Сунъий интеллект

ҳар қандай кучли воситалар сингари у ҳам хавфлардан холи эмас!

— Самадов?

— Лаббай, устоз…

— Қани, туриб жавоб бер-чи, Ньютоннинг биринчи қонуни нима ҳақида?

Эриниброқ ўрнидан турган курсдошим устозга қараб:

— Ҳаа… бу… объектга ташқи куч таъсир қилмаса, у ўз ҳолида қолади, — деди бироз ноаниқ ва ишончсиз оҳангда.

— Баракалла, ўтир. Сизларга туринглар, жавоб беринглар деб савол бермаса, жойларингдан жилгиларинг ҳам келмайди-я. Ўзи талабалар Чат-жи-пи-тига ўхшайди, савол бермагунингча жавоб бермайди, берсанг, билса-билмаса, гапни олиб қочиб гапираверади…

— Ҳаа… Устозлардан бу гапни тез-тез эшитавериб, ҳадеганда “зет авлодлигимизни” таъкидлайверадиган танишларнинг гап-сўзларидан қулоғимизнинг ҳам дийдаси қотди. Хоҳлаймизми-йўқми, вақт ўтган сайин тушуняпмизки, бугун танобини тортмасак, эртага бизнинг танобимизни тортиб қўядиган билимлар бор.

Ҳозирги кунда “ChatGPT” ёки бошқа сунъий интеллект тизимлари билан ишлаш – янги авлоднинг кундалик тажрибасига айланган. Улар билим манбаи ва ёрдамчи сифатида, ҳатто ижодкор шерик сифатида ҳаётимизга кириб келди. Устознинг: “Ўзи талабалар Чат-жи-пи-тига ўхшайди, савол бермагунингча жавоб бермайди…” дегани нафақат юмор, балки ҳаётий ҳақиқат. Сунъий интеллект ҳам шундай: унга аниқ савол берилмаса, фойдали ва асосли жавоб олиш қийин. Шу боис бугун бизга керак бўладиган биринчи нарса – билимни бойитиш ва уни излашга тайёр бўлишдир. Сунъий интеллектнинг ижобий томонлари жуда кўп. Масалан: у катта ҳажмдаги маълумотларни сонияларда таҳлил қилиши, мураккаб ҳисоб-китобларни тезлик билан бажариши ва инсоннинг ижодий ишларини янада бойитиши мумкин. Сунъий идрок ёрдамида тиббиётда касалликларни эрта аниқлаш, илм-фан тадқиқотларини тезлаштириш, ҳатто тил ва маданиятларни бирлаштириш имконияти мавжуд. “Google Scholar”, “Gemini”, “Kling AI” ёки “ChatGPT” каби воситалар ёрдамида талабалар ўз билимини кенгайтириши, ижодкорлар янги ғояларни шакллантириши мумкин.

Сунъий интеллект аллақачон инсонлар ҳаётига шу қадар чуқур кириб бордики, ҳатто у билан “турмуш қурганлар” ҳам бор экан. Чет эл ОАВда бир нечта шундай ҳолатлар муҳокама марказига чиқди: айрим инсонлар сунъий интеллект асосида яратилган виртуал ҳамроҳ билан “расмий” муносабат ўрнатганини эълон қилган. Масалан, АҚШ ва Японияда СИ — сунъий интеллект-ботлар билан никоҳ рамзий маросимлар орқали “қайд этилгани” ҳақидаги хабарлар жамоатчиликни иккига бўлди — кимдир буни замон таъсири деса, кимдир жамиятдаги ёлғизлик ва руҳий бўшлиқларнинг оқибати деб ҳисоблади. Бу ҳолат сунъий интеллектнинг имкониятларидан кўра, инсоннинг унга бўлган руҳий боғланиши қанчалик кучайиб бораётганини кўрсатади. Олимлар бундай жараённи эҳтиёткорлик билан таҳлил қилиш лозимлигини таъкидлашган. Чунки сунъий интеллект инсонни тушунаётгандек туюлса-да, аммо у ҳис қилмайди, жавобгарликни зиммасига олмайди ва ҳақиқий ижтимоий муносабатларнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Шу жиҳатдан, сунъий интеллект билан “муносабатлар” технология тараққиёти билан бир қаторда, инсоният олдида турган психологик ва ахлоқий саволларнинг жавобини кўндаланг қўймоқда.

Аммо, ҳар қандай кучли восита каби, сунъий интеллект ҳам хавфлардан холи эмас. Салбий томонлари орасида нотўғри ёки манипуляцион маълумот тарқатиш, шахсий ҳаётга тажовуз қилиш, ҳатто айрим иш ўринларини автоматлаштириш орқали қисқартириш хавфи мавжуд. Шу боис сунъий интеллект билан ишлашда эҳтиёткорлик ва танқидий тафаккур энг зарурий воситалардан бири ҳисобланади. Одамлар ўз билимини фаоллаштирмаса, сунъий интеллект фақатгина кўмакчи бўлиб қолади, бошқарув эса унга ўтиб кетиши мумкин. Шунингдек, аксарият одамлар саломатлик ёки диний масалаларда сунъий интеллектга ҳаддан зиёд ишониб, нотўғри маслаҳатлар олиш ҳоллари ҳам учраб туради. Масалан, сўнгги йилларда “ChatGPT” ва бошқа сунъий интеллект тизимлари томонидан берилган нотўғри тиббий ёки руҳий тавсиялар натижасида, фойдаланувчилар саломатлигини хавф остига қўйган ҳолатлар қайд этилган. Баъзилари эса диний масалаларда маълумот сўраб, ўз қарорларини сунъий интеллект тавсияларига таянган ҳолда қабул қилган. Бу ҳолатлар олимлар ва мутахассисларни огоҳлантиради: сунъий интеллект ёрдамчи бўлиши мумкин, аммо инсоннинг танқидий тафаккури, билим ва маслаҳатларни ҳақиқий манбалардан текшириш қобилияти ҳар доим биринчи ўринда туриши лозим.

Келажакда сунъий интеллектнинг қандай ривожланиши кўп жиҳатдан бизнинг унга муносабатимизга боғлиқ бўлади. Олимлар фикрича, сунъий интеллект инсоният билан ҳамкорлик қилувчи, ахлоқий ва ҳуқуқий чегараларга риоя қиладиган тизимга айланади. Илон Маск ва Стивэн Хокинг каби мутахассислар сунъий интеллектнинг салоҳият хавфини таъкидлаган бўлсалар-да, тўғри бошқарилса, у инсоният тарихидаги энг катта ютуқлардан бирига айланиши мумкинлигини билдирганлар. Машҳур ёзувчи Айзек Азимов сунъий интеллектни нафақат илмий-фантастик ғоя сифатида, балки инсониятнинг ахлоқий ва масъулиятли муносабатини синовдан ўтказувчи восита сифатида кўрган. Унинг машҳур “Учта робот қонуни” – роботлар инсонларга зарар етказмаслиги, инсон буйруқларига бўйсуниши ва ўзини ҳимоя қилиши лозим деган қоидалар – ҳозирги кунда сунъий интеллект хавфсизлиги ва ахлоқ меъёрлари ҳақида олиб борилаётган илмий баҳсларга бевосита тааллуқли. Унга кўра, робот ҳеч қачон инсонга жароҳат етказмаслиги, ҳатто ҳаракатсиз қолиш орқали ҳам инсоннинг зарар кўришига йўл қўймаслиги лозим. Робот инсон томонидан берилган буйруқларга бўйсуниши шарт, аммо бу буйруқлар инсонга жароҳат етказишга сабаб бўлса, бажарилмайди. Шунингдек, робот ўз мавжудлигини ҳимоя қилишга мажбур, бироқ бу ҳимоя инсонга жароҳат етказмаслигига ва инсон томонидан берилган буйруқларга бўйсунишига қарши келмаслиги керак. Ҳозирги вақтда сунъий интеллектнинг ривожланиши айнан Азимовнинг огоҳлантиришларини тасдиқлаётгандек, технология инсон билан ҳамкорлик қилса, илм-фан ва таълимда инқилобий ўзгаришларни амалга ошириши мумкин, аммо нотўғри ишлатилса ёки инсон томонидан масъулиятсиз бошқарилса, хавф ва нотўғри қарорлар келтириб чиқариши мумкин. Келажакда СИ ривожланиши Азимов келтирган принципларга амал қилса, у инсоният учун ҳақиқий шерик ва ёрдамчи бўлади, илм-фан ва таълимни бойитади, мураккаб ишларни осонлаштиради ва инсон тафаккурини янги даражага кўтаради. Шу тариқа, фантастик ҳикоялар бугунги кундаги технология билан учрашиб, сунъий интеллектнинг ижобий келажаги фақат инсоннинг масъулиятли ёндашуви билан боғлиқ эканини кўрсатади. Айзек Азимовнинг “Ўқитувчи одам бўлган экан” ҳикояси сунъий интеллект келажаги ҳақида башорат дейиш мумкин. Ҳикояда роботлар ва СИ билан тўла муҳитда улғайган болалар тасвирланади, лекин улар ҳақиқий билим ва ахлоқий қадриятларни инсон ўқитувчилар орқали олади. Шу билан бирга, ҳикоя технология қанчалик ривожланган бўлмасин, инсоннинг таълимдаги роли ва масъулияти ажралмаслигини кўрсатади. Ҳикоя СИ тизимлари келажакда қандай ривожланса ҳам унинг фойдаси ва хавфсизлиги фақат инсон тафаккури ва билимли ёндашувга боғлиқ эканини кўрсатади.

Шунингдек, бугунги кунда кўпчилик сунъий интеллект имкониятларидан бехабар бўлиб, СИ орқали яратилган видео, расм ва бошқа контентларни ҳақиқий ва сунъий маҳсулотдан ажрата олмаяпти. Бу оддий ҳолатдек туюлиши мумкин, лекин келажакда сунъий интеллектдан хабардор бўлмаслик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин: ёлғон ва манипуляцион маълумотлар қуршовида қолиш, шахсий ҳаётга тажовузлар, иш ва карьера масалаларида қийинчиликларга дуч келиш хавфи ортади. Шу сабабли, бугун СИ билан ишлашни билиш, танқидий тафаккур ва технологиядан хабардор бўлиш келажакда муваффақият ва хавфсизликнинг калити бўлади.

Сунъий интеллект бугунги дунёда нафақат технологик ютуқ, балки инсоният ҳаётини шакллантирувчи кучга айланяпти. У билим олиш, ижодий ишларни бойитиш, мураккаб жараёнларни тезлаштириш имконини беради, лекин унинг хавфсизлиги ва фойдаси фақат инсон тафаккури, ахлоқий масъулияти ва танқидий ёндашувига боғлиқ. Шу боис билимни фаоллаштириш, технологиядан хабардор бўлиш ва СИ билан масъулиятли ишлаш нафақат шахсий муваффақият, балки жамиятнинг барқарор ривожи учун ҳам зарур.

Фарангиз АБРУЕВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети

талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × two =