Қурбонлик фазилатлари

Аллоҳ таоло розилигини истаб қурбонлик қилиш аслий эҳтиёжидан бошқа моли кумуш нисобига етган мусулмонларга вожибдир. Ана шундай миқдорда моли бўлиб, қурбонлик қилмаган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар, 2).

Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли — У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж, 37).

Банда Аллоҳга қанча ибодат қилса ҳам оз. Чунки биргина ҳидоят неъматининг шукрини қанча ибодат қилса ҳам адо этолмайди. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).

Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Эй, Фотима, тур, қурбонлигингга гувоҳ бўл. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси (томчиси) томиши билан ўтган гуноҳларинг мағфират қилинади”, дедилар.

Абу Саъид (розияллоҳу анҳу) айтади: “Эй Аллоҳнинг расули, бу фақат Муҳаммад оиласи учун хосми ёки барча мусулмонлар учунми?” деб сўрадилар. У зот: “Муҳаммад оиласи ва барча мусулмонлар учун”, дедилар”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки улар (қиёмат куни) сирот устидаги уловларингиздир” (Талхийсул хабийр).

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки қурбонлик қилиш учун бозорга борса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини афв этади. Қурбонликни савдо қилаётган вақтида, унинг ҳар бир айтган сўзини тасбеҳ сифатида қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамга етти юз баробар савоб беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фариштани яратади ва улар қиёматгача у банда учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил (алайҳиссалом) фарзандларидан бир қулни озод қилгандек савоб берилади”, дедилар”.

Қурбонлик қандай ҳайвонлардан қилинади?

Қурбонлик уч хил ҳайвондан қилинади:

  1. Қичик мол (қўй, эчки);
  2. Қорамол (сигир, ҳўкиз, қўтос);
  3. Туя.

Эчкининг бир ёшлиси, қўйнинг бир ёшга тўлгани ёки 6 ойлик бўлса-да, бир ёшлидай семириб, катта бўлгани қурбонлик қилинади.

Туя камида 5 яшар бўлиши, қорамол эса камида 2 ёшга тўлган бўлиши керак. Ушбу ҳайвонларнинг эркагини ҳам, урғочисини ҳам қурбонлик қилиш жоиз. Агар қурбонлик қилинадиган ҳайвонларда шу шартлар бўлмаса ёки жониворнинг бирор аъзосида нуқсон бўлса ёхуд чўлоқ бўлиб, қурбонлик қилишга ярамаса, бундай жониворларни қурбонлик қилмаган маъқул.

Қўй ва эчки қанчалик катта бўлмасин, фақат бир киши учун қурбонлик қилинади. Қорамол ва туя етти ва ундан кам кишилар учун сўйилади. Қиймати тенг бўлса, бир қўй сўйиш бир қорамол ва бир туянинг еттидан биридан афзалдир. Агар йирик ҳайвон (туя ва қорамол)нинг еттидан бири қийматлироқ бўлса, у афзалдир.

Аллоҳ таоло барчага қилинадиган қурбонликларининг ажрини ато этсин. Қурбон ҳайити халқимизга муборак бўлсин!

Манбалар асосида

Ўрол МУСТАНОВ тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =