Ғофур қизиқ ва “Норин аскиячилари”
Водий аскиячилик мактабининг ўзанларидан сув ичиб келаётган Наманган аскиячилиги ҳам ўзига хосдир. Норин тумани маданият марказида ташкил этилган “Норин аскиячилари” гуруҳининг ўрни ва роли миллий санъатимизнинг бугунги ривожланиш босқичида юқори баҳоланмоқда.
Маълумки, аския орқали тингловчиларнинг кайфияти кўтарилади. Қолаверса, тингловчиларнинг фикрлаш қобилиятини ўстириш билан бир пайтда аския инсон тафаккурининг ривожланишига хизмат қилади. Кулгига олинган муайян муаммонинг танқид қилинишини ҳам кузатиш мумкин. Аскияни тушунганлар ўз ҳаётларида камчиликларга йўл қўймасликка интиладилар.
“Норин аскиячилари” гуруҳи туман маданият маркази бадиий раҳбари Ғофуржон Мирзаев томонидан 2002 йилда аския пайровлари билан ижод қилувчи “Аскиячи йигитлар” номи билан ташкил этилганди. Жамоа халқ оғзаки ижодининг ноёб йўналишини тиклаб, туман ва вилоят миқёсида оммалаштириб келмоқда. Айниқса, ёшларга аския санъатини ўргатиш билан бирга кенг омма ўртасида тарғиб ҳам қилмоқда. Номоддий маданий меросимиз — аския ва қизиқчилик санъатини ривожлантириш бўйича мактаб яратган фарғоналиклар таъсири наманганлик санъат шинавандалари қизиқишларини жиддий ниятга айлантиргани муболаға эмас.
Ғофуржон Мирзаев адабиётнинг шеърият йўналишида ҳам ижод қилади. Унинг “Ватан мадҳи”, “Озод диёр”, “Биз ҳеч кимга қарам бўлмаймиз”, “Наврўзинг муборак!”, “Ўзбекистон”, “Ўзбекман”, “Юртим” номли Ватанни, мустақилликни шарафловчи шеърлари маҳаллий санъаткорлар томонидан қўшиқ қилинган ва маданий-маърифий тадбирларда омма эътиборига ҳавола этилган.
Ғ.Мирзаев миллий урф-одатларимиз, халқ оғзаки ижоди йўналишидан ташкил топган ўлан, лапар, катта ашула, халқ ўйинлари каби фольклор-этнографика жанрларининг замонавий талқинда ижро этилишига ҳам эътибор қаратиб, “Бой бува”, “Тўйлар муборак”, “Норин наволари”, “Ҳашар”, “Халфана”, “Ўзбек халқ ўйинлари”дан иборат дастурларни яратган. “Қуроқ, елпиғич, ўроқ-машоқ” номли фольклор дастурлари Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган республика миқёсидаги Наврўз байрамида вилоят санъаткорлари томонидан ижро этилган.
Эндиликда Ғ.Мирзаевнинг нотиқлик, актёрлик, аскиячилик йўналишларида Ҳошимжон Мадумаров, Алишер Мирзаев, Аъзамжон Саркаров, Иброҳим Раҳмонов каби кўплаб шогирдлари бор.
“Норин аскиячилари”нинг вилоятда ўтказиб келинаётган Мустақиллик ва Наврўз байрами тантаналаридаги чиқишлари пойтахтлик мутасаддиларга ҳам манзур бўлмоқда. Улар халқаро миқёсдаги тадбирларда ҳам иштирок этишмоқда.
Бухоро, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ўтказилган Аскиячи ва қизиқчиларнинг анъанавий республика кўрик-танловларида, Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида Абдулхай Махсум Қозоқов, Ҳасанбой Султоновлар хотирасига бағишланган “Кулги” фестивалида, Расулқори Мамадалиев хотирасига бағишланган республика танловларида фахрли ўринларни эгаллаган. “Норин аскиячилари” вилоятимизда бўлиб ўтган Рустам Ҳамроқулов, Эргаш Каримов хотираларига бағишланган танловларда ҳам фахрли ўринга сазовор бўлиб, “Энг яхши аскиячилар гуруҳи” номинацияси бўйича тақдирланган.
Кейинги йилларда вилоятимизда ўтказиб келинаётган Халқаро гуллар фестивали доирасида ҳам мазкур гуруҳнинг сезиларли ўрни кўзга ташланмоқда. 2023 йилнинг “Энг яхши аскиячилар гуруҳи” сифатида вилоят ҳокимлиги ва вилоят маданият бошқармаси томонидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланишида ҳам катта меҳнат, ижодий изланишлар ғайрати бор.
—2025 йилнинг баҳорида “Норин аскиячилари” мамлакатимиз миқёсида ўтказилган Наврўз байрамида иштирок этиб, Президентимизнинг эътирофига сазовор бўлди, – деди маданият маркази раҳбари Ғофуржон Мирзаев.
2024 йил июль ойида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти томонидан уюштирилган илмий экспедицияда ушбу гуруҳ ҳам иштирок этиб, аския санъати ЮНЕСКОнинг репрезентатив рўйхатига киритилганининг 10 йиллиги муносабати билан яна бир бор жамоанинг ижро жараёнлари видеотасвирга муҳрланди. Бу тан олиш ва эътирофлар, албатта, Норин аскиячилари учун катта ютуқдир.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ.
Наманган вилояти.
