Хазинабон
ёки Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Нуриддин АМИНЖОНОВ ҳақида дил сўзлари
Келгуси йил эрта баҳорда муборак юз ёшини нишонлаш тараддудидаги Ўзбекистон радиоси ҳақида ўз даврида машҳур адиб Абдулла Қаҳҳор “Республикамизнинг барча етук ёзувчи-шоирлари ва таниқли журналистлари Ўзбекистон радиоси ва “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози” – А.И.) газетасида камол топганлар. Улар ижод-илҳом нуқраларини шу азим даргоҳларнинг сарчашмаларидан ичганлар”, деган эди.
Чиндан ҳам бу нурли маскан – радиода камол топиб, халқ ёзувчиси ёки халқ шоири мақомига сазовор бўлганлар сон-саноқсиз. Ҳамид Ғулом, Туроб Тўла, Ҳаким Назир, Шуҳрат, Иброҳим Раҳим, Мирмуҳсин, Ўлмас Умарбеков, Фарҳод Мусажонов, Тоҳир Малик… Эҳҳе, улар беҳисоб. Улар ҳам шу масканда муҳаррирликдан иш бошлаб, радиоэшиттиришларнинг қизиқарли, мазмундорлиги ва сифатини оширишга катта ҳисса қўшганлар. Ҳатто 1956 йилнинг 5 ноябрида ташкил этилган Тошкент телестудиясининг ишга туширилишидан бошлаб, ҳозирга қадар радиода пишиб етилган журналистлар, муҳандис ва техник ходимлар телевидениенинг мададкорлари бўлиб келмоқдалар. Ҳозирги пайтда Миллий телерадиокомпания маҳсулотларини томошабин ва тингловчиларга манзур этишда ибрат кўрсатаётган йигит-қизларнинг кўпчилиги радионинг нон-тузини татиб тобланганлардир.
Электрон оммавий ахборот воситаларининг тўнғичи, уммон сингари бағри кенг Ўзбекистон радиоси ва телевидениеси боғларида униб-ўсган, бугунги кунда қутлуғ саксон ёшини нишонлаётган шоир ва журналист, фольклоршунос ва санъатшунос мутахассис бўлиб танилган Нуриддин Аминжонов ҳам юқорида номлари тилга олинган мўътабар инсонлардан биридир. У юртимиз гавҳари Фарғона водийсининг табиати бетакрор, гўзал ва сўлим, қадимий Чуст шаҳрида таваллуд топган. Замоннинг зайли билан ота-она бағрида Чиноз туманидаги Эски Тошкент қишлоғидан доимий макон топди. Йўргакдаги олти ойлик чақалоқлигидан шу гўшада ўсиб-улғайди, мактабга борди, шаҳри азим Тошкентда ўқиди, ижодкорлар ва санъаткорлар сафидан ўрин эгаллади. Лекин, ҳа, лекин одамзод боласи киндик қони тўкилган тупроқни барибир қўмсаб турар экан. Нуриддин билан суҳбатлашсангиз, бот-бот она юртини тилга олишдан, унинг мафтункорлиги, қадимийлиги, санъатсевар кишилари ҳақида илиқ ва фахрли сўзларни айтишдан чарчамайди.
— Қадимий ҳунарманд, тикувчи-ю тўқувчилар, кулол-у темирчилар, пичоқсозлар, дўппилари билан машҳур Чуст камина учун ўта қадрлидир, — дея тилидан бол томиб сўзлайди у. — Бу жойдан ислом дини уламо-ю авлиёлари ўтган. Унинг тупроғида ҳазрат Маҳдуми Аъзамнинг шогирдлари Мавлоно Лутфулло Маҳдумнинг, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммадшариф Сўфизода, таниқли шоир Набихон ака Хўжаев — Чустий домланинг, қолаверса, боболарим, момоларимнинг хоклари эъзозланиб сақланмоқда, — деб фахру ифтихор туяди.
Чуст атрофи денгиз сатҳидан минг-бир минг икки юз метр баландликда жойлашганлиги туфайли ҳам қадим-қадимдан муҳим стратегик аҳамиятга моликлиги, табиати гўзал, ҳавоси мўътадиллиги сабаб тарихдан маълумки, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо 1480 йилда бу шаҳарни ўз қароргоҳига айлантирган.
Айни шу чоғда фикрим ғужғон уряпти, айтмасам туролмайман. Одамзод табиатнинг бир бўлаги, ундан ақлли зот ўз инъомини олади, илҳомланади, кўриниши-ю эсиб турган майингина шаббодаси ҳам инсонга таъсир қиларкан. Буни Чуст мисолида кўриш мумкин. Бу шаҳар ва унинг атроф ҳудудларидан юртимизга таниш машҳур ёзувчи-ю шоирлар, санъаткорлар етишиб чиққан.
Дунё таниган бизнесмен Алишер Усмоновнинг юрти ҳам айнан Чустдир.
Чуст пичоқлари-ю дўппилари дунёга машҳур.
Нуриддин Аминжонов шундай хотирлайди:
— Шаҳардаги санъат саройи, коллеж ва мактабларда оталар ва акалар, мумтоз қўшиқ ижрочилари изларидан боришни орзу қилган ёшларни кўриб қувонаман.
Отам деҳқон, онам уй бекаси бўлганлар. Бироқ кўнглимга мусиқа сеҳрини онажонимнинг алласи муҳрлаган. Мамнун бўлиб айтаманки, волидаи мукаррамам аллани маромига етказар эдиларки, ором олардим, болалик овозим билан жўр бўлардим. Болалигим қўшнимиз, икки марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, собиқ Ленин мукофотининг совриндори Турсуной опа Охунова бошлиқ бригада даласида ўтган. Шўху шодон қўшиқлар айтардим, билганимча шеърлар ёзиб, онамга кўрсатардим. Опанинг пахта даласида ягана, чопиқ, чеканка, пахта териб, кўрак чувиб жонга тегиб меҳнатда тоблангач, Тошкентдаги полиграфия билим юртига ўқишга кирдим. Бахтимга республика ҳунар-техника билим юртлари санъат саройи қошида ҳаваскорлар ансамбли очилиб қолди. Бу ерда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳархоним Раҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бастакор, созанда Мамадазиз Ниёзовга шогирд тушиб, кўп нарсаларни ўргандим ва шу ердан “Ўзбек ашула ва рақс катта ансамбли” (ҳозирги “Ўзбекистон”) дастасига хонанда бўлиб ишга ўтдим. Лекин бундан ҳам кўнглим тўлмади, фикр-ёдим ўқиш, олий маълумот олиш, журналист бўлишда эди. Мақсадимга 1967 йили эришдим, ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети кечки бўлимига ўқишга кирдим. Ўқиш даврида ҳам университет қошида “Дилнавоз” номли талабалар ҳаваскорлик ансамблини тузиб, унга раҳбарлик қилдим. Ва ниҳоят, 1972 йилнинг бошидан Ўзбекистон радиосида фаолиятим бошланди. Мана, 54 йилдирки, шу нурли маскан “дастёри”ман.
Дарҳақиқат, Нуриддин Аминжонов жамоа сафига қўшилиб илк қадам қўйган кезлари камина аллақачон бу масканнинг оқ-қорасини анча кўрган, аччиқ-чучук сувларидан баҳраманд бўлиб кўзим очилган эди. Биз ишлаган ўша йиллари радио жамоаси ўта аҳил, бир-бирининг ишидан, оиласидан хабардор, тўй-ҳашамларини биргаликда ўтказадиган, ҳавас қилса бўладиган даражада эди. Нуриддин эса радиочилар ўртасида ўзининг олижаноб ишлари билан тезда танилди, ўзаро ўтиришлар, тўйлар унингсиз ўтмас, атрофига ёш хонанда-ю созандаларни олиб йиғинларни гуллатарди. Шу билан бирга радиода “Бадиий ҳаваскорлик бўлими”га бошчилик қилиб, республикамиз шаҳар ва қишлоқларидан ҳаваскор хонандаларни излашдан ҳам чарчамади. Ҳаваскор ёшлар сафини кенгайтириб, уларнинг ижодларига алоҳида эътибор қаратди, талабчанликни ҳам сусайтирмади. Бирор кун бирор янгилик қилмасдан туролмасди. Янги овозларни кашф қилиш учун “Танишинг, янги овозлар”, “Санъат саодатимдир”, “Қўшиқ — орзуим менинг”, “Чашма” сингари радио кўрик-танловларини ўтказди. Кўплаб иқтидорлар барқ уриб, элга танилди. Ака-ука Исмоилжон ва Исроилжон Ваҳобов, Юлдуз Усмонова, Эркин Рўзметов, Раҳматжон Қурбонов, Санобар Раҳмонова, Равшан Комилов, Тожибар Азизова, Озода Нурсаидова ва бошқа истеъдодлар Нуриддин Аминжонов томонидан ўтказилган кўрик-танловлар туфайли элга танилди, Ўзбекистон халқ ҳофизи, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонларига сазовор бўлишди.
Н.Аминжонов ташкилотчилик ва ижодий ишлар билан радиоэшиттиришлар тайёрлашларига ҳам алоҳида эътибор беради. Улар билан дўстона муносабатда бўлади, қўлидан келганича ёрдам кўрсатади, ҳатто уларни жозибали қўшиқлар куйлашга ундайди. Ўзбекистон санъат ва маданият институти миллий қўшиқчилик кафедрасининг профессори, хушовоз хонанда Мансуржон Мамиров Нуриддин Аминжонов раҳбарлигида ёнма-ён ва баҳамжиҳат бўлиб ишлади, салмоқли эшиттиришлар тайёрлади, ёш ҳаваскорларнинг кашф этилишига ҳисса қўшди. Устозини ҳурматлайди ва ҳануз маслаҳат олиб иш қилади.
— Устознинг босиб ўтган йўли жуда мураккаб бўлса-да, эл орасида оддий бир инсон сифатида яшаб келмоқда, — деди Мансуржон Мамиров. — Ўзбекистон радиоси остонасида кеча-ю кундуз умрини бесамар ўтказмади. Ҳаваскор хонандалар, халқ ансамбллари, фольклор гуруҳларини кашф этди. Ҳозирги кўпгина хонандалар устозимизнинг хизматлари эвазига элга манзур бўлди.
Республиканинг турли ҳудудларида бахшилардан достонларни магнит тасмаларига ёзиб олганликлари, монтаж қилиб, эфирга узатилганлигига гувоҳман.
…1980 йил. Нуриддин Аминжонов бошлиқ бўлимнинг иш кўлами беқиёс ошди. Яна бир янгиликка қўл уриш вақти келди. Вақтни ғанимат санаган ижодкор раҳбарият олдига бўлим номини “Халқ ижодиёти” номи билан аташ, ходимлар ўрнини кўпайтириш, қалам ҳақи ва техника таъминоти тўғрисидаги талабномалар қўйди. Унинг режалари маъқулланиб, бўлим ишига оқ йўл тиланди. Режага кўра фольклор жамоалари ҳамда бахшилар билан ишлаш бош вазифа қилиб қўйилди, қалбидаги мақсад рўёбга чиқа бошлади. Юртимизнинг жанубий ҳудудларида гоҳо яёв, гоҳ юк машинасида ёки кўчма овоз ёзиш ускуналари ўрнатилган автомашинада тинимсиз кезди. Натижа яхши бўлди, изланишлар ўз самарасини берди. Юртимизнинг ўттизга яқин бахшиларини топиб, уларнинг достон, терма ҳамда дўмбира куйларини магнит тасмаларига муҳрлади.
“Қалб наволари”, “Бахшилар куйлаганда” кейинчалик “Азим дарё” номли эшиттиришлар тайёрланди ва тингловчилар ҳукмига ҳавола этилди. “Бахшилар баёти” номли дастур тайёрланиб, достонсеварларнинг эътирофларини қозонди. Бу дастур ҳозиргача эфирга бериб борилмоқда.
Н.Аминжонов радиода ишни муҳаррирликдан бошлаб, катта муҳаррир, бўлим бошлиғи, бош муҳаррир лавозимларида салкам қирқ йил ишлаб, пенсия ёшига етганида ҳам бахшилар билан ижодий ҳамкорликни давом эттирди. У фестиваль ва кўрик-танловларда ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлди. Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик марказида Абдуназар Паёнов ижросидаги “Гўрўғлининг туғилиши ва ўсмирлиги”, “Санам ва Гавҳар”, “Олтин қовоқ”, Бойқўчқор бахшининг “Интизор”, “Оломон билан Қорамон”, Отахон Матёқубовнинг “Чамбил қамали”, “Авазнинг уйланиши”, Шомурод бахши Тоғаевнинг “Апсар дев минган Гупсар дев”, Умарқул Пўлканнинг “Жумақул билан Тожинорой”, Қодир бахшининг юбилейига бағишлаб “Қодир бахши Раҳимов ҳақида хотиралар” сингари манзумалар тайёрлади, достонларни ёзиб олди.
2019 йилнинг апрель ойида Термиз шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали иштирокчиларига шахсий архивида сақланиб келинган 31 та достонни “MP3” форматда диск устига бахшиларнинг расмини тушириб тўёна қилганлигини айтмайсизми?! Бундай эзгу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. У тўплаган барча достон, терма ва парчаларни Ўзбекистон радиоси “Олтин фонди”дан ташқари Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг фольклор архивига топширганлиги ҳам эътирофга лойиқ.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаларининг аъзоси Н.Аминжоновнинг ўчмас хизматлари муносиб баҳоланиб келинмоқда. 2016 йили Ўзбекистон Президентининг фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони берилди. 2020 йилда “Маданият ва санъат фидокори”, 2022 йилда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги”, 2023 йили I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Н.Аминжонов ўз фаолиятини Ўзбек миллий мақом санъати марказининг “Устоз-шогирд мактаби”да давом эттирмоқда. Унга мақом ижросининг билимдонлари ҳам ҳамкорлик қилишмоқда. Сўзимизни санъатшунос олим, профессор Сойибжон Бегматов фикрлари билан ниҳоялашни лозим топдик:
“Эҳҳе, устознинг ёзган китоблари, тўплаган хазиналари – достон, терма, лапарлари ҳақида гапираман десангиз, йиллар керак. Устоз ўзбек санъатининг фидойиси, расман халқ ва мумтоз мусиқамиз меросининг ҳақиқий хазинабони, десам адашмаган бўламан. Бу бежиз эмас. Бунинг заминида Нуриддин аканинг бир умр санъат уммонида олиб борган фаолиятининг самараси ётибди. Қолаверса, бу уйғунликнинг негизида созанда, хонанда, муҳаррир, педагог, шоирлик каби касбларнинг гўзал уйғунлашган маҳсули ўрин олгандир”.
Абдусамад ИСОҚОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
аъзоси.
