Ҳаётидан мамнун одамлар
Ўзбекистонда шаҳару қишлоқлар кўп. Лекин ҳар бирининг тарихи, географияси бошқа-бошқа. Зармитан ҳам шундай гўзал ва қадимий қишлоқ. Нурота тоғ тизмаси, тоғ-адирлар, дашту далаларга туташ бу масканни баланд қирлардан томоша қилсангиз, кўз ўнгингизда жозибали бир манзара намоён бўлади.
Овлоқ бу жойларда булоқлар кўз очиши билан сой ёқалаб Чормитан, Қизилбел, Тегирмоновул, Қўрғон, Қирқовул, Саксончел, Қувкалла, Бойтўп, Кўповул, Майинтепа, Сарой ва бошқа қишлоқлар пайдо бўлган экан. Маҳаллий аҳоли чорвачилик, деҳқончиликда донг таратган. Қўрасида қўй-қўзиси, мол-ҳоли, томорқаси ва боғ-роғи бор одам ўзига тўқ яшаган. Улар ҳар йил эрта баҳорда ерга уруғ сочган, чорваси ортидан дала-даштларни кезган, токзору мевазор боғларга меҳр бағишлаб, бунинг ортидан ҳаёт кечирган.
Айниқса, улар билан гурунг қилсангиз, юзлари қуёшда қорайган, меҳнатда тобланган инсонларнинг мароқли ҳангомасидан завқ оласиз. Одамлари жуда ажойиб: содда, самимий, меҳмондўст. Айниқса, оғизбирчилигига гап йўқ. Тўй-маърака, яхши-ёмон кунларда бир-бирига камарбаста, елкадош, маслакдош. Бу элда яна бир яхши урф-одат бисёр. Ёшлари бир-бирига эргашиб, ҳавас қилиб, илмга интилгани-интилган. Шу сабаблими, бу ердан кўплаб етук инсонлар, раҳбарлар, дарғалар етишиб чиққан. Бу анъана ҳозир ҳам бардавом. Мисол учун, кимнинг боласи олийгоҳга ўқишга кирса, ўша куни қишлоқда катта байрам, тўй бўлади. Чунки буни энг катта муваффақият деб билади. Бундай эътирофларни айтаверсак, бунинг ўзи том-том китоб бўлади.
* * *
Қўшработ! Бу элат ҳақида, балки, ўқиган, эшитгандирман. Аммо эътибор бермаганман. Тўғри, узоқ йиллар аввал раҳматли отам билан “Ўзбекистон 50 йиллиги” совхози деган жойига машҳур чорвадор Марди бобо Тўймуродов хонадонига тўйга борганмиз. Кеч бориб-қайтганимиз, худди қишлоғимиздагидек оддий тўйни тўйлаганимиз сабабли, бу ҳудуд ҳақида кўрган-билганларим деярли ёдимда қолмаган. Чунки у пайтлар бола эдим. Фақат хотирамда қолгани ўша тўйга борар чоғимизда отам бир инсон билан узоқ гурунг қилди. Уларнинг суҳбатидан эски қадрдонлар эканини англадим. Кейинчалик билсам, бу киши шу элда юксак ҳурмат-эътиборга эга инсон Абдуллахон эшон бобо экан.
Яна қайси бир йили ҳамқишлоғимиз Бойхўроз даллолнинг Тошкентда турадиган Абдуқаюми, кейинчалик Ашур тракторчининг Байти Қўшработдан уйланиб, қуда бўлиб борган меҳмонлардан бу манзил ҳақида, элнинг касб-кори, ҳаёт тарзи ҳақида сал-пал таассуротга эга бўлганман. Яқинларгача бу элат ҳақида кўрган-билган, эшитганларим шу эди…
Комбинатга ишга кирганим бу эл одамлари билан янада яқинлаштирди. Бир гал қизиқ бўлган! У ерга хизмат юзасидан бориб, қайтар чоғда тамадди қилиш учун туман марказида тўхтадик. Айни тушлик вақти бўлгани учунми, биз борган ошхона хўрандалар билан гавжум, жой тақчил экан. Бир киши овқатланаётган столга бориб, ёнига ўтирдик. Шуҳрат деб таништирган ҳамстол билан гурунгимиз анча қўр олди. Янги танишга туғилган жойимни айтдим. “Нурободлик бўлсангиз, танийсизми-йўқми, билмадим, у ерда бизнинг Ирисбой ака деган қадрдонимиз бор. Ҳамма “Отахон” деб мурожаат қилади. Исмидан кўра, лақабини айтсангиз, ҳамма танийди”, деди. У пайтлар отам раҳматли ҳаёт эди. Янги таниш ва отамни телефон орқали боғладим. Эски қадрдонлар узоқ гаплашди. Мана шу кутилмаган учрашув сабаб, ҳозир ҳам бу оила билан борди-келдилимиз.
Яна шунга ўхшашроқ воқеа бўлган. Қўшработ марказига қадрдонлардан бирининг тўйига таклиф этилдим. Даврабоши биринчи сўзни менга берди. Ниятларни айтиб, жойимга ўтиришим билан биз ўтирган даврага юзларидан нур ёғилиб турган бир киши келиб қўшилди. Саломлашдик. Бироздан сўнг у менга юзланиб: “Сиз Ирисбой аканинг ўғли бўласизми?” деди. Мендан саволига тасдиқ жавобини олгандан кейин: “Отангиз билан раҳматли дадам — Абдуллахон эшон бобо хўп қадрдон ошна эди. Дадангиз бизнинг уйда кўп меҳмон бўлган”, деди.
Ҳаёт қизиғ-а! Кутилмаган, кутмаган пайтда мана шундай ҳолатларга дуч этади. Бу кўрган-билганларимни айтиб ўтишимдан мақсад: яқинларгача мен яқиндан билмаган қўшработликлар бегона эмас, ота қадрдон одамлар экан.
* * *
ХХ аср ўрталари… Тарихий бир мўъжиза Зармитан ҳаётини ўзгартириб юборди. Машҳур ўзбек геолог-олими Иброҳим Ҳамробоев бошчилигида экспедиция машинаси ушбу ҳудудда носоз ҳолга келиши билан боғлиқ. Атрофни томоша қилиб турган олимнинг эътибори сой ўзанида олтин зарраларига тушади ва кафтига бир сиқим тупроқ олиб, диққат билан тикиларкан: “Бу юртнинг чангида ҳам тилла бор. Чормитан эмас, Зармитан экан бу ер”, дейди. Бу башорат кейинчалик геология-қидирув натижасида ўз исботини топди.
Олтмиш йилдан зиёд даврда бу ер улкан қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланди. Ҳудудда замонавий кончилик ва металлургия индустрияси — “Зармитан” ва “Ғужумсой” конлари, 4-гидрометаллургия заводи ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари, Заркентдек кўркам қўрғон барпо этилди. Жанубий кон бошқармаси таркибидаги бу бўлинмалар бугун юрт тараққиётига муносиб хизмат қилмоқда.
Айниқса, ўн бир ойда комбинат мутахассислари кучи билан барпо этилган 4-гидрометаллургия заводи Навоий кон-металлургия комбинати солномасида тарихий қадам бўлди. Бу ўзгаришлар юрт одамлари ҳаётини яхшилаш, уларнинг ишли бўлишига жуда катта туртки берди.
* * *
Заркент қўрғони — замонавий кончилар маскани! Қўшработ туманидаги энг обод гўшалардан бири. Тўрт тарафи қир-адирлар, тоғлар билан қуршалган кенг майдонда шундай кўркам жой борлигидан ҳайратга тушишингиз табиий. Равон йўллар, кенг кўчалар, шаҳарсозлик андозалари асосида қурилган кўп қаватли уй-жойлар, ишчилар ётоқхоналари, ижтимоий соҳа объектлари, боғ-роғлар — ҳаммаси мусаввир мўйқаламида яралган асарга ўхшайди.
Бу қўрғондаги шароитлар асло шаҳардан қолишмайди. Дид билан барпо этилган кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари, боғ-роғлар гўёки узукка кўз қўйгандек. Бундай бетакрор мўъжизанинг бунёдкори — Навоий кон-металлургия комбинати. Ушбу гигант корхона томонидан сўнгги ўн йилликда ишчи-ходимлар, ёш мутахассислар, ҳарбийлар учун 380 та хонадонга мўлжалланган 22 та кўп қаватли турар-жой, иккита 100 ўринли ишчилар ётоқхонаси, 26 ўринли меҳмонхона, 750 ўринли учта маиший бино, 130 ўринли иккита ошхона, ёнғин хавфсизлиги биноси ва бошқа кўплаб ижтимоий соҳа объектлари барпо этилгани ва уларда яратилган шароитлардан аҳоли жуда мамнун. Қўрғон марказлашган канализация тармоғига уланган. Бундай қулайлик ҳаттоки кўплаб туман марказларида ҳам йўқ. Бундан диллар шод, кўнгиллар обод.
Айниқса, комбинат томонидан қурилган “Кончи” маданият уйи, “Ёшлик” спорт мажмуаси, иккита минифутбол майдончаси, стадион, аквапарк ва бошқа мажмуаларда ишчи-ходимлар, уларнинг оиласи, маҳаллий аҳоли фаровон ҳаёт кечираётган бўлса, маданият ва спорт муассасаларида фарзандлари истеъдод ва жисмоний салоҳиятини оширмоқда. Бунда НКМК ходимлари касаба уюшмаси кенгашининг ҳам иштироки таҳсинга лойиқдир.
Ҳудудда саноат, ишлаб чиқариш ривожланиши ҳисобига йилдан-йилга аҳоли сони, қўрғон ҳудуди, уй-жойлар кенгайиб бормоқда. Буни 2000 йилда “Заркент” МФЙда бир ярим минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 4,8 минг нафарга етганидан ҳам ҳис этиш мумкин. Бу, албатта, турар-жойга эҳтиёжни янада ошираётгани турган гап. Шу боис ҳам ҳудудда қурилиш авжига чиққан. Бир томонда комбинат, бир томонда хусусий қурилиш субъектлари замонавий уй-жой, турли объектлар, хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этишда давом этмоқда. Шу билан бирга, шифохона, 26-умумтаълим мактаби, 165 ўринли 13-сонли болалар боғчаси, тадбиркорлар томонидан йўлга қўйилган 3 та хусусий боғча, 3 та ўқув маркази, 2 та тикув цехи, 3 та гўзаллик салони, 3 та сунъий қопламали кичик стадион, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш субъекти халқ хизматида. Ёш авлод келажаги, таълим-тарбияси, аҳоли фаровонлигини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.
Ҳудудни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, боғ-роғларга айлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Кейинги йилларда қўрғон атрофи тўлиқ яшил белбоғ билан ўралиб, 45 гектарлик мевазор боғ барпо этилди. Мевали ва манзарали ниҳоллар атрофга яшиллик, хуш кайфият бағишлаш билан бирга, етиштирилаётган мевалар аҳоли фаровонлигини ҳам таъминламоқда. Шунингдек, кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бу, албатта, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати, “Инсон қадри учун” эзгу тамойилининг амалдаги ифодасидир.
— Қурилишлар давом этиб, қўрғонимиз йилдан-йилга гўзаллашиб бораётир. Худога шукур, халқнинг топиш-тутиши, яшаши яхши. Элимизда тадбиркорлар кўпаймоқда. Айтишадики: “Эли тўқнинг — кўнгли тўқ”. Бугун қўрғонимиз таниб бўлмас даражага келди. Дориломон бир даврда яшаётганимиздан кўнгиллар яйрайди. Аввало, бундай шароитларни яратиб бераётган давлатимизга, хайрли ишлар бошида турган комбинатимизга катта раҳмат! Биз кексалар доим дуодамиз, — деди Абдуҳамид ҳожи Қурбонов. — Ҳар куни кечки пайт гўзарни айланаман. Аксарият аҳоли ҳам бу паллада бола-чақаси билан чиқиб, ёруғ кўчалар, хиёбонлар, боғлар, аквапарк атрофида сайр қилади. Уларнинг юз-кўзидаги чексиз шукроналик, мамнунликдан кўнгиллар яйрайди. Бу ғамхўрлик учун, энг аввало, давлатимизга, ушбу хайрли ишларнинг бошида турган комбинат маъмуриятига катта раҳмат! Бунинг барчаси оқилона сиёсатдан далолат.
* * *
Яхши биламизки, ҳар бир инсоннинг истаги уй-жой. Чунки уйи бор инсоннинг рўзғорида барака, ишида унум бўлади. Комбинат шонли анъанани давом эттириб, яқинда навбатдаги хайрли ишга қўл урди. Заркентда 32 хонадонга мўлжалланган тўрт қаватли хизмат уйи ишчи-ходимларга топширилди. Мазкур турар-жойнинг 24 таси икки хонали, 8 таси эса уч хонали бўлиб, ушбу турар-жойни қуриш ишларига комбинат томонидан қарийб 17 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Шу ўринда мазкур уйни лойиҳалаш ва қуриш ишларини комбинат тўлиқ ўз кучи билан амалга оширганини айтиб ўтиш жоиз. Бунда Марказий лойиҳалаш бюроси, Зарафшон қурилиш бошқармаси, “Навоий” қурилиш-монтаж бошқармаси, “Саноатэлектрмонтаж” трести ва Жанубий кон бошқармаси моҳир қурувчиларининг хизматлари таҳсинга муносиб.
— Касбим тақозосидан келиб чиқиб, мен ҳам бўёқчи сифатида ушбу уй-жой қурилишида иштирок этиб, заркентликлар билан танишдим ва кўплаб қадрдонлар орттирдим. Бу замин одамлари жуда бағрикенг, меҳмондўст экан. Тез-тез ўзбекона лутф билан ҳол-аҳвол сўраб турди, — деди “Саноатэлектрмонтаж” трести ишчиси Лобар Усмонова.
Яна бир эътирофга арзигулик жиҳати, янги уй соҳиблари учун қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир хонадонга комбинат ва Касаба уюшмаси кенгаши томонидан газ плитаси, сув иситкич, санузел ўрнатиб берилди. Шунингдек, янги уй ҳудудида болалар майдончаси, йўлаклар, ўриндиқлар ва бошқа шароитлар яратилгани уй эгаларини мамнун этди.
— Ўзим пастдарғомликман. Келинингиз Гулшан Бўтаева Нурободдан. 2017 йилдан буён комбинат тизимида ишлайман. Оиламиз билан ўз уйимиз бўлишини орзу қилардик. Мана, ниятимизга етдик. Бундан оила аъзоларим, барча яқинларим жуда хурсанд. Бу, албатта, биз учун муносиб совға бўлди. Қизалоқларимнинг қувончига қаранг, — деди Нурмуҳаммад Шоназаров. — Ҳаттоки бу хушхабардан ота-онам, яқинларим — барча-барчаси жуда мамнун. Бу ғамхўрлик учун давлатимиздан, мана шундай шарт-шароитларни яратиб берган комбинатимиздан чексиз миннатдормиз. Янги уй соҳиблари республикамизнинг турли вилоятларидан келган мутахассислар, ёш оилалар экан. Насиб бўлса, улар билан иноқ, тинч-тотув яшаб, борди-келдили бўламиз.
Бу ҳудудда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кейинги босқичда ҳам давом этади. Жумладан, 160 та хонадонга мўлжалланган ва лифт билан жиҳозланган тўртта беш қаватлик уй-жой, Жанубий кон бошқармаси маъмурий биноси, 500 ўринли “Кончи” маданият уйининг янги биноси, барча қулайликларга эга 400 ўринли маиший бинони қуриш режалаштирилган. Бу, албатта, ҳамкасбларимиз ва уларнинг оила аъзоларининг замонавий шароитларда яшаши, ишлаши учун янгидан-янги шароитларни яратиши шубҳасиз! Айниқса, янги маданият уйи қад ростлаши Заркентнинг истеъдодларни тарбиялайдиган энг кўркам маскани бўлишига ишончимиз комил.
Ҳа, бугун ўз ҳаётидан мамнун одамлар фаровон ҳаёт тарзи, шукроналигини кўриб, очиғи, ҳавасимиз келди. Албатта, бу юртимизда кезаётган тинчлик-хотиржамлик, ислоҳотлар самараси туфайлидир.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
