Бу кўҳна дунёда мен талпинган нур
Тоҳир Маматқулов
Қуйидаги шеърлар муаллифи Тоҳир Маматқуловни таниганимда мен мактабда ўқирдим. Тоҳир ака вилоят ёшлар ташкилотида ишларди. Кейинчалик ўқувчи-ёшлар, кашшофлар анжуманларида бирга бўлганмиз, у ёшлар сардори эди. Кечалари фонар ёруғида қоғоз қоралаганларимизни, завқ-шавққа тўлиб-тошиб бир-биримизга ўқиб берганларимизни, ҳатто баланд овозда қўшиқлар айтганларимизни, атрофида мажнунтоллар ўсган айлана кўлга юпқа тун ёйилишини, ой ва юлдузларнинг бизга – Ёшликка уйқу бермаганини, тонгларнинг жуда ойдин отганини яхши эслайман…
Талабалик пайтимда ва кейинчалик ҳам хатлар ёзишганмиз. Хатларда янги шеърлар, шеърлар ҳақидаги фикрлар бўларди. Тоҳир аканинг йўл-йўл дафтар варағига битилган ҳуснихати ҳозир кўз олдимдан ўтмоқда.
Кейин Тоҳир Маматқуловнинг шеърларини республика, вилоят газета-журналларида тез-тез ўқидик, бир-биридан ажойиб китобларини мутолаа қилдик. Самимий, тиниқ шеърларидан баҳраманд бўлдик.
Шоирлик фақат қоғоз қоралаш, шеър ёзиб, китоб чиқариш эмас, аввало, кўнгил билан ишқ тилида сирлашмоқдир; ҳаётга чексиз ошуфталикдир. Шоирлик кўнгилнинг бетимсол ҳаёт – кундуз ва кеча, чақмоқ ва йиғи, ёмғир ва қор, шодлик ва ғам, бахт ва қайғу… лаҳза ва абадият билан муомала-муносабатида намоён бўлади… Ана шундагина жаҳонаро машҳур шоир Андрей Вознесенкий ёзганидек: “Шеър ёзилмайди, содир бўлади”.
Ана шу тоифага мансуб шоир Тоҳир Маматқуловнинг шеърларини қалбнинг сўзга кўчган таржималари, гавҳарлари дегим келади. Сангардак шалоласидек шеърхоннинг дил боғига сачраб-сочилаётган сатрларда назокат, нафислик, халқона оҳанглар, донишмандлик, озгина табиий дағаллик, ҳар ёққа қочиб тўзган сояларнинг бетартиб ўйини сезилади. Ана шу хусусиятларнинг барчаси Тоҳир Маматқулов шеърларининг фазилатига айланган.
Шеърларни хотираларга берилиб, тўхтаб-тўхтаб ўқирканман, шу гаплар хаёлимдан ўтди. Яна бошқа кў-ўп гапларни шеърларнинг ўзи сизга айтади.
Салим АШУР,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси.
ОНАЖОН
Ёришганда ҳар кун оппоқ тонг,
Ёпилганда тандирга оқ нон,
Булутлардан ариса осмон,
Кўргим келар сизни, онажон!
Ҳаволанса бургут юксакка,
Лочин елса тоғларга томон,
Интилганда эзгу истакка,
Кўргим келар сизни, онажон!
Чўққиларда эриганда қор,
Бутун борлиқ бўлиб интизор,
Қанот ёйса ўлкамда баҳор,
Кўргим келар сизни, онажон!
Бош кўтарса ердан майсалар,
Қушлар шодон, шўх сайрасалар,
Кўнглим тўлса, тўлса ҳар сафар,
Кўргим келар сизни, онажон!
СИНГЛИМГА
Бу кўҳна дунёда мен талпинган нур,
Онам ёққан чироқ, меҳрибонгинам.
Баҳоринг муборак, дилдаги сурур –
Наврўз қутлуғ бўлсин, сингилжонгинам!
Қишлоқдаги зиё таралгувчи уй,
Ёдингдами, отам эккан у дарахт,
Акам рубобида чалган ҳар бир куй –
Биз учун узоқда қолган сўнмас бахт.
Улкан бир ёнғоққа эгизак бўлиб,
Оқ, зилол сув берган ой каби чашма,
Синглим, ота уйни соғиндим тўлиб,
Болалик, болалик, мен сенга ташна.
МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ
Боболарим каби саҳархез,
Тонгнинг насимлари каби тез,
Келинчаклар нон ёпган бир кез –
Уйғонади менинг маҳаллам.
Онажонлар – кўп хосиятли,
Отажонлар – хўб соф ниятли.
Мард йигитлар кўп ориятли, –
Меҳри жоним қадар маҳаллам.
Узоқ кетсам қўмсаб турар дил,
Умрим боғланган нурли манзил.
Одамлар бир-бирига манзур –
Дилларга мўътабар маҳаллам.
СЕН
Сен бир гулсан –
ҳали банддан узилмаган,
Дарё мавжи – сокинлиги бузилмаган,
Гавҳар мунчоқ ҳали ипга тизилмаган,
Сен – бир гулсан, ўз бандидан узилмаган.
Сен – атиргул, ифор эрур атирларинг,
Янги шеърсан, ўқилмаган сатрларинг,
Гўзалликда юксак эрур қадрларинг,
Сен – бир гулсан, ўз бандидан узилмаган.
Тонгги шеърсан, ҳали сўзи ўқилмаган,
Наврастасан, ёлғон, ёмонни билмаган –
Муҳаббатсан, ҳали юракни тилмаган,
Сен бир гулсан, ўз бандидан узилмаган.
СИЗ КУТАСИЗ
Яна баҳор кулиб келганда,
Шўх насимлар яна елганда,
Қўлларимга гуллар тутасиз,
Сиз мени орзиқиб кутасиз.
Сиз эмасми чўққида жайрон,
Сиз эмасми орзуси вайрон,
Сабри ҳулкарни этган ҳайрон,
Сиз, ягонам, мени кутасиз.
Бир кун қуёш бўлиб тўлсам-да,
Сиз – Зуҳро, мен Тоҳир бўлсам-да,
Васлингизга етмай… сўлсам-да,
Сиз барибир мени кутасиз!
Мунис аёлга
Ширин бахтим сен ўзинг,
Олтин тахтим сен ўзинг,
Йигит аҳдим сен ўзинг –
Эй, менинг паривашим!
Кўкда қуёш, ўша – сен,
Ёлғиз сирдош, ўша – сен,
Ай, қаламқош ўша сен,
Эй, менинг паривашим!
Уйим офтоби – сенсан,
Кўнгил хитоби – сенсан,
Шоир китоби – сенсан,
Эй, менинг паривашим!
Лабингда жилва ёнган,
Чеҳранг узра нур қўнган,
Қадамингдан гул унган –
Эй, менинг паривашим!
Қадаминг қутлуғ сенинг,
Умидинг улуғ сенинг,
Толеинг тўлиқ сенинг –
Эй, менинг паривашим.
ДИЛРАБО
Кел, дилрабо, келгил ёнимга,
Муҳаббатдан ёниб сўзлайин.
Паривашим, менинг жонимга –
Зарра ҳаловатни кўзлагин.
Хумор кўз, пайваста қошларнинг
Бўлиб қолдим мангу мафтуни.
Тунни асир этган сочларинг
Ҳаётимнинг борлиқ мазмуни.
Кел дилрабо, келгил ёнимга,
Куйла қўшиғин муҳаббатнинг.
Ором бергин менинг жонимга –
Талаби ҳам шудир ҳаётнинг.
