Муҳандислик истиқболига муҳим қадам

Дунё шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда фаровон ҳаёт, юрт иқтисодиётининг тараққий топиши, халқимиз, айниқса, илмга чанқоқ ёшларимизнинг тақдири учун муҳим қадамлар ташлаш, уларга муносиб шароит яратишга масъулият билан қараш – давр талаби.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкид­лаганларидек, “Иқтисодиётимизни жадал ривож­лантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур”.

Жорий йил бошида Давлатимиз раҳбари мам­лакатимизда таълим, илм-фан, саноат, техника ва технология соҳаларида кадрлар тайёрлашда муҳим бўлган “Нукус давлат техника университетини таш­кил этиш тўғрисида”ги тарихий қарорини қабул қилди.

Бу қарор Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти ва Тошкент ахборот технологиялар университети Нукус филиали негизида янги университетнинг ташкил этилишини таъминламоқда.

Узоқни кўзлаган мақсад эса муҳандислик соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, ўқитиш усул ва шакл­ларини такомиллаштириш, таълим жараёнига инновацион технологияларни жорий этиш орқали таълим сифатини ҳамда илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини оширишдир.

Қарорда саноат, техника-технология, муҳан­дислик соҳалари учун мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнига юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш назарда тутилган. Ҳудуд учун истиқболли бўлган кадрлар тайёрлаш, замонавий ўқув, илмий ва IТ лабораториялари базасини яратиш, амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳалар самарадорлигини ошириш, таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни кучайтириш каби катор вазифалар белгилаб берилмоқда.

Илм аҳлини қувонтирадиган яна бир муҳим жиҳати шундаки, университетда Илғор муҳандислик мактаби фаолиятини ташкил этиш масаласи ҳам ўрин олди. Унда таълим олиш учун академик кўрсаткичлари юқори бўлган талабалар танлов асосида сараланади. Улар амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари асосида ўқитилади. Замонавий лабораториялар ташкил этилади, муаммолар портфели асосида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари олиб борилади.

Ҳозирда Навоий давлат кончилик ва технологиялар уни­­верситети хузуридаги Нукус кончилик институти ва Тошкент ахборот технологиялар университети Нукус филиалида таҳсил олаётган талабалар ўқи­шини Нукус давлат техника университетида давом эттиради ва битирувчи курс талабаларига университет дипломи берилади.

Мазкур қарор нафақат Қорақалпоғистоннинг, балки Янги Ўзбекистонимизнинг иқтисодий-ижтимоий ри­вож­ланишини таъминлашда, илмий салоҳиятини янада оширишда муҳим ўрин эгаллайди.

Ишончимиз комил, ташкил этилаётган илм-фан ва таълим-тарбия даргоҳида таҳсил олган ёшлар юртимизга фидойи ва керакли мутахассислар бў­либ етишади, ютуқлари билан мамлакатимиз тарақ­қиётига муносиб ҳисса қўшадилар.

Атабек КАИПБЕРГЕНОВ,

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти директори, техника фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 2 =