Ўзбекистоннинг муҳим ташаббуслари

Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг

Габала саммитида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга ташриф буюрди.

Габала халқаро аэропортида Ўзбекистон етакчисини Озарбайжон маданият вазири Одил Каримли, Габала тумани ижро ҳокимияти раҳбари Сабуҳи Абдуллаев ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ташриф дастурига мувофиқ, давлатимиз раҳбари 7 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг расмий тадбирларида иштирок этди ва туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш,  жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни, таклиф ва ғояларни ўртага ташлади.

Жумладан, Юртбошимиз:

– минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказишни таклиф этди.

– Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилишни қўллаб-қувватлади ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.

– Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф қилди.

– Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириб, Туркий давлатларнинг Саноат альянси, “Туркий яшил йўлаклар” тизими ва “Яшил трансформация” консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

– Органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди.

– Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлади, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштиришнинг муҳимлигини таъкидлади.

– Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ҳамда халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилишни тавсия этди.

– Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш ва Туркий дунё халқаро кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказиш ғояси ўртага ташланди.

– Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини эълон қилди.

– Экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси ва ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқишни таклиф этди.

– 2026 йилда “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги каби қатор муҳим ташаббус ва янги тавсия ҳамда ғоялари жуда катта қизиқиш билан қарши олинди.

ЎзА материаллари асосида

тайёрланди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − four =