Буюк Ипак йўлларида…

ёки юртимиз ўтмишига қизиқиш ва муҳаббат туйғуси
Яхши эслайман. Бир умр ёдимда қолган. Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари эди. Уйимизда Шарқ мамлакатлари тарихи, адабиёти, музейлари, олимлари, ёдгорлигу эҳромлари, тош стадионларига оид турли адабиётлар бўлар эди. Бу вақтда кичик акам Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқ факультетидаги араб бўлимига ўқишга кириши ва уларнинг кўпдан-кўп ва бир-биридан қизиқ китобларни олиб келиши мен учун ҳам катта қувонч, ёқимли “эрмак” бўлди. Адабиётларнинг асосий қисми рус, араб ва бошқа тилларда эди. Тошкентнинг ишчилар шаҳарчасида яшаганимиз, у пайтлар руслар кўп бўлгани сабабли, улардан рус тилини анча-мунча ўрганиб олганим қўл келарди.
Акамнинг товуқ патлари солинган ёстиғи тагига бекитиб қўйиб ўқиладиган “Ўткан кунлар”нинг лотин алифбосида босилган нусхасини қўрққан ҳолда ҳеч кимга билдирмай ўқиб юрган пайтларимни ҳам яхши эслайман.
Хуллас, ана шундай кунларнинг бирида қўлимга “Буюк Ипак йўли” ҳақидаги мақола тушиб қолди. Уни ўқиб, жуда қизиқиб қолдим. Бир неча минг километрлик йўлнинг турли вариантлари бўлганлиги, унинг қанчадан-қанча шаҳару қишлоқлар, турли-туман мамлакатлар, денгиз ва океанлардан ўтганлиги ҳақидаги маълумотлар мени жуда қизиқтириб қўйган эди. Бу йўллар Хоразм, Фарғона, Самарқанд каби шаҳарларимиз орқали ўтганлиги ҳақидаги маълумотлар, айниқса, мен учун ўша вақтларда мутлақо янгилик, шу вақтгача умримда эшитмаган тарихий маълумотлар эди.
Кичик акам ўша вақтларда “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида ишлар, гоҳ-гоҳида менинг қандай ишлар билан машғуллигимни суриштирар, уларнинг атрофимдаги дўстларим билан ҳам суҳбатлашган пайтлари кўп бўларди. Шундай кунларнинг бирида мен акамдан “Буюк Ипак йўли”нинг нега бундай аталишини сўрадим. Акам саволимга жавобан: “Нима, тарихчи бўлмоқчимисан?” деди. Шу тобда нима дейишни билмай қолдим. Аммо орадан бир-икки ой ўтиб, “Мен ҳам сиз сингари журналист бўлиш орзусидаман, нима дейсиз?” деб маслаҳат сўрадим. Суҳбатимиз асносида акам менга журналист бўлиш осон эмаслиги, бунинг учун жуда кўп китоблар, газета, журналлар ўқиш зарурлиги, ўз она тили билан бир қаторда, рус ва бошқа чет тилларини мукаммал ўрганиш кераклигини тушунтирди. Вақти келиб бу “маслаҳат” ота-оналаримиз ва катта акамиз иштирокида ҳам бўлди. Лекин менга журналист бўлиш насиб этмаган экан. Барибир аниқ фанларга қизиқишим устунлик қилди. Ўрта мактабни олтин медаль билан битирганим боис, Политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)нинг кимё-технология факультетига имтиҳонсиз қабул қилиндим. Беш йиллик талабалик давримиз кўз очиб юмгунча ўтиб кетди…
…1960 йилнинг апрель ойларида институтимиз ректоратига келган хатда мени “Ўқитувчи” нашриётига ишга юбориш сўралган эди. Бу хабар менга анча ёқиб тушганлигини эслайман. Буни курсдош дўстларим Абдувоҳид Раҳимовга, Тўлқин Мўминов билан Рустам Абдураҳмоновларга ҳам айтдим. Лекин шу орада факультетимиз декани, доцент И.П.Левш мени ҳузурига чақириб, кафедрада ишга олиб қолишларини айтиб қолди. Тез орада Москвадаги М.В.Ломоносов номидаги кимё-технология институти (ҳозирги Академия)га стажировкага кетишим ва кейинги йилдан бошлаб институтимизда очиладиган “Асосий органик синтез технологияси” кафедрасида ассистент бўлиб иш бошлашим мумкинлигини маълум қилди. Вақт ўтиб, ўша масканда аспирантурани битирдим. Номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилдим. Илмий-услубий ва жамоат ишларида, “Ўзбекистон энциклопедияси”да ўриндошлик асосида меҳнат қилдим. Ҳар ҳолда, ўзлигимни топдим, десам, янглишмайман.
“Маслаҳатли тўй тарқамас” деган халқ мақоли тўғрилигига ишондим, ота-она ва акаларимнинг фикрларига қўшилганим ҳам фойдадан холи бўлмаганини айтишим керак. Шу билан бирга, агар инсон ўзини қўлга олса, яхши орзу ва ниятларни мақсад қилиб яшаса, тинимсиз меҳнат қилса, умидбахш кунларга етиши мумкинлигига қатъий ишондим. Қолаверса, сенга яхшилик қилган устозлар, илм дарғалари, дўсту биродарлар ва қариндош-уруғлар ҳурматини жойига қўйиш зиммамиздаги маънавий бурч эканлигини англаш ҳам фазилат соҳиблари томон етаклашига ҳаётим давомида имон ҳосил қилдим.
Шуни айтишим керакки, ёшликдан кўнгил берган ижод, мутолаа завқи гарчи журналистикани танлаган бўлмасам-да, умр бўйи мени тинч қўймасди. Шу боис ёзишни, бадиий адабиётларни ўқишни канда қилмадим.
Бунинг бир исботи сифатида кўпгина Европа ва Осиё мамлакатларидаги музей, эҳромлар, шаҳар обидалари, олимлар билан суҳбат ва репортажларимнинг газета ва журналларда, китобча ҳамда брошюралар сифатида эълон қилинганлигини ва қуйида келтирилаётган қизиқишим орқасидан юзага келган “Буюк Ипак йўли йўллари”да кечган сафарларим, бу улуғ йўл ҳақида ўқиганларим, эшитганларим асосида ёзган қуйидаги мулоҳазаларимни сиз муштарийлар эътиборига ҳавола этмоқчиман.
* * *
Буюк Ипак йўлидаги масканларни диққат кўзи билан кўриш, бу борадаги хабарлар, ҳодисалар, воқеалар, турли-туман мамлакатлар халқлари орасидаги савдо муносабатларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва инсоният тарихидаги ролини ижобий тушуниб етиш кишидан тарихни яхши билишни, кўп мутолаа қилиш, ўша йўлларни кўриш, турли халқлар билан мулоқотда бўлишни тақозо этади. Ярим асрдан ортиқроқ вақтдаги илмий ва ижодий кузатувларим, таҳлил ҳамда адабиётлардаги маълумотлар, ўз кўзим билан кўрган-кечирганларим, сайёҳ ва томошабин сифатидаги таассуротларим жамланган мухтасар фикрларим денгиздан бир томчи эканлигини яхши биламан.
Менинг назаримда, Буюк Ипак йўлининг тарихини ўрганиш — мустақил Ўзбекистон тарихини ўрганишнинг таркибий ва узвий қисмидир. Бу мавзу бўйича тадқиқотлар олиб бориш, уларни кенг жамоатчиликка етказиш ҳозирги ёш олимларимиз олдида турган муҳим масалалардан биридир.
Ўтмишдан маълумки, Буюк Ипак йўли ташкил топмасдан аввал Марказий Осиё ва қадимги Шарқ ҳудудида турли-туман савдо (карвон) йўллари мавжуд бўлган. Ана шундай энг қадимги йўллардан бири — “Лаъл йўли” деб аталган. Бу йўл милоддан аввалги 3-2 минг йилликларда вужудга келгани айтилади. У Помир тоғларидан бошланиб, Эрон, Олд Осиё ва Миср орқали ўтган. Бадахшондан қазиб олинадиган лаъл тоши, ложувард қадимги шарқ заргарлари томонидан юксак баҳоланган. Бадахшон лаълиси ишлатилган буюмлар Миср фиръавнлари мақбараларидан ҳам топилган. Баъзи манбаларда бу йўл “Ложувард йўли” деб ҳам айтилади.
Яна бир қадимий савдо йўли — бу “Шоҳ йўли”дир. У Эрон аҳамоний шоҳларининг йўли бўлганлиги учун шундай номланган. У милоддан аввалги VI-IV асрлар Кичик Осиё шаҳарларини, Ўрта Ер денгизи бўйидаги Эфес, Сар ва бошқалар билан боғлаган бўлса, иккинчи бир тармоғи кўҳна Эрон пойтахтларидан бири Суза билан боғлаган. Мазкур йўлнинг иккинчи тармоғи Эрон, Бақтрия орқали Суғдиёна, Тошкент воҳаси ва ҳозирги Қозоғистон ҳудудидан ўтган ва Олтойгача борган. Тоғли Олтойда кўчманчилар зодагонлари яшаган, милоддан аввалги V-IV асрларга оид Пазариқ қўрғони очиб ўрганилганида кигиз, гилам, жун газламалар, олтин, мис ва кумуш буюмлар, Марказий Осиё ва Эрон матоларидан тикилган кийим қолдиқлари топилганлиги шундан гувоҳлик беради. Улар қалин муз қатламлари билан қоплангани учун яхши сақланган. Европа билан Осиёни боғловчи халқаро савдо ва мулоқот йўли ҳисобланган Буюк Ипак йўли ҳали ташкил топмасдан — милоддан аввалги икки минг йилликларда бошланган. Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон халқларининг жанубда Ҳиндистон ва Эрон, жануби-ғарбда Олд Осиё халқлари билан ўзаро алоқалари милоддан аввалги IX-VIII ва VI-V асрларга келганда янада кенгайди. Фарғонадан топилган Ҳақ ва Афлотун топилмалари фарғоналикларнинг бу даврда жанубий, жануби-шарқий Осиё халқлари билан яқиндан алоқада бўлганлигининг гувоҳидир. Умуман олганда, мазкур қадимий савдо (карвон) йўллари мамлакатлараро сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатларда катта ўрин тутган. Йўл ёқаларида карвонсаройлар, меҳмонхоналар, бориб-бориб, янги шаҳарлар қад ростлаган. Савдо йўллари орқали олиб борилган алоқалар натижасида кўпгина халқлар бошқа қўшни халқларнинг маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари билан танишган, ўзаро мол айирбошлаб, қўни-қўшничилик қилган. Шунингдек, бу йўллар урушлар даврида у ёки бу давлатнинг ҳарбий-сиёсий манфаатлари учун ҳам хизмат қилган. Ишлаб чиқариш муносабатлари ўсиши, халқаро алоқалар тараққийси, ташкил топган буюк салтанатлар, ўзаро бойлик орттириш, мамлакат ҳудудларини кенгайтириш каби омиллар, шубҳасиз, янги-янги йўлларни қидириб топиш, кашф этиш ёки бунёд қилиш эҳтиёжини юзага келтирган. Ғилдиракнинг кашф этилиши, ғилдиракли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши, катта-катта ҳарбий қўшиннинг муайян йўналиш бўйлаб силжиши учун ҳам доимо йўл зарур бўлган. Бинобарин, бу каби эҳтиёж ва тараққиёт силсиласида Буюк Ипак йўлининг ҳам ўзига хос ўрни бор.
Қадимги дунёда — Шарқ билан Fapб халқлари ўртасидаги тарихий-маданий алоқалар ва савдо муносабатлари тараққиётида Буюк Ипак йўли муҳим ўрин тутади. Бу йўлнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши бевосита Хитой билан боғлиқ.
Тарихий маълумотларга кўра, милоддан аввалги I минг йилликнинг 2-ярмида Хитойда бир неча давлатлар ташкил топган бўлиб, улар доимо бир-бирлари билан ёвлашиб юрганлар. Милоддан аввалги III асрга келиб, улар ичида Цинь подшолиги энг кучли давлатга айланади. Цинь подшоси гоҳида куч, гоҳида найранг ишлатиб, бошқалар ўртасидаги душманликдан фойдаланиб, бутун Хитойни итоат эттирди. Милоддан аввалги 221 йили Цинь подшоси ўзини “Цинь Ши-хуанди”, яъни биринчи Цинь хоқони, деб эълон қилди.
Хитойдан шимолда уришқоқ xyин қабилалари яшар, улар вақти-вақти билан мамлакат шаҳар ва қишлоқларига ҳужум қилиб турарди. Цинь Шихуанди мамлакатни хунлардан ҳимоя қилиш мақсадида бутун шимолий ҳудуд бўйлаб девор қуришни буюрди. Уни қуриш ва бузилган жойларини тузатиб бориш ишлари тўхтаб-тўхтаб, қарийб 1 минг йилча давом этди. Шундай қилиб, қалинлиги 5-6 метр, узунлиги 4 минг км келадиган, кейинчалик Буюк Хитой девори номини олган девор юзага келди.
Хитой подшолари мудофаа ишлари билан чегараланиб қолмай, балки мамлакат ташқарисидаги ерларни босиб ола бошладилар. Хитойда милоддан аввалги II асрдан то милодий II асргача ҳукмронлик қилган Хань хонадонига мансуб подшолар, айниқса, катта истилочилик урушлари олиб бордилар.
Шимоли-ғарбга томон муваффақиятли юришлар қилиш учун, аввало, хунларга қарши иттифоқчилар топиш зарур эди. Мана шу мақсадда милоддан аввалги 138 йили Хитой императори By Ди элчи Чжан Цянни кўчманчи хун қабилаларига қарши курашда иттифоқчи ва ҳамкорлар топиш учун жўнатди. Хунлар доимо Хитойнинг шимолий туманларига хавф солиб турганлар. Элчи хунлар қўлига асир тушади ва 10 йилча ҳибсда ётади. Бир кун келиб у асирликдан қочади. Марказий Тяньшань довонлари орқали Иссиқкўлга чиқади. Норин дарёси бўйлаб Фарғона водийсига тушади. У водийдаги давлатни (бу ўринда Довон, яъни Фарғона давлатини) ўзи учун кашф этиб, унинг подшосидан хунларга қарши курашда ёрдам олмоқчи эканини айтади. Фарғона ҳукмдори Хитой билан фақат савдо алоқалари ўрнатиш истагини билдиради, холос. Хитойнинг кўп сонли ва яхши қуролланган қўшини ниҳоят хун қабилаларни мағлуб этиб, узоқ вақт мобайнида шимолий-ғарбга олиб борадиган йўллар устидан ўз назоратини ўрнатди. Шундай қилиб, Чжан Цян юрган йўл бўйлаб милоддан аввалги II-I асрлар Хитойни Марказий ва Ғарбий Осиё билан боғловчи жаҳон аҳамиятига эга бўлган Буюк Ипак йўли деб аталувчи карвон йўлига асос солинди. Бу йўл орқали мавжуд йўналишлар бўйлаб Хитойдан ипак ташилар эди, ипак бутун дунёда жуда қадрланган. Хитойликлар ипак-шойи ишлаш усулини қаттиқ сир тутганлар, ипак савдосидан катта фойда олганлар. Шунинг учун ҳам кейинчалик бу йўл Буюк Ипак йўли номи билан машҳур бўлиб кетди. Янада аниқроқ қилиб айтганда, бу йўлга “Ипак Йўли” деган ном 1877 йилда немис тарихчиси К.Рихтгофен томонидан берилган, у илк бор ўзининг “Хитой” деб номланган рисоласида шу атамани қўллайди. Бунда мазкур йўл орқали олиб ўтилган ҳар хил матолар, буюмлар орасида ипак алоҳида ўрин тутганлиги эътиборга олинган.
Буюк Ипак йўли 12 минг чақирим узунликда бўлган. У Хитойнинг қадимий пойтахти Сиан шаҳридан сариқ денгиз соҳилларидан бошланиб, Шарқий Туркистон, Марказий Осиё, Эрон, Месопотамия орқали Ўрта Ер денгизи соҳилларигача бориб етган. Иккинчи йўналиш Марказий Осиё орқали Ҳиндистонга олиб борган. Бу йўлда қатор қадимий шаҳарлар жойлашган (Сиан, Дунхуан, Ёркент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Марв ва бошқалар). Савдогарлар молдан ташқари турли фан ва маданият соҳалари янгиликларини ҳам келтирганлар. Масалан, Суғдиёнадан Хитойга жун, газлама, гилам, безак буюмлари ва қимматбаҳо тошлар олиб борилган. Бақтриядан туялар, Фарғонадан наслдор отлар, Бадахшондан лаъл, Ҳиндистондан кумуш ва фил суягидан ишланган буюмлар, зиравор ва бошқа маҳсулотлар олиб борилган. Буюк Ипак йўлида жойлашган меъморчилик ёдгорликларини ўрганишда турли ҳунармандчилик буюмлари, тангалар топилган. Масалан, Термиздан Рим тангалари, Афросиёбдан Рим шамдонлари, Миср муҳрлари, Кушон тангалари эса Ўрта Ер денгизи ҳудудларидан топилган. Ўрта Осиё ҳудудларида ҳам антик даврдан бошланган тараққиёт жараёнлари, шубҳасиз, Буюк Ипак йўли билан узвий боғлиқдир. Хусусан, милоддан аввалги II асрдан бошлаб Хитой ва Ўрта Осиё тарихий-маданий вилоятлари билан савдо, ижтимоий алоқалар ривожланиб борди. Фарғона, Суғд ва Бақтрияга ипакчилик кириб келди. Кушонлар даврига (I-IV асрлар) келиб, Буюк Ипак йўлининг жанубий тармоғини, шунингдек, бир қанча маҳаллий ички тармоқларни назорат қилиш маҳаллий аҳоли қўлига ўтди. Маълумки, 2019 йил 25-27 апрель кунлари Пекинда “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форуми бўлиб ўтди. Хитой ташаббуси ўтган 5 йил давомида замонавий глобал ривожланиш кун тартибининг ажралмас қисмига айланди. У бугунги кунда Осиё, Европа ва Африканинг 4,4 млрд аҳолиси бўлган 60 дан ортиқ мамлакатини бирлаштиради. Ўзбекистон Республикаси “Бир макон, бир йўл” ташаббусини аввалбошданоқ қўллаб-қувватлади. Халқаро форумда сўзлаган нутқида Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёда ўзаро боғлиқликни кучайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал этиш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш, маданий-гуманитар ва туристик алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг автомобиль ва темир йўллар орқали жаҳонга чиқиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Буюк Ипак йўли анъаналари замирида Шимол, Жануб, Шарқ ва Ғарбга чиқадиган дарвозаларга эга бўлмоқда. Зеро, ҳеч бир мамлакат алоқа йўлларини, автомобиль, ҳаво ва темир йўл тармоғини ривожлантирмай туриб, тараққиётга эриша олмаган. Ҳеч шубҳа йўқки, Марказий Осиё давлатларининг бу соҳадаги баҳамжиҳат ҳаракати келажакда қудратли ва буюк давлатга айланишимиз, кўҳна Туркистон заминида яшаётган барча халқларнинг фаровон турмуши учун барқарор замин яратади ҳамда қадимий Буюк Ипак йўли орқали шаклланган анъанавий алоқаларимизга умрбоқийлик бахш этади.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирларида москвалик географ олим М.В.Волошников Буюк Ипак йўли Марказий Осиё минтақасининг 200 километрлик масофадаги қисмини тадқиқ қилиб ўрганиб чиқишга муяссар бўлди. У йўлдаги осори-атиқалар, тарихий бинолар, қўрғонлар, тунаш масканлари, саройлар, тоғ йўлларини суратга туширди. Ямчун, Панж, Помир, Турфан атрофларини кўздан кечирди, буддавий черковлар, ҳайкаллар, деворий суратлар, деҳқон хўжаликлари билан танишди. Илмий кузатувларини матбуотда эълон қилар экан, Буюк Ипак йўлининг Уди давридаги ғарбий чегарасидан фарқли ўлароқ шарқий чегараси Ўрта Осиё бўлганлигини таъкидлаб ўтади. Х-ХI асрларда йўлнинг мазкур минтақаси жуда ривож топади. Бунинг боиси Помир атрофида кумуш билан қимматбаҳо тошлар (шпинель ва бошқалар) қазиб чиқариш кўпайиши, улардан мол айирбошлашда фойдаланилиши бўлди. Россия империяси савдони кенгайтиради. Ғарбий мамлакатлар ҳам фаоллашади. Бунинг натижаси ўлароқ Ўрта Осиёнинг кумуш дирҳамлари ўша минтақаларда анча-мунча йиғилиб қолади. Шу даврлардаги Мурғобнинг Бозор-Дара кумуш конидаги ишни Испаниянинг Рио-Тинто олтин конидаги ишнинг кўзгудаги аксига ўхшатилганлиги тарихий манбалардан маълум.
Буюк Ипак йўли тарихи билан бир қаторда табиатнинг глобал ҳолатда бўлиб ўтган ўзгаришлари тарихи орасида ўзига хос аналогия (ўхшашлик) борлигига нима дейсиз? Ана шундай боғланишлардан бири ҳар ярим минг йиллик давр ичида Каспий денгизи сувининг кўтарилиши ва пасайиши, Буюк Ипак йўлининг гоҳ жануб томон ёки шимолга қараб сурилганлиги, табиат инжиқликлари ёки яхшиланиши ҳам шу ҳодисаларга боғлиқ ҳолда рўй берганлиги тарихий манбаларда қайд қилинади. Кейинги икки юз йилликда Каспий денгизи суви пасайиши Россия империяси ва кейин СССР деб аталмиш даврда катта давлатнинг таркиб топиши, ривожланиши билан характерланади. Катта кенгликларда узлуксиз трансконтинентал йўллар қуриб ишга туширилиши, Шарқий Украина билан Ғарбий Сибирь оралиғидаги чўл ва ярим чўл ўрмон зоналарида қишлоқ хўжалик экинлари учун жой очилиши бунга сабаб бўлган.
Ана шу тарихий ҳақиқатларни бироз бўлса-да, ўз кўзим билан кўриш ниятида ҳаётим давомида бир неча бор саёҳатларга чиқдим. Буюк Ипак йўлини кўриш, Ўрта Ер денгизининг суви бир-бирига аралашмайдиган Мармар, Эгей каби денгизларини, Санторин ороли ва бошқа оролчаларда вужудга келган боғлар, Нил дарёсининг денгиз қуйилиш ҳавзасидаги манзараларини томоша қилиш мумкинлигини эшитганимизда, шодланиб йўлга отланганман. Йўлнинг бошланишида Истанбулнинг “Тўп қопи” музейида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олтин сандиқда сақланувчи туя юнгидан тикилган чопонлари, биби Фотиманинг кумуш сандиқчадаги буюмлари, Каъбатуллоҳнинг эшиклари, Чориёрлар қиличлари каби буюмларни кўрдим. Босфор бўғозидан ўтиб борар эканмиз, пастдаги сувнинг тез оқимда Қора денгиздан Ўрта Ер денгизига қўшилаётгани қизиқарли туюлди. Шу куни вақт топиб, саккиз қаватли “Лев Толстой” теплоходи капитани Федор Зинько қабулига кирдим. Суҳбат давомида оқим остидан шунча сувнинг яна Қора денгизга қайтишини билиб олдим. Сув ости ҳаракатининг мавжудлигини билиб олишим мен учун янгилик бўлди, албатта. Суҳбатдан сўнг капитан менга ўзининг Ўрта Ер денгизи тизимига оид китобчасини, мен эса ўзимнинг Ўзбекистон Республикаси кимёгар олимлари ишларига бағишланган миниатюра хилида босилиб чиққан китобчамни ҳадя қилдим.
Саёҳатим давомида Санторин номли денгиз ўртасида ўсиб чиққан гулларга тўла оролни, порт шаҳару қишлоқларни томоша қилиб, Греция пойтахти Афинагача борган эдим. Шаҳарда бир неча кун бўлиб “Акрополь”, қадимий тош стадиони, бозорлар, апельсин, лимон, гуллар ва бошқа ўсимликлар тўла боғларини сайр қилдик. Буюк Ипак йўлига оид осори-атиқалар, бинолар, тарихга оид китоблар, музейлардаги экспонатлар билан танишганимни, Суриянинг Латақия номли портида теплоходда сайр этганимни унутолмайман…
Сўнгра 3000 йил олдин қурилган гўзал Пальмиранинг томи, деразалари ва эшиклари йўқ бўлиб, фақат баланд деворлари-ю устунлари қолдиқларини кўздан кечирарканман, чанг ва қум остида қолиб кетган шаҳарни тозалаб, очиқ осмон остида музейга айлантирган франциялик фидойиларга дилимда ташаккурлар айтдим.
Бу хотираларни эслар эканман, кенг дунёнинг бепоён масканларини, Орол денгизидан Қизил денгизгача бўлган мамлакатлардаги тоғли ўлкалар, гўзал гўшалар, оролларни томоша қилиб ўтишнинг ўзиёқ дилга ором, қалбга сурур бағишлайди. Ўтмиши неча минг-минг йилларга бориб тақаладиган она юртимизнинг ҳикматларга тўла тарихини, дунё аро ўз ўрнига бўлган алоқаларини, Буюк Ипак йўллари аро кечмишини, қани эди, ҳар бир юртдошимиз яхшироқ билса, ўрганса. Жаҳоннинг неча ўнлаб ўлкалари, шаҳарлари билан боғлаган бу йўл харитасини ўз кўзлари билан кўрса…
Зеро, ўтмишни ўрганиш ёруғ келажакка, истиқболга етакловчи йўлдир.
Қудрат АҲМЕРОВ,
кимё фанлари доктори,
профессор, Ўзбекистон Республикаси
халқ таълими аълочиси.