“Алданиб қолғон ёмондур!”

Журналист бўлсанг, худди сен бамисоли барча нарсага қодирдай, кўпчиликнинг сенга мурожаат қилиши табиий…

Кимдир уяли телефон рақамингизни билиб олади, телефонни кўтарсангиз, у дарров шикоятини бошлайди. “Уйда бўласизми, мен уйингизга ўтмоқчиман, қийналиб қолдим”, дейди. Уяли телефонни албатта кўтаришингиз керак…

Бир пайтлар нотаниш телефон рақамларини олмасдим. Бир оилавий масалада панд еганимдан сўнг, албатта, ҳар қандай телефон қўнғироғига жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Биров жиноят иши бўйича, биров фуқаролик иши бўйича, яна кимдир уй-жой низоси билан, хуллас, ҳамма сени “Қудратли одам” деб ҳисобларкан. Гўё сен фельетон ёздинг-у, тамом-вассалом, гўё ҳамма иш ҳал бўлади…

Бу Шўро даврида эди.

Аслида эса ҳозир бундай эмас. Зеро, журналист ҳар бир соҳанинг чуқур билимдони бўлиши шарт, сенга мурожаат қилган инсоннинг муаммосини яхшигина билишинг керак.

Жумладан, судга адвокат бемалол уяли телефон билан кира олади: у тарафларга бемалол ва хоҳлаганча саволлар бериши мумкин.

Журналист бечоранинг эса суд мажлисига кирганида телефонини олиб қўйишади ва унга судда сўз ҳам беришмайди, фақат хоҳласа, судда гувоҳ сифатида қатнашиши мумкин.

Суд ҳукми қонуний кучга киргандан сўнг бир мақола ёзишингиз мумкин, холос. Натижаси бўладими, буни ҳеч ким билмайди.

…Мана, кимдир уй дарвозамизни тақиллатди.

Кун анчагина совуқ. Ташқарида новчагина, озғиндан келган, кўринишидан қирқ ёшлар чамасидаги бир йигит велосипедда келибди:

— Келинг, хизмат, ука?

— Озод ака, битта масалада келгандим…

Кўча совуқ бўлгани учун, бунинг устига, мен ҳам юпунгина кийингандим, уйга таклиф қилдим.

Бу йигитнинг исми Содиқ, фамилияси Жалилов экан.

У менга жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг 2025 йил 15 октябрдаги ҳукмини қўлимга тутқазди.

Бу ҳукм деганлари ҳам нақ ўттиз варақ экан.

Судья Нозимжон Абдурашидовнинг ҳам сабрига балли-ей, эринмай ёзибди, буни бир китоб қилиб чиқарса, яқин юз бетлик китоб бўлади-я!

Яқин икки соатда ҳукмни ўқиб чиқдим.

Унда “…У бундан ташқари ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини такроран қўлга киритиш мақсадида 2024 йил 28 ноябрь куни Оҳангарон шаҳри ҳудудида таниши Джалилов Содиқ Собировични алдаб, кредит тарихини текшириб кўриш баҳонасида С.С.Джалиловнинг қўл телефонини олиб, С.С.Джалилов номига микромолия ташкилоти иловаси орқали шу куни 12.096.000 (ўн икки миллион тўқсон олти минг) сўм миқдорида кредит маблағлари олишга эришиб, ушбу пулни ўзининг ихтиёридаги карталарига ўтказиб фирибгарлик йўли билан эгаллаб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб, кредит маблағларини қайтаришдан бўйин товлаб келган”, дейилган.

Маълум бўлишича, фирибгарлар шоҳи Баҳром Абдушукуров (исм-фамилиялар ўзгартирилиб берилмоқда) бундан олдин ҳам Содиқ Жалиловни йигирма миллионга туширган экан.

Одам ҳам шунақа содда бўладими?

Фирибгар Баҳром Абдушукуров эса олий маълумотли ва муқаддам банк бошқарувчиси лавозимида ҳам ишлаган.

Демак, ойлиги ҳам ҳамма ҳавас қиладиган ва обрўси ҳам ўзига яраша бўлган.

Бу йигитни одамларни шу қадар чув туширишга нима мажбур қилибди экан деган ўйда беихтиёр яна ҳукмни варақлайман.

Судланувчи Абдушукуров бундан ташқари фуқаролар Отабек Нурчаевни ўн олти миллион сўмга, Маҳфуза Султоновани йигирма тўққиз миллион сўмга, Дилшод Нишоновни ўн етти ярим миллион сўмга, Зилола Шарофовани йигирма икки миллион сўмга, Фарҳод Алимовни йигирма бир миллион сўмга, Ойбек Усмондиёровни ўттиз миллион сўмга, Акром Қурбоновни йигирма миллион сўмга, Асрор Бекляровни олти ярим миллион сўмга, Озода Аширматовани етти миллион саккиз юз минг сўмга алдаб, худди Жалиловга ўхшатиб чув туширган.

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин…

Бундоқ қараса, ҳамма алданганлар Абдушукуровнинг таниш одамлари, дўстлари, биродарлари…

Ёки алдагани бола яхши дегандай, алдагани дўст яхшимикан?..

Суд ўз ҳукмида алданган фуқаролар фойдасига судланувчи Баҳром Абдушукуровдан пул ундиришни белгилаган.

Содиқ Жалилов менга юзланади:

— Озод ака, энди нима бўлади?..

— Нима ҳам бўларди, апелляция, кассация ёки тафтиш шикояти беришингиз мумкин. Фойдаси бўладими, йўқми, билмадим.

— Бизлар пулни қачон оламиз?

— Мана, Баҳром Абдушукуровни етти йилга озодликдан маҳрум қилишибди, икки-уч йилда чиқиб қолса керак…

— Кейин нима бўлади, чиққанда пулимизни оламизми?

— Албатта, қачондир, агар Абдушукуровнинг мулки бўлса, мулкка қаратади, бу ишлар билан МИБ шуғулланади. Ундан кейин Абдушукуровни ишга жойлаштиришлари аниқ. Масалан, Абдушукуров бир ярим миллион ойлик оладиган бўлса, унинг қоқ ярми сиз ундирувчиларга тенг тақсимланади. Айтайлик, ҳар бир ундирувчига икки юз-уч юз минг сўмдан тўғри келиши мумкин. Узоқ кутишга тўғри келади.

Жалиловнинг нафаси ичига тушиб кетди:

— Сиз газетада чиқарсангиз фойдаси бўладими бизга?

— Менимча, сизларга ҳеч қандай фойдаси бўлмаса керак. Буни олдиндан айтиб қўяй. Фақат одамлар ўқишса, сабоқ бўлиши мумкин…

Жалилов уйимдан маъюс ва ҳорғин чиқиб кетди.

Унга қандай тасалли беришни билмадим…

Тўғриси, ачиндим…

Беихтиёр, “Алданиб қолган ёмондур!” деган қўшиқни хиргойи қила бошладим.

Маслаҳатим эса ушбудир: Огоҳ, бўлинг, азизлар!

Озод ХУШНАЗАРЗОДА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − three =