“Танқиддан холи” одамлар
Ҳа, ҳаётда шундай воқеалар ҳам учраб тураркан, мен бунга ўз вақтида гувоҳ бўлганман. Ўшанда Қўшкўпир туманидаги “Мўл ҳосил учун” газетасида мухбир бўлиб ишлардим. 1970 йилнинг бошлари эди. Муҳарриримиз Эгам ака Сафоёзов газетанинг ҳар бир сонида, албатта, танқидий мақола бўлишини талаб қиларди. “Танқиднинг фойдаси катта. У жамиятнинг қон томири бўлиб, ҳаётдаги камчилик ва нуқсонларни тугатишга самарали таъсир қилади, газетани ҳам ўқишли қилади. Шунинг учун фойдали танқидларни газетанинг ҳар бир сонида бериб боришимиз керак”, — дерди у.
Бир куни раҳбаримиз мени ҳузурига чақириб қолди. Хонасида мен билан ҳол-аҳвол сўрашгач, таҳририятга бир гуруҳ фуқаролар томонидан юборилган шикоят-хатини қўлимга тутқазди:
— Яхшилаб ўрганинг. Фуқаролар янги паспорт олиш учун расмга тушишда бюрократик тўсиқларга учраётганга ўхшайди. “Уч-тўрт кунлаб қатнаб расмга тушолмаяпмиз, юқоридан эса қисташяпти. Паспорт бериш бўлимига фақат Николай Иванович (исм-фамилияси ўзгартирилган) олган расмгина қабул қилинади. Бошқа расмчиларнинг маҳсулоти қабул қилинмаяпти”, деб норозилик билдиришибди. Туманда ундан ҳам сифатли расм тайёрлайдиган мутахассислар ишлаяпти-ку, сабаби нимада экан? Яхшилаб ўрганиб, бир материал тайёрланг, кейинги сонларда эълон қиламиз. Иложи бўлса, фельетон бўлсин, — деди у.
Ўша даврларда туман газеталари ҳафтада уч марта чиқарди. Мен ишни Николай Иванович ишлаётган туман маиший хизмат кўрсатиш комбинатига бориб, расмчининг ойма-ой топшираётган пул миқдори ҳақида маълумот тўплашдан бошладим. У кўп ойларда пул топширмаган, топширганлари ҳам ҳаминқадар эди. Комбинат директори ҳалол, фидойи инсон экан. Унинг ўзи ҳам бу ҳолатдан қийналиб юрган экан. У киши мен сўраган маълумотномани тайёрлаб бераркан: “У менга бўйсунмайди, каттаконлардан ҳимоячилари бор, бўшатиб ҳам юборолмайман. Шундайларнинг таъсирида комбинатимиз иқтисоди орқага кетяпти. Яхши йигит экансиз, сиз ҳам эҳтиёт бўлинг. Бундан ташқари, тумандаги барча ўрта мактаб битирувчилари учун виньетка расмларини ҳам фақат Николай тайёрлашга ҳақли эмиш, бошқаларга йўл бермаяпти”, — деди.
Мен дастлабки ҳужжатларни папкага солиб, Николай Иванович ишлаётган расмхонага қараб йўл олдим. Шу йиллари унинг расмхонаси туман марказини тенг иккига бўлиб ўтган Ғозобод каналининг эски кўприги этагида, баҳаво жойда эди. Расмхона олди худди бозорни эслатарди. Бундан ташқари, колхоз машиналарининг кузовини лиқ тўлдириб одамлар олиб келинаётган эди. Сабаби янги паспорт тизимига ўтиш учун кам вақт белгиланган, муддат тугашига эса оз қолганди. Тирбанд одамлар орасидан ўтиб, Николайга учрашиш осон бўлмади. Ниҳоят, навбатда турганларга узримни айтиб, бинонинг кириш эшиги олдига яқинлашдим, аммо расмчининг шотирлари мени ичкарига киритишмади. Уларга мақсадимни тушунтириб, Николай билан қачон учрашишим мумкинлигини сўраб беришларини илтимос қилдим. Бироқ Николай шотири орқали ҳеч ким билан учрашмаслигини маълум қилибди.
Эртаси куни барвақт туриб, расмхона эшиги олдида уни кута бошладим. Эрта тонгданоқ бу ерда вақтлироқ навбат олиш илинжидаги мижозлар кўпайиб қолган эди. Николай соат 11 ларга яқин ишга келди. Мен унга пешвоз чиқиб, учрашиш мақсадимни айтдим. У муттасил равишда шампань виноси ичиб юраркан, эрталабдан ширакайф эди. Мен билан беписанд гаплашиб, қайси газетадан келганимни сўради.
— “Мўл ҳосил учун” газетаси мухбириман, — дедим.
У кулди-да:
— “Крокодил”дан келган бўлсанг ҳам “вишт!” “Мўл ҳосил учун” бўлса, далага бор, — деди.
Ён-атрофдаги одамлар кулиб юборишди. Мен мулзам бўлдим, гўё ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадим. Биз, журналистлар учун газетадан юқори турувчи ташкилот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмасдек эди.
Эртаси кундан бошлаб яёв ҳолда тумандаги ўттиздан ортиқ мактабга қатнаб, Николайнинг виньетка учун директорлардан олган пуллари миқдори ҳақида маълумотномалар йиға бошладим. Кейин қанча одам янги паспорт учун расмга тушганини ва ҳар иккала манбадан Николай топган пулларнинг ўртача суммасини аниқладим. Бу анча катта маблағ эди. Комбинатга эса бу пулларнинг уч фоизи ҳам топширилмаган экан. Шундан сўнг “Мушугига “пишт” айтилмайдиган одам” сарлавҳали фельетон ёзиб, муҳаррирга кўрсатдим. Муҳаррир Николайнинг ярим йил давомида ўзлаштирган пуллари рақамини кўриб:
— Войбўй! Оддий бир расмчининг ярим йил давомида ўзлаштирган пуллари шунчами? — деди ҳайратланиб.
— Ҳали бу фақат виньетка ва паспорт расмлари орқали топганлари. Кунлик оддий мижозлар ва тўйлардан топганларини ҳали аниқлаб бўлмади, — дедим.
Муҳаррир яна ажабланиб, тўплаган ҳужжатларим билан таниша бошлади.
— Пухта, — деди у ҳужжатлардан бош кўтариб. — Катта бир жиноят ишини очибсиз. Ревизорлар, прокуратура, маъмурий органлар қаерга қараган? Умуман… шундай эркатойлар кўпайиб бормоқда, — деб ўйланиб қолди, сўнг менга қараб: — Бу марказий газеталарнинг фельетони бўлибди, туман газетаси буни кўтара олмайди. “Хоразм ҳақиқати”га олиб бориш керак, улар жон деб босишади, қалам ҳақини ҳам яхши тўлашади, — деди.
Албатта, мен хафа бўлдим, лекин билдирмадим. Эртасига вилоят марказига бориб, “Хоразм ҳақиқати” таҳририятига кирдим. Мени бўлим мудири хонасига йўллашди. У киши фельетонни ўқиб, ҳужжатлар билан танишиб чиққач:
— Табриклайман, яхши материал бўлибди, тез орада чиқарамиз, — деб мени хурсанд қилди.
Орадан бир ой ўтди. Фельетондан дарак бўлмади. Мен сабабини суриштириш учун яна бўлим мудирининг хонасига кирдим. Хонада фақат бир ходима аёл ўтирган экан. Мен ундан бўлим мудирини сўрадим.
— Таътилдалар, сиҳатгоҳда дам оляптилар, — деди у.
Мен фельетоним тақдирини суриштирдим. У:
— Ҳалиги рус кишиси тўғрисидагими? — деди.
Мен:
— Ҳа, — дедим.
— У киши таҳририятда бир-икки кўрингандек бўлди. Билмадим, фактлар тасдиқланмади, шекилли, режага ҳам киритилмади, — деди.
Мен ажабландим ва жуда хафа бўлдим. Уйга келгач, безовталигим янада ошди. Газета бош муҳаррири номига шикоят ёзиб жўнатдим. Орадан ўн кунча ўтгач, бош муҳаррир ўринбосари мени чақириб, бўлим мудири билан юзлаштирди. У киши менга қараб:
— Мен сени кўрмаганман. Қачон таҳририятга келдинг, қачон менга материал бердинг? — деб сўроққа тутди.
Мен ҳайрон қолдим:
— Бергандим-ку, — дея олдим, холос.
Кейин бош муҳаррир ўринбосари: “Бизга келган хатлар учун алоҳида бўлим бор. Сиз материалларингизни шу бўлимга элтиб беришингиз керак эди. Кейин улар хатни қайд қилиб, тегишли бўлимга узатишарди”, — деб тушунтирмоқчи бўлди. Унинг бу гапидан бўлим мудирига яна жон кирди:
— Ёшулли, мен бу йигитнинг ўзини туҳматчи деб газетага чиқараман, менга рухсат беринг, — деб пўписа қилди. Муҳаррир ўринбосари кулиб, бош чайқади. Мен мулзам бўлиб ажабланганча хонадан чиқдим. Ишдан ҳам кўнглим қолди.
Икки кундан кейин муҳарриримиз уйга келиб, мени ишга олиб кетди. Унинг маслаҳатлари ва далда беришлари билан, иш жараёнида ҳужжатларнинг нусхасини қайтадан тўплашни бошладим. Фельетонни “Муштум” журналига почта орқали юбордим. Ўшанда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида сиртдан ўқирдим. Орадан 4 ой ўтганига қарамай, бу гал ҳам фельетон журнал юзини кўрмади.
Ёзги ўқиш сессияга бориш учун Тошкентда самолётдан тушдим. Автобус томон бораётганимда, олдимдан совуқ башарали бир рус кишиси чиқди. У дабдурустдан менга: “Сен қўшкўпирлик журналистмисан?” — деди. Мен: “Ҳа”, дедим. “Сен “Муштум”га борадиган ёки ёзадиган бўлсанг, шу ерда калланг кетади! Тушундингми?” — деди-да, менинг жавобимни ҳам кутмасдан одамлар орасига суқилиб, кўздан ғойиб бўлди.
Мен ўқишда икки кун карахт бўлиб юрдим ва ниҳоят, маърузалардан кейин қўрқувни йиғиштириб, “Муштум” таҳририятига бордим. Хатлар бўлимига кириб, мактубимни суриштирдим. Хат қайд қилинмаган экан. Мен ўша куни фельетонни қайтадан ёзиб, хатлар бўлимига топширдим.
Эртаси куни аудиторияда маъруза тинглаб ўтирганимда, декан котибаси кириб келиб:
— Хоразмлик йигит, сизни “Муштум” масъул котиби Неъмат Аминов бугун соат учга чақиртирибди. Хонасига кечикмай боринг, — деди.
Мени шу куни Неъмат ака (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) илиқ кутиб олди. У хушчақчақ, доим табассум қилиб юрадиган киши экан. “Муштум”га ёзган хатим учун таклиф қилган экан.
— Фельетон ёзаман деб қийин аҳволга тушиб қолибсиз, — деб у киши мендан анча нарсаларни сўраб-суриштириб олди. — Эртага Хоразмга учяпман, хатингизни текширишга, — деди.
Унга оқ йўл тилаб, хайрлашдим. Бир ҳафтадан кейин у киши деканатга телефон қилиб, мен билан гаплашди:
— Ёзганларингизнинг ҳаммаси тўғри чиқди. Ҳар доим шунақа ҳақгўй бўлинг. Навбатдаги сонда ёмонларнинг кирдикорлари тўла фош бўлади, — деб рағбатлантирди.
Ниҳоят, Неъмат ака айтган сонида унинг имзоси билан “Бечора чора истар” номли адабий-танқидий фельетон чиқиб, Николай Ивановичнинг башараси тўла фош бўлди ва у етти йилга қамалиб кетди.
Мен ҳар гал ўқишга борганимда, устоз Неъмат ака Аминов билан учрашардим. У киши ниҳоятда ҳақиқатгўй, доно, одамохун адиб эди.
Мустақилликдан кейин Неъмат ака менга бир сирни очди:
— Сизнинг фельетонингиз нима учун туман ва вилоят газеталарида, ҳатто “Муштум” журналида ҳам босилмаганининг сабабини биласизми? — деб сўради.
— Биламан, журналистлар орасида ҳам каламушлар етарли эди, — дедим мен.
— Буям тўғри, лекин, менимча, бошқа сабаби ҳам бор: муҳаррирлар орасида ёзилмаган қонун бор эди. Улар рус миллатига мансуб одамни танқид қилишдан қўрқишарди. Чунки туман, вилоят, республика компартияларининг иккинчи котиблари руслардан қўйиларди. Давлатни бошқариш, аслида, шуларнинг қўлида эди. Лекин мен улардан қўрқмадим.
Неъмат ака мустақилликдан кейин бош муҳаррирликка кўтарилганди. “Ҳозир замон бошқача, мустақиллик бизга эрк берди! Ҳуқуқий давлат қуряпмиз. Ҳамюртингиз, журналист Рўзимбой Ҳасан яқинда Хоразм обком партияси иккинчи котиби Нитягани ва Боғот тумани компартиясининг биринчи котиби Р.Қутлимуротовни “Муштум”да танқид қилиб чиқди. Ўзим қўллаб-қувватладим, иккаласи ҳам вазифасидан олинди. Энди журналистларнинг йўли очиқ, танқиддан холи одамлар йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, — деди у.
Ушбу хотиралар матбуот ва сўз эркинлиги йўлидаги машаққатли кураш жараёнидан бир шингилдир. Бир пайтлар тизимнинг “ёзилмаган қонунлари” сабаб дахлсиз ҳисобланган, “танқиддан холи кимсаларнинг” қилмишлари барибир кун келиб фош бўлгани ҳақиқатнинг эгилиши, аммо синмаслигидан далолат берарди. Бугунги янги давр журналистикаси эса биздан янада ҳушёр ва шижоатли бўлишни талаб қилмоқда. Зеро, жамият ривожланиши, адолат тантана қилиши учун ҳеч ким танқиддан устун турмаслиги, қонун олдида ҳамма тенг бўлиши шарт. Тўртинчи ҳокимият ўз сўзини айта олган жойдагина Николай Иванович каби эркатойлар ва уларнинг ортидаги “каттаконлар”га ўрин қолмайди.
Эркин ЭРМАТОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар
уюшмалари аъзоси,
I даражали “Меҳнат фахрийси”.
