Энг катта мукофот — қутқарилган ҳаёт

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ўт ўчирувчи-қутқарувчи бўлиб ишлаётган Рустам Ҳайитов фаолиятига чизгилар

Ёнғинга қарши одатда бир киши кирмайди. Унга қутқарувчилар доим ҳалқа сингари биргаликда бостириб киради. Аслида ҳам ҳар бир касбий муваффақият — жамоавий бирдамлик маҳсули. Бугунги қаҳрамонимиз — 1-даражали сержант Рустам Ҳайитов ФВВ тизимида ишлаётганига 24 йил бўлди. Бу бир навқирон йигитнинг ёши билан баробар муддат. Чорак аср вақт мобайнида уста қутқарувчи 10 га яқин қутқарув турларида, хусусан, катта ёнғинларда, чуқурликка тушиб кетган, чўққиларда адашиб қолган, лифтда қолиб кетган одамларга ёрдам беришда, уй эшиги қулфланиб, ичкарида қаровсиз қолган болалар қутқарувида ва яна кўплаб фавқулодда вазиятларда иштирок этган. Бугун ўттизга яқин шогирдларига касб маҳоратини ўргатиб, елкама-елка ишлаб келаётган қаҳрамонимизни суҳбатга чорладик.

Моҳир қутқарувчи Рустам Ҳайитов 1981 йил Тошкент вилояти, Тошкент туманида туғилган. 24 йил мобайнида мингга яқин турли хил чақирувларда фаол иштирок этган. Айни пайтда Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида жойлашган 16-қутқарув қисмида ёнғин ўчирувчи-қутқарувчи сифатида ўз фаолиятини давом эттириб, ёшларга касбий маҳоратларини ўргатиб келмоқда.

Қишда юз берадиган ёнғинлардаги вазият бошқа фаслларникидан бир қадар қийин. Сабаби оловга қараб сув сепар экан, ёнғин ўчирувчиларнинг уст-боши ҳўл бўлиб, эгнидаги 20-30 килолик эпикировка яна бир қадар оғирлашади, совуқда чиққанида эса ҳўл либослар музга айланади. Бу жараён кишидан касбий маҳоратдан ташқари, инсоний матонатни ҳам талаб этишини шу ҳолатдан ҳам кузатиш мумкин.

— Шундай дейсиз-у, аммо қутқарувчи учун фаслнинг аҳамияти йўқ. У ҳар қандай мавсумда хавф билан турли шаклда юзлашади, — деди суҳбатдошимиз Рустам Ҳайитов. — Масалан, бир воқеани эслайлик. Чиноротада подстанция ёнганида одамлар юз метргача ҳам яқин кела олмаган — ҳарорат жуда юқори бўлган. Биз эса “тилсиз ёв” ўчоғига тикка кириб борганмиз. Катта ҳарорат ичида, гарчи эгнимизда кислород баллони бўлса-да, ёниб кетиш, куйиш, жароҳат олиш ёки ҳаддан ташқари иссиқ ва тутунли ҳавода бўғилиб қолиш хавфи бизни ҳам қуршаб олган эди. Яъни биз ҳеч қачон ҳеч бир жараёнда хавфдан холи бўлмаймиз. Шунга қарамай, ҳар қандай хавф ичига тикка кирамиз. Ўша воқеа содир бўлганида алангани ўчириб, хавфни бартараф этганимиздан сўнг узоқроқда кузатиб турган аҳоли қарсак чалиб, олқишлар билан қарши олган эди бизни. Халқимизнинг эътиборидан чарчоқлар бир қадар унутилиб кетган.

Дарҳақиқат, эътибор, хайрихоҳлик кишига энг биринчи руҳий қувват берувчи кучдир. Айниқса, халқ эътирофи ҳар қандай мукофотдан ҳам устун, десак, муболаға бўлмайди. Қолаверса, қутқарув жараёни бир кишилик иш эмас. Бир киши йўқ бўлса ҳам, ўрни дарҳол сезилади. Чунки бу касбда ҳар бир мутахассиснинг вазифаси муҳим. Жамоавий бирдамлик ҳам инсонга куч бериши, қийин вазиятларда тўғри қарор қабул қилишига кўмак бериши шубҳасиз.

— Албатта, жамоа ҳам оиладай гап. Унда ҳар бир киши занжирнинг ҳалқаси каби бир-бирига боғлиқ. Бу, айниқса, катта кўламли ёнғинларда сезилади, — дея ўз фикрини баён қилди қаҳрамонимиз. — Шайхонтоҳур тумани, Коҳота кўчасида яқинда катта ёнғин юз берди. Юз квадрат майдон аланга ичида қолди. Ёнғин 5 соат ичида бартараф этилди. Беш соат деганимдан ҳам билишингиз мумкин ёнғиннинг қай даражада йирик бўлганини. Аммо шундай катта ёнғинда ҳам жамоамиз билан бирдам ҳолда хавфни бартараф этдик.

Қутқарувчининг қуроли ўзи билан — тезкорлик, шайлик, маҳорат. Ҳар куни хавф билан юзлашадиган қутқарувчиларга, аввало, қутқарилган инсоннинг миннатдор нигоҳи таскин беради.

— Шахсан мен аввал хавф остидаги инсон, сафдошларим, сўнгра ўзим ҳам хавф ичидан омон чиққанимга севинаман, — деди суҳбатдошимиз. — Янаям теранроқ англашингиз учун бир воқеани айтиб берай. Кунлардан бир кун Олмазор туманида перикис водород ҳавога сизиб чиқиб кетгани ҳақида шошилинч хабар келиб тушди. Биз зудлик билан ишлаб чиқариш корхонасига етиб бордик ва махсус иш қуролларимиз билан ҳавони заҳарли моддадан бартараф қилишга киришдик. Эрталаб 11 ларда чақирув келиб тушган бўлса, кейинги кун тонг саҳар 6 гача хавфни бартараф қилиш билан курашганмиз. Кимёвий хавф ёнғиндан ҳам ёмон. У шу қадар сезилмай зарарлайдики, баъзан энг мустаҳкам эпикировка ҳам ҳимоя қилолмай қолиши мумкин. Ўша куни ҳам корхона ичида юрар эканмиз, ногаҳон этигимнинг ярми эриб кетганини сезиб, оёғим сувга ўхшаш алланима устида турганини ҳис қилиб қолдим. Дарҳол ўзимни панага олиб, хавфсизлик чораларини кўрдим. Гарчи катта кўламли хатар бўлса-да, ўша куни ҳамма, шу жумладан, ўзим ҳам соғ-омон қолганимдан севинганман.

Дарҳақиқат, фалокат оёқ остида. У кутилмаганда юз берадики, бундай пайтда киши баъзан тўғри қарор қила олмай, каловланиб қолиши мумкин. Бу эса ўзининг, мол-мулкининг, қолаверса, яқинларининг хавф остида қолиш эҳтимолини ошириши ҳеч гап эмас. Шунинг учун хатарнинг заррача учқуни сезилса, дарҳол қутқарувчиларга мурожаат қилиш лозим. Қутқарувчилар нафақат хатар пайтида, балки одатий кунларда ҳам муҳофазага шай. Бунда улар аҳоли турар-жой манзилларида, таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда профилактик тадбирлар олиб боради. Қаҳрамонимиз ҳам қутқарув ишларидан ташқари, мана шундай профилактик тадбирларда ҳам фаол. Фавқулодда вазиятларга шай ҳудудларда талафот кам бўлиши ҳақида кўп бор эшитгансиз. Бу нақлга ҳар мавсумда риоя қилиш халқ муҳофазаси учун муҳим саналади. Уста қутқарувчи бу каби тадбирлар нафақат аҳолининг, балки қутқарувчиларнинг ҳам шайлик даражасини оширади, билим ва тажрибаларини мустаҳкамлайди, деб ҳисоблайди.

— Мен шу пайтгача сира интервью бермаганман журналистларга. Биринчи марта сиз билан суҳбатлашишим. Аммо суҳбат мобайнида ҳис қил­япман — айтадиган гап кўп экан. Қандай мукофотлар олгансиз, деган саволингизга жавобим: бугунгача ҳудудлардаги Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ташаккурномалар олганман. Биз учун энг катта мукофот — қутқарилган ҳаёт ва миннатдор нигоҳлар. Қутқарувлардан сўнг бир ўлимдан қолдим деб айрим одамлар пул беради бизга, лекин олмаймиз. Уларнинг мана шу севинчи, дуоси бизга етарли, — дея суҳбатни якунлади қаҳрамонимиз.

Аслида, қутқарувчилар билан суҳбатлар ҳеч қачон якун топмайди. Ҳар бир қутқарувчининг ўз ҳикояси бор ва бу ҳикоялар тиллардан-тилларга кўчиб юраверади. Халқ муҳофазасига бел боғлаган инсонлар сафи ортар экан, бизнинг суҳбатларимиз ҳам давом этаверади…

Юлдуз ЎРМОНОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − one =