Қалтис ҳазил
ёхуд болаларни қўрқитмайлик!
Ҳаммада болаликдан қолган бир “ёмон хотира” бўлади. Кимдадир вақт ўтган сари унут бўлиб кетса, кимдадир руҳий жароҳат бўлиб, бир умрга муҳрланиб қолади, афсуски. Самандар бугун катта қутқарувчи бўлса-да, болаликдаги айрим хотираларини унута олмас, шу сабаб лифтда ёки уйда ёлғиз қулфланиб қолган болалар ҳақида хабар топгудек бўлса, ёшликдаги “мен”ини қутқаргани чопгандай ошиқар эди.
Болалигида ота-онаси устидан доим қулфлаб кетар, тўрт девор ичида ёлғиз ўйнаб, бориб-бориб, ёпиқ жойларда ичи сиқиладиган бўлиб улғайди. Илмий тилда олимлар буни “клаустрафобия” деб атар экан. Аммо қутқарувчи бўлиб иш бошлаганидан сўнг бу “касали” бир қадар чекинди.
Навбатчилик қисмидаги одатий кунларнинг бирида у жамоада ўтган навбатчиликдаги чақирув тафсилотлари ҳақида суҳбатлашар эди. Гурунг айни авжига чиққан маҳал ҳамманинг эътибори бирдан эшикка қадалди. Ҳамма бир зум нима ҳақида гаплашаётганини унутгандай эшик олдида турган мухбир қизга нигоҳларини қадаб турарди. Мухбир қизнинг муддаоси қутқарувчилардан қутқарув воқеалари ҳақида маълумот олиб, ҳикоялар ёзиш. Қизни суҳбатга тортиш учунми ё ўз меҳнатини кўрсатиш учун, ҳар қалай, ҳамма бирдан катта қизиқиш билан мухбирни ўраб олиб, ўт ўчирувчилар суҳбатга ўт қалаб кетишди.
— Менинг ҳикоямни ёзинг, мен кўп ёнғинга чиққанман!
— Ёнғинга чиқиш одатий ҳол, сен ҳали одам қутқармагансан, мен эса қутқарганман, мендан интервью олинг!
— Мен ўтган сафарги навбатчиликда чиққан чақирувда томдаги ўтнинг қўшни уй томига ўтиб кетишининг олдини олдим, одам ҳам қутқардим…
Қутқарувчиларни суҳбатга чорласангиз, кун якунига етса етадики, суҳбат якунига етмайди. Чунки уларнинг айтадиган гапи кўп. Ҳар бир қутқарувчининг ўз ҳикояси бор. Масалан, Самандар ишлаётган қутқарув қисмида 56 та қутқарувчи бўлса, камида 56 та ҳикоя бор дегани. Дарҳақиқат, Самандар суҳбатга қўшилмай, четда қараб турар эди. Шу пайт мухбир қиз жим турган вулқонга тегма, мақолига тескари амал қилган ҳолда уни суҳбатга торта кетди:
— Менга сизнинг суҳбатингиз қизиқ. Ҳозир шеригингизга ҳикоя қилиб бераётгандингиз-ку. Мени ўша шеригингиз деб тасаввур қилиб айтиб беринг, илтимос!
— Мен чиққан бу қутқарув ёнғин ҳикоялари каби ваҳимали эмас. Сизга қандай ҳикоя керак ўзи? Балки, шунга мос бошқа воқеа айтиб берарман, — дея каловланди Самандар.
— Менга яхши ҳикоялар керак.
— Қутқарувчида яхши ҳикоя бўлмайди. Доим хавф, талафот, баъзан ярадорлар, баъзан ўликлар билан юзма-юз келади. Бунинг нимаси яхши?
— Ўша хавфни бартараф этиб, талафотни камайтирганининг ўзида ҳам бир олам яхшилик бор… Айтиб берасизми? — мухбир қизнинг шаштидан қайтмас феълини кузатиб, Самандар чуқур нафас олди. Оҳиста бош силкиб, тасдиқ ишорасини берди-да, ним табассум билан ҳикоясини бошлади:
— Аввалги навбатчиликда кўп қаватли хонадонларга уй ичида қулфланиб қолган болани қутқаришга чиқдим. Бола йиғласа, унинг онаси доим: “Йиғлама, ҳозир устингдан қулфлаб кетаман, бўлмаса, бўри еб кетади сени!” деб ҳазиллашиб койир экан. Гўдаккина бунга ишониб, доим йиғлашдан тўхтаркан. Кунлардан бир куни бола ҳали уйғонмаган маҳал она кўчадаги ишларини дарровгина битириб келаман деб уйни қулфлаб, кўчага чиқиб кетган. Бола уйғонса, она йўқ, эшик қулф. Саросимага тушиб, йиғлай бошлаган. Она ишларини битириб уйга қайтса, ичкарида боласи чинқириб йиғлаётган экан. У шошилганидан эшикка қадалган калитни синдириб қўйган. Калитнинг ярми қўлида, ярми қулф ичида тиқилиб, эшик очилмай қолган. Натижада аёл қутқарувчиларга, яъни бизга мурожаат қилишига тўғри келган. Биз дарҳол манзилга етиб бориб, эшикни очиб, болани ичкаридан олиб чиқиб, онасига топширдик. Болакайнинг кўзчалари шишиб кетган, йиғлай туриб, онасига талпинар экан: “Бошқа йиғламайман, мени бўриларга берманг!” дея қалтираб қолди. Катталар болалар билан бундай қалтис ҳазиллашмасликларини сўраб қолар эдим. Бундай қалтис ҳазиллар менинг ҳам бошимдан ўтган ва бунинг асорати йўқолишига йиллар керак бўлган… Шу.
— Раҳмат. Болалар хавфсизлиги борасидаги хавотир ёнғинникидан кам эмас. Муваффақиятли қутқарувларингиз бардавом бўлсин.
Қутқарувчилар мухбир қизнинг ортидан кузата туриб, кейинги гал келганида қайси воқеани айтиб беришларини муҳокама қилишга киришиб кетишди…
Қутқарувчининг ҳикоясини
журналист Юлдуз ЎРМОНОВА оққа кўчирди.
