Янги Ўзбекистоннинг гуллар диёри

Наманганда очилган 64-халқаро гуллар байрамидан репортаж

Аҳли Наманган бу шодиёнага астойдил ҳозирлик кўрибди. Кўчалар равон, атрофлари гулзор. Гулзорларга туташган яшиллик гўё узукка кўз қўйгандек. Бу гўзалликка нигоҳингиз тушган заҳоти кўзингиз қувонади, дилингиз яйраб кетади.

25 май, якшанба. Қуёш бош кўтариб атрофга нур таратаётган чоғ. Наманган кўчалари ҳар кунгидан-да янада жозибалироқ, сокинроқ. Қатнов қисман чеклангани боисиданми, шовқин-сурон ҳам йўқ, тирбандлигу тартибсиз ҳаракатларни кўрмайсиз. Меҳмонхонадан шаҳар марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғига олиб бораётган ҳайдовчи ҳам серқатнов кўчалардаги тирбандликлардан безган, шекилли, “Қани эди, йўллар ҳар куни шундай бўлса”, деб мен томонга юзланиб қўяди.

Об-ҳаво қандай келиши – табиатнинг иши. Бу йил апрелнинг ўрталаридан майнинг шу кунигача об-ҳаво худди ёздагидек бўлди. Мутахассисларнинг билдиришича, кейинги етмиш йилда илк бор май ойида қирқ даража иссиқ бўлиши қайд этилибди. Шундай шароитда гуллар экиб гулзорлар қилишнинг, кўчатлар экиб боғлар яратишнинг ўзи бўладими! Аммо Наманганни гулларга буркаб, элу юртимизни, бутун дунё аҳлини лол қолдираётган азизларнинг машаққатли меҳнатига, шахту шижоатига қойил!

Бобур боғининг Нодирабегим кутубхонаси ёнида эрталабки соат ўнда очиладиган гуллар фестивалига кўплаб давлатларнинг дипломатик корпус вакиллари, хорижий давлат делегациялари, чет эл компаниялари ва инвесторлар, нуфузли меҳмонлар, маданият ва санъат намояндалари, халқаро ҳамкорлар, сайёҳлар ва маҳаллий меҳмонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюришган.

Соат миллари 10:00 ни кўрсатганида фестиваль очилишини эълон қилган бошловчининг тантанавор овози янгради. Саҳнада ўнлаб устоз-шогирд доирачиларнинг думбра-думига “Йўл бўлсин-а, йўл бўлсин, босган изларингиз гул бўлсин!” дея бошланадиган қўшиқ уланиб кетди. Ширали ва жарангдор овозлари билан бошловчилар Наманганни гуллар диёри, гулларга кон ошён, Янги Ўзбекистонимизнинг дурдонаси дея мадҳ этишмоқда.

Ушбу фестивалга Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Хитой, Миср Араб Республикаси, Франция, Венгрия, Ҳиндистон, Эрон, Иордания, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Қирғизистон, Қувайт, Малайзия, Мўғулистон, Покистон, Қатар, Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Словакия, Германия, Тожикистон, Туркия, АҚШ, Чехия Республикаси ва албатта Ўзбекистон вакиллари ўзларининг давлат байроқларини баланд кўтариб, миллий либосларда, мусиқа садолари остида кириб келишди. Ҳа, бугун фестивалу байрамлар, гулу гулзорлар ярашадиган, тинч ва фаровон Янги Ўзбекистонимизнинг гўзал ва мафтункор Намангани заминида дунё байроқлари ҳилпирамоқда.

Табрик сўзи учун Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов таклиф этилди. Ҳоким “Гуллар диёри Наманганга хуш келибсиз!”, дея барча иштирокчиларни табриклади. У мазкур фестиваль Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилдан бошлаб халқаро мақомга эга бўлганлигини таъкидлади.

“Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, бу байрам наманганликлар ҳаётига сингиб, яхши анъанага айланиб қолгани бежиз эмас. Нега деганда, гулу райҳонни, гўзалликни яхши кўрадиган ва шу ободликни ўз қўли билан яратадиган одамларнинг қалби ҳам гўзал бўлади”, – деди Ш.Абдураззоқов ўз сўзида. Гўзаллик яратаётган Наманган халқига бўлган юксак ишонч, эътироф ва оқилона таъриф айтилганида, иштирокчиларнинг гулдурос қарсаклари янгради.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида экология масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилинган 2025 йилда ўтказилаётган 64-халқаро гуллар фестивали ушбу ғоя ва мақсадларга ҳамоҳанглиги билан муҳим аҳамиятга эга. Қаранг, ўтган йили фестиваль доирасида вилоят марказида 45 миллион туп гул кўчати ўтқазилган экан. Бу йил эса 100 миллион туп гул экилган. Мингга яқин гул композициялари шаҳарни муболағасиз гуллар галереясига айлантирди. Фестивалда беш минг нафардан ортиқ гулчи, ҳунарманд ва тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Шубҳасиз, “Эко-гуллар”, “Ландшафт дизайни”, “Ёш гулчилар” каби янги йўналишлар кенг жамоатчилик эътиборини тортади.

Наманган халқаро аэропорти олдидан старт олган фестивалнинг гуллар билан безатилган анъанавий автомобиллар парадини томоша қилиш учун ўн минглаб одамлар йўл бўйларига чиқишди. Уч ой аввал вилоятда илк маротаба ташкил этилган “Халқаро авто тюнинг” фестивали ғолиблари ва иштирокчилари ҳам ушбу автомобиллар парадида қатнашаётир. Бу йилги фестиваль доирасида бир юз элликдан ортиқ халқаро, республика ва маҳаллий миқёсдаги форумлар, маданий-маърифий, оммавий спорт ва бошқа турдаги тадбирлар ўтказилади. Меҳмонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Афсоналар водийси” тематик паркида яратилган бетакрор ва мафтункор гул композицияларидан завқ олишлари мумкин. “Янги Ўзбекистон” боғининг 60 гектар майдонида ҳам гуллар билан безатилган композициялар қизиқиш уйғотиши табиий.

Қирқ кун давом этадиган фестиваль кунлари Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг очиқ осмон остидаги концерт дастури, “Наманган 2-халқаро ҳунармандчилик кўргазмалари, Жаҳон эстрада юлдузлари иштирокида концерт томошаси, халқаро илмий-амалий конференциялар ташкил этилади.

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг таъкидлашича, фестивалнинг вилоят иқтисодиётидаги салмоғи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Чунки ушбу фестиваль аҳоли даромадларини ошириш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришда ҳам ҳисса қўшмоқда. Ўтган йилги гуллар фестивалида савдо ва хизматлар айланмаси 4 триллион 600 миллиардга тенг бўлса, бу йил бу кўрсаткични 8 триллионга етказиш мақсад қилинган. Кўриниб турибдики, бу халқаро тадбир даромад келтириш, иш ўрни ва экспорт салоҳиятини оширишда ҳам янги ёндашувдир.

Президентимизнинг “Яқин қўшни — қадрли қўшни” тамойилига асосланган очиқлик сиёсати натижасида қўшни давлатлар билан алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Ўтган йили сентябрь ойида қайта очилган “Учқўрғон-Кенгсой” чегара пости орқали кунига минглаб хорижлик сайёҳлар Наманганга келишмоқда. Жорий йилда фестивалга 750 минг хорижий, 5 миллионга яқин маҳаллий сайёҳлар ташрифи кутилмоқда. Бир йилдаёқ кўрсаткичларнинг икки бараварга ортиши фестиваль мавқеининг йил сайин кенг қулоч ёйишидан далолатдир.

Осмонга тинчлик рамзи бўлган кабутарлар учирилди. “Янги Ўзбекистон — менинг Ўзбекистоним!”, “Қаддинг баланд тоғ бўлсин, Юртбошимиз соғ бўлсин!” мисралари билан айтиладиган қўшиқлар янгради. Қирғиз оғаларимиз “Дўмбирасиз сен қайда, дўмбирасиз мен қайда” дея куйламоқда. Хитойча қўшиқ янграганида маҳобатли мониторингда ўрмонли тоғлар оралаб қурилган Буюк Хитой девори намойиш этилди. Тожик қўшнилар куйлаганида эса бетакрор табиат қўйнидаги тоғлар ёқалаб шарқираб оқаётган сойларни кўриб дил яйрайди. Қозоғимнинг дулдул отли паҳлавон чавандозлари қўлидаги бургутлар қанотларини ёзиб кўкка парвоз қилишга ошиқаётган манзараларни кўриб орзуланасан. Руснинг честушкалари янграганида беихтиёр рақсга тушгинг келаверади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова “Киши дили нозиклиги шунчами, гул дегани очилмаган ғунчами?” дея хониш қилганида хорижлик меҳмонлар ҳам ўйинга тушиб кетишди.

Атроф шодлик ва қувончларга тўлган. Зарҳал ҳарфлар билан фестиваль номи ёзилган маҳобатли ҳаво шари осмонларга учиб кетаман дейди, Наманган гуллари чиройини самоларга олиб чиқаман дейди. Ҳа, бу гулларни кўрганлар бор, кўрмаганлар бор…

Беихтиёр наманганлик шоир дўстимизнинг мисраси ёдга тушди: “Наманган, мен учун барҳаёт гулсан!”

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Элга манфаатли, дунёга довруқли

Айни кунларда Наманганда гуллардан гилам тўшалди. Бу турфа хил, ранг-баранг гуллар гўзалликка ошуфта, нафосат шайдоларини Наманганга чорламоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятда ўтказилиб келинаётган гуллар байрамига 2018 йилдан халқаро гуллар фестивали мақоми берилиб, тобора нуфузи ортиб бормоқда. Чунончи, бундан 2 йил аввалги тантаналарда мамлакатимиздан 4,2 миллион нафар, 52 та чет мамлакатдан 154 мингдан ортиқ сайёҳлар қатнашган бўлса, бу йил халқаро сайилгоҳга айланган гуллар шаҳрига 5 миллион маҳаллий ва 750 минг  хорижий саёҳлар ташрифи кутилмоқда.

25 майдан 29 июнгача ўтказилаётган 64-халқаро гуллар фестивалига халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги вакиллари, дипломатик корпус, қўшни республикалар ҳудуд раҳбарларининг ташрифлари нафақат байрам нуфузини, балки қўли қадоқ, меҳнаткаш, ҳунарманду тадбиркор Наманган аҳлининг довруғини дунёга танитмоқда.

— Ўзим билан юзлаб европалик сай­ёҳларни олиб келяпман, – деди Наманганнинг Германиядаги туризм элчиси, “Numa” агентлиги раҳбари Даля Алтунтепе хоним. — Наманганга келиб, нафосат ва гўзаллик байрамидан баҳраманд бўлганимдан бахтиёрман. Гуллар диёри Европа учун янги локация. 2026 йилда Берлин кўргазмасида фестивалнинг алоҳида экспозициясини ташкил этамиз.

Тараддуд жараёнида қарийб 17 гектар майдонни эгаллаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида янгидан 10 миллиард сўмлик суғориш тизими ишга туширилди. Шаҳар бўйлаб, хиёбону боғларда, йўл ёқаларига кишига ўзгача завқ берадиган салкам 80 турдаги 100 миллион туп гуллар турли кўринишда, турфа хил композицияларда экилди. Эътиборлиси, ҳар бир композицияда райҳон гулларни уйғунлиги  ўзгача ифор таратмоқда.

Бугунга кунга келиб Голландия дун­ёда гулчиликда биринчи ўринга даъвогарлик қилаётган бўлса, наманганлик нафосат шайдолари жаҳонда иккинчи ўринда эътироф этилмоқда.

Албатта, ушбу  эътирофга эришишнинг ўзи бўлгани йўқ. Вилоятда 12 гектарлик гулчилик маркази ташкил этилиб, 45 та маҳалла гулчиликка ихтисослаштирилди. Бу билан салкам 21 минг нафар аҳоли вакилининг доимий бандлиги таъминланди.

Ҳар йилги анъанага кўра, тантанали очилиш маросимида 200 дан зиёд ҳар хил русумли автомашиналар карвони Наманган халқаро аэропортидан марказий кўчалар бўйлаб 10 километрдан ортиқ масофани босиб ўтди.

Одатда, авваллари фестиваль фақат марказий боғда ўтказилган бўлса, эндиликди “Афсоналар водийси” тематик парки, 65 гектарлик “Янги Ўзбекистон” боғи ҳамда Ахсикент тарихий мажмуаси меҳмонлар билан гавжум. Қолаверса,  гастрономик туризм йўналишида минг нафардан ортиқ ходим хизмат қилаётган Чуст боғида “Чуст оши” тайёрланади. Учқўрғонда эса диаметри 30 метр бўлган ҳаво шарида сайр қилиш имконияти яратилган.

Фестиваль доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар, халқаро илмий-амалий конференциялар, спорт мусобақалари, кўнгилочар шоулар, театр ва цирк томошалари, гала концертлар, модалар ҳафталиги, саноат ярмаркаси ва бошқа кўнгилочар тадбирлар ўтказилади.

Шу кунларда вилоят марказида 125 та замонавий автобуснинг 15 километргача бўлган масофага 3 минг сўмдан қатнови йўлга қўйилди. 36 та меҳмонхона, хостель ва уй меҳмонхоналар сайёҳлар ихтиёрида.

Албатта, шунча уринишлар, интилишлар натижа бериши тайин.  Ўтган йили 4 триллион 600 миллиард сўмлик хизмат кўрсатиш ва сервисдан даромад кўрилган бўлса,  бу йил дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда,  ушбу кўрсаткич 8 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этиши кутилмоқда.

Ҳа, дарвоқе, агар турфа хил гуллар ҳусн-тароватидан, ифоридан завқ олмоқчи бўлсангиз, марҳамат!

Албатта, Наманганга, 64-халқаро гуллар фестивалига келинг!

Ҳасанбой ХОЖАЕВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

Наманган вилояти кенгаши раиси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 − five =