Мен қандай қилиб уй қурдим?
ёхуд бой берилган имкониятлар ҳақида ўйлар
Бу йил ёзда ҳовлимизда кичкина иморат солдик. Маблағ етадими-йўқми деб иккиланиб, Аллоҳга таваккал қилиб, тўкилиб турган уйимизни бузиб қуришни мақсад қилдик. Уйни бузиб солиш осон эмас экан, иши тушганлар билади буни. Инсофли, ғайратли ва фаҳмли уста топиш ишнинг энг муҳим қисми саналади. Эртаю кеч осон ва енгил бўлишини сўраб Ўзига дуо қилдим, ўтиндим, топиндим. Бузишдан қуришгача ишни зиммасига оладиган усталарни даракладик. Ҳар хили келди. Бола-чақасини ўйлаб, уйидан ризқ излаб чиққан қоракўзларни кўриб эзилиб кетаман. Кўзлари ичига чўккан ҳорғин нигоҳлар, орзулари кўмилган мардлар. Эркаклар гаплашади, уйни кўрсатади, икки томон талабларини айтади, кузатаман. Аввалги йил уй қурган тажрибали акам “Нуриддин устани чақиринглар” деб тайинлайди. Ниҳоят, Нуриддин уста келди, қўлида иш бор экан, уйни кўрди: “Жуда тор жой экан, йўлак узун, ҳовли учбурчак, материални қўлда ташиймиз, анча қийин экан-да”, дея иккиланди… “Маслаҳатлашай-чи”, деб кетди. Кутдик. Ниҳоят, ошналарини кўндирганини айтди. Бунинг сабабини кейинроқ билдик.
Усталар… Мардикор дейишга тилим бормайди. Кўнглимда қолиб кетган армонларим. Ҳар бири алоҳида шахсият, тақдир, бой берилган имконият. Чироқчилик синфдош йигитлар Нуриддин, Акбар, Баҳром, Азизбойлар, Толиббой. Барака топишсин! Ҳалол, чин дилдан меҳнат қилдилар. Тезкор, меҳнаткаш йигитлар. Уйимизнинг ҳар бир бурчагида уларнинг меҳнатининг изи бор. Камгап, аммо ишни дўндирадиган йигитлар. Фаҳм-фаросати, зеҳни бор, фикрли болалар.
Усталар ҳал бўлди, асосий машмаша энди бошланди. Уй қуриш учун шаҳарсозликдан рухсат олиш керак экан, ҳужжатбозлик, ортиқча тўловлар, розилик бермайдиган қўшнилардан розилик олиш. Уй бузилиб очилганда маълум бўлдики, қўшнимиз биз томондан узунлиги 8 метр жойдан эни 1 метрга яқин ерни ўзиникига қўшиб ўзлаштирганлиги сабаб жойимиз қийшиқлиги ҳам ойдинлашди. Қўшниларим — эр-хотин Мирзо Улуғбек туманининг кўзга кўринган қозиларидан экан. Улар: “Ҳеч нарса қила олмайсан, шаҳар ҳокимлигининг қарори бор”, деди. “Кўрсата оласизми?” десам, “Ҳозир топа олмадим, хотин қаергадир қўйган бўлса керак”, деб каловланди. Прокурорнинг гапига ҳам кулгинг, ҳам йиғлагинг келади. Судлашиб-судрашиб юришга сабримиз етмади. Кўндик, шу пайтгача яшаган тор еримиз кенгайганда нима бўларди-ю, кенгаймаса сиғмай қоламизми, деган таскинни ўйлаб топиб, юпандик. Борига итоат этиш миллий характеримиз-ку! Тегишли идораларга архитектор деган лицензияси бор мутахассис орқали лойиҳани тақдим этиш зарур экан. Устадан ҳам оғирроқ кечди бу масала. Уларнинг нархлари аввалдан “бичилган”, жуда қиммат, ўзи чизадиган саводлилари эса ҳовлининг уч бурчаклигини кўриб, эшитишни истамади. Янгича усулда чизадиганларга яқинлашиб бўлмас экан. Хуллас, ўзимиз сингари фақиргина, “инсофли” лойиҳачини ҳам суриштириб топгандай бўлдик. “Чизиб, рухсатини олиб бераман, 500 доллар берасиз. Ҳали ҳам сизни аядим, бу район қиммат, окалардан илтимос қиламиз”, деди. Қурилиш тугай деяпти, аммо рухсат ололмаймиз. Нақ уч ойга чўзилди бу жараён. Бир дунё ҳужжатларни сўрашди. Ёзилмаган қонунларга амал қилдириш сиёсати қурилиш идораларида сақланиб қолган экан. Ёнғин хавфсизлиги, СЭС идорасидан рухсат. Лойиҳачига берилиши керак миқдордаги пул ҳужжатларга кетиб қолди. Бошқа йўли йўқ, ўзимиз юклаган лойиҳага уч марта ҳам “отказ” олгандан кейин ноилож кўндик. Аванс талаб қилди, бердик. Бир дунё асбобни олиб келиб, ҳали у ерга қўяди, ҳали бу ерга қўяди, усталарга халақит беришдан бошқа гап йўқ. Лойиҳачи йигит қиммат машинада келиб, у ёқдан бу ёққа ўтади, компьютерда чизилган чизмаларни кўрсатади. Тайёр чизмаларни сал ўзгартириб олиб келади, фойдасиз. Усталар аввал аралашмади: кузатади, ўрнини билади, гапини исроф қилмайди. Лойиҳачининг сўнгги русумдаги ваҳимали машинасига қарайди. Булар қийналиб топган пулни у бир нафасда ўтириб топади.
Усталар… уларнинг имкониятини кимлардир хомталаш қилиб ташлади, ҳаққини адо қилиш кимнинг зиммасидаги иш?
Ҳовлимиз учбурчак шаклида бўлганлиги учун алоҳида ёндашувни талаб қиларди. Мен: “Ёруғликни ҳисобга олинг, ҳар бир хонага табиий нур керак”, дея тинмай такрорлайман. Лойиҳачидан тузукроқ таклиф ололмадик. Қурилишга рухсат олиб бериш ваколати борлиги учун ундан воз кеча олмаймиз ҳам. Усталар аниқ лойиҳани қистайди. Акам ва укам 30 йиллик тажрибали қурувчи бўлганлиги учун ўзимизча хомаки лойиҳа қилдик. Ниҳоят, 2-қаватга зина масаласи кўтарилди. Лойиҳачи меҳмонхонанинг тўридан зинага жой қолдирибди. Мен: “Келган-кетганлар 2-қаватга меҳмонларнинг олдидан тушиб чиқадими?” деб сўрайман. Ундан ҳам ёмони, у ҳожатхонага ошхона орқали ўтадиган қилиб чизиб келибди. Мен: “Ойнам, бети жувиқсиз одам ошхонани босиб кириб чиқадими? Ҳеч бир тузукроқ нарса қилиб бера оласизми?” десам, “Кеннайи, бу хайтек пасон, ҳожатхонага киришнинг бошқа йўли йўқ, тушунмайсиз-да”, деди. Охири Акбар уста ёрилди. “Опа, нимасига пул берасизлар бунга? Бизлар тирноқлаб пул топамиз, бу киши ғўддайиб 500 доллар олиб кетади, арзийдиган гапи йўқ”, деб қолди. Бир қарасам, усталар кесакда ерга чизяпти. Баҳром ва Азизбой ҳам ниманидир чизяпти. Секин укамни туртиб: “Ановиларга қара-да”, дедим. Ҳар бирининг пухта ва асосли гапи бор. Акбар: “Аслида, зина 15 см бўлиши керак, агар 17 см дан қилсак, 22 та зина бўлади, шунда 2-қаватга йўлакдан тўғри кўтарилади ва ҳожатхонага зинанинг тагидан эшик очсак бўлади”, деди. Ҳаммага жон кирди. Жуда зўр топилма эди. Кўздан пана жойдан фойдаланишнинг зўр усули. Хонага ёруғлик масаласида ҳам йигитлар жуда оригинал фикрлар берди, ҳамма хонам ёп-ёруғ. Охири лойиҳачига: “Чизмасанг ҳам майли, фақат рухсат олиб берсанг бўлди”, деб келишдик. У барибир пулини олди. Йигитлар қисинибгина айтаётган таклифлар жуда пишиқ эди. Улар уй қуриш илмидан яхшигина хабардор экан. Ёмғир ва шамол йўлини аниқлаш, қиблани доим ҳисобга олиш, ёруғлик манбаига тўғри боғланиш, эшик ва деразалар орасидаги уйғунлик — барчаси халқона илм ва тажрибанинг ҳосиласи эди. Учбурчак жойдан мўъжазгина тўртбурчак уй тушди. Кутубхонамнинг ярми террасага уланди. Уста зинани ҳар куни ўлчаб, деворга чизиб чиқади. Қаерда бурилади, қаерда тўхтайди — ҳаммаси аниқ физик-математик ҳисоблар. Улар чинакам ишининг устаси, билимли йигитлар экан. Лойиҳачи зинага қараб, ўзи ҳам ичида тан берса-да, “Барибир мен айтгандай бўлибди-ку”, деб қўйди. Усталар мийиғида кулиб, сўзсиз бир-бирларига қараб қўйишди. Акбар: “Қани, шу йигитнинг қоғози менда бўлса-ю, даврим келарди: болаларимни ўқитардим, ўзим ҳам чангга беланиб, кесак қучоқлаб юрмасдим”, деб ўкинди. Бой берилган имкониятлар… эсизгина болалар… Нуриддиннинг боласи касал, Баҳром бу йил мактабни битирган қизини узатиши керак, бировининг соғин сигири овсил бўлган… ҳаммасининг дарди бор. Жуда ториқиб кетганда: “Энангни эмгур, қани энди, ишдан қайтиб уйингга борсанг, кам-катикни қилсанг”, дейишади. Ҳар куни телефонда гаплашишади.
Уларнинг орзусига қизиқдим. Пул топиш, уй қуриш, тўй қилиш… ичларим эзилиб кетади. Эй, шоир иним, мен айта олмай чайналган гапларни бир зарбда айтган экансиз-ку…
Математика дарсини
Пахтазорда ўтганлар,
Пуллик муаллимларга
Пули бори кетганлар.
Коллежларда бемурод
Совурилган соатлар.
Нелигини билмасдан
Ўрганилган одатлар…
Мен энг катта ва ёруғ хонани кутубхона қилишни айтарканман, очиқ кўнгил Азизбой (эркалаб шундай чақирардим): “Опа, китобларингиз кўп экан, маза қилади-да болаларингиз. Қани энди бизам шуйтиб ўқитсак”, деб орзуланади. Илоҳим, ниятингга етишгин!
Овқат қилаётиб, уларнинг суҳбати қулоғимга чалинади. “Борайлик, тонггача карта ўйнайман, ютқизсам ҳам майли, маза қилганим қолади”, “Ўйланма, қозоқ борамиз”, “Борганман қозоққа ҳам”, “Россияга борамиз”, “Депортман”… Одамзоднинг мақоми, ўрни, мавқеи…
Энди чўзилган гапнинг индаллосига келсак… Бу йигитларнинг оҳи бизни урмайдими, уларнинг тақдири учун жавобгарлик йўқми? Жавоби бордир… бўлар, албатта бўлади… Баҳайбат иморатлар қилаётган айрим нопок амалдор порахўрлар, халқ ҳаққидан қўрқмаётган мансабдорлар, миллатни алдаётган кимсалар бу дунёда қутулиб кетар, аммо чин ҳақиқатдан қочиб қутула олмас… Шеърни болаларимга қўйиб эшиттирдим. Афсуски, нима учундир уларга бу шеърни айтиб бера олмадим… Ош ҳеч кимнинг бўғзидан ўтмади, кўзлар гилдиради…
Ўқимаган болалар,
Дардингизни айтдим мен.
Ҳаётга қўёлмаган
Шартингизни айтдим мен.
“Ҳали уйлар соламиз,
Ҳали тўйлар қиламиз.
Билмаганлар билади,
Эл қатори бўламиз!..”
Санобар ТЎЛАГАНОВА,
филология фанлари доктори,
профессор.
