Аёл йиғламасин!

Сайёра САМАНДАР,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

 

Аёл йиғламасин!

Унинг кўз ёши

Оламни айлагай гирдобида ғарқ.

Аёл йиғламасин!

Унинг кўнглида

Умид дарахтлари ёзаверсин барг.

 

Аёл йиғламасин!

Кўзлари кулсин,

Йўлидан адашсин ул девона дард.

Тиллодан яралган остонасини

Ҳар куни бир бора йўқлаб борсин бахт!

 

Аёл йиғламасин!

Бахтларга тўлсин,

Кўнглига қўнмасин зарра ғубор, гард.

Ёнида елкасин тутар тоғ бўлсин,

Топилсин кўзларин артиб қўяр мард!

 

* * *

То баҳор етгунча сенга

Мен баҳор бўлдим, элим.

Янги тонг отгунча токи

Хуш наҳор бўлдим, элим.

 

Майса бўлди кипригим, оҳ,

Ҳол сўраб, бердим кўнгул.

Сен агар ёр истадингки,

Мен шу ёр бўлдим, элим.

 

Қор-қировда юзларингга

Юз қўйиб, бўлдим мадад.

Лола гуллар васлигаким

Чин хумор бўлдим, элим.

 

Сен сўра ҳолимни энди,

Энди сен кўнглумни ол.

Ҳам куз-у ҳам қиш ичинда

Мисли хор бўлдим, элим.

 

Барг ёзиб боғу чаманлар

Барқ уриб очгай чирой.

Токи япроқ ёзгунича

Ғамга дор бўлдим, элим.

 

Мен сенинг қошингда бўлдим,

Энди сен қошимда қол.

Хуш ифоринг бўйларидан

Бахтиёр бўлдим, элим.

 

Олам ичра келди кўклам,

Қолмади ҳеч иш манга.

Аҳли ошиқ ёна кетдим,

Ишққа зор бўлдим, элим!

 

То баҳор етгунча сенга,

Мен баҳор бўлдим, элим…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + fifteen =