. Муқаддам ариза почта орқали юборилар, унинг етиб борган-бормаганлигидан бехабар қолардик. Ҳафталаб, ойлаб кутардик якунини. Эндиликда ўша куниёқ қабул қилинаётгани қувонарлидир. Танловда шаффофлик янада кучайиши унда иштирок этувчиларнинг имкониятлари тағин ҳам кенгайишида муҳим аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Буни фонднинг “Коррупция — жамият тараққиётининг кушандасидир” шиори остида тарғибот ишларини олиб бориш йўналишида “Коррупция — тараққиётга таҳдид, умрга завол” лойиҳаси билан қатнашиб, грант ғолиби бўлганлигимиз мисолида яққол кўриш мумкин.
Ғолибликка эришган “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилоят бўлими, Ўзбекистон ногиронлар жамияти Янгиқўрғон туман бўлинмаси, Равидон, Ҳуррият, Боғ ва Қирғизқўрғон фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, “Қалб меҳри” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш нодавлат нотижорат ташкилоти лойиҳа раҳбарларининг мақсад-интилишлари бизга ҳамоҳанг.
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ва фонднинг Наманган вилояти бўлинмаси томонидан эълон қилинган давлат грантлари танлови ғолибларига сертификатлар топшириш бўйича ўтказилган тақдимот маросимида Жамоат фонди ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўрсатилаётган катта эътибор учун Президентимизга миннатдорчилик изҳор этилди.
Дарвоқе, таҳририят муқаддам “Давлат ижтимоий дастурларининг амалга оширилиши, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнларини мустақил ОАВда ёритишга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” йўналиши бўйича тайёрланган “Аждодлар жасорати — авлодларга мерос”, “Жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш” мавзусидаги “Аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ОАВ ролини ошириш” номинацияси бўйича тайёрланган “Соғлом турмуш тарзи — бахтли яшамоқ фарзи” деб номланган лойиҳалар бўйича ҳам икки марта грантни қўлга киритган ҳамда уларни муваффақиятли амалга оширган. Навбатдаги грант лойиҳасини ҳам туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида тўлақонли бажариш учун барча имкониятлар ишга солиниши табиий.
Ижтимоий тармоқларда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг расмий канали бор. Бугун вилоятда нафақат бундай канал, балки грант танлови ғолиблари учун ҳам махсус телеграм гуруҳи фаолият юритмоқда. Бу орқали ўзаро тажриба ҳам алмашиб боряпмизки, кўпчиликка маъқул келмоқда. Қолаверса, пойтахтдан туриб, соҳа раҳбар ва етук мутахассислари томонидан ғолиблар учун “Зоом” йиғилиши ўтказилгани барчамизга манфаатли бўлди.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур ҳуқуқий меъёрий ҳужжат билан фуқаролик жамияти институтлари зиммасига яна бир қатор вазифалар юклатилиб, имтиёзлар ҳам берилдики, улар Янги Ўзбекистонимизнинг ҳар тарафлама тараққий этишида муҳим аҳамият касб этишига ишонамиз. Фармон фуқаролик жамияти институтларини тараққий эттириш, тизимни янада такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият тараққиётига қўшадиган ҳиссасини янада кенгайтириш борасида яна бир имконият бўлиб хизмат қилади.
Қосимжон АКБАРОВ,
Мингбулоқ тумани ҳокимлигининг
“Мингбулоқ” газетаси муҳаррири,
грант лойиҳаси
раҳбари.