Илмга бахшида умр

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, техника фанлари доктори,

профессор Ҳусан Зокирович Игамбердиев ҳақида сўз

Илм-маърифат инсонни юксакликка етаклайдиган энг улуғ йўллардан бири. Илм инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, фикрлаш қобилиятини чуқурлаштиради, жамият тараққиётига хизмат қиладиган янги ғоялар ва ихтироларни яратишга ундайди. Китоб эса ана шу йўлнинг асосий манбаи ҳисобланади. Китоблар инсон тафаккурини бойитади, ҳаёт сир-синоатларини англашга ёрдам беради, авлодлар тажрибасини кейинги авлодларга етказади.

Илмга чанқоқ инсонлар ҳаётда кам учрайди. Бундай инсонлар кўп гапиришдан кўра кўпроқ фикрлашни афзал кўрадилар. Чунки илм излаш инсондан сабр-тоқат, изланиш ва доимий меҳнат талаб қилади.

Ана шундай илм соҳибларидан бири — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, техника фанлари доктори, профессор Ҳусан Зокирович Игамбердиевдир.

Дарҳақиқат, илм инсонга улкан имкониятлар эшигини очади. Тарихга назар ташласак, барча буюк тараққиётлар илм-фан ва тафаккур маёғи билан боғлиқ эканини кўрамиз. Бугунги кунда ҳам юртимизда илм-фан ва инновацион ривожланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илм-фаннинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини кучайтириш давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланмоқда.

Меҳнат қилган, илм олган инсон ҳеч қачон ортда қолмайди: у доимо юксак довонлардан ошиб, баланд чўққилар сари интилади. Илм майдони эса чексиз уммон каби кенг ва барча учун очиқдир.

Академик Ҳусан Зокирович Игамбердиев технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни автоматлаштириш, мураккаб динамик объектларни идентификациялаш, баҳолаш ва адаптив бошқариш тизимларини яратиш соҳасидаги йирик олимлардан бири.

Ҳозирги кунда у Тошкент давлат техника университетининг “Ахборотларга ишлов бериш ва бошқариш тизимлари” кафедрасида профессор лавозимида фаолият юритмоқда.

Тақдир тақозосига кўра, олим билан турли тадбирлар, йиғилишлар ва масканларда учрашиш насиб этган. У киши ҳақида нимадир ёзиш, сўз айтиш фикри хаёлимизга бир неча бор келган ва билган-эшитганларимизни аста-секин қоғозга тушира бошладим. Келинг, ушбу инсоннинг ҳаёт йўлига назар ташласак.

Ҳусан Зокирович 1946 йил 24 май куни Тошкент шаҳрида ҳарбий хизматчи оиласида, баҳорнинг табиат яшнаб, майсалар кўм-кўк бўлган гўзал фаслида дунёга келди. Бу давр Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейинги, халқ секин-аста осойишталик ва тинч ҳаётга қайтиб бораётган йиллар эди. Одамлар оғир кунларни ортда қолдириб, янги умид ва мақсадлар билан яшашга интила бошлаган эди. Қалблардаги яраларни меҳнат ва бир-бирига маънавий ёрдам бериш орқали даволашга ҳаракат қилар эди.

Унинг отаси ҳарбий шифокор, полковник, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, республикада хизмат кўрсатган шифокор, тиббиёт фанлари номзоди ва ижодкор инсон эди. У киши нафақат тиббиёт соҳасида, балки ижод майдонида ҳам фаол бўлиб, кўплаб мақолалар ёзган, журналист ва ёзувчилар билан яқин ҳамкорлик қилардилар. Унинг ижодкор дўстлари орасида машҳур ёзувчи Одил Ёқубов ҳам бўлган.

Ҳусан аканинг айтишича, уларнинг уйида Одил Ёқубовнинг “Муқаддас”, “Матлуба”, “Тилла узук”, “Биллур қандиллар”, “Улуғбек хазинаси” каби асарлари доимо мутолаа қилинган. Китобга бўлган меҳр ва ҳурмат оила муҳитида шаклланган. Отасидан қолган китоблар энг қадрли мерос сифатида сақланади.

Падарибузрукворлари ҳаёти давомида 36 та китоб ва рисола, 500 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар ёзиб, келажак авлодларга бой маънавий мерос қолдирди. У “Инсонпарварлик фаолиятидаги хизматлари учун” Н.И.Пирогов номидаги нишон билан тақдирланган.

Онаси Ҳури ая эса меҳрибон, китобсевар ва оилапарвар уй бекаси бўлган. У фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратган.

Ҳусан Зокирович мактаб йилларидаёқ тиришқоқ, билимга чанқоқ ва интизомли ўқувчи сифатида ажралиб турарди. Унинг фикрлаши, ўзини тута билиши ва мулоқот маданияти тенгдошлари орасида алоҳида эътиборга сазовор эди. Ўрта мактабни намунали тарзда тамомлаб, синф етакчиларидан бирига айланди.

Айниқса, у болалигидан техникага қизиқди. Ота-онаси ҳам унинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаб, ривожланишига ёрдам берди. 1963 йили Тошкент шаҳридаги 46-сонли мактабни тамомлаб, Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)нинг “Автоматика ва телемеханика” факультетига ўқишга кирди.

У талаба сифатида барча куч-ғайратини илм олишга сарфлаб, беш йил давомида устозларидан чуқур билим олди. 1968 йили автоматика ва телемеханика мутахассислигини муваффақиятли эгаллади.

Унинг интизоми, аъло ўқиши ва намунали хулқи институт раҳбарияти ва устозлари эътиборини тортди. Ҳусан ака илмнинг машаққатли йўл эканини яхши англаб, устозларидан эшитган маслаҳатларга амал қилган ҳолда тинимсиз меҳнат қилди.

Кутубхона унинг энг севимли маскани эди. У бўш вақти бўлдими, дарҳол кутубхонага йўл олар, тушунмаган масалалари бўлса, эринмасдан устозларига мурожаат қилиб, билимларини янада бойитарди.

Улуғларнинг: “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда” деган ҳикматини Ҳусан Закирович ўз ҳаётининг бош шиорига айлантирган эди. У бу ғояни қалбига чуқур жойлаб, ўз истиқболини айнан шу тамойил асосида белгилади. Унинг асосий мақсади ва муддаоси — илм олиш, ўз устида тинмай ишлаш бўлди.

Ёш тадқиқотчининг ана шу интилиши устоз ва ўқитувчилари эътиборидан четда қолмади. Уларнинг назарида Ҳусан ака илмга чанқоқ, изланувчан ва матонатли талаба сифатида шаклланиб борарди. Унинг асосий вақти кутубхонада ўтар, китоб мутолааси унинг кундалик эҳтиёжига айланган эди. Бу ҳолатни нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар ҳам яхши билишарди: кимки уни изласа, албатта, кутубхонадан топарди.

Олий таълим масканида таҳсил олаган йилларида Ҳусан Зокирович ўзининг билимга чанқоқлиги ва фидойилиги билан йирик олимлар — академик Музаффар Зоҳидхонович Ҳомидхонов ҳамда Зарбдор Мирзакаримович Салиховнинг эътиборини қозонди. Бу икки устоз ёш Ҳусан учун гўё икки қанот бўлиб, уни илм осмонига кўтарилишга илҳомлантирди. Улар доимо шогирдга йўл-йўриқ кўрсатиб, уни қўллаб-қувватлаб турдилар.

Ҳусан Зокирович кейинчалик ўз илмий фаолиятини устози, техника фанлари доктори Зарбдор Мирзакаримович Салихов раҳбарлигида давом эттирди. Илмий изланишлар қисқа фурсат ичида ўз самарасини бера бошлади.

Ҳусан ака устози, академик Музаффар Зоҳидхоновични катта эҳтиром билан эслаб, шундай деди: “У киши ниҳоятда очиқ кўнгил, билим доираси кенг, ҳаётнинг паст-баландини теран англайдиган, инсонни ва илмни юксак қадрлайдиган зот эди. Доимо: “Илм тараққиётнинг ўқ илдизи ва томиридир. Илм бор жойда буюк ихтиролар туғилади, жамият юксалади”, деб таъкидлар эдилар”.

Ҳусан Зокирович устозларидан нафақат назарий билим, балки ҳаётий тажриба ва инсонпарварлик сабоқларини ҳам олганини алоҳида таъкидлайди. Унинг илмий раҳбари Зарбдор Мирзакаримович Салихов эса Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги “Энергетика ва автоматика” илмий-тадқиқот институтида директор лавозимида фаолият юритган, автоматика ва телемеханика соҳасида етук ва нуфузли олимлардан бири эди. У ёш авлодга таълим бериб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган улкан устоз эди.

Устозлардан олинган таълим ва тарбия Ҳусан Зокирович хотирасида бир умрга муҳрланиб қолди. У ана шу сабоқлар асосида илм йўлини танлади ва шу йўлда собитқадам бўлди.

1968 йилдан Ҳусан Зокирович ўз меҳнат фаолиятини Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)нинг “Автоматика ва телемеханика” кафедрасида ассистент лавозимидан бошлади. У устоз профессор-ўқитувчилар сафида сидқидилдан меҳнат қилиб, қисқа вақт ичида ўзининг билимдонлиги ва ташкилотчилик қобилияти билан жамоа эътиборини қозонди.

1974 йилда у доцент Зарбдор Мирзакаримович Салихов раҳбарлигида “Техник кибернетика ва ахборотлар назарияси” ихтисослиги бўйича “Пахта толасини қуритиш жараёнини математик моделлаштириш ва бошқаришни тадқиқ этиш” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Бу унинг илмий фаолиятидаги илк йирик қадам бўлди.

Ҳусан Зокирович илмни фақат назарий ўрганиш билан чекланмай, уни амалиётга татбиқ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Илмий ишлари ва амалий натижалари уни янада юқори марраларга интилишга ундади.

Илм йўли машаққатли ва узлуксиз меҳнатни талаб қилади. Ҳусан Зокирович буни яхши англар, устозларидан ўрганиш, доимий изланиш орқали ўз устида ишлашни давом эттирарди. У атрофидаги фан докторлари ва академикларга ҳавас билан қараб, ўзига катта мақсадларни қўйди.

1991 йили академик Нодирбек Рустамбекович Юсупбеков ва профессор Зарбдор Мирзакаримович Салиховларнинг маслаҳатлари остида “Тизимли таҳлил ва автоматик бошқариш” ихтисослиги бўйича “Динамик бошқариш объектларини мунтазам идентификациялаш усуллари ва алгоритмлари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Бу иш унинг илмий мактаб яратиш йўлидаги муҳим босқич бўлди.

Ҳусан Зокировичга 1977 йилда доцентлик, 1994 йилда эса профессорлик илмий даражаси берилган. Бу йиллар давомида у нафақат ёш, изланувчан ва илмга ташна мутахассис сифатида, балки ўзининг кенг қамровли илмий салоҳияти ва ташкилий қобилияти билан ҳам намоён бўлди. Олий илм даргоҳи раҳбарияти томонидан юклатилган вазифаларни ҳалоллик ва масъулият билан бажариб, катта обрў-эътибор қозонди. Ўз амалий ишлари ва натижалари билан бошқаларга намуна бўла олди.

Олимнинг кўп йиллик самарали меҳнати илмий жамоатчилик томонидан юксак баҳоланди. Илмий кашфиётлари нафақат республика, балки хорижий мутахассислар томонидан ҳам тан олинди. Шу билан бирга, у фақат илмий фаолият билан чекланиб қолмай, масъул раҳбарлик лавозимларида ҳам самарали иш олиб борди.

2000 йилнинг январидан 2001 йилнинг февралигача ҳозирги Тошкент давлат техника университетининг илмий котиби лавозимида; 2001 йилнинг февралидан 2004 йилнинг 31 январигача “Электроника ва автоматика” факультети декани лавозимида; 2004 йилнинг 31 январидан 2012 йилнинг 2 сентябрига қадар “Автоматлаштириш ва бошқарув” кафедраси мудири лавозимида ишлади. 2012 йилдан ҳозирга қадар эса мазкур университетнинг “Ахборотларга ишлов бериш ва бошқариш тизимлари” кафедраси профессори сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Ҳусан Зокирович мураккаб динамик объектларни мунтазам идентификациялаш ва адаптив бошқариш системаларини синтезлаш назарияси соҳасида йирик илмий мактабни шакллантирган. Олим томондан ишлаб чиқилган мураккаб динамик объектларни мунтазам идентификациялаш ва адаптив бошқариш системаларини синтезлаш назариясининг фундаментал асосларини шакллантиришга имкон берувчи мунтазам синтезлашнинг базавий концепцияси конструктив методология сифатида келтирилмоқда. У раҳбарлик қилган йирик илмий мактабда нокоррект масалаларни ечиш усуллари асосида динамик объектларни идентификациялаш соҳасида катта натижаларга эришилди; мунтазамлашган алгоритмларни яратишнинг умумий схемаси асосланган ва синтезланган бўлиб, бу идентификациялаш масалаларида ҳам заиф, ҳам мустаҳкам мунтазамлашни таъминлаш учун барқарорлаштирувчи функционални танлаш учун конструктив жараёнларни амалга ошириш имконини беради. Технологик объектлар учун интервал-нопараметрик ноаниқликда бошқарув тизимларини идентификациялаш ва синтезлаш; ноаниқ ғалаёнлар шароитида мураккаб динамик объектларнинг адаптив инвариант бошқарув тизимларини синтезлаш; модель ноаниқлиги шароитида стохастик бошқарув объектларининг ҳолатини адаптив баҳолаш усуллари таклиф қилинди.

Олимнинг илмий натижалари халқаро миқёсда эътироф этилиб, нуфузли илмий нашрларда чоп этилган. Унинг илм-фандаги мероси жуда салмоқли: устоз 600 дан ортиқ илмий иш, 11 та монография, 9 та дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифи ҳисобланади. Шунингдек, у 30 дан ортиқ патент ва ЭҲМ учун дастурий гувоҳномаларга эга.

Академик Ҳусан Зокирович раҳбарлигида 11 нафар фан доктори ва 24 нафар фан номзоди тайёрланган. Унинг шогирдлари ҳам юқори натижаларга эришиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси соҳиблари, шунингдек, “Автоматлаштириш технологиялари ва бошқарув” йўналиши бўйича республика танловлари ғолиблари бўлган. Ҳусан Игамбердиев илмий-педагогик соҳадаги етук кадрлар тайёрлаганлиги учун 2000 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвонига сазовор бўлди.

Сўнгги йилларда у бир нечта фундаментал ва амалий давлат илмий-техникавий дастурларида масъул ижрочи сифатида иштирок этди. 2017-2020 йилларда “Идентификацион ёндашув асосида динамик объектлар адаптив бошқариш тизимларини синтезлашнинг назарий асослари ва мунтазам усулларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳага илмий раҳбарлик қилди. Ҳозирги кунда ҳам “Технологик жараёнларни комплекс автоматлаштириш концепцияси ва методологиясини яратиш ва назариясини такомиллаштириш” мавзусидаги фундаментал ва “Идентификацион ёндашув асосида табиий газни қайта ишлашнинг асосий технологик жараёнларини адаптив бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш” амалий лойиҳаларига раҳбарлик қилмоқда.

Унинг илмий натижалари муносиб баҳоланиб, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси  этиб сайланди.

Устоз бугун ҳам шогирдлар даврасида жамият ва халққа илм йўлида муносиб хизмат қилиб келмоқда. Олим раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган ўнлаб иқтидорлар бор. Улар бугун устоз ёнида меҳнат қилиб, унинг илмий мактабини давом эттирмоқдалар.

Устоз — улкан мактабни кўрган, ҳаёт ва илм тажрибасини чуқур ўзлаштирган инсон. Шогирдлар эҳтироми ва эъзозига сазовор бўлган бу камтарин олимнинг суҳбатини эшитган кишининг кўнгли ёришади. Ҳусан ака билан қайси мавзуда суҳбатлашманг, у ҳар доим теран фикр юритиб, асосли ва мазмунли хулоса айта олади. Устознинг бутун умри илмга бағишланган десак хато бўлмас.

Бир суҳбат давомида устоз шундай деган эди:

“Биласизми, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда таълим соҳасига аввалги даврларга нисбатан анча юксак эътибор қаратилаётгани, бу ўзгаришлар келажак авлод тақдирига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси эканлиги билан аҳамиятлидир. Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги имкониятлар ва кенг қамровли дастурлар нафақат ёшларимизнинг билим олиш даражасини оширишга, балки уларни замонавий фикрлайдиган, рақобатбардош етук кадрлар сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Айниқса, таълим сифати ва самарадорлигига таъсир этувчи омилларни чуқур англаш, уларни илмий асосда такомиллаштириш ва амалиётга татбиқ этиш — бугунги тараққиётнинг энг муҳим шартига айланмоқда. Зеро, илм-фан ва инновацияларга таянилган жамиятгина барқарор ривожланишга эриша олади”.

Устознинг бу фикрларидан унинг нафақат олим, балки мамлакат тараққиётига дахлдор масалаларни чуқур англайдиган зукко шахс экани яққол намоён бўлади. У каби илм соҳиблари ўз умрини халқ ва жамиятга хизмат қилишга бағишлайдилар.

Ҳусан Зокировичнинг ҳар бир суҳбатида илм нури уфуриб туради. Унинг ёшларга бўлган меҳр-муҳаббати беқиёс. У шогирдларини ўзининг ҳақиқий ворислари деб билади. Китобни, илм-маърифатни севувчи ёшлар етук олимнинг энг яқин ва қадрли ҳамсуҳбатларидир.

Ҳусан ака Игамбердиев — фидоий инсон, машҳур олим ҳозир ҳам шогирдлар даврасида, илм-фан билан бандлар. Ҳар гал уни кўрганимда, худди тиришқоқ ёш тадқиқотчидек илм оғушида эканига гувоҳ бўламиз. Чунки ҳақиқий олим — доимо изланишда, доимо китоб ва фикрдошлар даврасида яшайди.

Ўктам МАМИРОВ,

техника фанлари доктори,

профессор.

Мамадали ЭРОНОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × five =