“Синус” ва “косинус”сиз ҳаёт йўқ!

ёки математикасиз яшаб бўладими?

“Hurriyat” газетасининг шу йил 16 июль 28-сонида бошқа қизиқарли мақолалар қатори муаллиф Саодат Мусаеванинг “Синус ва косинуссиз ҳаёт” сарлавҳали мушоҳадали мақоласини ўқидим.

Тўғри тушунган бўлсам, муаллиф ўз ҳаётий кечинмалари асосида (айнан ўз шахсий ҳаёти кечинмалари) синус ва косинусларнинг қандайдир лаънатланган, кераксиз, аниқроғи, “бошоғриқ” нарсалар эканлигини исбот этмоқчи бўлибди.

Балки, кимлардир гап нима ҳақида кетаётганлигини тўла англаб етмаган ҳам бўлиши мумкин. Умумий олганда эса гап ҳисоб-китоб, яъни математика ҳақида, математиканинг арифметика, алгебра, геометрия, тригонометрия сингари бўлимларининг бири, яъни бурчак ўлчамлари ҳақидаги илм — тригонометрия (лотинча: trigonon — учбурчак, metrеo — ўлчайман) — мамематиканинг учбурчак томонлари ва бурчаклари ўртасидаги боғланишлар амалиётини ўрганадиган бўлими тўғрисида кетяпти.

Маълумки, фанлар ичида энг кераги бўлган — математика ҳам, унинг муҳим бўлаги, ўша “синус ва “косинус”ларга оид фан — тригонометрия ҳам инсониятнинг ҳаётий зарурияти туфайли юзага келган — кашф этилган. Аввало, “синус” ва “косинус” ўзи нима эканлигини билиб олиш, у нима учун мактабларда фан сифатида ўқитилишини тушуниб олиш даркор.

Мен математик ёки шу фанга яқин соҳа мутахассиси эмасман, бинобарин, унинг чуқур билимдони ҳам эмасман, шунчаки ижодкорман. Аммо бу фансиз инсон яшай олмаслиги, башарият тараққиёти, фан ва техника асло ривож топмаслигини яхши англайман. Балки, айрим олганда, кимлардир математикасиз яшай олар, аммо жамият ва давлат, қолаверса, бутун башарият эмас.

Ҳисоб-китобсиз, олдига аниқ мақсад — истиқбол режасини аниқ қилиб қўймаган жамият — ҳалокатга маҳкум. Мана шунинг учун ҳам ҳар қандай жамиятда — давлат ёки мамлакат, деб тушунаверинг — истиқбол марралари белгилаб олинади. Буни давлатнинг фалон йилларга мўлжалланган дастури дейсизми, бош режа ёки тараққиёт стратегиясими — моҳият битта: келажакнинг, фаровон ҳаётнинг ҳисоб-китоби.

Синус ва косинуслар, бурчак катетлари масаласига келсак, улар бўлмаганида, Аҳмад Фарғоний бобомиз Нил дарёси сувининг кўтарилиш ва қайтиш ҳолатларини олдиндан ҳисоб-китоб қила олармиди?! Математиканинг ана шу мураккаб масалалари бўлмаганида, ал-Хоразмий бобомиз ўша сизнинг бошингизни қотирган ва сиз мутлақо қоралаб ташлаётган алгебра (олимнинг “Ал-жабр ва ал-муқобала” асари номидан олинган) фани равнақ топармиди ва ҳозир туну кун барча фариштага сиғингандек тутадиган ва айнан ўша синус-косинуслар асосида ишлаб чиқариладиган қўл телефонлари-ю компьютерларнинг асоси бўлган алгоритм (ал-Хоразмий атамасидан олинган)лар яратилармиди?

Ўша “бурчак қаршисидаги катет” фани бўлмаганида, Беруний бобомизнинг Ер шари аниқ ўлчамлари — горизонт ва меридиан чизиқлари вужудга келармиди?

Ахир Ҳиндистонга бориб, кашф этилган бу каби ўлчамлар натижасида Беруний бобомиз Америка қитъасини кашф этмадими?

Мактабда менинг математикани жуда пухта биладиган, Сиз сингари “гажакдор” баҳолар эмас, жимжимадор “аъло” баҳолар оладиган дўстларим бўларди. Ана ўша “математиклар” “синус ва косинус”лардан эмас, аксинча, иншо ёзишдан безиллашарди. Нима, энди улар ҳам Сизга ўхшаб “безиллаган”, улар учун азоб бўлган иншони қоралаб, бу фан (адабиёт)ни йўқотишни тарғиб этсинларми?!

Аллоҳ таоло ҳар кимни ҳар хил қилиб яратган: ташқи кўриниши ҳам, ички олами ҳам бетакрор. Шунинг учун дунёда касб-корлар ҳам турли-туман. Ҳар ким ўз иқтидорига, дунёқарашига кўра яшайди. Кимгадир нимадир ёқмаса, бу ҳамма учун шундай бўлиши, шундай яшаши керак дейилса, қанчалик хато бўларди.

Умумтаълим мактабларида ҳамма бир хил ўқитилади. Кейинчалик ўқувчи ўз истеъдоди ва қизиқишига кўра табақаланиб бораверади. Шу сабаб ҳам олий таълим муассасалари хилма-хил: марҳамат, ўз қизиқишингизга кўра танлаб, ўқишни давом эттираверинг, ўз севган фанингизни чуқур ўрганиб, ўша соҳа мутахассиси бўлинг!

Аммо фанни ўзлаштира олмаганлиги учун уни мужмалликда айблаш, бу — жуда юмшоқ қилиб айтганда, адолатсизликдан бошқа нарса эмас.

Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, деган нақл бор. Кўпчиликка бирон-бир таклифни билдириш учун уни обдан ўйлаб кўрган маъқул. Етти ўлчаб, бир марта кесса, асло хато қилмайди. Ҳа, дарвоқе, бунинг учун ҳам аниқ ҳисоб-китоб қилиш, яъни математикани билиш керак бўлади. Сиз эса “ахир мен косинуссиз ҳаёт учун беҳуда калтак едимми? Шуниси алам қилади…” дея барчани, шу жумладан, отангизни ҳам айблагандайсиз.

Сизнинг фан билан боғлиқ иддаоларингизни ўқиган кишида “шу улуғ зот ҳам қандайдир бемаъни нарсалар, бемаъни талаблар учун ноҳақ жабр чеккан, ноҳақ отасидан калтак еган экан-да”, деган таассурот уйғотади.

Синфда асли 2-3 та “аълочи” ўқувчи бўлади, яна 5-6 та “ўртача” ўқийдиганлар, қолганларининг деярли барчаси қайсидир фанни ёки қайсидир фанларни яхши ўзлаштира олмайдиган қолоқ ўқувчилар бўлиши мумкин.

Бу — ҳамма биладиган, бутун дунё таълимида тан олинган ҳақиқат. Бу ҳолат қисқа ва лўнда ҳолда “ҳамма олим бўлиши шарт эмас, кимдир бошқа ишларни ҳам қилиши керак” дея изоҳланади, холос.

Башарият тараққиёти, илму фан ривожи сизу бизнинг инжиқлигимиз билан асло ҳисоблашмайди. Бу ҳеч нарсани ҳал қилмайди ва бу ҳеч қандай аҳамиятга ҳам эга бўлмаган мутлақо шахсий масала.

Кимнингдир қайси фанни ўзлаштиришга салоҳияти етмаса, бу унинг муаммоси, асло омманинг, жамиятнинг, техникавий тараққиётнинг муаммоси эмас.

Маъмуржон БОЗОРАЛИЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 5 =