Тескари фикрми ёки аччиқ ҳақиқат?
“Hurriyat” газетаси саҳифаларини варақлар эканман, бир сарлавҳа диққатимни тортди: “Газета ўқимайдиган… келажак” (“Hurriyat”, 2026 йил 20 май, №20 сон). Дафъатан одамни сергак торттирадиган, бироз хавотирга соладиган фикр. Хўш, Сиз келажакни газетасиз, босма нашрларсиз тасаввур қила оласизми? “Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас!” дейишга шошиламиз, тўғрими?
Тан олиш керак, сарлавҳани ўқиб, аввалига мениям кўнглимдан шундай фикр ўтди. Аммо бироз мушоҳада юритгач, кўз олдимда ўнлаб миллий газета-ю журналларимиз гавдаланди. Юртимиздаги янгиланишлар нафаси уфуриб турган “Янги Ўзбекистон”, “Ишонч”, “Hurriyat” каби нашрлардаги “Истиқбол иқболи”, “Порлоқ одимлар”, “Ренессанс овози” сингари жарангдор рукнлар қулоғим остида акс-садо бергандек бўлди.
Мақола муаллифи, изланувчан талаба Улуғбек Шаробиддинов нима учун бундай рамзий ва баҳсли сарлавҳа танлади? Газета ўқимаслик, журнал варақламаслик, янги босилган китобнинг ҳидини туйиб, қизиқарли саҳифалари орасига хатчўп қўймаслик мумкинми ахир?
Эҳтимол, муаллиф замондошларимизни мушоҳадага чорлаш, уларни мудроқликдан уйғотиш учун атайин шундай кескин йўл тутгандир?
Дарҳақиқат, бугунги кун одамидан бу ҳақда сўрасангиз, аксарият ҳолларда: “Замон ўзгарди, қўлимизда телефон бор-ку!” деган бир қолипдаги жавобни эшитасиз.
Яхшиямки, телефон, интернет бор! Баҳонамиз тайёр. Агар ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланмаганида, ахборотга бўлган эҳтиёжимизни қандай қондирардик?
Бироқ масаланинг бошқа томонини ҳам ўйлаб кўриш керак. Виртуал оламнинг, яъни “ўргимчак тўри”нинг оммалашиб кетганини матбуотдан узоқлашишимизга ягона сабаб қилиб кўрсатиш қанчалик тўғри? Интернет — тезкор ахборот манбаи, буни инкор этиб бўлмайди. Аммо у бизга тайёр, чайналган, кўпинча юзаки ва тасдиқланмаган маълумотларни узатади. Бугунги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксарияти узун матнларни ўқишга эриниб, фақат шов-шувли сарлавҳалар билан кифояланаётгани ҳам шундан бўлса керак.
Босма матбуот — газета ва журналлар эса инсонни фикрлашга, таҳлил қилишга, воқеаларнинг моҳиятини англашга ундайди. Демак, калаванинг учи интернетнинг ривожланганида эмас, балки жамиятимизда мутолаа маданиятининг сусайиб кетганлигида, десак, ҳақиқатга яқинроқ бўлади.
Гапнинг индаллосини айтганда, матбуот ва интернет бир-бирини инкор этувчи эмас, балки тўлдирувчи воситалардир. Тезкорлик виртуал оламда бўлса, теранлик ва таҳлил босма нашрда қолмоқда.
Қувонарлиси, сўнгги йилларда мамлакатимизда газета-журналлар фаолиятига, айниқса, китобхонликни ривожлантиришга давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг глобал талабларидан келиб чиқиб, миллий журналистикамизни ривожлантириш масаласини тез-тез кун тартибига қўймоқда. Давлатимиз раҳбари замонавий медиамаконда рақамли технологиялар ўрнини эътироф этган ҳолда, умумтараққиётда матбуотнинг, айниқса, босма адабиётларнинг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидламоқда.
Яқинда юртимизда кенг қулоч ёйган ”Миллий китобхонлик ҳаракати” дастури фикримизнинг яққол исботидир. Бу каби эзгу ташаббуслар шунчаки тадбир эмас, балки халқимизнинг дунёқарашини кенгайтириш, миллий ўзлигимиз ва менталитетимизни асраб-авайлаш ҳамда баркамол авлод тарбиясининг мустаҳкам пойдеворини яратиш йўлидаги тарихий қадамдир.
Шундай экан, газета ўқимайдиган келажакдан қўрқиш эмас, балки ҳар бир хонадонга босма нашр ва китоб нурини қайта олиб кириш ҳақида ўйлашимиз лозим. Зеро, китоб ва газета варақлаган миллат ҳеч қачон мағлуб бўлмайди.
Карим НОРМАТОВ,
профессор.
