Кўнгли — бағри кенг устоз

Таниқли публицист Дилмурод Қирғизбоевнинг “Hurriyat”нинг шу йил 11-июнь сонида эълон қилинган “Дарёдил устоз” эссесини мириқиб ўқиб чиққач, устоз Ўткир Раҳмат ҳақида мен ҳам фикр айтгим келди.
Эсседа Муҳаммад Юсуф, Шавкат Раҳмон, Матназар Абулҳаким, Ортиқали Намозовга устоз Ўткир аканинг кўрсатган мурувват, меҳрибонликлари ҳақида ҳам гап боради. Дўстимиз, раҳматли шоир Абдували Қутбиддиннинг устоз Ўткир акадан кўрган оқибати билан шу мавзуни давом эттирмоқчиман.
Журналистика факультетида дўст бўлган биродаримизни Аллоҳ ҳақиқий шоир қилиб яратган, у туғма шоир эди. Илк шеърларини пахта териб, ҳориб келган пайтимизда кўп эшитганмиз. Унинг поэзияда ҳеч кимга ўхшамаган, ҳеч кимга тақлид қилмаган ўз йўли бор эди.
Бир куни Абдувалининг “Халқ сўзи”да ишлаётгани тўғрисида эшитдим. У ҳеч қачон газетачи бўлмаган, қаерда меҳнат қилмасин, доим у шоир деб қабул қилинган. Биз дўстлари бу янгиликдан шошиб қолдик.
Ўткир ака унинг кимлигини билиб ишга олган экан, қисқа пайтда Абдували долзарб мавзуда мақолалар ёзиб, журналист бўлиб танила бошлади. Эсласангиз, республикамизда бир муддат нон танқислиги рўй берганди. Дўстимизнинг Ўткир Раҳмат топшириғи билан ёзган “Қизимга нон ушатдик” мақоласи шов-шувга сабаб бўлди. У бир оиланинг шаклланишида нон ўрнини ифодалаб берди, одамларнинг нонга муносабатини катта меҳр билан ёритди. Энг муҳими, Абдували Ўткир ака ва таҳририятнинг ишончини оқлади.
Дўстимиз оғир хасталикка дучор бўлди, узоқ даволанишига тўғри келди. Оёққа турганида кўзида ёш билан шундай деганди: “Дўстим, биласанми, ҳаммаси Аллоҳдан- ку-я, лекин Ўткир ака бўлмаганида, мен аллақачон ўлиб кетган бўлардим”.
Дарҳақиқат, Ўткир ака Абдували каби истеъдодларни қадрлайди, иззат қилади, улардан меҳрини ва ёрдамини аямайди.
Шоир дўстимиз оёққа тургач ҳам у “Халқ сўзи”дан узоққа кетмади. Бош муҳаррирга маслаҳатчи бўлиб устозининг бевосита ёнида бўлди. Ижод қилди. Яхши китоблар яратди.
Аммо Яратганнинг иши, тақдири азал, умри қисқа экан…
Ҳадиси шарифларда беморни бориб кўриш тўғрисида ибратли ривоят бор. Қиёмат куни Аллоҳ: “Эй, Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг!” дейди. “Эй, Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?” дейди. “Билмадингми? Фалончи бандам бемор бўлди. Агар уни кўргани борганингда, мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг”, дейди…
Ўткир ака нафақат беморларни бориб кўради, дардига дармон бўлади, балки уларга батамом тузалиб кетгунича кўмак-шафқат кўрсатишга одатланган инсон. Бу ҳам инфоқ-эҳсон эмасми? Албатта, шундай!
1993 йил эди. юқори идорада ишлаймиз. Емакхоналарда пешинда одам гавжум бўлади. Ён столимизда устоз хонадошлари билан емак ейиш учун жойлашади. Ўткир ака хизмат кўрсатаётган аёлдан: “Бу нима овқат?” — деб сўрайди, у ҳам тайинли жавоб айтолмайди. Ошхона раҳбари нималарнидир тушунтиради, жавобдан кўнгли тўлмайди. У киши:
— Мустақилликка эришганимизга икки йил тўлди, нега ҳалигача русча “Меню”дан фойдаланамиз, қачон ўзбекча “Таомнома”га ўтилади? — деб танбеҳ бергани ҳали-ҳали ёдимда. У шундай ўзбек тили жонкуярларидан бири.
Юртимизнинг олий идорасида давлат тили ҳимоясига баралла чоғланган катта мулозимлардан бири чамамда, Ўткир Раҳмат бўлганди!
Бир муддат уйда ижод қилишимга тўғри келди.
Кутилмаганда Ўткир ака телефон қилди:
— Аброржон, ука, эркак киши уйда ўтириб қолмаслиги керак, сиз ижодкор одамсиз, келинг, “Халқ сўзи”да бирга ишлаймиз.
Вақтинча ишсиз бўлганимни кимдандир эшитган чоғи, кўришганда салом-аликдан нарига ўтмаган киши телефон рақамимни топиб, менга илтифот кўрсатганди. Эссе муаллифи жуда тўғри таърифлаган. “Дарёдил устоз” дегани шу эмасми?
Кейинги йилларда матбуотда фаоллашган пайтим. Телефонда яна Ўткир ака:
— Аброржон, биз учун ҳам ёзиб берсангиз бўларди, — деди.
Илтимосни бажардим. Эртасига жўяли сабаб билан мақоламни бера олмасликларини айтиб, узр сўради. Бу ҳам Ўткир акага хос муаллифга ҳурмат-эътибор.
Баъзан газеталарга ёзиб берган мақолаларим, ишонинг, ярим йиллаб чиқмайди. Муҳаррирга эслатсангиз, бўлимда қолиб кетибди, деб осонгина қутулади. Узрхоҳликни ҳам хаёлига келтиришмайди…
Эссе қаҳрамони Ўткир Раҳматовга ҳам, муаллиф-публицист Дилмурод Қирғизбоевга ҳам ижодий зафарлар тилайман. Бир ўқувчи сифатида таҳририятдан яна шундай дарёдил устозлар ҳақида очерклар кутиб қоламан.
Аброр ҒУЛОМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси,
дипломат.