Чин инсон фазилати

ёки букилмаган темир ирода

…30 йил аввал январнинг илк кунларида қаҳратоннинг совуғидан ҳам совуқ хабар тарқалганди. Бу бутун умри, ақли-заковатини халқимиз фаровонлигига сарфлаган улуғ инсон Мирзамаҳмуд Мусахоновнинг ҳаёти 83 ёшида ниҳоя топганлиги тўғрисида хабар эди. Ўша кунда атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг энг яқин сафдошларидан бири, узоқ йиллар давомидаги яхши-ёмон кунларда синалган садоқатли дўсти, иймонли, покиза, букилмас ирода эгасини билган одамлар чуқур қайғуга ботган эдилар.

Мустақилликка эришгунимизча халқимиз, миллатимиз бошига оғир азоблар, қуруқ туҳматлар тушди. Аввал “пахта иши”, сўнгра ҳақоратомуз “ўзбеклар иши” номини олган оммавий қатағонда минглаб ватандошларимиз, уларнинг оилалари, фарзандлари салкам беш йил давом этган зўравонликларга, қамоқ азобларига учраган эдилар. Айбсиз жазоланганлардан бири Мирзамаҳмуд Мусахонов бўлган. У ўша қаттоллик исканжасида ҳам жисмонан, ҳам руҳан эзилган ҳолатда бўлса-да, ноҳақлик, адолатсизлик олдида руҳан синмаган жасур инсон эди.

Улуғ инсонларнинг матонатли ҳаёти ва самарали серқирра фаолиятини ўрганиш, уларга хос ажойиб фазилатларни қайд қилиш анъаналаримизга кўра ҳам қарз, ҳам фарз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган авлодларимизни, тарихимизда чуқур из қолдирган буюк шахсларни доимо эътироф этиш, улардан ибрат олиш лозимлиги ҳақидаги фикрлари алоҳида аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари шижоати билан миллатимиз манфаатлари йўлида жонини фидо қилган кўплаб халқимизнинг асл фарзандлари номи тикланди, уларга қўйилган асоссиз айблар бекор қилинди. Тарихий адолат тикланиши давом этмоқда.

М.Мусахоновнинг оғир, мураккаб, мусибатли, лекин ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўплаб маълумот ва хотиралар сақланиб қолган.

Унинг умри охирида ўз қўли билан ёзган хотираларини ўқиш ниҳоятда ҳаяжонли. Яқин ўтмишимиз шунчалик очиқ, асл кўринишида тасвирланганки, бу сатрларни ўқиб, киши ҳайратда қолади. Айрим лавҳалар чуқур хаёлларга олиб кетади. Ҳаёт нақадар зиддиятларга тўла эканлигини кўрсатиб, бу дунё қарама-қаршиликлардан иборат эканлиги ҳақидаги тасаввуримизни кенгайтиради. Айниқса, оғир болалик йиллари, қийинчиликларга тўла ярим етимликда ўтган ёшлиги ҳақидаги ҳикоялар эсда қолади.

Аксарият ҳамкасблар, дўстлар бу камтар, самимий муносабатларни ёқтирувчи, ҳар қандай расмиятчиликлардан узоқ бўлган бу раҳбарни, асосан, “Мирза ака” деб чақиришарди. У ҳам бошқаларга мурожаат қилганида, ёшидан қатъи назар, “ака” сўзини қўшиб айтарди, бу сўз шундай самимият билан талаффуз қилинардики, уни эшитган суҳбатдош ўзига бўлган инсоний қадрни ҳис қиларди.

Мирза ака Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 1912 йил 22 октябрда оддий меҳнаткаш ва камсуқум оилада туғилган. Ўсмирлик пайтларида Тошкентдаги жадидлар очган мактабда бўлажак халқ шоири Ғафур Ғулом унга дарс берган. “Сен етим эмассан” шеъридаги “Мен етим ўтганман, Оҳ, у етимлик… Вой, бечора жоним, Десам арзийди. Бошимни силашга Бир меҳрибон қўл, Бир оғиз ширин сўз Нондек арзанда. Мен одам эдим-ку, Инсон фарзанди…” каби мисраларни ўзига йўйган ҳолда, хаёлларга, оғир хотираларга берилиб, эсларди.

У 15 ёшида жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаси Мунавварқори томонидан очилган “Ҳаёт” мактаб-интернатининг 4-синфини тугатган. Эслашича: “Энди бу ёғи нима, қанақа бўлиши ҳақида менга маслаҳат берадиган киши бўлмаган. Ўзимча болалигимда кам кўришадиган отамнинг (у доимо давлат ишлари билан банд бўлиб, вилоятма-вилоят турли масъулиятли вазифаларни бажариб юрган) кўп маротаба айтган: “Яхши ўқиб, инженер бўлгин, русчани билиб, Москвада ўқишинг керак”, деган гаплари эсимда бўлиб, Тошкентнинг марказий парки рўпарасида жойлашган етти синфли рус мактабининг учинчи синфига ўқишга кирдим. Беш йил ўқиб, уни яхши тамомладим ва ёзда САГУ (Ўрта Осиё университети)нинг уч ойлик тайёрлов курсини ҳам юқори баҳолар билан тугатдим. У пайтларда институтларга талабалар етишмасди, мени бир вақтда ҳам физика-математика, ҳам медицина факультетига номзод студент сифатида ёзиб қўйишди, ҳали алоҳида тиббиёт институти йўқ эди. Лекин менинг режам, орзуим, отам айтганидек, инженер бўлиш, Москвада ўқиш эди”.

Йўқчилик ва қийинчиликларни енгиб, бир амаллаб Москвага етиб олган Мирзамаҳмуд Тўқимачилик институтига кирган. Студентлик даври ҳақида ёзилган сатрларни ўқиймиз: “Омадим келиб, бу олий даргоҳга ўқишга қабул қилиндим. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди — охири, интилишларим натижали бўлди, дадам ва ўзимнинг орзуим амалга ошди — мен Москвада ўқий бошладим. Олдинига ўзим тенги курсдошларим қаторида билимларимиз етарли бўлмаганлиги учун анчагина қийналдим, лекин кейинчалик қаттиқ ҳаракат қилиб, институт ҳаётига мослашиб, ўз йўлимни топиб олдим. Эсимда бор, 1932 йилда мени “аълочи” сифатида бошқа илғор студентлар қатори Ленинградга экскурсияга юборишди. Тўрт курс давомида мен гуруҳ “староста”си (раҳбари) бўлиб сайландим”.

Тўқимачилик институтини аъло баҳолар билан тугатиб аспирантурага илмий изланишлар соҳасига тавсия қилинган. Аммо кўпроқ амалий жараёнга қизиққан ёш инженер ўз меҳнат фаолиятини Москва яқинидаги Серпухов шаҳарчасидаги “Красний текстильщик” корхонасида бошлашга қарор қилган. У 1937 йилдан то 1940 йилгача 2,5 минг ишчиси бор ип йигирув фабрикасини, сўнгра 5 минг кишилик йигирув-тўқув фабрикасини идора қилишда фаол қатнашади.

М.Мусахонов 1940 йил февралида Ўрта Осиёда дастлабки энг йирик саноат корхоналаридан саналган Тошкент тўқимачилик комбинатига хизматга юборилиб, бу ерда олти йил давомида навбатчи инженерликдан цех бошлиғи, бош инженер, фабрика бошқарувчиси лавозимларигача кўтарилган. Унинг қайд қилишича, “Серпуховга бориб, тўрт йил давомида “катта саноат қозонида” яхшигина “қайнагани”, тажрибали ишчи, мастер, инженерлардан иш ўрганиб, малакасини оширгани жуда қўл келди. Тўқимачилик саноати мен учун энг қизиқарли соҳага айланганди”. У оғир уруш йиллари катта корхонада турли масъул лавозимларда ишлаб, инженерлик ва раҳбарлик сирларини чуқурроқ ўрганди.

“Қаерда ишласам — мастер ёки цех бошлиғи, бош инженер ёки комбинат директори бўлишимдан қатъи назар, ишлаб чиқариш жараёни мени ўзига ром этиб, гўёки аллақандай ғаройиб, афсонавий оламда яшардим. Мени тўқимачилик саноатининг қудратли мароми, ундаги ҳайратланарли даражада ақлли машиналар қизиқтириб қўйганди. Улар ишини созлашни, янги маҳсулотлар учун керакли технологик жараённи йўлга солишни яхши кўрардим. Цех ҳаёти менга жудаям ёқарди, ғайратим ичимга сиғмасди, юқори лавозимларга қайта-қайта таклиф қилишса-да, рад этардим”.

Чуқур билими, ташкилотчилик тажрибаси, раҳбарлик қобилияти, меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги сабабли М.Мусахонов кейинги йилларда давлат миқёсида раҳбарлик қилиш тажрибасини эгаллади.

М.Мусахонов фаолиятидаги энг муҳим босқичлардан бири 1970 йилдан бошланиб, 1985 йилгача ўзи айтгандек: “Тошкент вилоятига раҳбарлик лавозимида катта қизиқиш билан юритган фаолиятим, турли муаммоларни ижодий ёндашган ҳолда, барча сафдошларимни уларнинг ечимига жалб қила олган даврим энг мароқли бўлди”.

70-80-йиллар давомида Тошкент вилоятида янги саноат марказларига айланган Чирчиқ, Бекобод, Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарлари қад кўтарди. Уларда машинасозлик, қора ва рангли металлургия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, энергетика, кўмир қазиб чиқариш, маиший ва биологик кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати тез ривожлана бошлади. Транспорт корхоналарини ривожлантириш, иқтисодиёт ва аҳолининг темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортига ортиб бораётган эҳтиёжларини ўз вақтида таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди, темир йўлларни электрлаштириш давом эттирилди. Чорвоқ ва Оҳангарон сув омборлари, Хўжакент ГЭСи бунёд этилди, қарийб 80 км узунликдаги “Ҳамдам” канали қазилди.

Вилоят қишлоқ хўжалигида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди, кўплаб янги ер майдонлари ўзлаштирилди, илгари ботқоқлик ва қуюқ тўқайлар босиб ётган жойлар ўрнини пахтазорлар, шолизорлар ва бошқа зироатчилик экинлари эгаллади. Пойтахт ва вилоят аҳолисини гўшт-сут маҳсулотлари, тухум, мева-сабзавотлар билан тўла-тўкис таъминлаш мақсадида кўплаб чорвачилик ва сутчилик мажмуалари, паррандачилик фабрикалари, сабзавот омборлари ишга туширилди.

М.Мусахонов кундалик амалий фаолиятида жойлардаги иқтисодий ва ижтимоий вазиятни бевосита ўрганишга, жамоа хўжаликлари, корхоналар, завод ва фабрикалар ишлари билан шахсан танишишга улгурарди. Ўзининг деярли кундалик районлар, хўжаликлар бўйлаб сафарларида ҳар бир корхона ва хўжаликнинг бор имкониятларидан янада унумли фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнини кенгайтириш режаларини муҳокама қилар, экинзорларда пахта ёки ғалла парвариши, чорвачилик ҳолатига эътибор берар, бор муаммоларни, уларнинг ечимини мутахассислар ва ходимлар иштирокида ҳал қилишга интиларди.

Умуман олганда, Тошкент вилоятида ўзига хос “М.Мусахонов раҳбарлик мактаби” яратилганди. Бу ўта тажрибали, зукко раҳбарнинг доимий эътибори барча бошқариш тизимлари учун юқори малакали, илмли, салоҳиятли, ташаббускор кадрларни танлай олиш, йиллар давомида амалият жараёнида тарбиялаш, жой-жойига қўйиш, улар фаолиятларини кузатиб бориш, ўз вақтида керакли маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар бериш масалаларига қаратилганди. Унинг тавсияларидан бири қуйидагича эди: “Раҳбар қўл остидаги ходимларнинг билими ва имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда уларни ўз салоҳиятларини янада кўпроқ намоён қила оладиган лавозимларга қўйиши керак. Бунда хизматчиларга яхши, тўғри муомала қилиш, яхши ишлар учун раҳмат айтиш, ёмон, ёқимсиз хатти-ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш раҳбар учун жуда муҳим. Шундай муҳитда ходимлар астойдил тиришиб, кўпроқ натижага эришадилар. Раҳбарнинг кибрга берилиши, фақат жазолаш, танбеҳ бериш, ўшқиришни билиши барча яхши ҳаракатларни йўққа чиқаради”.

Мирза ака Йўлдош Охунбобоев билан бўлган учрашувни эслаб шундай ёзади: “Йўлдош ота билан бир булоқ бошида бўлиб ўтган суҳбат давомида у биз ёшларга қарата: “Раҳбар худди мана шу булоқ сувидек тиниқ, беғубор бўлиши керак, токи унга иши тушган одамлар бу беғуборликни ҳис қилсин, тетиклашсин, завқ-шавқ, куч-ғайратга тўлсин”, деганди. Оддий деҳқон фарзанди, “халқ оқсоқоли”нинг бу сўзлари қалбимга ўрнашиб қолган. Кўп йиллик иш фаолиятим давомида бу сўзларнинг донолиги ва ҳақлигини чуқур англаганман”.

У вилоятдаги барча каттаю кичик кадрларга жамоа хўжаликларини, шаҳар, туман тизимларини бошқариш усулларини ўргатишга алоҳида вақт ажратарди. Мирза аканинг асосий иш услубларидан бири — мажлис ва йиғинларда ишчанлик муҳитини ярата олиш, очиқ, самимий мулоқот олиб бориш, ютуқлар ҳақида ортиқча гапирмай, асосий эътиборни ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга қаратиш, бор муаммоларни яширмай, босиқлик билан ҳар томонлама муҳокама қилиш, тўғри ечимини топишдан иборат эди. Шунинг учун ҳам бундай йиғилишлар биз, масъул ходимлар учун ҳам қизиқарли, ҳам жуда фойдали ўтарди. Мирза ака шаҳар, туман ва корхоналарга бўладиган доимий ташрифларига, ҳар бир мажлисга, учрашувга, кўпчилик билан бўладиган мулоқотларга астойдил тайёргарлик кўрар, ходимлар, ёрдамчилар, мутахассислар тайёрлаган материалларни бирма-бир, рақамларни солиштириб, қалам билан белгилаб, кўриб чиқар, ҳар бир масалани “ипидан игнасигача” пухта ўрганарди, муҳим тадбирларни муҳокама қилишда ходимларнинг ўз фикрларини очиқ билдиришларига, баҳс, мунозаралар қилинишига йўл қўйиб берарди.

Вилоят раҳбарият тизимида ишчанлик, юқори масъулият ҳисси, ишга илмий, ижодий ёндашиш муҳити яратилган бўлиб, фан-техника тараққиёти ютуқларини жорий қилишга, фаннинг амалиёт билан боғлиқлигини мустаҳкамлашга катта эътибор бериларди. Шароф Рашидов республикадаги раҳбар ходимлар қатнашган катта мажлисда шундай дейди: “Тошкент вилоятида кадрлар билан ишлаш борасида ибратли тажриба тўпланган. Вилоят қўмитаси, секретарлар, шахсан Мирзамаҳмуд Мусахонов иқтисодиётнинг барча бўғинларини ташаббускор ходим ва мутахассислар билан мустаҳкамламоқда… Шу боисдан ҳам Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режаларини амалга оширишда эришилган муваффақиятлар тасодиф эмас”.

М.Мусахонов раҳбарлик даврида “Тошкент технологияси” деб ном олган янги тушунча ҳам пайдо бўлганди. Бу илғор илмий ёндашувнинг бош мазмунини такомиллаштирилган замонавий технологияларни кенг қўллаган ҳолда ҳар қандай шароитда ҳам пахтадан мўл-кўл ва эртанги ҳосил етиштириш, уни саноат усуллари ёрдамида тез суръатлар билан қисқа муддатда териб олиш, барча тармоқларда меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш каби кўрсаткичлар ташкил қиларди. “Тошкент технологияси” фан ва техника ютуқларини ишлаб чиқаришга, аввало, пахта етиштиришнинг индустриал усулларини такомиллаштиришга қаратилганди.

Бу ерда, умуман, Шароф Рашидовнинг М.Мусахоновга бўлган самимий муносабатини, доимий ҳурматини, унинг фаолиятини юқори қадрлаганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ҳақда кўплаб мисоллар сақланган. Жумладан, Ўзбекистон раҳбарининг 1976 йил 22 сентябрдаги катта тантанали маросимда сўзлаган нутқида таъкидланишича: “Биз Тошкент вилояти билан ғурурланганимиздек, сизлар ҳам ўз вилоятингиз, унинг бош раҳбари билан фахрланишингиз мумкин. Бунга арзигулик натижалар асос беради. Мирза Мусахонов ниҳоятда ҳалол ва виждонли, қалби тоза инсон. Уни жуда ҳам ҳурмат қиламан. Катта раҳмат Сизга, қадрли Мирза Маҳмудович!”

Тошкент вилояти тараққиётида тўпланган тажриба қанчалик ижобий ўрнак бўлганлигини кейинчалик Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳам 1993 йил 28 декабрда вилоят депутатлари кенгашининг XIV сессиясида сўзлаган эҳтиросли нутқида алоҳида таъкидлаган эди: “Тошкент, тошкентликларнинг табиатида ажойиб хусусиятлар мужассам. Ота-боболаримиздан асраб-авайлаб сақлаган меросларимизни, ўз касби, ўз соҳаси, ўз қадрини биладиган одамлар, ҳақиқий миришкор ва боғбонлар, техника афзалликларини тушунадиган юқори малакали меҳнаткашлар Тошкент вилоятининг обрўсини ташкил этади. Буни ҳаммамиз яхши биламиз.

Мен Қашқадарё вилоятида ишлаган кезларимда мана шу вилоят натижаларига, ютуқларига қараб ҳавасим келар, қандай қилиб қийин пайтларда бу вилоят ўз ютуқлари билан эътиборни жалб этаяпти, деб савол берардим. Тошкент технологияси замирида анча-мунча ишлар амалга оширилган. Мусахонов даврини, бошқа даврларни эслаймиз, узоқдан, балки, кўриниши бошқачадир, лекин шу пойтахт ва вилоятда яшаётган кишилар Мусахонов даври ютуқларини яхши эслашади. Бу пайтда бошқалар ҳавасини келтирадиган катта-катта ишлар қилинган, буни тан олмаган одамларни шахсан ўзим қабул қилолмайман. Шу даврда бўлган ишларга тўғри баҳо беришимиз керак. Шундай қийинчиликлар пайтида ҳам ўз ғурурини сақлаб, вилоят учун, керак бўлса, ўз жонини ҳам фидо қилган одамларга офарин демоқчиман”.

1985 йил бошида Мирза ака ўз ихтиёрига кўра, унга хос бўлган ёқимли ҳазил қила олиш маҳорати билан “энди ёшлар ишласин, бизларга ҳам кексалик гаштини суришга имкон беринглар”, дея ўз лавозимидан истеъфога чиқади.

Аммо, минг афсуски, ўнлаб йиллар давомидаги тинимсиз меҳнат фаолиятидан сўнг, орзу қилиб, кундалик тинч ҳаётга энди ўрганаётган устозимизни олдинда қанчалик оғир, тасаввур қилиб бўлмайдиган даҳшатли синовлар кутаётганлигини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган.

…Республика раҳбари Шароф Рашидовнинг 1983 йили кузида тўсатдан вафотидан сўнг Ўзбекистонда том маънода қора кунлар бошланди. Ватанимиз шаънига табиий бойликларимиздан тўла фойдаланилган ҳолда кўп йиллар давом этган мақтовлар ўрнини энди уни қоралаш сиёсати амалга оширилди. Шароф Рашидов ортидан туҳмат тошлари ёғдирилиб, номи булғаниб, асоссиз айблару фитналар уюштириш авжига чиқди. Мамлакатда яна ўттизинчи йиллардаги каби қатағон чархпалаги айланиб, миллатни ҳақоратловчи “пахта иши”, “ўзбек иши” иборалари кенг ёйилди. Бу Сталин даврининг “такомиллаштирилган” қайтиши бўлди, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби юзлаб бегуноҳ жабрланган миллатпарвар шахслар хотирасини яна бир эсга солди. Энди улар сафи яна кенгайиб, янги-янги қурбонлар, улардан бева қолган аёллар, етим болалар тақдири қалбларни изтиробга тўлдирди.

Аслида, собиқ иттифоқнинг асосий пахта базасига мажбурий айлантирилган Ўзбекистонда бу ниҳоятда муҳим ва керакли стратегик хомашёни йил сайин тинимсиз кўпайтириш жараёнида юзага келган қатор қийинчиликлар, кўплаб муаммоларнинг бош сабабчиси “Марказ”нинг ўзи эди. Сталин даврида “Пахта мустақиллиги учун!”, Хрушчёв даврида “Америкадан ўзиб кетамиз!”, Брежнев даврида “Режаларни ортиғи билан бажарамиз!” қабилидаги шиорлар натижасида диёримиздаги жамики боғ-роғлар, суғориладиган серҳосил ерлар фақат пахта учун ажратилди, сув манбаларидан пухта ўйламасдан, ҳисобсиз фойдаланиш, сувни тежаш технологиялари ва иншоотларининг етишмаслиги натижасида Орол денгизи қурий бошлади.

Пахта қанча кўп етиштирилган сари, ундан республикага келадиган даромад шунча камайиб борди. Пахтани қайта ишлаб, уни товар маҳсулотларига айлантириш жараёнидаги катта қўшимча қийматлар, умуман, пахтадан келадиган соф фойда иттифоқ бюджетида қолаверди. “Оқ олтин” деб шарафланган бу маҳсулот сабабли ўзбек халқининг, айниқса, аксарият қишлоқ аҳолисининг камбағалликдан, қашшоқликдан қутулишига бўлган ишончи тобора йўқолишига сабаб бўлди. Энди эса бу ачинарли ҳолат учун бутун айб сурбетларча халқимизнинг ўзига, республика раҳбариятига, турли даражадаги бошқарув тизими бошлиқларига ағдарилди.

Аслини олганда, иттифоқда узоқ вақт давом этган турғунлик, раҳбарлик жараёнида йиллар давомида йўл қўйилган катта хато ва камчиликлар сабабли бошқа республикалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат Ўзбекистондан ҳам оғирроқ эди. Лекин негадир “жазолаш зарбаси” айни республикамизга йўналтирилди.

Марказнинг юртимизга қарши бошлаган аёвсиз жазолаш сиёсати амалга оширилишида барча бор босим ўтказиш тизимлари ва шакллари кенг қўлланилди. Сон-саноқсиз мажлислар, йиғилишларда, оммавий ахборот воситаларида кечаю кундуз фақат камчиликлар, хато ва муаммолар ҳақида бўҳтон материаллар тарқатилди. Ўтказилган ҳар бир тадбир марказдан юборилиб, юзлаб энг юқори мансабларга тайинланган “соқчилар” томонидан назорат остига олиниб, фақат бир томонлама “халқни, унинг раҳбариятини ҳақоратлаш” руҳида ўтказилишига эришилди. М.Мусахоновнинг бу ҳақда айтган аччиқ, лекин тўла адолатли иборасига кўра, “Марказдан юборилган жазоловчи десантчиларга “ўзимиздан чиққан амалпарастлар, лаганбардорлар, вазиятдан фойдаланиб, виждонини ҳам сотиш эвазига “ёғли” мансаб ва лавозимларга интилган “уддабуронлар”нинг “кўмаклари” вазиятнинг янада оғирлашишига сабаб бўлди”.

Бундай шароитда мамлакатимизда ижтимоий ҳаёт кескин ўзгарди, миллий урф-одатлар, анъаналарни бажариш миллатчилик деб айбланди, уларни чеклаш бошланди. Масжидлар яна ёпилиб, қабристонлар қаровсиз қолди, марҳумларнинг баъзилари ҳатто жанозасиз кўмилди. Баъзи амалдорлар ота-онасини қабристонга қўйиш учун борганларида, бу учун партия сафидан ўчирилиши хавфидан қўрқиб, мозорнинг ичига кирмасдан, унинг ташқарисида бекиниб туришди. Аксарият масъул ходимлар “миллатчи”, “динга берилган” айбини олишдан қўрқиб, яқинлари дунёдан кўз юмган кунлари дафн маросимида қатнашмаслик учун шифохоналарга ётиб олдилар, баъзилари атайлаб хизмат сафарларига жўнадилар. Бутун Ўзбекистон даҳшат ва саросима ҳолатда қолганди. Оқибатда бирон-бир масъулиятли лавозимда бўлган ходимлар ўз яқинлари у ёқда турсин, ҳатто ота-оналари, ака-укалари хонадонларига боришдан ҳам чўчиб қолгандилар.

Республикага юборилган 200 кишидан зиёд тергов гуруҳи кечаю кундуз тўхтамай, амалдаги қонунчиликни намойишкорона қўпол равишда бузган ҳолда минглаб бегуноҳ одамларни ҳибсга олишга киришди. Бир йилнинг ўзида “қўлга олинган” “жиноятчилар” сони беш мингдан ошиб кетганди. Улар орасида республика, вилоят, шаҳар ва туманлардаги турли раҳбар ходимлар, корхона, колхоз ва совхозларнинг хизматчилари бор эди.

Тошкент вилояти ҳам ўт-аланга ичида қолганди. 1987 йил август кунларининг бирида 75 ёшли хасталикка учраган Мирза ака дала ҳовлида қатор сурункали касалликлардан азият чекиб, бетоб бўлиб ётган пайтда кутилмаганда бир неча киши ёвузларча бостириб кириб, куч ишлатган ҳолда, прокурор ордерисиз уни ҳам ҳибсга олишади.

Айни пайтда бу очиқ зўравонликни қандайдир асослаш мақсадида М.Мусахоновнинг қўл остида ишлаган сафдошларидан жисмоний азоблаш усули билан унга қарши бўҳтон аризалар йиғиш бошланганди. Жумладан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ҳибсга олинган, ўзи ҳам қатағон қурбони, барча уқубатларни бошидан кечирган Тоштемир Қаҳрамоновнинг гувоҳлик беришича, ҳибсга олинганлар ичида Пискент тумани партия қўмитасининг собиқ биринчи котиби Учқун Баҳодиров “десантчилар” қўлига тушиб, инсон қиёфасини йўқотган терговчилар томонидан узоқ азобланган. Ундан тинимсиз руҳий ва жисмоний эзиш йўли билан аввалги вилоят раҳбарини қораловчи фактлар талаб қилинган. Шу пайтда унга оиласи бошига тушган кулфатлар туфайли рафиқасининг касали кескин оғирлашгани, у беҳуш, ўлим тўшагида ётгани ҳақида хабар келган. Баҳодиров, табиий, хотини, гўдак болалари ҳақида қайғуриб, уйидан хабар олиш учун рухсат сўраган. Ўзимиздан чиққан бағритош “ҳақиқат” “курашчилари” бу хабардан қувониб, уни яна уч кун ҳибсда сақлашган ва айтилган шартларга кўнсагина мукофот тарзида уйига боришига рухсат ваъда қилишган. Асаби қуриган маҳбус бу хўрланиш, таъна-надоматларга дош беролмай, М.Мусахоновга қарши терговчилар аввалдан тайёрлаб қўйган туҳмат аризага қўл қўйишга мажбур бўлган. У уйига келганда, умр йўлдоши эндигина дунёдан кўз юмган эди. Бу вазиятда у виждон азобида қийналиб, ўзини бошқаролмай, тергов азоблари, адолатсизликдан руҳи тўла синиб, тинимсиз йиғлаётган бешта ёш боласининг кўз ўнгида ўзини осган…

Қатағон фақат эркакларни эмас, ҳатто оддий, бегуноҳ деҳқон аёлларни ҳам ўз гирдобига тортган. Тоштемир Қаҳрамонов яна бир ўта аянчли, Янгийўл туман “Эски қовунчи” колхозининг собиқ раиси Роза Отабоева билан боғлиқ эпизодни эслайди. Бу аёл ҳам зиндондаги оғир руҳий ва жисмоний азоблардан сўнг, қуруқ туҳмат асосида 6 йил озодликдан маҳрум қилинганди. М.Мусахоновга қарши бўҳтон кўрсатма олиш учун унга ҳам барча оғир жазолар қўлланилган. Бу тўғри, содда, қишлоқ оиласининг софдил фарзанди бошидан ўтган мусибатли кунлар, бешафқат қисмати ҳақида ёзилган тушунтириш хати сақланган: “Мен ҳам 80-йилларда минг-минг ноҳақ азоб чеккан одамлар қатори хўрланган аёлман. Янгийўл туманида оддий механизаторликдан колхоз раиси лавозимига ҳалол меҳнатим билан эришганман. Бу меҳнатим эвазига Олий Совет депутати бўлиб сайланганман. Қўша-қўша орден ва медаллар билан тақдирланганман.

Ана шу меҳнатларим эвазига 1987 йили мени колхозимнинг олти нафар бригада бошлиғи билан биргаликда порахўрликда ва қўшиб ёзишда айблаб, қамашди. Тергов мен учун ниҳоятда азоблар, қийноқлар остида ўтди. Москвадан келган босқинчиларга қўшилишиб, ўзимизнинг вилоят прокурори, терговчилар куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, юзларимга туфладилар, манглайимга ва кўзларимга қўлларини палахса қилиб тирадилар. Пешонамга чертиб, сиёҳ суртиб, тезда сени отиб ташлаймиз, деб дағдағалар қилдилар. Бундай камситишга ҳатто эркаклар ҳам бардош беролмаса керак.

Буларнинг асл мақсадлари мени айблаб, сўнг вилоят раҳбари бўлган Мусахоновдек покиза инсонга қарши кўрсатма олиш бўлган. Улар менга раис лавозимига ўтириш учун унга катта пора бергансан, деб дилларимни вайрон қилдилар.

1989 йилнинг бошларида мени турмада Мирза ака билан юзлаштиришди. Унинг аҳволини кўриб, ич-ичимдан ачиниб кетдим. Бечора отанинг рангида ранг қолмаганди, қийналиб стулга ўтирди. Менга қараб, заиф товуш билан зўрға пичирлаб: “Эй қизим, сенга нима бўлди? Бу кўргилик қурсин, пешонамиз шўр экан”, дедилар. Бу самимий сўзлар юрагимни қон қилиб юборди”.

Мутлақо назоратсиз қолган ўзбошимча, бешафқат терговчилар хоҳлаган ишларини қила олардилар, кимнидир мутлақо асоссиз ҳибсга олиш улар учун ўйинчоқ эди. Улар Роза Отабоева қаторида яна юзлаб оддий, бегуноҳ ўзбек аёлларини зиндонларга тиқдилар, кекса онахонларни, қизларни тергов тегирмонида янчдилар.

…Зўравонликларга қарамай, бирон-бир исталган натижага эришолмагач, барча азоблардан эзилиб қолган дардманд Мирза ака Москвадаги “Матросская тишина” турмасига жўнатилган. У ерда руҳий ва жисмоний сиқув ва таҳқирлаш янада авжига чиққан. Отишга ҳукм қилиш, фарзанд ва набиралар, қариндошларни ҳибсга олиш, уларга зўравонлик қилиш каби жазолар билан қўрқитиб, “тегишли” кўрсатмалар олишга бўлган интилиш тўхтамаган. Охири бу “ўта ҳавфли маҳбус”га нисбатан энг ифлос қийнов усуллари қўлланилиб, психотроп моддалар чойга солиб берилган, номаълум уколлар қилинган. У ўтирган изоляторга ёнма-ён жойлаштирилган ашаддий жиноятчилар уни қўрқитиб, унга жисмоний зўравонлик кўрсатиб, уриб, дўппослаб, тергов ишига кўмаклашишган. Бу аҳвол узлуксиз 24 ой давом этган.

“Маҳбус”га охирги, энг оғир босим ўтказиш мақсадида Мирза аканинг ўғли Юсуф ва қизи Сожида ҳибсга олиниб, 5 ой давомида улар ҳам турли азоблару хўрликларга дучор қилинган. Кичик қизи Нафиса ҳам қайта-қайта терговга чақирилган. Улардан ҳам гўё “яшириб қўйилган” “миллионларни, олтинларни, тилла безакларни” қайтариш талаб қилинган. Бундай шароитда “адолат” сўзини ишлатиш, ҳақ-хуқуқни талаб қилиш, қонунбузарликка қарши оддий норозилик билдириш ҳақида ўйлашнинг ўзи мутлақо ўринсиз эди.

Мирза аканинг, унга ўхшаш неча минглаб жабрдийдаларнинг бундай вазиятдаги ички ҳолатини, кечинмаларини бирон-бир ёзувчи ҳам тўла тасвирлаб бера олмаса керак. У узоқ давом этган жисмоний ва маънавий тазйиқлар, азобланишлардан сўнг, оддий расмиятчилик юзасидан жамият олдида “хўжа кўрсин” мақсадида олти йилга озодликдан маҳрум қилинган. Таажжуб, ҳатто бундай ғайриқонуний қарор ҳам Ўзбекистонда эмас, балки Тожикистон Олий судида чиққан. Сабаби, бу ҳукмнинг Тошкентда чиқарилиши аҳоли орасида катта эътирозларга сабаб бўлишидан, унга бу инсонни яқиндан билган минглаб одамларнинг мутлақо ишонмаслигидан чўчиган марказ, ўз тазйиқини қўшни республикада амалга оширишга мажбур бўлган. Деярли беш йил давом этган чексиз уқубатлардан кейин 1992 йил 24 апрелда яна Тожикистон Олий Суди ҳукми билан аввалги қўйилган ҳамма айблар мутлақо асоссиз эканлиги, барча заҳматлар, аслида, давлат зўравонлиги бўлганлиги исботлангани сабабли бу темир иродали инсон турмадан озод қилинган.

Мана, бутун умри, бор ақл-идроки, куч-ғайрати, соғлиғини ўз Ватани, халқи фаровонлигига бағишлаб, аямай сарфлаган таниқли шахснинг охирги тақдири. Мана, у доимо тўла ишонган, ғоялари учун сидқидилдан хизмат қилган ўша давр сиёсий тизимининг очиқ хиёнати, адолатсизлиги, берган ўлим зарбаси. Мана, ўтган тарихимизда инсон қадрининг баҳоси, унинг поймол қилиниши…

Мирзамаҳмуд Мусахонов 83 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу бетакрор инсондан фақат яхшилик, бунёд этилган минглаб иш, ўқиш, даволаниш, яшаш жойлари, замонавий корхоналар, иншоотлар, боғ-роғлар, текис йўллар қолди. Кўп сонли шогирдлари, сафдошларининг унга бўлган сўнмас меҳри, чуқур ихлоси, бир умр унутилмас хотираси, чексиз миннатдорлиги муҳрланиб қолди. Ажойиб умр йўлдоши, таянчи, яқин маслаҳатгўйи, оқила ва меҳрибон Жамилахон ая билан яратилган, барча ҳавас қилган аҳил, иноқ, тотув оилада ўсган ақлли, илмли, ўз юртига, миллатига садоқатли фарзандлари, набиралари яшамоқда.

Устоз охирги кунигача қалбининг покизалиги, софдиллиги, ҳақгўйлиги, одиллиги, адолатпарварлиги, ҳақиқий донолигини намойиш қилиб, яна бир бор ҳаммага ўрнак кўрсатди. Ҳаётнинг ҳар қандай изтироблари, синовлари унинг мустаҳкам иродасини буколмади, руҳиятини синдиролмади. Шундай азоблардан, адолатсизликдан кейин ҳам у ўзининг асл, чин инсонларга хос ёрқин қиёфасини, барчага бўлган меҳрини сақлай олди, ғазабланмади, ноҳақликлар учун бошқалардан нафратланмади, йиғилган аламларни бировларга йўйишни, кимдандир ўч олишни, кимгадир ҳасрат, тана, гина қилишни хаёлига ҳам келтирмади. Фақат туну кун халқининг, миллатининг аҳволига, унинг бошига тушган бундай қора кунларга ачинди.

Унинг жуда кўп доно сўзлари, айниқса, “охирги йиллар ўзим учун бир куюнсам, халқим учун минг куюндим… Ҳаётим сўнгида менга берилган барча азобу уқубатлар иттифоқ маркази томонидан халқимга, миллатимга қарши уюштирилган ўта адолатсизлик, ҳақсизлик, зўравонлик, каллакесарлик, хўрлаш олдида бир учқун бўлди, холос”, деган сўзлари ҳақиқий ватанпарварликнинг олий рамзи сифатида хаёлдан ўтаверади.

Устознинг ҳайратга солувчи, ўз қўли билан ёзилган охирги ҳаяжонли, доно сатрлар васиятдек сақланиб қолди: “Сиз фарзандларимга тавсия қиламанки, одамларга яхшилик қилиш, биринчи навбатда ватанпарварлик, ўз юртини севиш, халқига садоқат билан хизмат қилиш, миллатимизнинг дардига малҳам бўлиш, Ватанимизнинг ҳар томонлама мустақил бўлишига ҳисса қўшиш умрнинг бош муддаоси эканлигини унутманг.

Имкон даражасида бошқаларга нимаики бор яхшиликни чин кўнгилдан қилишга интилинг. Инсоннинг инсонийлиги — унинг меҳрида, муносабатида. Мен бунга, айниқса, ҳаётимда бошимга тушган жуда кўп оғир, мусибатли пайтларда амин бўлганман. Меҳр фақат ҳақиқий инсонларда бўлади. Мен, Аллоҳга шукур, жуда кўп яхши одамларга дуч келиб, таниб, улардан яхшилик, самимий меҳр-муҳаббат кўрдим. Шунинг учун ҳам зурриётларимдан илтимосим, кўпроқ яхшилик қилинглар, қўли, кўнгли очиқ бўлинглар. Билинг, бу дунёни яхши одамларнинг меҳри, яхши ишлари, тўғри амаллари ушлаб туради…”

Ҳа, шаксиз шундай! Қадрли устозимиз раҳматли Мирзамаҳмуд Мусахонов каби ҳалол, покиза инсонлар, қатъий руҳият, эзгу қадрият эгаларининг ҳаётда борлиги, уларнинг унутилмас ибратлари авлодлар қалбида адолат, ҳақгўйлик, ҳалоллик, меҳрибонлик, самимийлик сақланиб қолишига ўз ҳиссасини қўшади ва эзгуликларга умид бағишлайди.

Саидмухтор САИДҚОСИМОВ,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − five =