Икки давр, бир тақдир

Тақдир баъзан инсонни икки давр чорраҳасига олиб келади. Мен ана шундай тақдир соҳибиман. Бир тузумда журналист бўлиб шаклландим, мустақиллик йилларида эса Ватан журналисти сифатида камол топдим.

Инсон умрининг олтмишдан ошган палласида ортга бир қур назар ташлар экан, босиб ўтилган йўлнинг ҳар бир босқичи қалбда ўзига хос из қолдирганини англайди. Ҳар бир даврнинг ўз нафаси, ўз овози, ўз ҳақиқати бўлади. Менинг тақдирим ҳам икки хил тузум, икки хил ҳаёт, икки хил журналистик муҳит орасида шаклланди. Бир даврда қалам қўлда эди-ю, аммо фикр эркин эмасди. Иккинчи даврда эса қаламга ҳам эркинлик, ҳам юксак масъулият юкланди. Бу икки олам орасида бутун ҳаётим мазмунини ўзгартирган бир буюк неъмат борки, у ҳам бўлса — Мустақиллик!

Журналистикага кириб келган илк йилларим ҳануз хотирамда. Газета саҳифасига чиқадиган ҳар бир жумла бир неча босқичли таҳрирдан ўтар, баъзи фикрларни қоғозга туширишга эса журъат етмасди. Айтилиши мумкин бўлган ҳақиқат билан айтилмаслиги лозим деб ҳисобланган ҳақиқат орасида кўринмас, аммо мустаҳкам девор бор эди. Биз кўпинча ҳаётни қандай бўлса, шундай эмас, қандай кўрсатиш талаб этилса, шундай тасвирлашга мажбур эдик.

1991 йил… Бу сана мен учун шунчаки тарихий воқеа эмас, балки касбий ва инсоний тақдиримнинг бурилиш нуқтасидир. Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритганида, мен журналист сифатида шаклланиб бўлган эдим. Аммо айнан ўша кунлардан бошлаб ўзимни ҳақиқий маънода Ватан журналисти сифатида ҳис этдим. Энди қалам нафақат касбим, балки халқим ва юртим олдидаги виждонимга айланди.

Мана, истиқлолнинг ўттиз беш йили ҳам ортда қолмоқда. Бу йиллар кўз олдимдан кинотасмадек ўтади. Мустақилликнинг илк қадамлари, иқтисодий қийинчиликлар, халқимизнинг матонати, эртанги кунга бўлган ишонч; кейинчалик барпо этилган янги мактаблар, замонавий корхоналар, обод маҳаллалар, қиёфаси тубдан янгиланган шаҳар ва қишлоқлар… Буларнинг барчаси репортажларим, очеркларим, интервьюларим ва мақолаларим орқали газета саҳифаларидан жой олди. Бир пайтлар орзу бўлиб туюлган эзгу ниятларнинг ҳаёт ҳақиқатига айланганини журналист сифатида кузатиш ва унинг солномасини яратиш менга насиб этди.

Журналистнинг энг катта бойлиги архивида сақланаётган сарғайган газеталар эмас, балки хотирасида муҳрланиб қолган ҳаёт лавҳаларидир. Менинг хотирамда ҳам қора-оқ суратлардек хира тортган даврлар, ҳам истиқлол нурида рангларга бурканган манзаралар яшайди. Илк мустақиллик байрамлари, байроғимиз ғурур билан баланд кўтарилган лаҳзалар, юртнинг энг чекка қишлоқларидан тортиб замонавий шаҳарларигача учратган фидойи инсонлар… Уларнинг кўзларидаги ишонч йил сайин мустаҳкамланиб, орзу-мақсадлари кенгайиб борганига кўп бор гувоҳ бўлганман.

Бугун мен ёш ҳамкасбларимга ҳавас билан қарайман. Улар эркин фикрлайди, замонавий ахборот технологияларини пухта эгаллаган, дунё билан ҳамнафас яшайди. Улар учун очиқ имкониятлар майдони яратилган. Бу имкониятлар тасодифан пайдо бўлгани йўқ. Улар халқимизнинг мустақил тараққиёт йўлидаги машаққатли меҳнати, сабр-матонати ва эзгу интилишларининг самарасидир.

Ҳаётда анча-мунча аччиқ-чучукни кўрган одам сифатида бир ҳақиқатни бот-бот ҳис қиламан: инсон учун энг катта бахт — ўз Ватанининг юксалиб бораётганини кўриш, ана шу тараққиётга ўз меҳнати билан озми-кўпми ҳисса қўшишдир. Мен бугун набираларимнинг эркин фикрлайдиган, чет тилларни ўрганадиган, замонавий билимлар билан қуролланган, дунёга очиқ Ўзбекистон фарзандлари бўлиб камол топаётганини кўриб, қалбим шукроналикка тўлади. Улар кўрмаётган кечаги қийинчиликларни биз кўрдик, улар баҳраманд бўлаётган имкониятларнинг қадрини эса биз янада теранроқ ҳис қиламиз.

Бугун Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланар экан, қаламимни яна бир бор эҳтиром билан қўлимга оламан. Чунки мен учун қалам — касб қуроли эмас, Ватан олдидаги масъулият тимсолидир. У орқали халқимнинг қувончини ҳам, ташвишини ҳам, эзгу орзу-интилишларини ҳам холис ва самимий ёритишни ўзимнинг муқаддас бурчим деб биламан. Шу боис истиқлол ҳақида ҳар сафар қалам тебратар эканман, Ватанимнинг тақдири билан ўз тақдирим чамбарчас боғланганини яна бир карра ҳис қиламан. Зеро, умрини журналистикага бағишлаган инсон учун мустақилликнинг ҳақиқий қадрини ҳаётнинг ўзи ўргатади…

Одилжон ИНОМОВ,

“Наманганская правда”

газетаси бош муҳаррири,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =