Фарғона заминида Дўстлик форуми

Қардошларнинг дўстлик анжуманларини ўтказиш анъанага айланган. Ўтган ҳафта бошида Фарғона вилоятида “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Дўстлик форуми” бўлиб ўтди.

Бундай форумлардан кўзланган асосий мақсад — халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Қардош халқларнинг бу каби самимий мулоқоти ўзаро ҳамжиҳатликни яхшилаш, маданий-маърифий соҳадаги алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Албатта, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда мазкур тадбирларнинг аҳамияти беқиёс.

Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондан ташриф буюрган меҳмонлар Фарғона халқаро аэропорти ҳамда Марғилон темир йўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди. Шарқона қадриятларга кўра, иштирокчиларга меҳмондўстлик анъаналарига хос ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзесида жойлашган “Дўстлик уйи” рўпарасидаги файзли хиёбонда концерт дастури ташкил этилди. Унда миллий куй-қўшиқлар, эстрада оҳанглари, қардош халқларнинг севимли тароналари жаранглаб, барчани шодон даврага чорлади.

Мусиқий дастурда ҳам бунёдкорлик ва яратувчанлик, инсоний фазилатлар ва эзгу қадриятлар тараннум этилиб, мамлакатларимизда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлиши учун энг яхши тилаклар билдирилди.

Ўтган йилнинг 31 март куни — Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида “Дўстлик стеласи” тантанали равишда очилган эди. Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон туманида жойлашган қардош халқлар рамзи ҳисобланган ушбу мажмуада бўлиб, унинг пойига гуллар қўйишди.

“Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Дўстлик форуми” доирасида турли мавзуларда маънавий-маърифий учрашувлар ҳамда байрам тантаналари бўлиб ўтди.

Форум иштирокчилари учун Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзесида жойлашган “Дўстлик уйи” рўпарасидаги хиёбонда театрлаштирилган концерт дастури ташкил этилди. Қардош халқларга хос эзгу қадриятлар тараннум этилиб, миллатлараро дўстлик, тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлиши учун энг яхши тилаклар билдирилди. Тадбир қатнашчилари “Дўстлик уйи”да турли миллат ва элатларнинг ҳунармандчилик, миллий таомлар ва либослар кўргазмаси ҳамда халқ амалий санъати намуналари билан танишдилар.

Айни пайтда бу ерда 8 та миллий маданий марказ — тожик, қирғиз, турк, корейс, немис, татар, славян ва яҳудий марказлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Юзма-юз мулоқотда ҳар бир марказ вакиллари ўз миллатига хос урф-одатлар ва қадимий анъаналарни бадиий чиқишлар орқали намойиш этишди.

“Дўстлик стеласи” — қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик рамзи” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси раиси Гулруҳ Аъзамова “Дўстлик стеласи” рамзининг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурлигини таъкидлади. “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамияти ижрочи директори Эркин Нуриддинов, Қирғизистон Республикаси ўзбек миллий маданий маркази раиси Бахтиёр Қадиров, “Ўзбекистон – Қирғизистон” дўстлик жамияти фаоли Шаҳзода Садиқовалар сўзга чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик алоқалари мисли кўрилмаган даражада юксалганлигини таъкидладилар.

— Ўзбекистон Президенти Шавкат ­Мирзиёев тожик халқининг ҳам фахридир, — деди Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти ўзбеклар Маънавият-маърифат маркази раиси Илҳом Юсупов. — У чегаралардаги очилмас дарвозаларни ёпилмас дарвозаларга айлантирган давлат арбоби.

“Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлигининг янги даври” мавзусига бағишланган конференцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжондан ташриф буюрган олимлар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар. Конференция иштирокчиларини Фарғона вилояти ҳокими, Олий Мажлис сенати аъзоси Хайрулло Бозоров табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев нутқ сўзлади.

Тадбир давомида бир гуруҳ фаолларга Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита томонидан “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Албатта, бундай эътибор ва рағбат янги-янги илмий ютуқлар сари рағбатлантиради.

Илмий-амалий конференция дастурига кўра, турли соҳалар бўйича профессор-ўқитувчилар, олимларнинг ўзаро тажриба алмашиши, илм-фан янгиликлари ва ҳамкорлик истиқболлари мавзусидаги қизғин суҳбатлар, алоҳида-алоҳида йиғилишлар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Муҳаммад КЕНЖА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 4 =