Таълимнинг янги шакли

ушбу жараёнда талабалар маош олган ҳолда ўқишади

Андижон давлат техника институтида ҳам таълим сифатини ошириш, назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, олий таълим масканимиз “UzAuto Motors” AЖ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AЖ Андижон ҳудудий филиали, “Shangfeng-Bridge of Friendship” МЧЖ, “Reco Brend Sement” МЧЖ, “Fujixun Lift (UZ) LTD” МЧЖ,  “Andijon don mahsulot” AЖ, “O‘z AutoAustem” МЧЖ, “UzSaemyung Ko” AЖ QK, “Garant bank” AЖ, “Auto Rubber” МЧЖ, “Avto Climate Control” МЧЖ, “Invest Finance Bank” AЖ, “Andijon viloyati issiqlik manbai DUK” каби 130 дан ортиқ ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномалари имзолаган. Талабалар амалиёти, профессор-ўқитувчилар стажировкалари ва дуал таълим жараёнлари ушбу ҳамкорлар базаларида ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида таълим жараёнларини ташкил этиш бўйича режа мавжуд. Ҳозирда 40 дан зиёд корхона ва ташкилотларда 4-курс битирувчилари тўлиқ дуал таълим шаклида таҳсил олмоқда. Ушбу жараёнда битирувчиларнинг 136 нафари иш ҳақи олган ҳолда таълим жараёнларида қатнашиб келмоқда.

Институт “Метрология ва енгил саноат” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳам вилоятдаги саноат корхоналари билан ҳамкорлик шартномалари асосида муайян ишларни амалга оширмоқда. Битирувчи курс талабалари вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналарида дуал таълим асосида билим олишмоқда.

“Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти” факультетининг 4-курс талабалари ҳам дарсларини “Ўзбекистон миллий метрология институти” ДМ Андижон филиалида ўтишмоқда. Талабалар бу жойда метрология соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлаш бўйича аудиторияда олган назарий билимларини амалий жиҳатдан мустаҳкамламоқда. Ўлчаш воситаларини метрологик аттестатлаш, қиёслаш ва калибрлаш ишларини ташкил қилиш бўйича яхши натижаларга эришяпти.

Дарснинг амалий аҳамияти шунда бўлдики, талабалар дастлаб назарий билимлар олишганидан сўнг, температура ўлчаш воситаларини қиёслаш жараёнида иштирок этишди. “Ўзбекистон миллий метрология институти” ДМ Андижон филиали лабораториясида ўтказилган қиёслаш жараёнида талабалар қиёслаш шароитлари ва унга тайёргарлик кўриш, қиёслаш ишларини ўтказиш тартиби, ташқи кўрик, қиёсланувчи асбобларни ишлатиш бўйича билимларини янада мустаҳкамлашди. Ўз навбатида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Жавобларни устозлари билан биргаликда соҳа мутахассисларининг аниқ мисоллар билан тушунтириши дарс сифатининг юқори даражада бўлишига замин яратмоқда.

Олий таълим даргоҳларида таълим олаётган ёшларни ҳар тарафлама етук, етарлича билим ва амалиёт кўникмаларига эга бўлган мутахассислар қилиб тайёрлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Бу ишда дуал таълимнинг аҳамияти катта. Таълимнинг бу шакли, шубҳасиз, келгусида яхши самара бериши муқаррар.

Хайрулла ВАСИЕВ,

Андижон давлат техника

институти катта ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =