Шуҳрат ОРИПОВ Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

Орипов Шухратжон Орип ўғли (Шуҳрат Ориф) Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи этиб иш бошлади. Бу қарор Журналистлар уюшмаси Бошқарувининг жорий йил 6 март куни бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинди.

Шуҳрат Орипов меҳнат фаолиятини 1999 йилда журналист сифатида бошлаган. У бир қанча матбуот нашрларида, Ўзбекистон телевидениесида фаолият юритган.

Кейинчалик давлат ва жамоат ташкилотларида (Республика Маънавият ва маърифат марказида), шунингдек, сиёсий партия (ЎзЛиДеП) тизимида ахборот сиёсати ва матбуот хизмати йўналишларида ишлаган. Тайинловга қадар “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Ахборот хизмати раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Маълумот учун, Шуҳрат Орипов — 1981 йили Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида туғилган.

Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Жамоатчилик билан алоқалар ва халқаро муносабатлар бўйича магистр даражасига эга.

Унинг публицистик мақолалари республика нашрларида доимий чоп этиб келинади. Ижодий асарлари турк, рус, озарбайжон, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан “Шуҳрат” медали ҳамда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 5 =