Асаларичилар ҳузурида

Одатда асаларичилар билан суҳбатлашиш учун узоқ жойларга, тоғу даштларга борилади. Чунки минг дардга даво бўлмиш асални тортиқ этувчи бу мўъжизали арилар бол йиғиши учун боғ-роғлар, кенг далалар, ёйинки пахтазору янтоқзорлар керак бўлади.

Лекин бу гал юртимизнинг кўплаб асаларичилари пойтахти азим — Тошкентга ўз оёқлари билан ташриф буюришган экан, нега улар билан суҳбат қурмас эканмиз…

Асал. У шундай неъматки, эскиргани сари сифати тушмайди, балки қадри ошиб бораверади. Улуғ табиб Абу Али ибн Сино даврида ҳам, ҳозир ҳам замонавий тиббиёту табобатда унинг беқиёс ўрни бор. Ҳамма даврда энг тансиқ неъмат саналади. Қолаверса, у кундалик ҳаётимизда ҳам, шоирларнинг ашъорларида ҳам гўзал ташбеҳдир. Сезиб турганингиздек, гап асал ҳақида.

Шу йилнинг 1-10 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги Aнҳор боғида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, AТ “Aлоқабанк” ва Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси ташаббуси билан анъанавий “Aсал байрами” ташкил этилди. Ҳам касб тақозоси, ҳам бир истеъмолчи сифатида биз ҳам шу кўргазма-бозорда иштирок этдик.

Кўргазма майдони дид билан безатилган. Асосий эшикдан кирганимиз ҳамоно асаларичиликда қўлланилаётган технологиялар ҳамда замонавий асаларичилик ускуналарига кўзимиз тушди. Қолаверса, ҳар бир вилоят асаларичиларига алоҳида расталар ажратилган бўлиб, улар кўргазмали қуроллар асосида ўз ҳудудлари ва иш жараёнлари ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилишган. Пештахталарда турли хил, ранг ва таъмга эга асаллар жойлаштирилган. Тоғ, чўл, маълум гулларга боғлиқ ҳолда бу неъматнинг хиллари ҳам кўп экан. Туршакли, майизли, данакли, седанали ва ҳатто гречка ёрмаси қўшилган асал турларини кўриб, беихтиёр ҳайратландик, очиғи. Ҳар бир вилоят ва шаҳар асаларичилари ўз миллий таомномалари, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос маданияту қадриятларига мос асал турларини яратишган. Тошкент асаларичиларининг суҳбати бир тарафу Хоразмдан келган меҳмонларники бошқа тараф. Водийликларнинг асаллари ўзгачаю жиззахлик болшунослар маҳсулоти ўзига хос. Хуллас, кўргазма-бозор расталарини хўп айланиб, бир неча асаларичиларнинг гурунгини олиб, асалдан асалнинг фарқини сал-пал биладиган бўлдик-ов.

Айниқса, зоминлик ака-ука Фарҳодхўжа ва Ғайратхўжа Аҳмедовларнинг касб мактаби айрича экан.   Ота ишини давом эттираётган бу инсонлар гарчи ҳали ёш бўлишса-да, бир неча шогирдларни тарбиялашган. Мазкур кўргазмада эса ўн йилдан буён қатнашиб келишар экан. Бу гал Фарҳодхўжа ака рафиқаларини ҳам “Асал байрами”га олиб келибди. Раста атрофида тўпланиб турган харидорлар билан савдоси авжига чиққан аканинг суҳбатини кейинроқ олишни мўлжаллаб, аввало, янга билан гурунглашдик.

— Пештахта атрофига илиб қўйилган суратларга қараганда асаларичи акамиз фақат тоғу тошларда юрарканлар, шекилли. Янга, сиз ҳам кетаверасизми этакларини ушлаб ёки уйда қоласизми? — дея ҳазил аралаш сўраймиз бир четда ийманибгина турган янгадан.

— Ҳа, мен уйда болалар билан қоламан. Бу киши баҳордан қишгача, аввал тоққа, кейин чўлга кетадилар. Энди касблари шу асаларичилик-да. Рўзғоримиз бут, камимиз йўқ, Худога шукур, — дейди у.

Бу орада Фарҳодхўжа Аҳмедов ҳам суҳбатимизга қўшилди:

— Ота касб-да, мерос касбимиз. Меҳрим ҳам бош­қача. Ҳозир кўп шогирдлар тайёрлаяпман. Укам ҳам ёнимда.

Биз асаларичидан растада турган асалларнинг турлари ҳақида сўраймиз:

— Аслида ўн икки хил асалим бор. Ҳозир бу ерда етти хили турибди. Май асали, бўтакўз асали, тоғ, чўл, гул асали ва, мана, седанали, мева қоқили асалларимиз бор. Ҳар бирининг хусусияти алоҳида. Аслида буларни ҳам таом, ҳам шифо учун олишади. Шунга кўра, биз одамларга ҳар бирининг таърифини бериб, тушунтириб сотамиз.

Биз кўргазма-бозорнинг охирги куни, тақдирлаш маросими вақтида борганимиз учун тантанали тадбир бошландию суҳбатимиз чала қолди. Ҳамма маросим томошасига шошилди. Жумладан, биз ҳам. Бир неча йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, қимматбаҳо совғалар топширилди. Тақдирловдан суҳбатдошларимиз ҳам қуруқ қолишгани йўқ. Аслида эса, фикримизча, бу кўргазма-ярмаркадан мақсад ғолиблигу мукофотлар бўлмаса керак. Мана шундай тадбирларни ташкиллаштириш юртимизда асаларичиликнинг янада ривожланишига бевосита таъсир этиши шубҳасиз. Зеро, турли вилоятлардаги касбдош­ларнинг бир том остида йиғилиб, бир-бирлари билан танишишлари, ҳамсуҳбат бўлишлари беихтиёр тажриба алмашишга туртки бўлиши шубҳасиз. Бундан эса элимизнинг дастурхони болдек шифобахш неъмат турлари билан бойиб боравериши қувонарлидир.

Биз ҳам седаналию тоғ асалларидан харид қилиб, бир дунё таассуротлар билан қайтдик.

Азизбек АЛЛАБЕРДИЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 3 =