Онам — ҳаётим чироғи
Онам — ҳаётимдаги энг муқаддас, энг азиз инсон. Бу дунёда кимдир мени чин юракдан, беғараз севса, у ҳам бўлса онамдир. Унинг меҳрини сўз билан ифодалаш қийин, чунки онанинг қалби — чексиз денгиз каби.
Мен ҳали кичкина бўлганимда, онам мени бағрига босиб, тунлари ухламай чиқарди. Чекка қишлоқда турганимиз учун ҳам қишда кўчаларимиз лой бўлиб кетарди, юришга қийналардим. Онам жажжи қўлларимдан ушлаб, мактабгача олиб борарди. Касал бўлсам, ўзи қийналса ҳам менга сездирмасди. Ҳар доим менинг қувончимни ўз қувончидан устун қўярди. Ҳозир онамдан анча узоқ шаҳарда яшайман, нимадандир сиқилсам ёки жоним оғриса, айтмасам ҳам дарров сезади. Энди тушуняпман: оналик меҳри чегара билмас экан. Онамнинг қўллари оддий қўл эмас: у қўлларда меҳр бор, сабр бор, ҳаёт бор. Онамнинг кўзларига қарасам, унда бутун умрини бизга бағишлаган аёлни кўраман. У ҳар куни биз учун тинмай меҳнат қилади, лекин ҳеч қачон чарчадим демайди. Баъзида ўзимдан сўрайман: қандай қилиб оналар шунчалик сабрли бўла олади?
Онам менинг устозим ҳамдир. У менга фақат ҳаётни эмас, балки одамийликни, меҳр-шафқатни, сабр қилишни ўргатди. Ҳар бир насиҳати менинг ҳаёт йўлимда чироқ бўлиб ёнади.
Афсуски, биз баъзида онамизнинг қадрига етмаймиз. У ёнимизда бор пайтда унинг меҳрини оддий ҳол, ўзи шундай бўлиши керак, деб қабул қиламиз. Аммо бир кун келиб, унинг қанчалик бебаҳо эканини янада чуқурроқ англаймиз…
Мен онамни жуда яхши кўраман! Унинг борлиги — менинг энг катта бойлигим. Агар имконим бўлса, унинг ҳар бир қилган яхшилигини минг баробар қайтармоқчи бўламан. Лекин, биламан, она меҳрининг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Онам — менинг дуоларимда, юрагимда, ҳар бир нафасимда. У бор экан, мен бахтлиман.
Зулфия ШОБЕРДИЕВА,
Алишер Навоий номидаги
Тошкент давлат ўзбек тили ва
адабиёти университети
4-босқич талабаси.
