Сирдарёда газеталарга эътибор кучаймоқда, лекин…

Кейинги пайтларда Сирдарёда босма оммавий ахборот воситалари ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Йиллар мобайнида чиқмай ётган туман ва шаҳар ҳокимликлари муассислигидаги нашрлар “тирила” бошлади. Бунда, албатта, вилоятга келган янги раҳбар Эркинжон Турдимовнинг иш тутуми сабаб бўлмоқда, десак, асло муболаға бўлмас. Чунки у киши ҳокимлик йиғилишларида газеталар аҳволини тез-тез сўраб турибди.
Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Зафар Мирраҳимов тақдим қилган маълумотномада Янгиер шаҳри, Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сирдарё, Сайхунобод туманларининг “Янгиер ҳаёти”, “Нурли истиқбол”, “Ховос овози”, “Янги Мирзаобод”, “Сирдарё”, “Янги ҳаёт” газеталарининг илк сонлари кечикиб бўлса-да, чоп этилганини кўриш мумкин. Бундан эса ашаддий газетхонлар (ҳа, ҳақиқий муштарийлар ҳозир ҳам кам эмас!) хурсанд бўлишмоқда.
Бироқ ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, йиллаб нашр этилмаган газеталарнинг бирдан оёққа туриши осон кечмаяпти. Аниқ мисолларга мурожаат қилайлик. Боёвут тумани вилоятдаги аҳолиси энг кўп ҳудуд саналади. Туманда 140 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Бироқ икки ярим йилдан буён туман газетаси “уйқуда” эди. Айиқ қиш уйқусидан уйғонгани каби газета қайта чиқа бошлаганида таҳририят фаолият олиб борган бино аллақачон аҳолига турар жой учун бериб юборилганлиги маълум бўлди. Айни дамда газета таҳририяти учун ҳокимлик биносидан битта хона ажратилибди. Муҳаррирлик ҳам бегона бўлмабди. Бу масъулиятли вазифа туман ҳокимлигининг матбуот хизмати раҳбари Фурқат Пўлатовга ишониб топширилибди. У киши Самарқанд давлат университетининг биология факультетини тугатган экан. Демак, газетачиликнинг кўчасидан ўтмаган. Ҳозирча таҳририятда унинг бир ўзи фаолият олиб бормоқда экан. Ф. Пўлатов билан мулоқот қилганимизда:
— Март ойида газетанинг иккита, апрелда эса битта сонини бир минг нусхадан чоп этдик. Айни пайтда обуна қизғин кетмоқда, — деди у.
Янги бош муҳаррирнинг иддаосига кўра, обуначилар сони 1000 нафарга етишига ҳали а-анча бор эмиш. Босмадан чиққан газета увол бўлмасин деб туман ҳокимлиги биносига кираверишдаги фойега стол қўйилиб, ортиқча нашр этилган газеталар тахлаб қўйиларкан. Ҳокимликка иш билан ташриф буюрганлар газетадан олиб кетаверишар эмиш.
Шу ўринда янги тайинланган муҳтарам бош муҳаррирга бир таклиф: тахлам-тахлам газеталарни эшик олдида “сарғайтирмай”, уни маҳаллаларга, аҳолига тарқатиш йўли ўйлаб кўрилса бўлмайдими?!
Мирзаобод туманига келсак, бу туманда ўтган йили “Мирзаобод” деб номланган газета бинойидек чиқиб турганди. У ҳам йил ўртасига бориб молиявий қийинчиликлар туфайли тўхтаб қолди. Бу йил газета бошқа, жарангдорроқ — “Янги Мирзаобод” номи билан қайта “туғилди”. 2025 йилда унинг минг нусхадан иккита сони чоп этилган. Бу ерда ҳам бош муҳаррирлик туман ҳокимлигининг матбуот хизмати раҳбари Бобомурод Абдуллаевга юклатилибди.
— Ҳозирча газета обуначилари 200 нафарга етиб қолди, — деди Б. Абдуллаев. — Бу юмуш қизғин давом этмоқда.
Ўз-ўзидан аёнки, қолган 800 нусха газета — беэга. Бош муҳаррирлик қўшимча тарзда юклатилган Б. Абдуллаевнинг гапларига қараганда, газета нусхалари келган-кетганга беминнат инъом этилаяпти. Фақат молиявий аҳволи ҳаминқадар таҳририят учун бу таваккалчиликдан ўзга нарса эмас-ов.
Ховос туманида “Ховос овози” газетасининг тақдири туман маданият уйининг бадиий раҳбари Шуҳрат Турдиевга (?!) қўшқўллаб топширилибди. Масъулиятли лавозимдан мамнун бош муҳаррирдан газета ишлари қандай кетаётганлигини сўрасак, у:
— Газетамиз қарзга ботганлиги боис, анчадан буён чиқмаётган эди. Март ойида бир минг нусхада битта сонини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилдик. Билмаганларимизни тажрибали журналистлардан ўрганаяпмиз, — деди.
Қаранг-а, қойил қолиш керак. Фақат бир киши газета тайёрлаш билан банд экан. Бу аҳволда, мақолалар ҳам шунга яраша, ўқиб баҳра оладиган даражада бўлмайди-да.
Янгиер шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги “Янгиер ҳаёти” газетасининг 2024 йилда 5 тагина сони чиқибди. Маблағ йўқлиги учун газетанинг охирги сони қоғоз кўрмай электрон кўринишда қолиб кетганди. Бу йилги жонланишнинг таъсирида газета яна қайта тикланибди. Бир минг нусхадан 3 та сони чоп этилибди. Газетага Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмасининг раҳбари Абдушоҳид Абдуқодиров бош муҳаррир этиб тайинланган.
— Газетани чоп этиш қийин бўляпти, — деди А. Абдуқодиров. — Бу юмуш бир-икки кишининг ҳаракати билан юзага чиқмайди. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, газетанинг тўлақонли фаолият олиб бориши учун бир йилга 260 миллион сўм керак бўлар экан.
Тўғри-да, газета бўлгандан кейин унинг бир-иккита мухбири, сураткаши, компьютерда саҳифаловчиси бўлиши керак. Айни пайтда Сирдарёдаги аксарият муҳаррирларни Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримовнинг машҳур миниатюраси қаҳрамони Жўра Ҳамдамга менгзаш мумкин. Мусиқаси ҳам, сўзи ҳам, ижроси ҳам — ўзларидан. Шундай. Ҳатто аксарият газеталарнинг саҳифаловчиси йўқлиги боис, узоқ йўл босиб “Янги Сирдарё” газетаси таҳририятида саҳифалатишга навбат кутиб туришларига мажбур бўлмоқда дейишди. Яна денг, тажрибали журналистлар сирасида газета мақолаларини назардан ўтказиб берадиган норасмий “штат” ҳам пайдо бўляпти экан. Бундай журналистларнинг исм-фамилиялари газетанинг сўнгги саҳифасида бош муҳаррирдан кейин “Газета учун масъул Фалончиев Писмадончи” деб ёзиб қўйилаётганидан ҳам англаш мумкин.
Қизиқ, “газета учун масъул” дегани қанақа лавозим ўзи? Унда бош муҳаррир нимага масъул? Босма нашрлардаги бу каби юзакичиликларга, сохта муносабатларга кулгинг ҳам, йиғлагинг ҳам келади.
Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Зафар Мирраҳимовга:
— Шаҳар-туман газеталари бош муҳаррирлигига профессионал журналистларни жалб этса бўлмайдими? Ахир халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”, деган мақол бор-ку, — дея савол бердик.
— Ҳозирча бу юмушни амалга ошириш мушкул бўлса керак, — деди у. — Чунки газета ходимлари ва газета чоп этиш харажатларини қоплайдиган туман-шаҳар ҳокимликларида маблағ йўқ дейишмоқда. Шу боис ҳокимликлар муқим иш жойлари бўлган ходимларни “бош муҳаррир” сифатида ишлатиб туришибди.
Вилоятда ҳокимликлар йиллар давомида ўз муассислигидаги нашрларни қўллаб-қувватламаганликлари учун газета таҳририятлари муаммолар гирдобига ботиб қолган. Нашрларнинг солиқ ва бошқа мажбуриятлар бўйича қарзлари кўпайиб кетган. Кейинги пайтларда мушкул вазиятдан чиқишнинг осон йўли танланиб, газеталар номини ўзгартириб, яъни қайта нашр қилиш авж олибди. Пировардида “Янгиер тонги” бир юмалаб “Янгиер ҳаёти”га, “Мирзаобод” эса “Янги Мирзаобод”га айланиб қолгани шундан.
Тўғри, журналист кадрлар етишмаслиги масаласида ҳам муаммолар бор. Таҳририятларда ходимларнинг иш ҳақлари ниҳоятда пастлиги сабабли олий таълим ўчоқларининг журналистика факультетларини битирган ёш кадрлар газеталарни айланиб ўтиб, ўзларини бошқа соҳаларга уриб кетишяпти. Бунга айни чоқдаги туман-шаҳар газеталарининг аҳволи яққол мисолдир. Ҳали-ҳамон айрим газеталар қайта жонланолмай фалажланиб ётибди. Масалан, Гулистон шаҳар ҳокимлигининг нашри “Гулистон янгиликлари” — “Гулистанские новости” газеталари узоқ вақтдан буён нашр этилмаяпти.
Аммо юқорида айтилганидек, вилоят ҳокимининг ОАВга нисбатан олиб бораётган бугунги эътибори Сирдарёда чоп этилаётган босма нашрлар келажагига умид уйғотмоқда. Агар бу хайрли саъй-ҳаракат шаҳар ва туман газеталари муассислари томонидан астойдил қўллаб-қувватланса, босма ОАВ оёққа туриб кетади. Зеро, маънавият ва маърифат тарғиботчиси бўлган газеталар жамият тараққиёти, демократия ривожи учун хизмат қилади.
Яна бир гап: тан олиб айтиш керакки, бутун бошли туманда ёки шаҳарда ҳокимликларнинг ўз муассислигидаги нашрларини қўллаб-қувватламагани, чиқара олмаётгани (ёки буни истамаслиги) уятли иш бўлса, айрим чоп этилган ҳудудий нашрларни қўлга олиб, беихтиёр “шунинг ўзи чоп этилганидан, чоп этилмагани авло эди-ку” деворгингиз келади. Чунки, газета бўлиб, газета эмас, на савод бор, на савия! Яна ғиж-ғиж имло хатоларга тўла бўлса?! Ўқишга ярайдиган бирор тузук мақола, хабарни топа олмасангиз, на илож…
Демак, “жамият кўзгуси” деб атаб келинган матбуот нашрларини барибир профессионал журналистларга топшириш керак. Негаки юқоридаги гап — ахир чумчуқ сўйса ҳам…
Муҳаммадали АҲМАД,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.