Юракларни титратган фалокат

(Туркиянинг Қаҳраманмараш, Адияман, Малатя шаҳарларидан репортаж)

1

…2023 йил 6 февраль, душанба. Бу кунни қардош турк халқи ҳеч қачон унутмайди. Қишнинг совуқ кунида уларнинг оромини бузган 7,7 ва 7,6 магнитудали кучли ер силкинишидек мудҳиш воқеа 50 мингдан зиёд инсонни ҳаётдан олиб кетди. Қаҳраманмараш, Малатя, Шонлиурфа ва Газиантеп вилоятларида вайронагарчилик кўп бўлган. 11 шаҳар-вилоятни умуман яшаб бўлмайдиган ҳолатга келтиради. Бир кунда рўй берган бундай аянчли ҳолатлар турфа тақдирларни бир манзилга жамлайди.

Жорий йилнинг 9,10,11 февраль кунлари Туркия Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги коммуникациялар бош­қармаси  ўзбекистонлик бир қатор медиа соҳа журналистлари ҳамда ОАВ вакиллари учун Туркияга пресс-тур уюштирди. Туркиялик масъуллар ҳамроҳлигида ҳамкасбларимиз билан Қаҳраманмараш, Адияман ва Малатя вилоятларига бордик. У ерларда тикланаётган ҳаёт, оддий одамлар тақдири, яқинидан, боласидан, ота-онасидан, жигарларидан айрилган қардошларимиз ҳамда кўзларида олов чақнаб турган, самимий болажонлар билан суҳбатлашдик. Зилзиладан жабр кўрган одамларга қуриб, фойдаланишга топширилган хонадонларда бўлдик. Уйлари битмаган, ҳозирча вақтинчалик контейнерларда истиқомат қилаётган инсонлар билан ҳаммаслак бўлдик. Худди ўзбеклардек туркларнинг ҳам сабр, матонат, аҳиллик, оғир кунда бир-бирини қўллаб қувватлашдек буюк маданиятига гувоҳ бўлдик.

2

Тошкентдан Туркия ҳаво йўллари самолётида тўрт соат деганда Истанбулга етиб олдик. Олдинда бизни яна бир самолёт кутаётган эди. Бу Истамбул – Қаҳраманмараш эди. Маҳаллий рейс билан бир ярим соатлик масофани босиб, дастлабки манзилга келдик. Айтганча, бу медиа-турда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманис­тон ва озарбайжонлик ҳамкасбларимиз ҳам бўлишди. Биз улар билан Қаҳраманмараш маҳаллий аэропортида танишдик. Даставвал журналистлар билан Қаҳраманмараш вилояти губернатори Мукеррем Унлуер мулоқоти бўлиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Қаҳраманмарашда энг таҳликали ҳолатлар кузатилган бўлиб, бир кунда икки марта — 7,7 ва 7,6 балли кучли зилзила рўй берган. Бу ҳам етмаганидек, кичик балли зилзилалар бўлиб турган. Фожиада 12500 киши ҳалок бўлган. Агар рақамларда айтадиган бўлсак, бу ерда истиқомат қилаётган 1 миллион 170 минг кишининг 25 фоизи бир кунда уй-жойидан айрилган. Ўша даҳшатли паллаларда уйсиз қолганлар учун  200 мингта контейнер ва 165 мингдан зиёд чодирлар  ўрнатилади. Аҳоли зарур инфратузилма, озиқ-овқат, тоза ичимлик суви билан таъминланади. Шу билан бирга, ўқувчилар учун синфхоналарга мослаштирилган  контейнерлардан иборат мактаблар ташкил қилинади. Вилоятнинг фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Тайфур  Темур ана шу қийин вазиятларда уларни қўллаб турган Ўзбекистон, Қирғизис­тон,  Қозоғистон, Туркманистон  давлатларига алоҳида ташаккур билдирди. Қардош халқлар кўрсатган ёрдамларни рақамларда санаб ўтаркан, “Бундай офат ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Бирор кимса яқинларидан жудо бўлмасин…” дея фикрларини якунлади.

Куннинг иккинчи ярмида медиа соҳа вакиллари мазкур шаҳардаги уйлари битмаган аҳоли учун қурилган контейнерларда бўлишди. Аҳоли билан самимий суҳбат қилишди. Болажонлар билан гаплашишди. Эътиборли жиҳати, ҳудудда ҳамма шароитлар етарли. Ортда қолган бир йилда бу ерларда ҳаёт ўз изига туша бошлаган.

Яқинларини йўқотган, талафот натижасида руҳий қўрқув таъсирига тушганлар билан экспертлар, психологлар, дин вакиллари мунтазам иш олиб боришган ва бу давом этмоқда.

3

Сафаримизнинг эртанги кунги манзили Адияман шаҳри бўлди. Биз у ерда дастлаб шаҳар раҳбари Осман Варал билан учрашдик. У тақдимот шаклида ўтказган суҳбатида зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда уй-жойларни тиклаш, мактаблар, спорт майдончалари ва ишхоналарни реконструкция қилиш, аҳолига кўрсатилаётган ёрдамлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Адияман бу офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан ҳисобланади.

Шаҳардаги 115067 та бинонинг 33112 тасини қайта тиклаб бўлмайди. Ҳудуддаги зилзила вақтида ярим қулаган, аммо шу вақтгача йиқитилмаган бинолар ҳам бор. Уларнинг ҳозиргача бу ҳолатда туришининг асосий сабаби ҳозирги вақтда суриштирув ишлари давом этаётгани билан боғлиқ. Тергов ва суд ишлари тугаганидан сўнг суд қарорига кўра, у биноларнинг ҳам тақдири аниқ бўлади. Зилзила натижасида 8500 нафар адияманлик нобуд бўлган, 16771 киши жароҳат олган. Уйсиз қолганлар учун тезкорлик билан 33724 та контейнер  ўрнатилган, 58 та масканлар ташкил қилинган. Ҳозирда ушбу масканларда 120 мингга яқин киши яшамоқда. 90 дан ортиқ фуқароларга керакли ҳужжатлари қайта тиклаб берилган.

“Айни пайтда 44352 та кўп қаватли уй ва коттежлар қурилмоқда. Битган уйлар қуръа ташлаш орқали ўз соҳибларига топшириляпти. Янги уйга кўчишни истамаган, эски ҳовлисида уй қуришни хоҳловчиларга имтиёзли кредит берилмоқда. Шу билан бирга, ушбу жойларда ер майдонининг тупроқ зичлиги ўрганилганидан кейин темир каркасли уй қуришга рухсат берилмоқда.” деди шаҳар ҳокими.

Журналистлар вилоят марказидан 30 километр масофада бунёд этилган коттеж уйларни бориб кўришди. Умумий майдони 125 квадрат метр бўлган 4 хонали уйларда барча шароитлар яратилган. Уренли кичик туманида қурилган 150 та кўп қаватли уй уч мингта хонадондан иборат. Ёки бўлмаса, Индерли кичик туманида 16 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда.  Барчасида спорт майдонлари ва болалар ўйингоҳлари ташкил этилмоқда. Битган уйлар эгаларига 20 йиллик муддатга, фоизсиз кредит ҳисобига топширилмоқда.

Шундан сўнг мутасаддилар бизни Адиямандаги марказий вақтинчалик яшаш марказига бошлашди. Бу ердаги 1500 та контейнерда 3500 киши яшар экан. Биласизми, контейнерлардан бутун бошли мактаб қурилган. У ерда 750 нафар ўқувчи таълим олади. Иситиш ва совутиш тизими, канализация сифатли йўлга қўйилган.

4

Сафаримизнинг охирги кунги манзили Малатя шаҳри бўлди. Дастлаб шаҳар марказидаги “Малатя 100 йиллик халқ кутубхонаси”да шаҳар губернатори Эрсин Язичи журналистлар билан учрашди. У маърузасини тақдимот шаклида ўтказди. У қардош халқлар матбуот вакиллари билан мулоқотда бўлаётганидан хурсандлигини билдириб, вилоятда табиий офат зарарлари ва уни бартараф этиш йўлидаги чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.

— Вилоятимизда бошқа ҳудудларга нисбатан ўлим кам бўлди, – деди губернатор жаноблари. – Сабаби – ватандошларимиз зилзиланинг иккинчи тўлқини ҳақида тезкор огоҳлантирилган эди. Тўғри, бинолар кўп зарар кўрди, аммо бу инсонлар ҳаёти олдида катта аҳамиятга эга эмас.

Губернаторнинг таъкидлашича, соғлиқни сақлаш тизимидаги катта шифохоналар зарар кўрмаган. Шу сабабли улар бир маромда ўз фаолиятини давом эттирган. Аҳолига ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам бериш ишлари давом эттирилмоқда. Шу даврга қадар зилзиладан азият чеккан фуқароларга 6,1 миллиардлик моддий ёрдам, ҳар ойда 5 минг лирадан “Эсен” пластик карталарига пул тушириб берилмоқда. Губернатор Малатяда ҳаёт давом этаётгани, бир-икки йилда ўз маромига тушиб кетишини, бошқа жойларга кўчиб кетганлар яна қайтишига умид билдирди.

Шундан сўнг журналистлар Малатянинг Гелинжектепа манзилида бўлишди. Баланд тепаликлар бағрида жойлашган бу ҳудудларда зилзиладан вайронага айланган бинолар ва уйлар ўрнига янгилари барпо этилибди. Аниқ, пухта режа асосида қурилган иншоотлар “ТОKI” томонидан қурилган. Эътиборли томони шундаки, мазкур фирма томонидан қурилган биноларнинг кўпчилиги зилзилага бардош берган ҳамда ўзини сақлаб қолган. Демак, уларнинг муҳандислари тарафидан ишлаб чиқилган режалар, фойдаланаётган материаллар ҳар томонлама мус­таҳкам. Ҳозирда эса деярли барча вилоятларда, шаҳарларда айнан мазкур қурилиш фирмаси астойдил иш олиб бормоқда.

5

Сафаримиз давомида жуда кўпчиликнинг суҳбатини тингладик. Яшашга уйи бор, ейишга нон, тузи бор, аммо қалбида айрилиқ нафаси сезилиб турган инсонларнинг дардини англаш, ҳамдард бўлишнинг ўзи оғир.

Эсимда, дунё аҳлининг эътиборини тортган зилзилалар маҳалида БМТ Бош Котиби Антониу Гутерриш “Аср фалокати”ни “замонамизнинг энг йирик табиий офатларидан бири” деб изоҳлаганди. Бош котиб халқаро ҳамжамиятни Туркия томонидан миллионлаб қочқинларга берилган ёрдам, “қўллаб-қувватлов ва саховат учун” энди Туркия ва Сурия халқи билан бирдам бўлишнинг айни вақти эканини таъкидлаганди.

Табиийки, Давлат раҳбарлари Режеп Таййип Эрдоғанга далда бериб туришди. Жумладан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркия Президентига кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафот кўрилгани муносабати билан биринчилардан бўлиб ҳамдардлик изҳор этган эди. Шунингдек, Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, қардошларимизни яна бир бор қўллаб-қувватлашини билдирганди. Ахир, “Дўст оғир кунда билинади, бошингга кулфат келганда, сен билан ёнингда бўлади”, дегани бор гап.

Бир сўз билан айтганда, кенг қамровли табиий офат, ҳалокатли ҳодисалар биз учун синов. Бундай синовлардан жипслашиб, бирдамлик ва ҳамжиҳатликда ўтиш мумкин. Гувоҳи бўлганимиздек, мамлакатда бир йил ичида кўп иш амалга оширилибди. Эрдоған раҳбарлигидаги Туркия жумҳурияти энг кўп талафот кўрган вилоятларда минглаб янги уй-жойлар, спорт мажмуалари қурибди. Сафаримиз бошланишидан озгина олдин “Аср фалокатидан асрлар бирлигигача” шиори остида зилзилада уй-жойидан айрилган энг муҳтож фуқароларга шахсан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг ўзи хонадон калитларини топширган. Оилалар ҳудудда қурила бошланган 46 минг уйдан биринчи босқичда 7275 хонадонга кўчиб ўтишни бош­лаган. Йил охиригача хатайликларга 200 мингта уй топшириларкан.

Қардошларимиз бошига тушган синов ҳеч биримизни бефарқ қолдирмади. Ўзбекистон ва Туркия дўстлиги абадий. Нима бўлганда ҳам, табиий офатлардан Яратганнинг ўзи асрасин!

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Тошкент – Қаҳраманмараш – Адияман – Малатя – Тошкент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 14 =