Аёл маърифати

Улуғ авар шоири Расул Ҳамзатовнинг “Она тилим” шеъри шундай ғояга асосланади: шоир туш кўради ва у тушида фоний дунёни тарк этаётган ҳолда ётганида, унинг олдидан ўз олами билан овора бўлган турфа одамлар ўтади. Бироқ ҳаёт билан видолашаётган шоирнинг қулоғига сўнгги дамда авар тилида қувнаб сўзлашиб кетаётган икки йўловчининг суҳбати чалинади ва шунда мўъжиза рўй беради: шоир ОНА СЎЗнинг, ОНА ТИЛ — ОНАнинг қудрати билан яна ёруғ дунёга қайтади.

Қайта-қайта ўқийдиганим бу шеър мени ҳар сафар ҳаяжонга солади ва поёнсиз ўйлар уммонига ғарқ қилади. Демак, улуғ Расул Ҳамзатов айтмоқчики, инсон руҳиятини ОНА СЎЗ — ОНА ТИЛ — ОНА ВАТАН қутқаради ва мўътабар оналар донишманд эркакларимиз ёнида туриб, АЁЛ МАЪРИФАТИ билан дунёга нур улашади.

Шу маънода яқинда Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ташаббуси билан иш бошлаган “АЁЛ МАЪРИФАТИ” деб номланган илмий-ижодий кенгаш элимиз таниган, турли соҳанинг муҳтарама оқила инсонларидан иборат бўлиб, қўмитани фуқаролар билан боғлаб турадиган “кўприк” ролини бажаради.

Унинг вазифаси оилавий, миллий-ахлоқий қадриятларга суянган ва уни мустаҳкамлаган ҳолда фарзандларимиз тарбиясида миллий руҳ мувозанатини сақлаш, она заминимизда яшаб ўтган машҳур ва буюк аёллар ҳамда аёллар билан боғлиқ қадамжоларни, Осиё ва туркий халқларнинг тарихи, маданияти, тили, адабиёти ва урф-одатлари ҳақидаги маълумотларни кенг тарғиб этиш, жумладан, хотин-қизларга жадид аёллар ҳаёти ва фаолияти тўғрисида, узоқ ва яқин тарихда из қолдирган тарихий шахслар ҳақида маълумотлар етказиш ва бошқа ўндан зиёд маърифат дарёларини “оби ҳаёт” каби руҳият кенгликларига сингдиришдан иборатдир.

3000 йиллик тарихимиздан маълумки, дунёни ҳайратга солган аёлларимиз: она Тўмарис, Зарина, Осиё она, Билқис, Бибихоним, Зебунисо бегим, Нодирабегим ва бошқа маликаларимиз она Ватан тимсоли бўлиб тарихда қолган. Уларнинг гўзаллиги, фозила, комилалиги, нозик диди, саховатли қалби ҳақида турли-туман ривоят ва афсоналар сақланиб қолган. Ўша даврда яшаган бир шоир Бибихонимнинг гўзал¬лиги ҳақида: “Унинг гўзаллигини сўз билан англатиш мушкул, чунки ул ҳар қандай гўзал сўздан-да гўзалдир”, — деб ёзган эди.

Табиат она бўлиш бахтини бермаган Бибихонимнинг нафосатга тўла қалби, нозик ақли, тарбиядаги фидойилиг-у меҳрибончилигини Амир Темур беҳад қадрлаган ва оқила маликага темурий шаҳзодаларнинг тарбиясини ишониб топширган. Бибихоним Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон, Халил Султон каби суюкли набираларини кўз қорачиғидай асраб, бор меҳру муҳаббатини уларга бахш этди. Ўз сармояси ҳисобидан юрт ободлиги йўлида савоб ишларга қўл уриб, Самарқандда улуғвор мадраса бунёд қилди, олимлар, шоирлар ва меъморларга ғамхўрлик қилди.

Ёки:

Мақсад на эди, келдинг жаҳона,

Кайфиятини баён этиб кет, —

деб ёзган Моҳлар ойим — Нодирабегим нафақат беназир шоира, айни пайтда малика, ўзининг маданият ва маърифатни ривожлантириш соҳасидаги фаолияти билан замонасининг “Нодираи даврон”и эди.

Шоира ҳаётдан жуда эрта кетган умр йўлдоши — Қўқон хони Умархоннинг бевақт вафотини доимо куйиниш билан эслайди.

“Кундан-кун айрилиқ дарди ва муштоқлик алами ҳаддан оша бошлади. Сабру чидам этагини ҳар қанча ушласам ҳам охир қарор — сизликдан девоналик қўли билан тоқатим ёқасини пора-пора этади. Гоҳо унинг хаёли билан кўнгил изтиробига тасалли бердим, гоҳо унинг ёдини қилиб дилнинг ҳаяжонли ҳолатига ором ва таскин етказдим. Саййидлар, шайху уламоларга ҳадялар, тортиқлар қилиб, дуоларини олдим. Барчасини унинг поки руҳига бағишладим. Фақирлар ва бечораларга инъом ва ҳадялар билан фойда келтирдим. Яхшилик ва мурувват қилиб, камбағал бечораларни хурсанд қилдим ва эҳтиёжсиз яшашини таъминлаш борасида марҳамат ва шафқатлар кўргуздим… Гул боғда ғайрат билан баланд тоқилик қилиб, ярим доира шаклида мустаҳкам гумбаз бино қилдим. Дўстларга дуогўй жой бўлди. Унинг ёнига турли илмлар ўқиладиган, дилни равшан қилувчи салобатли мадраса солдирдим. Савдогарлар ва саёҳатчилар учун катта меҳмонхоналар барпо қилдим. Астойдил киришиб, қўшинларни тарқатиб, халқни тинчлантирдим. Мамлакатни обод ва бечоралар кўнглини шод қилдим. Дин аҳллари, уламоларга ёрдам бердим. Шариат ривож топди. Дунёдан воз кечувчи (дарвешлар)га ихлос ва ишонч билдирдим, дин ва миллат камол топди. Илм-ҳунар аҳлига шафқат ва марҳамат билан меҳрибончилик кўрсатдимки, улар фикран ижодий тараққий қилдилар. Муҳтожлар ва гадоларни талабларига етказиб, яхшилик эшигидан ноумид юбормадим” (Нодира девони, инв. № 313, 6-7-бетлар, Қўлёзмалар институти фонди).

Бир сўз билан айтганда, унинг замондоши бўлган муаррихларнинг ёзишича, “Унинг ақлу фаросатига замон аҳли ҳайрон ва қойил қолар эди…”

Биз юқорида келтирган иқтибослар улуғ тарихимизнинг улуғ аёллари ҳаётидан бир томчи, холос. Бугун иш бошлаган республика жамоатчилик кенгаши аъзолари олдида эса бўй қизларимиз, гулдан нозик келинчакларимиз, дунёни энди танишга интилаётган қизалоқларимиз қалбини маърифат уммони ила сероб қилишдек улуғ вазифа турибди.

Худди шу ният билан жамоатчилик кенгаши фаолларининг мурожаатномасига жавобан Бош вазир ўринбосари, Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ва айрим гуруҳ аъзолари Тошкент вилоятининг Пискент туманига йўл олишди. Мақсад: мулоқотларда фаол жамоатчилик ва аҳоли вакиллари фарзанд тарбиясида халқ огзаки ижодиёти ва фольклор асарларидан фойдаланишини кучайтириш, шунингдек, Тошкент вилояти Пискент туманида 1909 йилда туғилган шоира, фольклоршунос олима, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Музайяна Алавиянинг илмий меросини кенг тарғиб этиш ва номини абадийлаштириш борасида жамоатчилик кенгаши гуруҳи билдирган таклифларни ўрганиб, ушбу борада ҳукумат миқёсида зарурий амалий имкониятлар доирасини кенгайтиришдан иборатдир. Чунки Пискент тумани аҳолиси ва фаол жамоатчилик 20 йилга яқин давр мобайнида ушбу олима номини абадийлаштириш таклифини илгари суриб келаётгани маълум бўлди. Аҳоли орасида аёл маърифати ва оқила аёллар ҳаракати аъзолари туман аҳолиси, оддий уй бекалари билан ўтказган суҳбатларида бир пайтлар олима номида юритилган кутубхона айни пайтда фаолият юритмаётганлиги маълум бўлди ва ушбу кутубхонани (ҳозирда туман ахборот-кутубхона маркази) Музайяна Алавиянинг номи билан қайта номлаш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек, шоира, олима ижодий-илмий меросини: “Оқ олма, қизил олма”, “Совет даври қўшиқлари” тўпламлари, “Интизор”, “Далли” достонлари, одоб-ахлоқ масалаларига бағишланган “Одамийлик”, “Дил нидоси”, “Ён қўшним — жон қўшним” каби рисолаларнинг электрон вариантини ўзбекча википедияга ҳамда интернет тармоғига жойлаштириш юзасидан таклифлар берилди.

Маълумки, Музайяна Алавия номи халқимиз орасида мумтоз қўшиқдай жаранглайди. Ўта заҳматкаш, ўз она тили ва Ватанининг фидойиси бўлган Музайяна Алавиянинг бизга қолдирган мероси — халқ оғзидан сочилган дуру гавҳарларни тилла сандиққа жойлаб, авлодларига қолдириб кетгандай бир мўъжизадир. “Музайяна Алавия замондошлар хотирасида” деб номланган хотира китобини тайёрлаш ва нашр эттириш, олима номида уй-музей ташкил этиш бугунги кунда ҳаммамиз амалга оширишимиз зарур бўлган маърифий ҳаракатдир.

Зулайҳо Маҳкамованинг Пискент халқи аёллари билан мулоқоти жамоат кенгашининг жойлардаги илк амалий қадами бўлди. Фольклоршунос олима Музайяна Алавиянинг “Оқ олма, қизил олма” деб номланган халқ оғзаки ижодиёти термаларидан тузилган китоби халқимиз орасида жуда машҳур бўлган. Уларни санъаткорларимиз қўшиқ қилиб куйлашган, қиз базми ва никоҳ тўйларида халқимиз томонидан айтилган.

“Ҳатто жадид маърифатпарварлик ҳаракати бошланган ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида ҳам ҳеч ким Каспий денгизидан Олтой тоғларигача бўлган кенгликда истиқомат қилган туркий халқлар оғзаки дурдоналарини ёзиб олиш лозимлигини ўйламаган.

Айниқса, “тўрт девор” ичида яшаган, бегона эркак билан ҳамсуҳбат бўлиши гуноҳи азим ҳисобланган аёлларнинг достончилик, ривоятчилик, қўшиқчилик ва мақолчилик ижоди намуналарини авлодларга қолдириш имкони бўлмаган ва шунинг учун улар тарих қарига сингиб кетаверган”, — деб ёзган эди академик Наим Каримов “Атоқли фольклоршунос олима ва шоира” мақоласида.

— Ана шундай жасоратли ишни илк бор Музайяна Алавия хоним бошлаб берганлар, — деди Зулайҳо Маҳкамова учрашувда.

Музайяна опа эсдаликларида шундай ёзганлар:

“Тоғам Абдулла Алавий ўша пайтда ҳам шоир, ўз замонасининг машҳур инсони бўлиб, Ленинградда таҳсил кўрар эдилар. Мени — ёш қизни уйдагилар турмушга бериб юбормоқчи бўлганларида, ундан хабар топган тоғам отамга хат ёзган:

“Тўра ака, Музайянажон — нозик табиатли, жуда ҳам тийран, андишали, зийрак қиз. Шоирлик таъби бор. Ўтмишда бундай табиатли қизлар ўзлари кутган орзу-ҳавасларига эришолмасдан, йиғлаб келиб, йиғлаб кетганлар. Мен ўшалардек бахтсиз бўлмасин, деб қўрқаман. Агар биз уни ўқитсак, яхши бир киши бўлиб етишади. Шунинг учун уни куёвга беришда жуда эҳтиёткорлик зарур. Сабр қилинг, синглимнинг инжа кўнгли яраланмасин, келажакка ишонч билан кулиб турган кўзлари ёшга тўлмасин…”

Шу хатни ўқиб, муҳтарам Президентимизнинг ўтган йили 8 март байрами тадбиридаги нутқида бутун Ўзбекистон оналарига, барчамизга мурожаат қилиб, “қизларимизни ўқитайлик, уларга илм берайлик, уларни эрта турмушга бермайлик!” деган маънодаги таъсирли даъваткор сўзлари ёдимга тушди.

Қаранг, ҳамма замонларда ҳам халқимизнинг маърифатпарвар қатлами қизларни асрашни ўз виждоний вазифаси деб билганлар, — деди Зулайҳо Маҳкамова. — Шунингдек, олимамиз “… Хатнинг таъсири бўлмагач, мен Пискентдаги уйимиздан Самарқандга қочиб кетишга мажбур бўлдим, бир оёғимга отамнинг маҳсисини, иккинчи оёғимга ўзимнинг маҳсимни кийиб қочиб кетганман. “Маърифатга ўзимни отдим” менинг биринчи шеърим эди,” — деб ёзганлар эсдаликларида.

Ўзбек қизлари билимга ташна бўлган ва улар ўқиш учун, билим олиш учунгина ўз уйларидан чиқиб қочиб кетганлар. Фақат билим олиш ёки эрки учун курашишгагина шу йўлни тутганлар. Албатта, бу давр билан боғлиқ оғир ҳолатлар, лекин барибир илм олиш учун ана шундай жасорат кўрсата олганлар номи абадий яшайди!”

Олиманинг бошидан кўп аччиқ кунлар ўтган.

Музайяна Алавия Чўлпон, Санжар Сиддиқ, Ғози Юнус, Хуршид каби шоирларни яхши билган, мулоқотда бўлган.

У 1931 йилнинг январида жонажон тоғаси, маънавий раҳбари, Чўлпоннинг севимли шогирди Абдулла Алавийдан айрилади. Тоғасининг табаррук руҳига “пантуркист” деган “ёрлиқ” тақалади.

Орадан кўп ўтмай, турмуш ўртоғи Лутфулла Алавийга “халқ душмани” тамғаси босилиб, маърифатпарвар инсонлар қаторида қамоққа олиниб, беному нишон кетди.

Мактабларда дарс беришдан мосуво қилинади. Улуғ форс шоири Ҳофиз Шерозийнинг бир байтини таржима қилгани учун мактабдан, таҳсил олаётган педагогика институтидан ҳайдалади.

Музайяна Алавия хоним ўша пайтларда қатағон қилинган миллатимизнинг асл зиёлиларини кўрганлар ва изтиробини ҳис этганлар. Ўзлари ҳам қатағон азобини кўрганлар. Хўш, нега биз жадид аёлларимиз сафида Музайяна опа каби жасорат соҳибаларини санамаслигимиз керак? Менимча, бемалол бу аёлларни ҳам жадидаларимиз сафида санашга ҳақлимиз!

Қатағон қилинган, Сибирга сургун қилинган, отиб ташланган, дом-дараксиз кетган отаси, ака-укаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандларидан айрилган ўзбек аёллари, ўзбек оналари дардини ичига ютган, юрагини ўт бўлиб куйдирган азобларини пинҳоний қўшиқларга, лапарларга, халқ оғзаки ижодига жамлаган. Уларнинг изтиробларини, орзу-умидларини дафтарга тушириш ёш Музайяна хонимнинг мақсади бўлган.

Шунингдек, Музайяна Алавия миллий қадриятларимиз бўлган “Сумалак сайли”, “Қовун сайли”, қадимий миллий байрамларимиздан Наврўз сайли тадбирларини яхши ўрганганлар. Шу боис у кишининг ижодий меросида ўзбек халқ қўшиқлари, терма қўшиқлар, лапарлар, ёр-ёрлар, Хоразм қўшиқлари, келин салом, ўлан, байт ғазаллар, меҳнат қўшиқлари, аллалар жой олган эди.

Улуғ санъаткоримиз Коммуна Исмоилова маҳорат билан куйлаган Хоразм термаларини ҳозир ҳам ёшларимиз куйлашмоқда.

Олима юртнинг ичида бўлиб, Фозил шоирдан Гўрўғли туркумига кирган “Интизор” ва “Кунларим” достонларини ёзиб олиб, яна қанча янги номларни кашф қилиб, 1959 йилда “Ўзбек халқ қўшиқлари” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Музайяна Алавия улуғ олима бўлиш билан бирга улуғ она ҳам эди.

У хотираларида “Менда, Музайяна Алавияда, икки ўғил — Фарҳодхон, Анисхон, қизим (ўртанчаси) Мусавварахон — ҳаммаси ҳам ота касбини эгаллаб, врач мутахассис бўлиб етишди” — деб ёзган.

“Бугун даврамизда олимамизнинг қизлари Мусавварахон опа иштирок этаётган эканлар, мен чин дилдан таъзим қиламан ва раҳматлар айтаман, — деди Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова. — Музайяна Алавия номи халқ қалбида абадий яшаши учун бизлар барчамиз, хусусан, олима туғилиб ўсган Пискент аҳли кўп ишлар қилишимиз керак.

Фаол жамоатчилик вакиллари, ижодкор аёллар Музайяна Алавиянинг Пискентда — ўзи туғилган юртда, гарчи 16 ёшида бу ердан кўчиб кетишган бўлса-да, уй-музейларини ташкил этиш таклифини билдиришмоқда. Эндиликда ушбу таклифни илгари суриш, яқиндагина нашрдан чиққан икки жилдлик сайланма асарларини тарғиб этиш, ва яна чоп этилиши режалаштирилаётган навбатдаги икки жилдлик асарларини нашр эттириш каби ишларни сиз азизлар билан биргаликда амалга оширишимиз зарур.

Мана шу ишларни амалга ошириб, Тошкент вилояти Пискент тумани мисолида бутун республикамизга халқ оғзаки ижоди намуналарини, олимамиз қолдирган илмий-бадиий меросни тарғиб этиб, ёшларимиз тарбиясидаги педагогик таъсирини ҳам очиб берамиз деб умид қиламан”, — деб Зулайҳо Маҳкамова учрашув аҳлига юзланганида, иштирокчиларнинг мижжаларида севинч ёшлари қалқди.

Музайяна Алавиянинг қизлари Мусаввара ая, учта эгизак набиралари — аҳли Пискент, халқ оғзаки ижоди билимдонлари АЁЛ МАЪРИФАТИ нуридан масрур эди. Шу пайт барчанинг қулоқлари остида Ўзбекистон халқ шоири, муҳтарама Зулфияхонимнинг улуғ Музайяна Алавияга атаб айтган ушбу сўзлари жаранглаб кетгандек бўлди: “Сиз асарларингиз билан ҳам, меҳнат фаолиятингиз билан ҳам, шахсий намунангиз билан ҳам кишини ўқишга, ўрганишга, айниқса, бизнинг бениҳоя бой оғзаки адабиётимиз хазинасига ғаввосдай шўнғишга тарғиб қилар эдингиз. Мен ҳам сизнинг изингиздан бордим, сиз ўша хазинадан олиб халқимизга берган фольклор дурдоналарини ўрганишга мукка тушдим. Бу дурдоналар беҳисоб, бебаҳо…

Қайси бирини айтайлик, сизнинг ўзингиз, Музайянахоним, йиллар чангини артиб бизнинг кўзимизга тутган достонлар, эртаклар камми, бепоён республикамиз бўйлаб кезиб ҳали у пучмоқдан, ҳали бу шаҳардан достончи ёки қўшиқчини топиб ёзиб олган достон, қўшиқ озми?! О, опажонимиз, кишилар қалбига йўл, унинг дилидаги бойлигини уқиб олиш, уни териб олиб халқ мулкига айлантириш учун катта санъат керак!”

Биз Тошкентга қайтаётганимизда, эрталаб атрофни қуршаган қуюқ туман тарқаган, қуёш чарақлаб нур сочар, руҳимиз пардек енгил эди.

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими, шоира.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 8 =