Тўра Сулаймон бир ён…

Музейлар – юртимиз тарихи, халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларини ўзида мужассам этган осори-атиқалар, ноёб буюмлар билан ўзлигимизни англашга, ўтмишдан ибрат олиб яшашга ундовчи бебахо хазиналардир. Шу боис ҳам кейинги йилларда музейлар инфратузилмасини яхшилаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, энг асосийси, ташриф буюрувчилар, айниқса, туристлар учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида мамлакатимизда адабиёт, маданият ва санъат, илм-фан соҳаларини ривожлантириш, ўзининг бетакрор илмий ва ижодий мероси, ижтимоий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шоир ва ёзувчилар, бастакорлар, олимлар, кино ва театр санъати намояндаларининг таваллуд саналарини кенг нишонлаш ҳамда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш белгиланган. Ана шундай юртимизнинг таниқли ижодкорларидан бири Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймондир. Тўра Сулаймон Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида яшаб ижод қилган. Унинг шеърлари халқона бўлганлиги учун кўплаб таниқли ҳофизлар томонидан куйланган. Агар шоир тирик бўлганида бугун 90 ёшни қаршилаган бўлар эди.
Яқинда шоир таваллудининг 90 йиллиги ҳамда адиб уй-музейининг очилишига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Республикамизнинг таниқли ижодкорлари, сирдарёлик зиёлилар, шоирнинг ҳамюртлари, шеърият ихлосмандлари иштирок этган мазкур кеча маърифатга ошно юртдошларимиз, айниқса, Сирдарё аҳли учун катта байрамга айланди.
…Бир пайтлар “Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди” деб таърифланган қадимги Мирзачўл. Бугун бу ерлар чўл эмас, бўстонга айланиб турибди. Айниқса, 7-8 йил ичида Сирдарёнинг барча шаҳару қишлоқлари қаторида Мирзаобод туманининг қиёфаси ҳам тамомила ўзгарди. Бу ерда кўплаб янги бинолар қад кўтарди. Равон йўллар қурилди. Боғ-роғлар барпо этилди. Кузги либосга бурканган кенг далалар орасидаги текис йўлдан бораётган автобус Мирзаобод туманидаги Тўра Сулаймон яшаган қишлоқ томон бурилганда узоқдан миллий усулда қад кўтарган икки қаватли уй кўринди. Уйнинг атрофида одамлар тўпланган. Улар меҳмонларни қувонч ва гулдасталар билан кутиб олишди. Одамларнинг юзида табассум, чеҳрасидан нур ёғилади. Шундай сўлим гўшада туғилиб яшаётганларидан бехад хурсанд эканликлари аксланади. Уй атрофидаги баланд тераклар, дарахтлар қишнинг намхуш шамолида оҳиста чайқалади, ҳаво қуруқ ва совуқ. Аммо одамларнинг чеҳрасида байрамона руҳ кўпчиликнинг нигоҳи рўпарадаги баланд пешайвонли икки қаватли бинога қадалган. Бу уйда Сирдарёнинг азиз фарзанди, Халқ шоири Тўра Сулаймон қирқ уч йил давомида умр гузаронлик қилган. Президентимизнинг ташаббуси ва топшириғига биноан ушбу бино замонавий тарзда таъмирланган. Шоирнинг оила аъзоларига эса йўлнинг ёқасидан янги уй қуриб берилган. Шоирнинг уйи энди чин маънода музейга айланмоқда. Дарвозадан киришда кўзингиз дастлаб, ҳовли ўртасидаги катта тут дарахтига тушади. Ўнг томонда кутубхона, чап томонда қатор хоналар. Марказда шоирнинг бир қўлида китоб ушлаб турган ҳолатдаги қиёфаси тасвирланган ҳайкал. Ҳайкалга нигоҳ ташлаган одам, худди тирик шоир билан юзма-юз тургандек сезади ўзини: бошида қалин қўй терисидан тикилган телпак, эгнида пальто. Сиз билан шеърият ҳақида суҳбатлашаётгандек туюлади гўё. Бу ҳайкал Ўзбекистон халқ рассоми Азамат Ҳотамов томонидан яратилган. Ҳовли одамлар билан лиқ тўла. Ҳайкалнинг очилиш маросимидан сўнг шоирнинг қизи Юлдуз Бегалиева меҳмонларни экспонатлар билан таништирди.
— Отамнинг уй-музейи тўртда экспозициялар хонаси, кутубхона ва конференция залидан иборат.
Музейимизда ҳозирча бир минг икки юзта экспонат рўйхатга олинган. Булар қўлёзмалар, гувоҳномалар, орден ва медаллар, газета ва журналлар, китоблар, уй-рўзғор буюмлари, кийимлар, эсталик совғалари, сувенирлар, портрет ва расмлардан иборат. Уй-музейнинг биринчи хонасида Тўра Сулаймоннинг 1966-2014 йиллардаги ҳаёт фаолиятига доир экспонатлар ўрин олган. Улар орасида шоирнинг қўлёзмалари ва китоблари хона ўртасида эса дутор, танбур, ғижжак ва доира каби миллий чолғу созлари қўйилган.
— Жуда кўп шеърлари қўшиқ бўлганлиги учун кўплар отамни қўшиқчи шоир дейишар эди, – деди Юлдуз опа. — Лекин отамнинг ўзлари “қўшиқчи шоир” деган бу иборани унча ёқтирмасди. Чунки “мен қўшиқчи шоир эмасман” деб айтардилар. Халқона бўлгани боис ўз-ўзидан қўшиққа айланиб кетган отамнинг шеърлари. Шерали Жўраев, Фахриддин Умаров, Нуриддин Ҳайдаров, Юлдуз Усмонова каби таниқли хонандалар севиб куйлашган бу шеърларни.
Ҳа, Улуғбек султон бир ён,
Тўра Сулаймон бир ён
дейилмиш машҳур сатрларни қўшиқ қилиб куйламаслик мумкинми, ахир! Шоир ижодида эса бундай қуйма мисралар кам эмас.
Музейнинг кейинги хонасига қадам қўйган кишининг кўзи дастлаб, хона деворидаги мана бу сатрларга тушади:
Эсиз, болаликни қолдириб ортда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.
Қолдириб-қолдирмай из бу ҳаётда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.
Ушбу хонада шоирнинг дўст-биродарлари, ошно-оғайнилари, шогирдлари ва ҳамюртлари билан тушган суратлар ўрин олган. Улар орасида яна бир сирдарёлик машҳур иқтидор, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева билан тушган сурат алоҳида ажралиб туради.
Адибнинг ҳаётлигида фойдаланган буюмлари эса музейнинг навбатдаги хонасидан жой олган. Улар орасида шоирнинг соати, соқол оладиган машинкаси, эсталикка тушган суратлар, сигарет трубкаси, кўзойнак, 1999 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвони олган гувоҳномаси, медаль ва ҳужжатлари ўрин олган.
Кейинги хона ўртасига хонтахта қўйилган. Хонтахта атрофига кўрпачалар тўшалган. Бу шунчаки ўзбекона расм-русумгина эмас, балки Тўра Сулаймоннинг ижод тарзини кўрсатувчи кўзгудир. Чунки Тўра Сулаймон хонтахта атрофида ўтириб ижод қилишни севган. Юлдуз опанинг айтишича, радио ҳамиша хонтахта устида, шоирнинг кўз олдида турар экан. Тўра Сулаймон умр бўйи радио ихлосманди бўлган. Хонтахта устида оппоқ қоғозлар, қўлёзмалар, ёзув машинкаси, яхши кўрган китоблари ва лампа чироғи турибди. Деворда шоирнинг турмуш ўртоғи пахта тераётган пайтдаги сурати илинган. Шоирнинг қизи Юлдуз Бегалиеванинг ҳикоя қилишича, Тўра Сулаймон бўлажак турмуш ўртоғининг газетада чиққан мана шу суратини кўриб, унга мажнун каби ошиқ бўлган экан. Шу муҳаббат туфайли оила қурган. Бўлажак келинойимиз ўша пайтда тўйтепалик бўлган. Шу суратдаги қиз шоирнинг умр йўлдоши ва энг яқин сирдошига, оиланинг қуёшига айлаган. Шунингдек, бу хонада адибнинг кўплаб шахсий буюмлари такрор-такрор ўқиган китоблари, ҳар хил кўзалар, китоб жавони бор.
Бу табаррук масканда кутубхона ҳам очилди. Кутубхонада шоирнинг илк китоби “Истар кўнгил”дан бошлаб “Илтижо”, “Гул бир ён, чаман бир ён”, “Интизор” “Ҳамқишлоқларим”, “Сайҳон”, “Сенсиз ёлғиз, ғариб бўлдим…”, “Қоракўзгинам”, “Жаҳоннома”, “Жаҳонгашта”, ва бошқа кўплаб китоблари ҳамда уларнинг қўлёзмалари билан танишиш мумкин.
Шоирнинг қизи Юлдуз Бегалиеванинг айтишича, Тўра Сулаймоннинг ҳаёти ва фаолиятига оид яна тўрт мингга яқин экспонатлар Сирдарё вилоят тарих ва маданият давлат музейида сақланмоқда.
Шундай қилиб, Сирдарёнинг азиз фарзандларидан яна бир фарзанди номи мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан эъзозланди. Сирдарёда яна бир қутлуғ қадамжо дунёга келди. Бу маскан энди нафақат сирдарёликлар, ўзбекистонликлар, балки, мамлакатимизга жаҳоннинг турли манзилларидан келувчи сайёҳларнинг ҳам табаррук масканига айланади.
Мунира РАМАЗОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.