Орзулар ҳақиқатга айланган кунлар

“Энг улуғ,  энг азиз” кўрик-танлови ғолиблари муносиб тақдирланди

 

Дунёда ўз ўрнига эга бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишда фидойи ижодкорларнинг ҳам ўрни бор. Ижодкор иқтидори улуғланадиган юртда эса илҳом аҳли бахтиёр яшайди. Ютуқлар эътироф этилган анжуман борки, ғолиблар ва мухлисларга куч-ғайрат, руҳ ва илҳом ошно бўлади.

Республика Ёшлар ишлари агентлиги тантаналар зали шундай қувончларга гувоҳ бўлди. Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Президентимиз қарорига кўра ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими йиғилганларга шукуҳ бахш этди.

Мусиқа садолари остида кутиб олинган қатнашчилар ҳузурида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танлови ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов ғолиб бўлиш иштиёқида танловда иштирок этган ижодкорлар ҳақида маълумот берди. Унинг қайд этишича, ўттиз йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу кўрик-танловда беллашиш учун бу йил 366 нафар ижодкор 2 мингга яқин ижод намуналарини танлов ҳайъатига ҳавола қилишган. Танловлар ҳамиша шундай ўтади: совринлар саноқли, даъвогарлар кўп бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлис баёни ижроси доирасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” ғояси асосида “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими, алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар йилгидан кўра жўшқинроқ ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бош ташкилотчилигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловга тақдим этилган ижодий ишлар ранг-баранг, турли жанрлардадир. Улар орасида мустақиллик йиллари, айниқса, кейинги 8-9 йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар самаралари, янги Ўзбекистон ғояси ифодасини, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида амалга оширилаётган ишлар самараларига бағишланган материалларни кўришимиз мумкин. Жамиятимиздаги ютуқ ва муаммолар, олдимизда турган муҳим вазифалар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари ижодий ишларда акс этган.

Танловга “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари”, “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари”, “Интернет-журналистикаси”, “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб”, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари”, “Тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари”, “Кино санъати асарлари” номинациялари бўйича ижодкорларнинг энг сара асарлари тақдим этилганди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари Янги Ўзбекистон ғоясининг ифодаси, таҳлилийлик, асарнинг бадиий қиммати, мустақиллик ғоясининг акс этиши ҳамда талқиннинг ўзига хослиги каби мезонларга алоҳида эътибор қаратишгани таъкидга молик.

Тақдирлаш маросимида овозини эшитганингизда қалбингиз ором топадиган таниқли сухандонлар саҳнага чиқди. Уларнинг таъбири билан айтганда, бу анжуманга касбидан барака топганлар йиғилган. Тўғри баҳо. Залга йиғилганларнинг ҳар бири бир олам. Мамлакатимизга таниқли шоирлар, ёзувчилар, журналистлар, кино усталари, интернет олами илғорлари, фото ва дизайн соҳасида кўзга кўринган вакиллар ким ғолиб бўлишидан воқиф бўлмоқни истардилар.

Даврага жўшқинлик бахш этиш учун ҳозир бўлган қўшиқчи Шуҳрат Дарё саҳнага чиқди. Дилга яқин қўшиқларини туҳфа этди.

Журналистларнинг отахон устози, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” номинацияси бўйича ғолибларга мукофотларни топширди.

— Бошқа касблар вакиллари ўзларининг касб байрамида эсланади, холос. Сиз билан биз ҳар куни эсланамиз. Бу катта бахт, — деди Абдусаид Кўчимов йиғилганларга қарата.

У Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййидга Президент Фармони билан “Эл-юрт ҳурмати” ордени берилганини олқишлади. Ижодкорларга юксак эътибор бераётгани учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири куни кеча Президент Фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган Ҳусан Эрматов ҳам ғолибларни тақдирлар экан, бундай эътибор учун мамлакатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди.

“Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” номинацияси бўйича Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, раҳматли Соҳибжон Алижонов ҳақида чоп этилган “Соҳибжон Алижонов. Бизни қаритолмас йиллар, замонлар” китоби ғолиблар қаторида эълон қилинганида залдагилар қарсак чалиб юборишди.

Ушбу китоб тақдимотида қатнашганимда ҳам жуда таъсирланган эдим. Бугун саҳнага марҳум журналистнинг аёли ва фарзандлари чиққанида ҳам шундай тўлқинланиб кетдим. Ҳакамлар ҳайъатининг бу қарори ҳам адолатли бўлибди. Ўтганлар руҳини шод этиш катта савоб.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев, “Шуҳрат” медали соҳибаси, хонанда Ҳилола Ҳамидова дилрабо қўшиқлари билан ғолибларни қутлашди.

Тадбирдан қайтар чоғим “Тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари” номинацияси ғолиби Назира Боймуродова ўзи ёзган шеърини берди. Ундаги қуйидаги сатрларга эътибор қаратинг-а:

 

Яшаяпман шу Ватанда эркин ва ҳур,

Яшаяпман қўлда қалам, дилда ғурур.

Яшаяпман садоқатим қалбимдадур,

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

 

Сарҳадларин одим-одим кезарман,

Димоғимда тупроқ тафтин сезарман.

Бир гул бўлиб боғларини безарман,

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

 

Кунни тунга, тунни тонгга улайман,

Орзуларни беланчакка белайман.

То тирикман, юртим дея яшайман,

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

 

Дарҳақиқат, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ана шундай номдаги танлов ғолибларини тақдирлаш тадбири жуда файзли, кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 9 =